ИССИҚХОНА – ТОМОРҚА ЕРЛАРИДА ДАРОМАД МАНБАИ

ФАО қишлоқ аҳолиси даромадларини оширишда давом этмоқда
 
     Сабзавот, кўкатлар ва кўчат етиштириш учун иссиқхонадан фойдаланиб, жуда қизиқарли ва даромадли тижорат ғоясини амалга ошириш мумкин. Ахир, уй олдидаги кичик иссиқхона ҳам хўжаликни ривожлантириш учун асос бўлиб, вақт ўтиши билан барқарор даромад манбаига айланиши мумкин. Шу билан бирга, мақбул шароитларда етиштирилган янги, экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари доимо дастурхонда бўлади.
     2021 йил декабр ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) экспертлари томорқа ерларидан янада самарали фойдаланиш учун 40 та иссиқхонани Бухоро вилояти Бухоро тумани ва Қашқадарё вилояти Қамаши туманлари қишлоқ аҳолисига етказиб беришда ана шу тамойил асос бўлди. Бенефициарлар маҳаллий ҳокимликлар билан келишган ҳолда ижтимоий-иқтисодий ҳимояга муҳтож фуқаролар рўйхати асосида танлаб олинди.
     Кўмак Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ФАО ва Глобал экологик жамғарманинг «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» (CACILM-2) лойиҳаси доирасида амалга оширилди.
     «Юқори даромад фақат иссиқхонани доимий такомиллаштириш ва босқичма-босқич кенгайтириш орқали олиниши мумкин. Бу эса экинларларни экиш ва тўғри парвариш қилиш бўйича маълум кўникма, малака ва билимларни талаб этади. Шу боис иссиқхоналар қуриб берилгандан сўнг дарҳол уларнинг эгалари учун махсус тренинглар ўтказдик ва қишлоқ аҳолисига иссиқхонани бошқаришнинг барча жиҳатларини ўргатдик», – дейди лойиҳа миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов.
     Бу қишлоқ уй хўжаликлари учун сезиларли ёрдам бўлди. Бундан буён улар ер участкаларидан йил давомида унумли фойдалана оладилар, озиқ-овқат билан ўзини-ўзи таъминлаш, шунингдек, қўшимча даромад олиш имкониятига эга бўладилар. Бир вақтнинг ўзида, ушбу тадбир билан бандликни таъминлашга ҳам ҳисса қўшилди.
     Таъкидлаш жоизки, лойиҳа доирасида 2021 йил давомида бенефициарларга 108 та иссиқхона ажратилган. Яқинда топширилган иссиқхоналардан ташқари, январь ойида Бухоро вилоятининг Бухоро ва Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманларида коронавирус пандемияси даврида ижтимоий-иқтисодий кўмак сифатида 34 та иссиқхона томорқа ер эгаларига топширилган эди. Шунингдек, «Zamin» Халқаро жамоат фонди, ФАО, Халқ таълими вазирлиги ва Президент таълим муассасалари агентлиги ташаббуси билан «Zamin Eco-Education» дастурининг «Ёш фермер» янги лойиҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида экомактабларга 22, болалар боғчаларига 12 иссиқхона қуриб берилди. Ушбу иссиқхоналарда ўқувчиларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қишлоқ хўжалиги, экология ва ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида амалий машғулотлар ўтказилади.
     CACILM-2 лойиҳаси қишлоқ аҳолисига ёрдам кўрсатишни давом эттирмоқда ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшмоқда.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.