18-19 февраль кунлари Марказий банк томонидан тижорат банклари ходимлари учун “Бир қарз олувчи, ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳи, шу жумладан, банкка алоқадор шахслар учун таваккалчиликнинг энг кўп миқдори тўғрисида”ги низомнинг мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ташкил этилди.
Семинар давомида иштирокчиларга бир қарз олувчига ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳига доир таваккалчиликнинг энг кўп миқдори, банкка алоқадор шахслар ва уларга тўғри келувчи таваккалчиликка қўйилган талаблар, таваккалчиликнинг ҳисоб-китоблари ва улардан чегирмалар каби мавзулар мисоллар билан тушунтирилди.
Мазкур семинарда 24 та тижорат банкнинг 50 дан зиёд ходимлари Марказий банкда бевосита иштирок этди. Шу билан бирга, тижорат банкларининг бош офиси ҳамда ҳудудлардаги филлиалар ходимлари учун Zoom платформаси орқали онлайн тарзда иштирок этиш имкони яратилди ва икки кун давомида 200 дан ортиқ иштирокчи қамраб олинди.
Семинар маърузачилар томонидан интерфаол тарзда ўтказилди ва иштирокчилар ўқув тадбири давомида ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олди.