Оролбўйи аҳолиси қишлоқ хўжалигидаги инновацияларни ўзлаштирмоқда

     Чорвачилик Қорақалпоғистоннинг Бўзатов тумани аҳолиси учун муҳим даромад манбаларидан биридир. Аммо шуни тан олиш керакки, ушбу ҳудуднинг қишлоқ аҳолисининг илғор технологиялар, таълим ва маслаҳат хизматларидан фойдаланиш имкониятлари бирмунча чекланган. Айни пайтда, соғин сигирларни тўғри парвариш қилиш, сут маҳсулотлари олишда санитария-гигиена меъёрларига риоя қилиш, йирик ва майда шохли молларни турли касалликлардан ҳимоя қилиш бевосита соҳанинг самарадорлигига таъсир қилади. Маҳаллий аҳолининг ушбу муҳим масалалар бўйича билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон «Аграр соҳа аёллари» уюшмаси билан биргаликда 25-26 январь кунлари чорвачилик бўйича тренинглар ўтказди. Уларда 50 нафарга яқин, асосан, Бўзатов туманидаги қишлоқ аёллари ва ёшлари, ижтимоий заиф гуруҳлари вакиллари иштирок этди. Тенингларда мутахассислар билан биргаликда чорвачилик касалликларининг олдини олиш, самарали озуқа рационларини яратиш, сутни уйда сақлаш ва қайта ишлаш қоидалари ҳамда бошқа масалалар кўриб чиқилди. Ушбу ташаббус маҳаллий ҳокимият томонидан қўллаб-қувватланди.
     Тренинглар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик Жамғармаси ва ФАОнинг Оролбўйи минтақасидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларининг иқтисодий муаммоларини ҳал этиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Қўшма лойиҳа БМТ шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фонди томонидан молиялаштирилади.
     «Биз қишлоқ хўжалигидаги инновацион тажрибаларни уй хўжаликлари даражасида тарғиб қилишга, Оролбўйи минтақасини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш учун илғор тажрибани жорий этишга интиламиз. Тренинглар давомида олинган билим ва кўникмалар иштирокчиларга ўз хўжалигини янада самарали бошқариш ва кўпроқ фойда олиш имконини беради, деган умиддамиз», – дейди ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров
     Шунингдек, 2022 йил 27 январь куни 25 киши иштирокида сувни тежовчи технологиялар мавзусида ҳам тренинг ташкил этилди. Тренингда аҳоли шахсий ёрдамчи хўжаликларида томчилаб суғориш технологияларини жорий этиш, эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш тизимини аҳоли томорқаларида тўғри ишлатиш йўллари ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг бошқа масалалари каби мавзулар ёритилди. Шунингдек, иштирокчилар ўз шахсий ёрдамчи хўжаликларида сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун моддий-техник ва молиявий ресурлар билан таъминлаш борасидаги мамлакатимизда яратилган имконият ва имтиёзлар билан таништирилди.
     Аввалроқ ушбу лойиҳа доирасида ФАО миллий ҳамкорлар билан биргаликда Бўзатовда боғдорчилик, балиқчилик ва тупроқни муҳофаза қилувчи қишлоқ хўжалиги амалиётлари мавзулари бўйича тренинглар ўтказган эди. Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ ва Қўнғирот туманларида ҳам шундай тренинглар ўтказилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида фермер хўжаликлари кўчатзорлар ва балиқ боқиш ҳавзаларини яратиш учун зарур ускуна ва жиҳозлар билан ҳам таъминланади. Буларнинг барчаси қишлоқ ёшлари ва хотин-қизлари даромадларини ошириш учун қулай шароитлар яратади.
 

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.