Intervyu

Бетакрорликни сақлаб…

     Биз Халқаро узумчилик ва виночилик ташкилоти раиси Пао Рока билан ушбу муассасанинг эзгу мақсадлари, вазифалари, амалга ошираётган ишлари ва эришаётган натижалари тўғрисида гурунглашдик. Шунингдек, унинг республикамизнинг узумчиликдаги салоҳиятига доир фикрлари, вино ишлаб чиқариш билан машғул тадбиркорларимизга таклиф-тавсиялари билан қизиқдик.
 
     – Жаноб Пао Рока, Халқаро узумчилик ва виночилик ташкилоти ва унинг асосий вазифаси ҳақида гапириб берсангиз.
     – Халқаро ташкилотимиз 1924 йили ташкил топган. Штаб-квартира­си Парижда жойлашган. Ҳозир унга 47 та мамлакат, жумладан, Ўзбекистон ҳам аъзо. Тузилма таркибига жа­ҳондаги вино истеъмолини 65 фоизи ва етиштирилишини 84 фоизи киради. Биз бутун дунёдаги узум ва узум маҳсулотлари ишлаб чиқа­рувчилар ҳамда истеъмолчилар ҳақидаги маълумотларга эгамиз. Қу­во­нарлиси, ҳар йили ташкилотимиз Бош ассамблеяси йиғилишида Курраи заминимизда узумчилик ва виночиликнинг ривожланиши, уларга оид илмий дастурнинг амалиётдаги ўрни, жаҳон бозорида хўраки узум, вино, майизни экспорт ва импорт қилиш масалалари, уларнинг ҳолати ва ҳока­золар муҳокама этилади. Шу асосда зарур тавсияномалар қабул қилиниб, халқаро конгресс ва симпозиумлар дастурлари тузилади, техник комиссиялар ва бюджет бўйича ҳисоботлар тасдиқланади. Шунингдек, БМТнинг махсус институтлари билан алоқалар йўлга қўйилади.
     – Ташкилотга аъзо бўлишнинг шарт-шароитлари, аъзоликдаги имтиёзлари тўғрисида тўхталиб ўтсангиз.
     – Ташкилотимизга аъзо бўлиш истагидаги давлат аввало, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан тан олинган ва қонуний мавқедаги ҳу­куматга эга бўлиши лозим. Аъзолик эса, вино, узум ва майизга дахлдор долзарб масалаларни, асосан стандартлар, қоидалар, сифат мезонларини муҳокама қилувчи илмий ҳам­жамият фаолиятида қатнашиш ҳу­қуқига эга бўлиш демакдир. Бундан ташқари у ўша давлатга қарорлар қабул қилишда муайян устунликлардан фойдаланиш имконини беради. Агар ташкилотимизга аъзо давлатлар ҳукуматлари қонунчилик ва халқаро қоидаларга риоя қилиш бўйича ёрдам сўрашса, уларга бу борада тегиш­ли хизматлар ҳам кўрсатамиз.
     – Халқаро узумчилик ва виночилик ташкилоти қандай тадбирларни ташкил қилиш ваколатига эга? Унда тадбирлар иштирокчиларини виночилик ва узумчилик соҳасида қўлга киритган муваффа­қиятлари учун мукофотлаш тизими мавжудми?
     – Ташкилотимизда умумий йиғи­лишлар, учрашувлар, ишчи гуруҳлар­нинг турли масалалар муҳокамасига доир мажлислари каби ички тадбирларни ҳам, халқаро конгрессларни ҳам мунтазам равишда ўтказиб турамиз. Дарвоқе, 2021 йилдаги вино ишлаб чиқарувчиларнинг хал­қаро конгресси Самарқандда бўлиб ўтади. Биз 20 дан ортиқ турли халқаро тан­ловлар ва му­собақаларга раҳбар­лик қила­миз, ҳар хил мавзудаги симпозиумлар ва мажлисларни, жумладан, йигирматадан зиёд йўналишдаги хал­қаро тадбирларни уюштирамиз. Шу асно салмоқ­ли ютуқларни қўлга киритган ҳамда алоҳида фаоллик кўрсатган аъзоларимизни, танловлар ва мусобақалар ғолибларини тақдир­лаймиз. Вақти-вақти билан узумчилик ва виночиликка тааллуқли ки­тоблар чиқарамиз.
     – Сиз нафақат иқтидорли раҳ­бар, балки виночилик соҳаси­нинг билимдони, тажрибали эксперт ҳам ҳисоб­ланасиз. Айтинг-чи, сиз ўз­бек винолари ҳақида қан­дай фикр­дасиз? Улар халқаро бозорда рақобат­бардошми? Хусусан, сифати франциялик мутахассислар ва истеъмолчиларга манзур бўлаяптими?
     – Ўзбекистон узум етиштиришда улкан агрономик салоҳиятга эга. Унда узумнинг кўпчилик хуш кўрадиган анвойи навлари етиштирилади. Бу эса уларни шундайлигича тановул қилиш­дан ташқари турли маҳсулот­лар, чунончи, коньяк, ликёр (ширин ва ўткир спиртли ичимлик) ва ароқ­нинг янги турларини яратиш ҳамда ишлаб чиқаришда қўл келади. Мен сизларда мўл-кўл қуруқ мевалар, жумладан, майиз тайёрланишини эшитиб, жуда қувондим. Машҳурлиги билан ажралиб турадиган ўзбек виноларидан бир неча турининг мазасини татиб кўриб, яхши таассурот олдим.
     Қисқаси, ўлкангизда узумчилик ва виночилик равнақига хизмат қи­лувчи манбалар ҳам, уларни янада кўпайтириш ва такомиллаштириш захиралари ҳам бисёр экан. Демак, соҳани ривожлантириш, яхши винолар тайёрлашни мукаммал ўзлаштириш учун инвестициялар киритиш фойдадан холи бўлмайди.
     – Самар­қандда бўлиб ўтадиган конгресс маҳаллий вино ишлаб чи­қарувчи­ларга қандай имтиёзлар беради? Анжуман шарофати ўла­роқ, ўзбек виноларига қизиқиш яна­да ортиб, бошқа давлатларнинг бизга бўлган муносабатлари ўзгариши мумкинми?
     – Дарвоқе, Ўзбекистон ҳозирча виночиликда машҳур мамлакатлар сафидан ўрин олмаган. Бўлажак конгресс унга дунё аҳлини ўз маҳсу­лотлари билан таништириш учун қулайлик туғдиради. Юртингиз ташкилотимизга аъзо эканлиги эса, бу янглиғ имкониятлар қамровини ҳар қачонгидан кенгайтиради. Негаки, сизларда 100 минг гектардан ортиқ майдонни эгаллаган токзорлар бор. Уларда турфа навли узумлар етиштирилади. Аммо менинг тахминимча, ўша ҳосилнинг атиги 10–15 фоизигина вино тайёрлашда ишлатилади.
     Ўз навбатида, айни жабҳадаги ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, узум навларини кўпайтириш, номақбул иқлим шароитларига чидамлилигини ошириш мақсадида узум генетикасини ривожлантириш шарт. Бу жиҳатдан Ўзбекистон катта иқтидор соҳиби саналади. Айниқса, узумнинг янги навларини етиштириш бўйича бой анъаналарга ва асрлар оша сайқал топган тажрибага эга. Шунинг учун илмий ҳамжамиятимиз уни аъзоликка қабул қилиб, ўзи учун талай янгиликларни кашф қилди. Айтайлик, ўзбек диёрида ўсадиган узум новдалари иқлимнинг кескин ўзгаришларига мослашган. Қаҳратон қишнинг қаҳрига ҳам, саратоннинг жазирамасига ҳам бирдек дош бера олади. Боз устига, қуёш бутун бор­лиқни тандирдек қиздирган дамларда сувни кам истеъмол қилади. Шуб­ҳасиз, токзорларни чўлларга хос экстремал шароитларга мослаштириш тажрибаси илмий ҳамжамия­тимизда катта қизиқиш уйғотади.
     Ташкилотимизга аъзо давлатларнинг Ўзбекистонга нисбатан яхши муносабатда бўлишида катта роль ўйнайдиган яна бир муҳим омил мамлакатингизда тинчлик-хотиржамлик ҳукмронлиги, бағрикенглик бар­қа­рорлиги, турли миллат ва элатга, дин ва конфессияга мансуб кишилар аҳил-иноқ яшаётганидир.
     Бинобарин, биз ташкилотимизнинг навбатдаги конгрессини ўтказиш учун Ўзбекистонни танлашда, биринчидан, унинг юксак туристик салоҳиятга эгалигига, иккинчидан, жаҳон илмий ҳамжамиятига интеграциялашувига, учинчидан, узумчилик ва виночилик соҳасидаги ҳам­корликни ривожлантириш учун қу­лай ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий шароитлар мавжудлигига жиддий эътибор қаратдик.
     – Франция ҳам ўз винолари ва бу маҳсулотларни ишлаб чиқариш­нинг қадимий анъаналарига бойлиги билан донг таратган. Айни йўналишда у билан ҳамкорлик қи­лиш Ўзбекистоннинг виночилик салоҳияти юксалишига нечоғли ҳисса қўшади?
     – Буниси энди кўп жиҳатдан Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларига боғ­лиқ. Муҳими, у ҳар қандай вазиятда ҳам ўзининг бу соҳадаги тажриба ва анъаналарини сақлаб қолиши, ҳеч қачон бошқа ишлаб чиқарувчилар­дан «нусха» кўчирмаслиги, машҳур бренд­ларга кўр-кўрона тақлид қил­маслиги керак. Юртингизда ароқ, коньяк, вино сингари ҳар хил алкоголли ичимликлар билан бир қатор­да алкоголсиз маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар ҳам кўп. Бу ишда юқо­ри самарадорликни таъминлаш учун эса корхоналарни маҳ­сулот турлари бўйича ихтисослаштириш жоиз. Сабаби ҳар қайси корхона ишлаб чиқариш жараёнининг турли ҳарорат режимларига, тозалаш ва стериллаш талабларига риоя этиши, уларнинг ҳар бирига мос янги технологияларни ишлаб чиқиши ва қўллаши, мут­лақо бошқа-бошқа технологик ва сифат параметрларига амал қилиши лозим. Шунингдек, ишлаб чиқариш қувватларидан ва инвестиция маб­лағларидан фойдаланиш ҳажми бўйича ҳам бир-бирларидан ажралиб туришлари даркор.
     Яна бир объектив омил – ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларининг ўзга брендлардан ажратиб турувчи бетакрор жиҳат­ларини сақлаб қолган ҳолда қатъий йўлни танлашлари лозим. Натижаси шундай бўлсинки, ичимликларни яхши фарқлай оладиган мутахассис ёки оддий ҳаваскор ҳам ўша маҳ­сулотни татиб кўргач, завқ ила «Бу серқуёш Ўзбекистонда пишиб етилган узумнинг тотли таъми!» дея эътироф этсин.
     – Ишончимиз комилки, холис ­фикрларингиз ва фойдали так­лиф-тавсияларингиз юртимиз боғбон­лари етиштираётган узумлар сифати янада яхшиланишига ва ма­ҳаллий вино ишлаб чиқарувчи­лар фаолияти давр талабларига монанд ривожланишига хизмат қи­лади.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Chop etildi

    5/2019

    № 5/2019

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • Jurnalni sotib olish

    PodpiskaЖурнални харид қилиш масалалари бўйича таҳририятнинг обуна ва тарқатиш бўлимига мурожаат этинг.

     

    Манзилимиз:

    Тошкент ш.,

    Матуботчилар кўч., 32.

     

    Телефон:

    • (99871) 239-11-25.

    Сиз журнални шаҳар киоскаларидан ҳам харид қилишингиз мумкин.

  • Jurnalga obuna bo‘lish

    Jurnalga obuna bo‘lish
  • Elektron shakli

    Elektron shakli
  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    chekIn Toshkent sh., Islom Karimov ko‘ch., 55.

    mailSmall info@evu.uz

    phone+99871 239-11-25, +99897 773-22-91.

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.