Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Биз Халқаро узумчилик ва виночилик ташкилоти раиси Пао Рока билан ушбу муассасанинг эзгу мақсадлари, вазифалари, амалга ошираётган ишлари ва эришаётган натижалари тўғрисида гурунглашдик. Шунингдек, унинг республикамизнинг узумчиликдаги салоҳиятига доир фикрлари, вино ишлаб чиқариш билан машғул тадбиркорларимизга таклиф-тавсиялари билан қизиқдик.
– Жаноб Пао Рока, Халқаро узумчилик ва виночилик ташкилоти ва унинг асосий вазифаси ҳақида гапириб берсангиз.
– Халқаро ташкилотимиз 1924 йили ташкил топган. Штаб-квартираси Парижда жойлашган. Ҳозир унга 47 та мамлакат, жумладан, Ўзбекистон ҳам аъзо. Тузилма таркибига жаҳондаги вино истеъмолини 65 фоизи ва етиштирилишини 84 фоизи киради. Биз бутун дунёдаги узум ва узум маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ҳамда истеъмолчилар ҳақидаги маълумотларга эгамиз. Қувонарлиси, ҳар йили ташкилотимиз Бош ассамблеяси йиғилишида Курраи заминимизда узумчилик ва виночиликнинг ривожланиши, уларга оид илмий дастурнинг амалиётдаги ўрни, жаҳон бозорида хўраки узум, вино, майизни экспорт ва импорт қилиш масалалари, уларнинг ҳолати ва ҳоказолар муҳокама этилади. Шу асосда зарур тавсияномалар қабул қилиниб, халқаро конгресс ва симпозиумлар дастурлари тузилади, техник комиссиялар ва бюджет бўйича ҳисоботлар тасдиқланади. Шунингдек, БМТнинг махсус институтлари билан алоқалар йўлга қўйилади.
– Ташкилотга аъзо бўлишнинг шарт-шароитлари, аъзоликдаги имтиёзлари тўғрисида тўхталиб ўтсангиз.
– Ташкилотимизга аъзо бўлиш истагидаги давлат аввало, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан тан олинган ва қонуний мавқедаги ҳукуматга эга бўлиши лозим. Аъзолик эса, вино, узум ва майизга дахлдор долзарб масалаларни, асосан стандартлар, қоидалар, сифат мезонларини муҳокама қилувчи илмий ҳамжамият фаолиятида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлиш демакдир. Бундан ташқари у ўша давлатга қарорлар қабул қилишда муайян устунликлардан фойдаланиш имконини беради. Агар ташкилотимизга аъзо давлатлар ҳукуматлари қонунчилик ва халқаро қоидаларга риоя қилиш бўйича ёрдам сўрашса, уларга бу борада тегишли хизматлар ҳам кўрсатамиз.
– Халқаро узумчилик ва виночилик ташкилоти қандай тадбирларни ташкил қилиш ваколатига эга? Унда тадбирлар иштирокчиларини виночилик ва узумчилик соҳасида қўлга киритган муваффақиятлари учун мукофотлаш тизими мавжудми?
– Ташкилотимизда умумий йиғилишлар, учрашувлар, ишчи гуруҳларнинг турли масалалар муҳокамасига доир мажлислари каби ички тадбирларни ҳам, халқаро конгрессларни ҳам мунтазам равишда ўтказиб турамиз. Дарвоқе, 2021 йилдаги вино ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро конгресси Самарқандда бўлиб ўтади. Биз 20 дан ортиқ турли халқаро танловлар ва мусобақаларга раҳбарлик қиламиз, ҳар хил мавзудаги симпозиумлар ва мажлисларни, жумладан, йигирматадан зиёд йўналишдаги халқаро тадбирларни уюштирамиз. Шу асно салмоқли ютуқларни қўлга киритган ҳамда алоҳида фаоллик кўрсатган аъзоларимизни, танловлар ва мусобақалар ғолибларини тақдирлаймиз. Вақти-вақти билан узумчилик ва виночиликка тааллуқли китоблар чиқарамиз.
– Сиз нафақат иқтидорли раҳбар, балки виночилик соҳасининг билимдони, тажрибали эксперт ҳам ҳисобланасиз. Айтинг-чи, сиз ўзбек винолари ҳақида қандай фикрдасиз? Улар халқаро бозорда рақобатбардошми? Хусусан, сифати франциялик мутахассислар ва истеъмолчиларга манзур бўлаяптими?
– Ўзбекистон узум етиштиришда улкан агрономик салоҳиятга эга. Унда узумнинг кўпчилик хуш кўрадиган анвойи навлари етиштирилади. Бу эса уларни шундайлигича тановул қилишдан ташқари турли маҳсулотлар, чунончи, коньяк, ликёр (ширин ва ўткир спиртли ичимлик) ва ароқнинг янги турларини яратиш ҳамда ишлаб чиқаришда қўл келади. Мен сизларда мўл-кўл қуруқ мевалар, жумладан, майиз тайёрланишини эшитиб, жуда қувондим. Машҳурлиги билан ажралиб турадиган ўзбек виноларидан бир неча турининг мазасини татиб кўриб, яхши таассурот олдим.
Қисқаси, ўлкангизда узумчилик ва виночилик равнақига хизмат қилувчи манбалар ҳам, уларни янада кўпайтириш ва такомиллаштириш захиралари ҳам бисёр экан. Демак, соҳани ривожлантириш, яхши винолар тайёрлашни мукаммал ўзлаштириш учун инвестициялар киритиш фойдадан холи бўлмайди.
– Самарқандда бўлиб ўтадиган конгресс маҳаллий вино ишлаб чиқарувчиларга қандай имтиёзлар беради? Анжуман шарофати ўлароқ, ўзбек виноларига қизиқиш янада ортиб, бошқа давлатларнинг бизга бўлган муносабатлари ўзгариши мумкинми?
– Дарвоқе, Ўзбекистон ҳозирча виночиликда машҳур мамлакатлар сафидан ўрин олмаган. Бўлажак конгресс унга дунё аҳлини ўз маҳсулотлари билан таништириш учун қулайлик туғдиради. Юртингиз ташкилотимизга аъзо эканлиги эса, бу янглиғ имкониятлар қамровини ҳар қачонгидан кенгайтиради. Негаки, сизларда 100 минг гектардан ортиқ майдонни эгаллаган токзорлар бор. Уларда турфа навли узумлар етиштирилади. Аммо менинг тахминимча, ўша ҳосилнинг атиги 10–15 фоизигина вино тайёрлашда ишлатилади.
Ўз навбатида, айни жабҳадаги ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, узум навларини кўпайтириш, номақбул иқлим шароитларига чидамлилигини ошириш мақсадида узум генетикасини ривожлантириш шарт. Бу жиҳатдан Ўзбекистон катта иқтидор соҳиби саналади. Айниқса, узумнинг янги навларини етиштириш бўйича бой анъаналарга ва асрлар оша сайқал топган тажрибага эга. Шунинг учун илмий ҳамжамиятимиз уни аъзоликка қабул қилиб, ўзи учун талай янгиликларни кашф қилди. Айтайлик, ўзбек диёрида ўсадиган узум новдалари иқлимнинг кескин ўзгаришларига мослашган. Қаҳратон қишнинг қаҳрига ҳам, саратоннинг жазирамасига ҳам бирдек дош бера олади. Боз устига, қуёш бутун борлиқни тандирдек қиздирган дамларда сувни кам истеъмол қилади. Шубҳасиз, токзорларни чўлларга хос экстремал шароитларга мослаштириш тажрибаси илмий ҳамжамиятимизда катта қизиқиш уйғотади.
Ташкилотимизга аъзо давлатларнинг Ўзбекистонга нисбатан яхши муносабатда бўлишида катта роль ўйнайдиган яна бир муҳим омил мамлакатингизда тинчлик-хотиржамлик ҳукмронлиги, бағрикенглик барқарорлиги, турли миллат ва элатга, дин ва конфессияга мансуб кишилар аҳил-иноқ яшаётганидир.
Бинобарин, биз ташкилотимизнинг навбатдаги конгрессини ўтказиш учун Ўзбекистонни танлашда, биринчидан, унинг юксак туристик салоҳиятга эгалигига, иккинчидан, жаҳон илмий ҳамжамиятига интеграциялашувига, учинчидан, узумчилик ва виночилик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий шароитлар мавжудлигига жиддий эътибор қаратдик.
– Франция ҳам ўз винолари ва бу маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг қадимий анъаналарига бойлиги билан донг таратган. Айни йўналишда у билан ҳамкорлик қилиш Ўзбекистоннинг виночилик салоҳияти юксалишига нечоғли ҳисса қўшади?
– Буниси энди кўп жиҳатдан Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларига боғлиқ. Муҳими, у ҳар қандай вазиятда ҳам ўзининг бу соҳадаги тажриба ва анъаналарини сақлаб қолиши, ҳеч қачон бошқа ишлаб чиқарувчилардан «нусха» кўчирмаслиги, машҳур брендларга кўр-кўрона тақлид қилмаслиги керак. Юртингизда ароқ, коньяк, вино сингари ҳар хил алкоголли ичимликлар билан бир қаторда алкоголсиз маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар ҳам кўп. Бу ишда юқори самарадорликни таъминлаш учун эса корхоналарни маҳсулот турлари бўйича ихтисослаштириш жоиз. Сабаби ҳар қайси корхона ишлаб чиқариш жараёнининг турли ҳарорат режимларига, тозалаш ва стериллаш талабларига риоя этиши, уларнинг ҳар бирига мос янги технологияларни ишлаб чиқиши ва қўллаши, мутлақо бошқа-бошқа технологик ва сифат параметрларига амал қилиши лозим. Шунингдек, ишлаб чиқариш қувватларидан ва инвестиция маблағларидан фойдаланиш ҳажми бўйича ҳам бир-бирларидан ажралиб туришлари даркор.
Яна бир объектив омил – ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларининг ўзга брендлардан ажратиб турувчи бетакрор жиҳатларини сақлаб қолган ҳолда қатъий йўлни танлашлари лозим. Натижаси шундай бўлсинки, ичимликларни яхши фарқлай оладиган мутахассис ёки оддий ҳаваскор ҳам ўша маҳсулотни татиб кўргач, завқ ила «Бу серқуёш Ўзбекистонда пишиб етилган узумнинг тотли таъми!» дея эътироф этсин.
– Ишончимиз комилки, холис фикрларингиз ва фойдали таклиф-тавсияларингиз юртимиз боғбонлари етиштираётган узумлар сифати янада яхшиланишига ва маҳаллий вино ишлаб чиқарувчилар фаолияти давр талабларига монанд ривожланишига хизмат қилади.