(O´zbek) Keksalari qadrlangan yurt

6/2016

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Мамлакатимиз муста­қилликка эришгандан буён юртимизда инсон эрки, унинг бахт-саодати бош ғоялар­дан бирига айлантирилиши сабабли, ҳар бир йилга ном қўйиш ҳам анъана тусига киритилди. Шу жумладан, 2016 йил ҳам Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан «Соғ­лом она ва бола йили» деб номланиб, давлат дастури қабул қи­линди. Ўз навбатида, мазкур дастур доирасида шаҳар ва туманлар ҳо­кимлик­лари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва «Нуроний» жамғар­масининг ҳудудий бўлимлари, жамоатчилик марказлари фаоллари ва тар­ғибот гуруҳи аъзолари саъй-ҳара­катлари билан турли даражадаги тадбирлар амалга оширилди. Яъни, дас­турга му­вофиқ жойларда 30 йилдан зиёд биргаликда аҳил-иноқ яшаб, муносиб фарзандларни тарбиялаган ота-оналарни шарафлашга бағиш­ланган «Меҳр-муҳаббат ва тотувликда кеча­ётган узоқ умр», «Эъзоз», «Эҳ­ти­ром» мавзуида ташкил этилган ўн мингдан зиёд тадбирлар ёшларимизга ибрат мактаби бўлди.
     Муҳими, кекса авлод вакилларининг йўл-йўриқлари, панд-насиҳат­лари тинчлигимизни кўз қорачиғидек асрашга, анъана ва урф-одатларнинг қадрига етишга, ҳушёрликка чорлайди. Уларнинг ҳаётий тажрибаси, иб­ратли ўгитлари соғлом оилавий му­ҳит­ни шакллантириш ва соғлом авлодни камол топтиришда муҳим роль ўйнайди. Президентимизнинг тегиш­ли фармон ва қарорларига мувофиқ ўтказилаётган ташкилий-амалий, маъ­на­вий-маърифий тадбирлар ҳам­да тарғибот-ташвиқот ишларида 5–7 на­фар нуронийдан иборат жами олти мингга яқин тарғибот гуруҳлари мамлакатимизнинг барча ҳудудлари­да самарали фаолият олиб бормоқда. Улар иштирокида юрт ободлиги, ма­ҳалла тинчлиги ва оилалар мустаҳ­кам­лигини таъминлаш, ўсиб-улғаяёт­ган ёш авлодни истиқлол ғоясига со­диқ, миллий ва умумбашарий қад­риятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш­да очиқ мулоқот ва давра суҳбатла­рининг ўрни катта бўлмоқда. Бундай тадбирларда нуронийларимиз ўз ҳа­ёт тажрибасидан ҳамда Улуғ йўлбошчимизнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч», «Ўзбекис­тон мустақил­ликка эришиш остонасида», «Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир» китоблари ҳақидаги пурмаъно сўзлари ёшларимиз дунё­қарашига ижобий таъсир қилмоқда. Бинобарин, Ўзбекистоннинг 25 йиллик шонли йўли асрларга татигулик. Ўз қадр-қимматини биладиган миллат учун мус­тақилликдан азизроқ ва улуғроқ неъмат бўлмаса керак. Чунки, унинг туб моҳиятида юрт тақдири, келажак манфаатлари ётади. Юртимиздаги хо­тиржамлик ва барқарорлик туфайли, хонадонлардаги тўй-томоша, бай­раму шодиёналар ҳаммага та­ти­моқ­да. Булар мустақилликнинг биз­га тор­тиқ қилаётган улуғ неъматидир.
     Дориламон кунлар қадрланаётга­нини халқимиз шукроналик ҳисси би­лан яшаётгани, оиласи тинч, фар­зандлари баркамол инсонлар бўлиб вояга етаётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Буларнинг барчаси ҳаётимиз турли жабҳаларида бири-бирини тўлдираётган, босқичма-бос­қич амалга оширилаётган ислоҳотлар стратегик мақсадларимизга хизмат қилиб, маънавий асослари мустаҳкам бўлган қудратли давлат барпо этиш имконини бермоқда. Янги ижтимоий инфратузилма объектлари фойдаланишга топширилиб, одамларнинг тур­муш даражасини юксалтиришга қа­ра­тилган лойиҳалар изчил рўёбга чи­қарилмоқда. Пировардида ҳаёт даражаси янада яхшиланиб, юртдош­ларимиз дунёқараши, атроф-муҳитга муносабати тубдан ўзгар­моқда. Эъти­борлиси, улар бугунги кунидан рози бўлиб яшаяпти.
     Қолаверса, ўзбек халқига азалдан хос бўлган фазилатлар истиқлолимиз­нинг дастлабки йилларидан мамлакатимизда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва ян­гилаш бўйича беш тамойилга асос­ланган тараққиётнинг «ўзбек модели» мамлакатимиз истиқболини тубдан ўзгартириш йўналишларини бел­гилаб берди. Аҳолини ижтимоий ҳи­моя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқу­қий базага асосланган ишончли тизимни шакллантириш эса ушбу моделнинг асосий йўналишларидан би­ридир. Зеро, инсон, унинг ҳаёти ва орзу-умидлари давлатимизнинг дои­мий диққат эътиборида бўлиб кел­моқда.
     Кексаларнинг ҳаётини янада мазмунли ва фаровон бўлиши учун кў­рилаётган чора-тадбирлар натижасида аҳолининг ўртача ёши 1990 йил­даги 67 ёшдан 73,5 ёшга, аёллар ўр­тасида 76 ёшга етди. Шуларга мос ҳол­да, нуронийлар сафи янада кен­гай­моқда. Бугунги кунда мамлакатимизда 225 минг нафар 80 ёшдан, 44 минг нафар 90 ёшдан, 8,7 минг нафар 100 ёшдан ошган табаррук қариялар кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўр­ликдан кўнгиллари обод бўлиб, шу­куҳли кунларга шукрона айтиб умргузаронлик қилмоқда. Уларнинг икки минг нафарини иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, 54 минг нафарини меҳнат фронти фахрийлари таш­кил этади. Қабул қилинган қарор­лар, тегишли давлат дастурлари, фармон ва фармойишларга мувофиқ ик­кинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларини, ёлғиз кексаларни манзилли ижтимоий муҳофаза қилиш, хизмат турларини янада яхшилаш бўйича кенг кўламдаги тадбирлар амалга оширилмоқда.
     Биргина 2015 йил «Кексаларни эъзозлаш йили»да давлатимиз раҳба­рининг тегишли фармонларига муво­фиқ 100 ёшга етган ва ундан ошган кексаларимизнинг пенсиясига энг кам иш ҳақининг 100 фоизи миқдо­рида устама тўлаб бориш тизими тат­биқ этилди. 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва фронт ортида хизмат қилган 61 мингдан ортиқ фахрийларимизга коммунал хизматлар бўйича 3,9 млрд сўм миқдоридаги компенсация пуллари бюджет маб­лағ­лари ҳисобидан тўлаб берилди. Икки миллион 750 минг нафар нуро­ний отахон ва онахонларимизнинг пенсия миқдори 20 фоиздан зиёд кў­пайтирилиб, уларга бюджет маб­лағлари ҳисобидан 12,9 трлн сўм пен­сия тўлаб борилади. 1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари учун йилда бир марта ўзлари учун мақбул бўлган муддатларда са­наторий-соғломлаштириш муас­саса­ларида давлат бюджети ҳисоби­дан бепул соғломлаштириш курсини олиш ҳуқуқи белгилаб қўйилди. Шун­га мувофиқ 2015 йилда 70 мингга яқин уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, пенсионер ва ногиронлар стационар ҳамда санаторий-курорт муассасаларида ўз соғлиғини тикладилар. Юртимизнинг барча ҳудуд ва минтақаларида «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!» деган шиор остида бўлиб ўтган ижтимоий тадбирлар натижасида 215 мингдан зиёд фахрийлар чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди. Эҳтиёжманд ногиронларга 11 мингдан ортиқ юқори сифатли протез-ортопедик буюмлари ва реабилитация воситалари бепул топширилди. Ҳар йили 9 май Хотира ва Қадрлаш куни арафасида «Дори-дармон» акциядорлик компанияси томонидан ўрта ҳисобда 7000 дона махсус дори-дармон йиғмалари (аптечкалари) байрам табрикномалари билан бирга уруш ва меҳнат фахрийларига жамғарманинг жойлардаги бў­лимлари орқали бепул етказиб бе­рилмоқда.
     Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳа­ракати – Ўзбекистон Либерал демократик пар­тиясининг VIII съездидаги маърузасида «Хонадонларимизнинг файзу фа­риштаси бўлган нуроний отахон ва онахонларимизни эъзозлаш, уларни ҳаётдан рози қилиш, қўлимиздан келганича умрларини узайтириш асрлар давомида энг улуғ қадриятла­римиздан бири бўлиб кел­моқда», де­ган сўзлари замирида кекса авлод ва­килларига бўл­ган чексиз ҳурмат ва эҳтиром мужассам. «Ёши улуғ инсон­лар, ёлғиз кексалар ва имконияти чекланган шахс­ларга тиббий ёрдам кўрсатиш дас­тури тайёрланаётгани, «Нуроний» жамғармасининг мақоми ва мавқеи­ни кўтариш, унинг туман, вилоят ва республика тузилмаларининг штат бир­ликларини кўпайтириш, моддий-техник базасини мустаҳ­камлашга ало­ҳида аҳамият берили­ши, бу жамғарма келгусида кекса ав­лод вакилларига том маънода кўмак берадиган фаол ташкилотга айланиши учун барча те­гишли чоралар кў­рилиши» ҳақидаги юксак эътибор ва ғамхўрлик ифодаси бўл­ган эзгу режа­лари барча фахрийларнинг эртанги кунга бўлган ишончларини яна­да мустаҳкамлади.
     Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бу каби эътибор ва ғамхўр­ликлардан, берилаётган қўшимча им­тиёзлардан, тинч ва осуда ҳаётлари­дан фахрийларимизнинг бени­ҳоя мамнун эканликлари уларнинг жам­ғармага қилаётган мурожаатлари ва оммавий-ахборот воситалари орқа­ли билдираётган кўплаб дил сўзлари­да ўз ифодасини топмоқда. Ўзбекис­тон эришаётган ютуқ ва марралар дунё ҳамжамиятининг ҳаваси ҳамда қизиқишига сабаб бўлаётгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағиш­лайди. Ўтган қисқа давр мобайнида юртимизда эришилган натижалар, барча соҳаларда амалга оширилган ҳаётбахш ислоҳотлар мамлакатимиз аҳолисининг ҳаётига фаровонлик олиб кирмоқда.
     Ўзбекистон Республикасининг «Иж­тимоий шериклик тўғрисида»ги қо­ну­нига мувофиқ «Нуроний» жамғар­масининг Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Хотин-қизлар қў­митаси, «Ватанпарвар» ташкилоти, Хал­қаро «Соғлом авлод учун» хайрия фонди, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ижтимоий шериклик асосида тузилган ўзаро ҳамкор­лик тўғрисидаги тегишли ҳужжатлар­га кўра фахрийларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш ишлари ғоят сама­рали ташкил этилмоқда. Кўриниб ту­рибдики, ижтимоий соҳанинг мана шу зайлда изчил такомиллаштириб борилаётгани Ўзбекистонда аҳо­лини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганидан далолат беради. Умум­халқ байрамлари арафасида фахрийларни, «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйларида яшовчиларни на­фақат давлатимиз, балки жам­ғар­ма­миз ҳамкорлари бўлган жамоат ташкилотлари томонидан ҳам мод­дий-маънавий рағбатлантириш ишлари янада кенгайтирилди.
     Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа инс­титутларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг жамоат ташкилотлари ва бирлашмалари фаолиятига молиявий кўмаклашиш борасидаги амалий ишларини алоҳида таъкидлаш зарур, деб ҳисоблаймиз.
     2015 йил жамоат фонди томонидан биринчи бор давлат ижтимоий буюртмаси асосида ўтказилган танловда ютиб олинган, миқдори 200 млн сўм бўлган ғолиблик сертификатига мувофиқ Қорақалпоғистон Рес­публикаси, Қашқадарё, Фарғона ва Жиззах вилоятларидаги иккита «Саховат» интернат уйларида яшовчилар ҳамда «Тахиатош» ва «Маржон суви» санаторияларида даволанувчи кексалар учун умумий баҳоси 103,5 млн сўмлик ётоқхона мебеллари, тиб­бий асбоб-анжомлар ва дори-дармон воситалари сотиб олиб берилди, шу жумладан, Тошкентдаги уруш ва меҳ­нат фахрийларининг «Нуроний» шифохонасига умумий ба­ҳоси 3,5 млн сўмлик иккита ногирон­лик аравачаси топширилди. Байрам арафасида капитал таъмирланиб фой­даланишга топширилган жамғарма­нинг Наманган вилояти бўлимига те­гишли Косонсой туманидаги фахрийлар «Қадрлаш» дам олиш масканини зарур жи­ҳозлар билан таъминлаш мақса­дида саккиз млн сўм маб­лағ давлат ижтимоий бу­юртмаси асосида сарфланди.
     Ҳа, кексаларга ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга бўлган эътибор кучайтирилаётгани меҳр-оқибат туйғулари одамлар қалби ва шууридан янада чуқур жой олганидан далолат бер­моқда. Зотан, инсонни қадрлаш бе­баҳо маънавий бойлик, ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган қадрият­ларимиздан биридир. Шунинг учун ҳам ҳаётимизга, хонадонларимизга файзу барака берадиган фахрийларимизнинг кўнглини кўтариш, уларнинг умрини мазмунли қилишга қў­лимиздан келганича ҳисса қўшишга ҳаракат қилишимиз лозим. Шу боис ҳам, бугунги кунга келиб, юртимизда амалга оширилаётган ис­лоҳотлар мар­казида ҳамиша инсон, унинг ҳуқуқла­ри, эркинликлари ва қонуний манфаатлари туради.
     Кексаларимизнинг истиқлол шарофати туфайли ҳар йили ҳокимлик­лар ва ҳомийлар кўмагида Самар­қанд, Хива, Бухоро, Термиз, Қарши, Шаҳрисабз, Тошкент сингари тарихий шаҳарларимиз ҳамда муқаддас қа­дам­жо­ларимизга саёҳат ва зиёрат қи­лишлари одатий анъанага айланиб қолди.
     Авваллари муборак Ҳаж зиёратига рухсат берилган ватандошларимиз сони бармоқ билан санарли бўл­ган бўлса, бугун мустақиллик туфайли ҳар йили беш минг нафардан зиёд отахон ва онахонларимиз муборак Ҳаж амалини эмин-эркин амал­га оши­риш бахтига мушарраф бўл­моқдалар. Йилнинг баҳор ва куз фасл­ларида эса жами олти минг нафардан зиёд фу­қаро Макка ва Мадина шаҳарларида бўлиб, умра амалларини бажариб қайтишмоқда.
     Истиқлол берган имкониятлар халқимизни тинч, осойишта яшашга, ҳеч кимдан кам бўлмай фаровон турмуш кечиришга, обод ва озод ватанда, бахтиёр оила бағрида умргузаронлик қилишга шароит яратди. Жой­ларда амалга оширилаётган улкан бу­нёдкорлик, ободонлаштириш ишлари сабаб шаҳару қишлоқлар энг гў­зал, энг обод масканларга айланмоқ­да. Бу борадаги интилиш, изланиш ва ҳаракатлар кутилган самарани бе­раяпти. Бундай иззат-икром фахрийларимизнинг шижоатига шижоат қўш­моқда.
     Хуллас, айтаверсак юқоридаги ка­би мисоллар жуда кўп. Ислоҳотлар­нинг ҳаётбахш самаралари ҳар қа­дамда яққол сезилиб турибди. Халқи­миз бундан руҳий куч-қувват олиб, ўз келажагини ўз қўллари билан бун­ёд этмоқда. Зеро, ижтимоий-маънавий илдизлари мустаҳкам юрт ва мил­латнинг йўли ойдин, келажаги эса порлоқдир.
     Хулоса қилиб айтганда, кексалари қадрланган юртнинг эртаси пор­лоқ, ҳаёти нурафшон ва албатта, файз­ли бўлади.
 
Шуҳрат УСМОНОВ,
«Нуроний» жамғармаси
Марказий Кенгаши раиси

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • С праздником

    1/2019

    № 1/2019

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • Купить журнал

    PodpiskaПо вопросам приобретения журнала обращайтесь в отдел распространения и подписки редакции.

    Адрес:  г. Ташкент,
    ул. Ислама Каримова, 55.

    • Телефон:
    • (99897) 773-22-91.

    Также вы можете приобрести журнал в киосках города.

     

  • Подписка на журнал

    Подписка на журнал
  • ЭЛЕКТРОННАЯ ВЕРСИЯ

    ЭЛЕКТРОННАЯ ВЕРСИЯ
  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    chekIn г. Ташкент, ул. Ислама Каримова, 55.

    mailSmall info@evu.uz

    phone+99871 239-11-25, +99897 773-22-91.

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.