Samarqand viloyati: yuksalish sari tashlanayotgan zalvorli odimlar

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, ҳукуматимиз томонидан аниқ ва пухта ишлаб чиқилган миллий дастурларнинг амалга оширилиши боис юртимизда, хусусан, Самарқанд вилоятида ҳам юзлаб ишлаб чиқариш қувватлари ўз фаолиятини бошлади, мавжудлари модернизация қилиниб, замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Ҳозир мазкур корхоналарда турли хилдаги юқори сифатли, рақобатга чидамли бозорталаб маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Давлатимиз томонидан тадбиркорларга яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар, имкониятлар, тегишли имтиёзлар туфайли вилоятда тадбиркорлик ҳаракати авж олмоқда. Шу боис ҳам вилоятда ишлаб чиқарилаётган ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмида хусусий тадбиркорларнинг улуши кескин ошмоқда.
Самарқанд замини табиий захираларга, хусусан, вольфрам, мис, оҳак, мармар, гипс, керамзит, алюминий, гранит ва бошқа кўплаб минералларга бой ўлка. Ушбу ер ости бойликлари мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, Самарқанд вилояти Ўзбекистоннинг йирик саноат марказларидан бири ҳамдир. «Самарқанд автомобиль заводи», «JV MAN avto», «Ўзбекистон БАТ», «UrgGazKarpet», «Дака текс», «СамАнтепГилам», «Pulsar Group Brewery» ҳамда «Siyob saxоvati» қўшма корхоналари, «Самарқандлифт», «Сино», «Самарқандкимё» акциядорлик жамиятлари нафақат вилоят, балки мамлакат аҳамиятига молик ишлаб чиқариш қувватлари ҳисобланади.
Барча жабҳаларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилаётгани ҳамда давлат дастурлари бекаму-кўст ҳаётга татбиқ этилиши натижасида сўнгги беш йил мобайнида Самарқанд вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиш суръати ўртача 10,5 фоизни ташкил этмоқда. Энг аҳамиятли томони шундаки, ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида чуқур қайта ишланган, қўшимча қийматга эга янги турдаги маҳсулотлар улуши тобора ортиб бормоқда. Авваллари вилоят иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари асосий ўринни эгаллаб келган бўлса, ҳозир у 11,4 фоизга камайиб, аксинча саноат ва хизматлар улуши кескин кўпайди. Мазкур соҳаларнинг жадал ривожланиши, ўз навбатида янги иш ўринлари ҳажми ортишига, аҳоли фаровонлиги ўсишига ижобий таъсир этмоқда.
Сўнгги икки йил давомида саноатни ривожлантириш бўйича амалга оширилган кенг кўламли ишлар, жумладан, корхоналарни модернизация қилиш, технологик янгилаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар туфайли вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми муттасил ошиб боришига эришилмоқда.
2013 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 3298,4 млрд сўмни, ўсиш суръати аввалги йилга нисбатан 113,6 фоизни ташкил этди. Умуман, сўнгги беш йил давомида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,2 мартага, аҳоли истеъмол моллари ишлаб чиқариш ҳажми икки мартага оширилиб, бу борада вилоят улуши республикада 9,5 фоизга етказилди.
Вилоят саноатида таркибий ўзгаришлар амалга оширилгани натижасида тармоқлар ўртасидаги маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ўзгармоқда. Хусусан, кейинги беш йилга нисбатан кимё саноати 4,3 марта, ўрмончилик ва ёғочни қайта ишлаш 12,2 фоиз, машинасозлик ва металлни қайта ишлаш 2,4 марта, енгил саноат 2,2 марта, озиқ-овқат саноати 1,9 марта, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш 3,2 мартага ўсди ва ўртача йиллик ўсиш даражаси вилоят бўйича 22,6 фоизни, шундан аҳоли истеъмол моллари ишлаб чиқариш 15 фоизни ташкил этди.
Тармоқлар маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Мисол учун, мустақиллик даврида вилоятда машинасозлик тармоғига асос солинди ва умумий ишлаб чиқаришда ушбу соҳанинг улуши кейинги беш йил давомида 12,5 фоиздан 17,1 фоизга ошди. Бу каби ўзгаришлар кимё ҳамда қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш саноатида ҳам яққол кузатилмоқда.
Бозор иқтисодиёти шароитида ишлаб чиқариш корхоналари бозор муносабатларининг муҳим субъектига айланди. Бу ҳолатни Самарқанд вилоятида ҳам кузатиш мумкин. Хусусан, вилоятдаги қарийб барча саноат корхоналарида эскирган ускуна ва технологиялар янгиланиб, янги тур, бозор талабларига жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Жумладан, трикотаж ва чинни буюмлари ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган ускуналарнинг 60 фоизи, мебель ишлаб чиқаришда 80 фоизи, тикувчилик, тўқимачилик ва атторлик буюмлари ишлаб чиқариш дастгоҳларининг 90 фоизи янгисига алмаштирилди. Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган иқтисодий дастурлар асосида вилоятда янги турдаги саноат маҳсулотлари бўлмиш юк автомобиллари ва автобуслар, уй-рўзғор шиша идишлари, маиший электр мосламалари, электр соат, кальцит, атирсовун, янги турдаги гилам ва палослар, замонавий мебеллар каби рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ҳозир вилоят бўйича жами 34 та йирик саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Улардан ўнтаси озиқ-овқат саноатида, 13 таси текстил соҳасида, олтитаси машинасозлик, биттаси қурилиш материаллари, тўрттаси бошқа ноозиқ-овқат ишлаб чиқариш йўналишида фаолият юритади. Корхоналарни техник жиҳатдан қайта қуроллантиришга эътибор қаратилгани туфайли лифтсозлик, кинап, сино заводларида янги замонавий маҳсулот турлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
Мамлакатимиз тадбиркорлари чет эллик шериклар билан қўшма корхоналар барпо этишга жиддий эътибор қаратмоқда, чунки бундай ҳамкорликлар жаҳон бозорларига чиқишимиз учун имкон яратади. Самарқандлик тадбиркорлар ҳам ана шундай ҳамкорликлар натижасида ташкил этил­ган қўшма корхоналар фаолиятини ривожлантириб, ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдирмоқдалар, шунингдек, уларнинг маҳсулотлари хориж бозорларига ҳам дадил кириб бормоқда. Мисол учун, вилоятда сўнгги йилларда ип-калава ишлаб чиқарадиган тўртта қўшма корхона, гилам ва палослар ишлаб чиқарадиган 15 та қўшма корхона ва қарийб 70 тадан ортиқ йирик қўшма корхоналар ташкил этил­ган бўлиб, ҳозирги кунда бу корхоналарда йилига 990 млрд сўмликдан зиёд қийматдаги товар маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Бу жами саноат маҳсулотининг 38,4 фоизини ташкил этади. Айниқса, гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёни жадал ривожланиш палласига кирди. Ушбу соҳада фаолият кўрсатаётган корхоналар томонидан ўтган йил якуни билан жами 17,6 млн квадрат метр гилам ва гилам маҳ­сулотлари тайёрланди.
«СамАнтепГилам» Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонасида маҳсулотларни харидоргир, халқаро талабларга мос даражада ишлаб чиқариш учун чуқур модернизация ишлари амалга оширилди. Натижада йиллик қуввати 3,5 млн квадрат метр гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва қўшимча 45 та янги иш ўрни яратилди. Бугунги кунгача мазкур корхона томонидан 7500 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспортга чиқарилди.
2013 йилда 34 та йирик корхона томонидан ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари улуши вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулотида 54,8 фоизни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар улуши эса 45,2 фоизни ташкил этди. Ўсиш асосан янги саноат корхоналари ташкил этиш ва мавжуд қувватларни модернизация қилиш ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Жумладан, «Самавто» МЧЖда ўтган йили 3500 дона автобус ва юк автомобиллари ишлаб чиқарилди ва ўсиш 2012 йилга нисбатан 129,4 фоизни ташкил этди, Самарқанд шаҳридаги «Дака текс» қўшма корхонасида эса 23 млрд сўм миқдоридаги маҳсулот ишлаб чиқарилди ва ўсиш суръати 20,1 фоизга ошди.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида юк автомобиллари, автобуслар ҳамда совиткич, музлаткич, кондиционер, ўқув лаборатория жиҳозлари, автоприцеплар, уч ғилдиракли мотоцикл, мева-сабзавотларни қуритиш шкафлари, МАN 612 шасси учун махсус техникалар, спорт ва тиббиёт жиҳозлари, умумсаноат учун металл ва стекло­пластик маҳсулотлар, ламинацияланган ДСП, спорт ва дам олиш қайиқлари, инфузион суюқлик ва бошқа маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Ургут туманида жойлашган «Сам нур тафвиз» қўшма корхонасида электрдуховка ишлаб чиқариш, «Арфа экспрод» ҚКда резина оёқ кийимлари учун гранулалар, Булунғурда «Ҳамидобод имкон» МЧЖда тиббиёт ускуналари учун резинали пробка ва алюмин қоплагичлар, Самарқанд туманидаги «Сам рос холод» МЧЖ қўшма корхонасида цементли ва металли сендвич панеллар ҳамда Жомбойдаги «Жомбой жавоҳири» қўшма корхонасида микрокальцит ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Аҳамиятли томони шундаки, қабул қилинган дастур доирасида ишлаб чиқарилаётган экспортбоп, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларнинг 40–80 фоизи маҳаллий хомашёлардан тайёрланмоқда.
2013 йилда жами 40 та лойиҳа амалга оширилди ва 698,4 млрд сўмлик импорт ўрнини босувчи тайёр маҳсулотлар ва материаллар ишлаб чиқарилиб, йиллик режа 119,6 фоизга бажарилди. Дастурдаги лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 22,5 млн долларлик чет эл валютаси иқтисод қилинди ва 92 та янги иш ўринлари ташкил этилди.
Мамлакатимиз иқтисодиётида кооперация алоқа­ларини ривожлантириш корхоналар ва иқтисодиёт тармоқлари барқарорлигининг муҳим омили бўлиб, бу янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлиги ва даромадлари кўпайишининг асосий омилига айланмоқда. Масалан, 2012 йили ўтказилган VI Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида иштирок этган ҳудудий корхоналар томонидан 13124 млн сўмлик 123 та шартнома имзоланган эди. Бу борада йиллик ўсиш 165 фоизни ташкил этди. Халқаро тадбир доирасида тузилган шарт­номалар орқали ҳудудий корхоналар томонидан 2013 йилнинг январь-декабрь ойларида 13124 млн сўмлик маҳсулотлар сотиб олиниб, белгиланган режа 100 фоиз бажарилди.
Мустақиллигимизнинг йигирма бир йиллиги арафасида Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари ўртасида юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоезди қатновининг йўлга қўйилгани, айтиш жоизки, бутун Ўзбекистон аҳлини тўлқинлантирди. Зеро, бу каби улкан лойиҳалар ҳаётга самарали жорий этилаётгани иқтисодиётимиз жадал суръатлар билан юксалиб бораётганини кўрсатади. «МАN» русумидаги оғир юк кўтарувчи автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи корхона ишга туширилгани эса Ўзбекистоннинг автомобилсозлик соҳасида ташлаган яна бир залворли қадами бўлди.
Самарқандда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари хусусида алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Чунки бу жараён шаҳар қиёфасини кескин ўзгартирганидан ташқари инсонлар ҳаётида ҳам сезиларли ижобий ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Албатта, бу каби тадбирлардан самарқандликлар жуда мамнун эканлиги шаҳарнинг янада ободонлашиши, инфратузилманинг такомиллашиши, аҳоли турмуш тарзида қўшимча қулайликлар яратилиши, ҳаёт даражаси янада фаровонлашишига олиб келмоқда. Ўтган йили амалга оширилган бунёдкорлик ишлари туфайли шаҳарда 7,2 км узунликдаги йўл таъмирланиб, эни 10 метрдан зиёд икки томонлама замонавий йўл қурилди, 453 та объектда қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Шундан 42 таси кўп қаватли уй-жойлар, 163 таси савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, 61 таси ижтимоий соҳа объектлари, 26 таси маъмурий бино, 162 таси эса хусусий уй-жой биноларидир. Регис­тон ва Тошкент кўчалари кесишмасида янги йўлбарслар хиёбони ташкил қилиниб, Жаҳон банки ажратган кредит маблағлари ҳисобидан 1300 метр канализация тармоғи ўтказиш учун трассировка ишлари бажарилди, 800 метрлик канализация тармоғи ётқизилди. Шунингдек, «Динамо» стадионида реконструкция ишлари амалга оширилиб, ҳозирда мазкур ўйингоҳ замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган спорт масканига айлантирилди. Бундан ташқари, шаҳарда расмий меҳмонларни қабул қилиш мажмуаси ишга туширилди ва Г-34 кўчасида қурилиш ишлари ниҳоясига етказилди.
Мамлакатимиз ташқи савдо муносабатларида Са­марқанд вилоятининг улуши салмоқли ҳисоб­ланади. Ўтган йили бу борадаги кўрсаткич 777,8 млн АҚШ долларини ташкил этиб, 2012 йил мос даврига нисбатан 124 фоизга етказилди. Шундан экспорт 150,8 млн ва импорт 627 млн АҚШ доллари (ўсиш 125,7 %)ни ташкил этди.
Ташқи иқтисодий фаолият доираси жуғрофий жи­ҳатдан ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда вилоятнинг 450 га яқин корхонаси дунёнинг 125 дан ортиқ мамлакатлари билан ташқи иқтисодий муносабатлар ўрнатган. Натижада сўнгги беш йил давомида вилоятнинг ташқи савдо фаолият ҳажми 174 фоизга ошди. Бундан ташқари, 2013 йилда хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг ташқи иқтисодий фаолият ҳажми 393 млн АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 30,4 фоиз кўпайди.
Ҳудудий тасарруфдаги корхоналарда ҳам модернизация қилиш ишлари амалга оширилиб, маҳсулот ишлаб чиқариш кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Ўтган йили 85 та корхона ҳисобидан 126,6 млн АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот (иш, хизмат)лар экспорт қилиниб, прогноз кўрсаткичи 105,7 фоиз бажарилди.
Вилоят экспортининг ҳудудий кўрсаткичларини таҳлил қиладиган бўлсак, асосий улуш Самарқанд (59,2 млн АҚШ долл.) шаҳрига тўғри келмоқда. Бу эса вилоят бўйича амалга оширилган экспортнинг 46,8 фоизини ташкил этади. Бу борадаги кўрсаткич Ургут туманида 11,5 фоиз, Самарқанд туманида 14,1 фоиз, Пастдарғом туманида 13 фоизни ташкил этди. Қолган туманлардаги аҳвол эса ҳали экспорт борасида муайян ишлар амалга оширилиши зарур эканини кўрсатмоқда.
Самарқанд вилоятида иқтисодиётга инвестиция жалб этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоят иқтисодиётига 2013 йил якуни билан жами 1813,2 млрд сўмлик инвестиция киритилиб, бу борада ўтган йил­га нисбатан 120 фоизлик кўрсаткичга эришилди. Инвестиция­ларнинг 38,8 млрд сўмини тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ва кредитлар ташкил этди. Жами ўзлаштирил­ган сармояларнинг 17,7 фоизи марказлашган ва 82,3 фоизи марказлашмаган инвестициялардир.
Инвестициялар тузилмасига назар ташлайдиган бўлсак, марказлашган инвестициялар ҳажмида давлат бюджети маблағи 91,5 млрд сўмни, бюджетдан ташқари жамғармалар маблағи 186 млрд сўмни, ҳукумат кафолати остидаги хорижий инвестициялар ва кредитлар 44,3 млрд сўмни ташкил қилди.
Кейинги йилларда вилоятда хизмат кўрсатиш соҳаси жадал ривожланмоқда. Ҳозирда бу соҳа вилоятнинг иқтисодий тараққиётида муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, хизмат кўрсатиш соҳаси ишсизликни бартараф этиш, аҳолини муқим даромад манбалари билан таъминлашда катта роль ўйнайди. Шу боис кўпгина ривожланган мамлакатлар иқтисодиётида хизматлар соҳаси улуши 60 фоиздан кам эмас. Жумладан, мамлакатимизда ҳам мазкур соҳани ривожлантиришга қаратилган давлат дастури амалга оширилиши натижасида ялпи ҳудудий маҳсулотдаги хизматлар улуши 37,7 фоиздан 44,5 фоизга етказилди. Хизматлар соҳасида савдо ва умумий овқатланиш, транспорт, молия ва банк, алоқа ва ахборотлаштириш, туризм ва сайёҳлик хизматларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилди.
Хусусан кейинги беш йил мобайнида вилоятда 4832 та хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилди, натижада бугунга келиб жами 23329 та турли хилдаги хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари фаолияти йўлга қўйилди. Биргина «Обод турмуш йили»да 1121 та ана шундай шохобча ташкил этилди. Шулардан 218 таси чакана савдо, 70 таси умумий овқатланиш, 13 таси гузар, 89 таси кийим тикиш ва таъмирлаш, 92 таси пойабзал тикиш ва таъмирлаш, 152 таси сартарошхона, 58 таси суратхона, 44 таси маиший техникаларни таъмирлаш, 22 таси мебелларни таъмирлаш, 58 таси автомобиль ва бошқа техникалар, 305 таси хизмат кўрсатиш турлари билан шуғулланмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов раҳ­барлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар нафақат саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришда, балки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, ҳосил­дорлигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни пайтда вилоятимиз­да 401 минг гектар майдонда деҳқончилик қилинади ва республикада етиштириладиган пахтанинг етти, ғалланинг 12 фоизи тайёрланади.
Бугунги кунда вилоятда фермерларнинг самарали меҳнат қилишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Уларга 171 та муқобил МТП, 121 та ёқилғи-мойлаш материаллари қуйиш, 84 та ўғит сотиш шохобчалари, 115 та мини-банк, 435 та зооветеринария хизмати, 35 та қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотиш шохобчалари хизмат кўрсатмоқда.
2012 йил якуни билан барча тоифадаги хўжаликларда дон ишлаб чиқариш ҳажми 839 минг, картошка 481 минг, сабзавот 1351 минг, полиз 90 минг, мева 301 минг, узум 468 минг, гўшт 214 минг, сут 994 минг, асал 605, балиқ 1124 тоннани ва тухум 834 млн донани ташкил қилди.
Қишлоқ хўжалигида пахта ва ғалла асосий экин тури ҳисобланиб, 2013 йилда 2532 та фермер хўжалигида 91,5 минг гектар майдонга пахта чигити қадалди ва 224,4 минг тонна пахта хомашёси йиғиб олинди. Пахта ҳосилдорлиги ўртача 24,5 центнерни ташкил қилиб, 2009 йилга нисбатан 1,8 центнер ошишига эришилди. 190,3 минг гектар ғалла майдонидан 839 минг тонна ҳосил олинди ва ўртача ҳосилдорлик 50,1 центнерни ташкил этди.
Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида 2009–2013 йилларда жами 6042,3 км зовурда таъмирлаш-тиклаш ва реконструкция ишлари олиб борилди ва 24,7 млрд сўм маблағ сарфланиши натижасида 72,8 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Натижада ушбу майдонларда ғалла ҳосилдорлиги 4–5 центнер, пахта ҳосилдорлиги эса 2–3 центнерга кўпайди.
Вилоятда чорвачиликни ривожлантириш учун ҳам қулай шарт-шароит яратилган. 2013 йилда йирик шохли қорамоллар 1332 минг бош (2009 йилга нисбатан 119,8 %), қўй ва эчкилар 1941 минг бош (127,3 %), отлар 22,7 минг бош (124,8 %), паррандалар 7540 минг бош (180,8 %)­ни ташкил этди. 2013 йилда 86 та йирик лойиҳа бўйича 2257 бош қорамол сотиб олинди. Ушбу мақсадлар учун 5253 млн сўм тижорат банк кредитлари ажратилди, 55 та йирик лойиҳа бўйича 419 минг бош парранда сотиб олинди ва ушбу мақсадлар учун 2935,2 млн сўм тижорат банк кредитлари жалб этилди. Шунингдек, вилоятда балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантириш учун ҳам аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий қилинмоқда.
Самарқанд вилояти республикамизнинг марказий қисмида жойлашгани сабабли замонавий йўл-транспорт инфратузилмасига эга бўлиши мазкур ҳудуд учун ўта долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Шу боис транспорт–коммуникация тармоқларини ривожлантириш, магис­трал йўллар атрофини ободонлаштириш юзасидан муайян ишлар амалга оширилмокда. 2013 йилда Булунғур, Тайлоқ, Жомбой, Оқдарё, Иштихон, Самарқанд туманлари ҳудудидан ўтган магистрал йўллар атрофида еттита автомобилларга суюлтирилган ва сиқилган газ қуйиш станцияси, Самарқанд туманида мотель ва автомобилларга техник ёрдам кўрсатиш пункти, Каттақўрғон туманида кемпинг, Иштихон туманида автомобилларга техник ёрдам кўрсатиш пункти ва Пахтачи туманида «Ўзбектуризм»нинг хизмат кўрсатиш мажмуаси барпо этилди.
2013 йил йўл дастурига киритилган еттита лойиҳа бўйича халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўллари учун 67883 млн сўм маблағ сарфланиши режалаштирилиб, 116 кмлик йўлда тубдан таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, маҳаллий бюджет ҳисобидан шаҳар типидаги аҳоли пунктлари ва хўжалик­лараро қишлоқ ички йўлларини таъмирлаш учун 5697 млн сўм маблағ сарфланиб, 68,7 км автомобиль йўллари таъмирланди.
Юртбошимиз ташаббуслари билан 2009 йилдан бошлаб мамлакатимиз қишлоқ ҳудудларида янги замонавий тураржой мавзелари бунёд этилмоқда. Бу эса қишлоқ аҳолисининг яшаш шароитини яхшилаш, уларнинг фаровон ҳаётини таъминлаш борасида муҳим қадам бўлди. Мазкур ташаббуснинг нақадар тўғри эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Буни халқимиз, узоқ-яқин қўшни давлатлар халқаро экспертлари қайта-қайта эътироф этмоқда. Шу боис аҳолига замонавий уй-жойлар қуриб бериш борасидаги ишлар йил сайин кенг кўлам касб этмоқда. Масалан, 2009 йилда вилоятда 60 та замонавий типда янги уй-жой қурилган эди, ўтган йили эса бундай уйларнинг 1050 таси ўз эгаларига топширилди. Натижада, Оқдарё туманида 160 та, Пастдарғомда 120 та, Самарқанд туманида 120 та, Ургутда 115 та, Тайлоқда 90 та, Иштихонда 71 та, Жомбойда 70 та, Булунғурда 60 та, Пайариқда 60 та, Каттақўрғонда 54 та, Нарпайда 52 та, Пахтачида 23 та, Нурободда 35 та ва Қўшработ туманида 20 та уй ўз эгаларига топширилди.
Жорий йилда ҳам залворли режаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Яъни намунавий лойиҳалар асосида 1127 та уй-жой қурилиши учун тендер савдолари ўтказилиб, 122 та салоҳиятли пудратчи аниқланди ва бугунги кунда қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. 2015 йилда эса 40 та мавзеда 1240 та уй-жой қурилиши учун 126,1 га ер майдони ажратиш тўғрисида тегишли идора ва ташкилотлар хулосаси асосида туман ҳокимликлари қарорлари қабул қилиниб, ҳужжатлар республика комиссиясига тақдим қилинди. Ҳозир Осиё тараққиёт банки вакиллари билан «Ўзгео­дезкадастр» ва «Давархитектқурилиш» қўмиталари ходимлари томонидан танланган жойларни ўрганиш ишлари якунланди.
Юртимиз тиббиёт соҳасидаги ибратли ишлари билан ҳам халқаро ҳамжамиятнинг эътиборига сазовор бўлмоқда. Зеро, мазкур хизматлар бўйича аҳоли эҳтиёжлари қондирилаётгани, соғлиқни сақлаш масканлари замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳоз­ланаётгани, малакали мутахассислар тайёрлаш масалалари яхши йўлга қўйилгани боис, республикамиз мазкур соҳада илғор давлатлар қаторига қўшилди. Вилоятда инвестиция дастури доирасида ўтган беш йил мобайнида соғлиқни сақлаш соҳасида 34,2 млрд сўм маблағ ўзлаш­тирилди. Самарқанд шаҳридаги консультатив-диагностика поликлиникаси, биринчи ва иккинчи туғруқхоналар қайта таъмирланди. Каттақўрғон шаҳридаги иккита поликлиника, Каттақўрғон туманидаги Кадан шифохонаси учун янги бино қурилди. Пайариқ тумани шифохонасида битта даволаш корпуси, Самарқанд туманида терапия маж­муаси, Нуробод туманида марказий шифохона, Ургут туманида консультатив-поликлиника, Тайлоқ туманида марказий поликлиника ва Пастдарғом туманида даволаш корпуслари бунёд этилди.
Ёш авлодни маънан етук ва жисмонан бақувват қилиб тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг асосий йўналиши ҳисобланади. Шу боис таълим масканлари фао­лият кўламини кенгайтириш, ёшларнинг билим олишлари, спорт билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратиб бериш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ўтган беш йил давомида жами 141 та касб-ҳунар коллежи ва бешта янги академик лицей қурилди, шунингдек, 2013 йилда 53 та умумтаълим мактаби реконструкция қилиниб, 11 таси жорий таъмирдан чиқарилди ҳамда бешта касб-ҳунар коллежи капитал таъмирланди. Бундан ташқари, вилоятда жами 55 та болалар спорти объектлари фойдаланишга топширилди.
Жорий йилда 156 та касб-ҳунар коллежини 107 та мутахассислик бўйича 57911 нафар талаба-ёшлар битириб чиқди. Битирувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини сифатли ташкил этиш ҳамда эгаллаган касби бўйича ишга жойлаштиришни акс эттирувчи ягона шаклдаги электрон дастур асосида маълумотлар базаси шакллантирилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 17 февралдаги фармойиши ижроси бўйича битирувчиларнинг 57539 нафари (99,4 %) ишлаб чиқариш амалиётини ўташи ва кейинчалик ишга жойлашиши учун 15257 та корхона-ташкилот билан уч томонлама шартномалар имзолангани ҳам келажакда ўз самарасини бериши шак-шубҳасиз.
Дарҳақиқат, самарқандликлар эришаётган ютуқлари билан фахрланишга тўла ҳақлидирлар. Зеро, Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар туфайли турмуш тарзимизда муҳим ўзгаришлар рўй бермоқда. Шу билан бирга, вилоят аҳли ҳалол ва фидокорона меҳнатлари билан қўшадиган ҳиссалари мустақил юртимизнинг фаровон келажаги, иқтисодий қудрати юксалиши учун хизмат қилишини теран англайдилар!
Зойир МИРЗАЕВ,
вилоят ҳокими
 

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.