Ҳужжатга кўра, 2020 йил 1 июлдан бошлаб виза (визасиз) режим муддати ичида, аммо 30 кундан ошмаган ҳолда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтказилишини бекор қилиш режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойи охирида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев чет эл фуқароларини миграция полицияси органларида мажбурий рўйхатдан ўтказишни бекор қилиш тўғрисида кўрсатма берган эди.
Тўқаевнинг сўзларига кўра, ижтимоий-иқтисодий сиёсатда ҳукумат ва ҳокимлар фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири — бу Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти мамлакатларининг стандартлари ҳамда тамойилларини жадал амалга ошириш. Давлат раҳбари буни нафақат соҳавий ёндашувлар даражасида, балки минтақаларда ҳам амалга ошириш кераклигини таъкидлади.
«Дарвоқе, ИҲТТ стандартлари ҳақида. Агар биз ҳақиқатдан ҳам йирик шаҳарлар ва умуман мамлакатнинг инвестициявий ҳамда сайёҳлик жозибадорлигини оширишни истасак, чет эл фуқароларини миграция полицияси идораларида мажбурий рўйхатдан ўтказиш каби анахронизмдан (ўз замонасига мос келмайдиган эски қарашлар — таҳ. изоҳи) халос бўлишимиз керак. Мажбурий рўйхатдан ўтказиш — чет эллик меҳмонлар учун ноқулайликдан ташқари, катта коррупция манбаи бўлиб, бу мамлакатнинг ва бутун Олмаотанинг обрўсига салбий таъсир қилади», — деди Қосим-Жомарт Тўқаев.
Қозоғистон президентининг таъкидлашича, чет эллик меҳмонларнинг чегара назоратидан ўтишининг ўзи миграцион расмийлаштиришдир.
«Биз жуда кўп гапираётган рақамлаштириш нимани англатади? Ҳукумат бу масалани янги йилга қадар ҳал қилиши керак. Ички ишлар вазирининг таъкидлашича, биз бунга тайёрмиз», — дея қўшимча қилиб ўтди давлат раҳбари.
Амалдаги қоидаларга мувофиқ, чет элликлар Қозоғистон чегарасини кесиб ўтган кундан бошлаб беш кун ичида ички ишлар органларида рўйхатдан ўтишлари шарт.
Манба: Kun.uz