MUHTARAM DEPUTAT VA SENATORLAR!
AZIZ VATANDOSHLAR!
HURMATLI MEHMONLAR!
Бугун биз барчамиз жонажон Ватанимизнинг сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеада иштирок этмоқдамиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан биринчи марта мамлакатимиз парламенти – Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим этилмоқда.
Сизларга яхши маълумки, дунёдаги кўпчилик тараққий топган мамлакатларда давлат раҳбарининг миллий парламент аъзолари ҳузурида энг асосий ва долзарб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар ва жамиятни демократик ривожлантириш бўйича Мурожаатнома билан чиқиш тажрибаси мавжуд.
Давлат бошқарувининг бундай демократик усули бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, авваламбор, халқ билан мулоқот принципига ғоят уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, бизнинг иш фаолиятимиз самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади, деб ўйлайман.
Бугунги нуфузли анжуманда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари билан бирга, видеоконференция алоқа тизими орқали туман, шаҳар ва вилоятлардаги маҳаллий Кенгашларга сайланган халқ ноиблари ҳамда барча бўғиндаги ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.
Тараққиётимизнинг янги босқичи бўлган 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномани эътиборингизга ҳавола этишга рухсат бергайсиз.
Аввало, йил давомида мамлакатимизни янада тараққий эттириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни бажариш учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятлари сафарбар этилганини таъкидлаш жоиз.
Бу борада «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш муҳим қадам бўлди, десак, айни ҳақиқат бўлади.
Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бу ўзгаришларнинг дастлабки натижалари аҳолимиз ҳаёти ва кундалик турмушида ўзининг яққол ифодасини топмоқда, эл-юртимизнинг ижтимоий фаоллиги, эртанги кунга ишончи ўсиб бормоқда.
Биз мамлакат ҳаётига доир ҳар бир қарорни халқимиз билан маслаҳатлашиб, бевосита мулоқот асосида қабул қилмоқдамиз. «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган ғоя бу борада фаолиятимиз мезонига айланмоқда.
Давлат ходимлари, аввало, биринчи раҳбарлар фақат кабинетда ўтирмасдан, жойларга бориб, аҳолини безовта қилаётган энг долзарб муаммоларнинг амалий ечими билан шуғулланмоқда.
Шу маънода 2017 йил халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммоларини самарали ҳал этиш бўйича янги тизим яратилган йил бўлди, деб айтишга тўла ҳақлимиз.
Бу тизимнинг асоси бўлган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонаси фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ўзига хос демократик институти сифатида амалда ўзини оқламоқда.
Қисқа муддатда ана шу қабулхоналарга бир ярим миллиондан зиёд фуқаро мурожаат қилгани ва қанча-қанча одамнинг йиллар давомида ҳал этилмаган муаммолари ижобий ечилгани Ўзбекистонда халқ ҳокимияти номига эмас, амалда жорий этилаётганини кўрсатмоқда. Жойларда раҳбарларнинг йўл қўйилган хато ва камчиликларни тезлик билан бартараф этиш юзасидан шахсий жавобгарлиги кучайгани мазкур тизимнинг муҳим натижаси бўлди.
Айнан халқимиз манфаатларини ҳисобга олиб, ижтимоий адолатни таъминлаш бўйича энг муҳим институт бўлган суд-ҳуқуқ соҳасида, прокуратура ва ички ишлар органлари тизимида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимда атрофлича сўз юритилгани учун, ўйлайманки, бугун бу мавзуда ортиқча тўхталиб ўтиришга зарурат йўқ.
Жорий йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ташкил этиш, Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» ва «Нуроний» жамғармалари ишини янада фаоллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди.
Юртимизда яшаб келаётган, лекин фуқаролиги бўлмаган 1100 дан ортиқ шахсга Ўзбекистон фуқаролиги берилди. Ўйлайманки, бу инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлашга қаратилган ишларимизнинг яна бир тасдиғидир.
2017 йилда иқтисодиёт соҳасида замон талабларига жавоб берадиган, янгича маъно-мазмундаги ва самарали ислоҳотларни амалга ошириш йўлида биринчи қадамларни қўйдик.
Иқтисодиётимизни мутлақо янги асосда ташкил этиш ва янада эркинлаштириш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш бўйича қатор қонунлар, фармон ва қарорлар, пухта ўйланган дастурлар қабул қилинди ва улар изчил амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда қисқа муддатда 161 та йирик саноат объекти ишга туширилди. Бу биз учун келгуси йилда қўшимча 1,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконини беради. Масалан, Тошкент иссиқлик электр станциясида буғ-газ қурилмаси барпо этилди. Бу эса қўшимча равишда 2,5 миллиард киловатт электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Шунингдек, Навоий иссиқлик электр станциясида иккинчи буғ-газ қурилмаси, Қизилқум бағридаги Авминзо-Амантой олтин конлари негизида гидрометаллургия заводи қуриш бўйича ишлар давом этмоқда.
Ҳозирги вақтда Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан «Ёшлик – 1», «Ёшлик – 2» конларини ўзлаштиришга киришилди. Сардоба, Марказий Фарғона ва Тўпаланг сув омборларини қуриш бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда. Бу йирик иншоотлар ҳам, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз иқтисодий ҳаётида муҳим воқеа бўлади.
Фарғона – Марғилон йўналишидаги темир йўл тармоғи айни пайтда электрлаштирилмоқда.
Яна бир йирик объект – Қандим газни қайта ишлаш комплекси ишга туширилиши ҳисобидан 2018 йилда қўшимча равишда 4 миллиард 100 миллион куб метр табиий газни қайта ишлаш, 67 минг тоннадан зиёд конденсат, 106 минг тоннадан ортиқ олтингугурт ишлаб чиқариш имкони яратилади.
Ўзбекистон иқтисодиётининг локомотивларидан бири бўлган Муборак газни қайта ишлаш заводида келгуси йили қўшимча равишда 6 миллиард куб метр табиий газни олтингугуртдан тозалайдиган блоклар тўлиқ фаолият бошлайди. Шулар қаторида «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамиятида янги йилда 5 мингдан кўпроқ замонавий тракторлар, мингдан зиёд пахта териш машинаси ва 2 мингдан ортиқ прицеплар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Бундай мисолларни яна узоқ давом эттириш мумкин.
Тўлиқ матнни сиз ЎзА сайтида ўқишингиз мумкин
http://uza.uz/uz/documents/o-zbekiston-respublikasi-prezidenti-shavkat-mirziyoyevning-o-22-12-2017