«NAVOIYAZOT» — Ўзбекистон кимё саноатининг пешқадами

2/2024

 
     – Кимё саноати Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. «Navoiyazot» АЖ эса Ўзбекистон кимё саноати соҳасидаги энг йирик корхонадир. Маълумки, «Navoiyazot» АЖ (собиқ Навоий кимё комбинати) 1964 йилда ишга туширилган ва бу йил корхона ташкил этилганига 60 йил тўлди.
Фаррух Ҳамзаевич, ушбу сана сизга ва бутун корхона жамоасига муборак бўлсин. Суҳбатимиз аввалида ушбу ўтган давр мобайнида «Navoiyazot» АЖнинг ривожланиш босқичлари, тажрибалари ва юртимиз кимё саноатидаги улуши ҳақида суҳбатлашсак.
     – Дарҳақиқат, «Navoiyazot» мамлакатимиз кимё соҳасидаги кўзга кўринган энг йирик корхоналардан биридир. Заводимизнинг ривожланиш босқичини учга бўлиш мумкин. Биринчиси, заводнинг тамал тоши қўйилган 1960 йилдан 91-йилгача бўлган даврни ўз ичига олади. Бу даврда асосан қишлоқ хўжалиги ва мудофаа соҳасига оид маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлиб, жуда кўплаб цехлар, ишлаб чиқариш мажмуалари ишга туширилган. Биринчи ўринда 1960-65 йилларда азотли ўғитлар заводи ишга туширилган бўлса, 1965-71 йилларда иккинчи навбат минерал ўғитлар ишлаб чиқариш мажмуалари ишга туширилган.
     1970-80 йилларга келиб, корхонада туб ўзгаришлар – асосан тоғ-кон саноати учун зарур бўлган кимёвий реагентлар, органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш амалга оширилди.
Шу билан бирга, бу даврда халқ истеъмол молларини ишлаб чиқариш кенгайди. Ўзбекистонда азалдан гилам тўқиш, гиламчилик ҳунари ривожланиб, айниқса Хоразм, Бухоро гиламлари машҳур саналган. Айнан шу йиллари – гилам ишлаб чиқариш саноати учун асосий хомашё – сунъий тола ва нитрон ишлаб чиқариш мажмуалари йўлга қўйилди.
     1991 йилдан кейинги даврда бироз турғунлик даври бўлди. Чунки аввал ҳамма кимё заводлари битта кооперацияда ишлагани боис узилиш бўлди. Бу ерда хомашё чиққан бўлса, бошқа давлатлардан бутловчи қисмлар, ускуналар келтирилган. Бизнинг хомашё маҳсулотларимизнинг савдоси Ўзбекистондан ташқари Туркманистон, Қозоғистон каби қўшни мамлакатларда ҳам йўлга қўйилган. 1991 йилда алоқалар узилганидан кейин мудофаа саноати маҳсулотлари ўрнига ходимларимиз томонидан 30 га яқин халқ истеъмоли маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида кўпгина импорт маҳсулотлари келиши қисқаргани боис уларни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Шампундан токи тиш пастасигача бўлган кўплаб маҳсулотлар чиқарила бошланди. Кейинчалик ҳам халқ истеъмоли маҳсулотларини ишлаб чиқариш динамикаси ошириб борилди. 2000 йилгача яна қўшимча газ ҳолатидаги (кислород, аргон, карбонат ангидрид) маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
2000-йиллар давомида биринчи энг катта инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Франция ва Италия компаниялари билан бирга биринчи каустик сода, хлор ва хлор маҳсулотлари ишлаб чиқарила бошланди. Ушбу мажмуа биринчи навбатда, мамлакатимизда дезинфекция ва оқава сувлардаги микробларни ўлдириш, эпидемия тарқалишининг олдини олиш мақсадида ишга туширилган. Бу завод Ўрта Осиёдаги ягона мажмуа бўлгани ҳолда минтақадаги 5 та давлатнинг хлорли маҳсулотларга бўлган талабини қондира бошлади. Бу турдаги маҳсулотлар хавфли саналгани боис, узоқ ҳудудга экспорт қилиш ёки узоқдан олиб келиш қиммат ва қийин ҳисобланади. Шу сабабли ҳам қўшни давлатларимизнинг ҳаммаси эпидемиянинг олдини олиш мақсадида мазкур турдаги маҳсулотларни Ўзбекистондан олишган.
2016 йилдан кейинги давр мажмуа фаолиятида энг катта ривожланиш даври бўлди, десам муболаға бўлмайди. Чунки бу даврда жуда йирик 3 та лойиҳани амалга ошириш бошланди.
     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 17 ноябрдаги ПҚ-2264 сонли «Ўзбекистон Республикасида 2015 йилги инвестицион лойиҳалар тўғрисида»ги, 2014 йил 16 декабрдаги 2272 сонли «Navoiyazot» АЖ базасида поливинилхлорид (ПВХ), каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш комплексларини қуриш инвестицион лойиҳаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари ва 2015 йил 4 мартдаги ПФ-4707 сонли «2015-2019 йилларда структурали янгилаш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги фармонига мувофиқ «Navoiyazot» АЖда қуйидаги лойиҳалар амалга оширилмоқда:
     ● «Navoiyazot» АЖда аммиак ва карбамид ишлаб чиқаришларини йўлга қўйиш;
     ● «Navoiyazot» АЖ базасида поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш комплексларини қуриш;
     ● «Navoiyazot» АЖда азот кислотаси ишлаб чиқаришини ташкил этиш.
     Масалан, аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш лойиҳаси ижроси бўйича «MITSUBISHI» компанияси (Япония), поливинилхлорид (ПВХ) ва каустик сода ишлаб чиқариш бўйича янги мажмуани барпо этиш юзасидан «САМС Engineering» – компанияси (Хитой) билан муваффақиятли ҳамкорлик амалга оширилди ва бу ҳамкорлик бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Азот кислотаси ишлаб чиқаришни ташкил этиш борасида эса «CASALE SA» (Швейцария) компанияси «Navoiyazot»нинг ишончли шерик-инвесторига айланган.
     Давлатимиз кафолати остида қарийб 1,7 млрд. доллар миқдорида инвестиция киритилиб, мазкур 3 та лойиҳа амалга оширила бошланди. Биринчи мажмуа 2019 йил якунида ишга туширилиб, 2020 йилдан бошлаб дастлабки маҳсулотлар чиқарила бошланди. Натижада республикамизга импорт асосида Хитойдан олиб келинадиган поливинилхлорид маҳсулотини маҳаллийлаштириш, локализация қилиниши таъминланди. Бу валюта асосида йилига 150-200 млн. доллар ҳисобига импорт қилиб келинган бўлса, ўзимизда ишлаб чиқарилиши натижасида импортнинг қисқаришига ҳамда ички ишлаб чиқарувчиларнинг ривожланишига туртки бўлди.
     Иккинчи лойиҳамиз Япония компанияси билан биргаликда қарийб 1 млрд. долларга ишга туширилган уникал лойиҳалардан бири аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш мажмуасидир. Ўрта Осиёда бунақа лойиҳа фақат Ўзбекистонда ва яна биттаси Туркманистонда бор, холос. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши ички бозордаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи фермер хўжаликларининг азотли ўғитларга бўлган талаби тўлиқ қопланишига олиб келди. Қолаверса, экспорт қилиш имкониятимиз ҳам кенгайди. Аваллари фақатгина аммиакли селитра маҳсулотини экспорт қилган бўлсак, эндиликда қўшимча карбамид маҳсулотини ҳам экспорт қилиш имконига эга бўлдик. Натижада экспорт географияси кенгайди – қўшни давлатлар, Россия ва Украинадан ташқари Европанинг деярли барча давлатларига кириб бориш имкониятига эга бўлдик.
     Учинчи йирик лойиҳамиз бу – «CASALE SA» (Швейцария) компанияси билан биргаликда азот кислотаси ишлаб чиқариш мажмуасидир. Бу мажмуани барпо этишдан мақсад – ўзимизда 60 йил олдин ишга туширилган азот кислотаси ўша пайтдаги технология асосида ишга туширилган бўлиб, кўп миқдорда электр ва газ сарф этилар эди. Эндиликда энергиятежамкорлик асосида таннархни пасайтириш ва замон талабидан келиб чиқиб, атроф-муҳитга зарарни камайтириш мақсадида амалга оширилди. Натижада ҳам ишлаб чиқариш ҳажми ошди, ҳам энергия ресурслари истеъмоли қарийб 2 баробар камайди. Бунда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 4 баробар ошди. Бу эса маҳсулот таннархининг пасайишига олиб келди.
     Худди шу каби аммиак ва карбамид лойиҳасини ишга туширишда ҳам эскисини тўхтатиб, янгисини ишга тушириш натижасида 2,5 баробар энергия ресурслари тежалишига, маҳсулот ҳажми эса 2 баробар ошишига эришилди.
     Мазкур 3 та лойиҳадан ташқари Президентимизнинг соҳага эътибори натижасида хорижий ҳамкорлар билан биргаликда қатор қўшма лойиҳалар ҳам амалга оширила бошланди. 2020 йилдан бошланган ҳамкорлик доирасида бугунги кунда Австрия, Польша, Германия давлатларининг компаниялари билан ҳамкорликда қўшма корхоналар ташкил этилди. Австрия билан ҳамкорликдаги қўшма корхонамизда формалин, олтингугурт кислотаси, карбамид смоласи кабиларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Булар 100 фоизли давлат кафолатини олмаган ҳолда хорижий инвестициялар ҳамда «Navoiyazot» АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилган.
     Тоғ-кон мажмуаси, олтин қазиб олиш учун асосий кимёвий реагент ҳисобланадиган циан тузларини ишлаб чиқарадиган лойиҳа ҳам биргаликда амалга ошириляпти. Йил якунигача лойиҳа якунланиб, янги йилдан бошлаб маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилишини режалаштирганмиз.
     «Alliance Capital KS Sp. z o.o.» (Польша) билан ҳамкорликда шу йил март ойида ишга туширилган лойиҳамиз янги йўналиш бўлди. Маълумки, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги муҳим тармоқ ҳисобланади, кўп миқдорда пахта етиштирилади. Пахтанинг чиқиндиси бўлган линтни қайта ишлаш ҳисобидан целлюлоза маҳсулоти ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга туширдик. Бунда биринчи навбатда целлюлоза ишлаб чиқарилади. Ундан кейин целлюлозани қайта ишлаш эвазига гидроксипропилметилцеллюлоза – қурилиш соҳасида ишлатиладиган гипсокартон ишлаб чиқариш учун асос бўладиган маҳсулот ҳисобланади. Республикамиздаги барча қурилиш материлаллари ишлаб чиқарадиган саноат корхоналари билан биргаликда синовлар ўтказилди. Германиянинг «Кнауф» компанияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган ва хомашё сифатида етказиб берилади. Умуман, ушбу маҳсулотни хорижий ҳамкорларнинг талаблари бўйича ишлаб чиқариш ва етказиб бериш, шунингдек, республикамизда маҳаллийлаштириш орқали импортдаги улушини қисқартиришни мақсад қилганмиз.
     Яна бир лойиҳамиз – «Linde Holdings Netherlands» No. 3 B.V. иштирокида қарийб 70 млн. долларга тенг ҳавони тақсимлаш ишлаб чиқариш мажмусини барпо этиш ишлари устида ишлаяпмиз. Бунда ҳаводан азот, кислород ва аргон маҳсулотлари олинади. Ушбу мажмуанинг ишга тушиши натижасида 1971 йилда ишга тушган ҳавони тақсимлаш цехи тугатилади. Бу эса ҳозирги кунда маҳсулот бир бирлиги учун ишлатилаётган 250-300 кВТ электр энергияси сарфини 2 баробар тежаш деганидир. Натижада йилига ўртача 25 мВт электр энергияси тежалади. Маҳсулотнинг сифат даражаси ҳам ҳозирги 95-96 фоиздан 99,99 фоизга етказилади. Ушбу лойиҳа 2 йил давомида қуриб ишга туширилиши режалаштирилган.
     Ҳавога ташланадиган газларнинг қарийб 50 фоизи карбамид ишлаб чиқариш давомида фойдаланилади. Қолгани эса атмосферага ташлаб юборилади ва бу озон қатламининг емирилишига олиб келади. Бу каби оқибатларни камайтириш мақсадида АҚШнинг «Air Products» компанияси билан биргаликда СО2 газларини қайта ишлаб маҳсулот олиш, асосан суюқ ҳолдаги углекислота ва экспортда маҳсулотларни сақлаб туриш учун ишлатиладиган қуруқ ҳолдаги муз ишлаб чиқарилиши йўлга қўйиляпти. Бу эса ҳавони ифлослантирувчи газлар миқдорини камайтиришга, чиқинди газлардан самарали фойдаланишга олиб келади.
     Мамлакатимизда иссиқхоналар тизими кенг йўлга қўйилмоқда. Иссиқхоналар фаолиятида нафақат минерал ўғитлар, балки ўсимликни етиштиришда (СО2) углекислотасининг ўрни ҳам муҳим. Яъни, ўсимликлар углекислотасини ютиб, ўзидан кислород чиқаради. Иссиқхонада эса СО2 нинг миқдори чекланган бўлади. Шу боис янги технология сифатида жорий этиб, қўшимча углекислотани бериш орқали маҳсулот етиштиришни 10-15 фоизга тезлаштиришга кўмаклашишни режалаштирганмиз.
     Хитой муҳим халқаро жараёнларнинг масъулиятли иштирокчиси сифатида жаҳон сиёсати ва бошқарувида етакчи ўринни эгаллаб турибди. Ушбу мамлакат билан кўп қиррали муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан биридир. Электр энергиясини ишлаб чиқаришда жаҳонда етакчи ўринни эгаллаган Хитой айниқса, яшил энергетика бўйича улкан салоҳиятга эга.
     Хитойга хизмат сафари давомида «Sinoma energy» компанияси вакиллари билан учрашилди, самимий руҳда ўтган мулоқотда 300 мВтли қуёш фотоэлектростанциясини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди. Бундай ҳамкорлик яшил иқтисодиёт имкониятларидан фойдаланиш орқали электр энергияси сарф-харажатларини камайтириш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Хитойнинг «Sinoma energy» компанияси билан узоқ йилга мўлжалланган меморандум имзоланди. 100 фоиз Хитой инвестицияси асосида 300 мВтли қуёш панеллари ўтнатиляпти. Бу «Navoiyazot»ни тўлиқ яшил энергия билан таъминлаш имконини беради. 20 йил давомида мазкур компаниянинг инвестицияси асосида ушбу лойиҳа натижасида мажмуага тўғридан-тўғри электр энергияси етказиб берилади. Бу Ўзбекистонда ягона лойиҳа ҳисобланади.
     Бир сўз билан айтганда, «Navoiyazot» АЖнинг бутунлай янгича руҳда ривожланиши 2016 йилдан кейин, иқтисодиёт эркинлаштирилгани, инвесторларга кенг имкониятлар берилганидан сўнг яққол кўзга ташлана бошлади ҳамда инвестицилар жалб этилишига катта туртки бўлди.
     «Navoiyazot» АЖ ва Хитойнинг «Sinoma energy» компанияси ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ вилоят кимё кластери ҳудудида 300 мВтли қуёш фотоэлектростанциясини барпо этишга старт берилганди.
     ● Хитойлик мутахассислар станция барпо этиладиган ҳудуд билан яқиндан танишдилар.
     ● 2025-йилга қадар қурилиши режалаштирилган мажмуанинг ишга тушиши билан муқобил энергия манбалари орқали сифатли, ҳамёнбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва иқтисодий тежамкорликка эришилади.
     ● Лойиҳанинг дастлабки қиймати 280 млн. доллар бўлиб, тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредит маблағларини ташкил этади.
     ● Мазкур лойиҳа табиий ресурсларни тежаш, ишлаб чиқариш жараёнида яшил энергетикадан янада самарали фойдаланиш имконини беради.
     ● Қуёш фотоэлектростанциясининг фойдаланишга топширилиши натижасида 35 та янги иш ўринларини ташкил этиш режалаштирилган.
     – Айтингчи, бугунги кунда корхона асосан қандай маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда ва йиллик ишлаб чиқариш ҳажми қандай?
     – «Navoiyazot» акциядорлик жамиятида 80 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Асосан қишлоқ хўжалиги ва тоғ-кон саноати учун маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Товар-маҳсулотларимиз таркибида азотли минерал ўғитлар қарийб 50 фоизни. тоғ-кон саноати учун кимёвий реагентлар 30 фоизини, қурилиш ва бошқа халқ истеъмоли маҳсулотлари эса 20 фоизни ташкил этади.
Мажмуанинг йиллик ҳажмларига тўхталадиган бўлсак, «Navoiyazot» 2 турдаги азотли ўғитлар – аммиакли селитра ва карбамид маҳсулотини ишлаб чиқарадиган энг йирик корхона ҳисобланади. Аммиакли селитра бўйича йилига 950 минг тонна маҳсулот, карбамид бўйича 577 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Жами 1,6 млн. тонна азотли ўғит ишлаб чиқариш имконимиз бор.
Бундан ташқари поливинирхлорид бўйича 100 минг тонна, метанол маҳсулоти бўйича 300 минг тонна, циан тузлари бўйича 60 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.
     – Ишлаб чиқарилаётган товар маҳсулотларининг истеъмолчилар талабига ва маҳсулот сифатининг юқори стандартларига мувофиқ келиши муҳим масала. Бу эса ўз навбатида, корхона мутахассисларининг тажрибасига, уларнинг ишлаб чиқаришни жаҳон стандартлари даражасида бошқаришига ҳам боғлиқ. Шу маънода корхона ходимларининг малакасини ошириш, шунингдек, тажрибали мутахассисларни жалб этиш борасида қандай чоралар кўрилмоқда?
     – Мажмуага тажрибали, малакали мутахассисларни жалб этиш бўйича ўзимиз учун «йўл харитаси»ни белгилаб олганмиз. Яъни, кадрларни тайёрлаш масаласида ишчи-ходим, мутахассислар ва юқори малакага эга бошқарув ходимларини тайёрлайдиган уч босқичли тизимдан фойдаланамиз.
     Ишчи ходимлар иккита жойда тайёрланади. Биринчиси, вилоятимиздаги «IT-Парк»да мономарказимиз бор, у ерда йўналишлар бўйича ходимлар тайёрланади. Иккинчиси, Навбаҳор туманида дуал таълимни йўлга қўйганмиз. Коллеж ёки мактабни битирган ёшлар 3-6 ой давомида турли йўналишлар бўйича ҳам ўқитилади, ҳам заводда амалиёт ўтаган ҳолда уларга ойлик тўланади.
Навбаҳор туманидаги касб-ҳунар мактабида корхонада фаолият юритаётган ишчи-ходимлар назорат ўлчов асбоблари ва автоматика, шунингдек, кимёвий таҳлил лаборанти мутахассисликлари бўйича ўқитилмоқда. Жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб ўтган давр мобайнида корхонанинг 87 нафар ходими ушбу таълим даргоҳида билим ва кўникмаларга эга бўлди. Навбаҳор туманида истиқомат қилувчи 13 нафар фуқаролар ҳам «Navoiyazot» АЖ томонидан таъмирланиб, жиҳозланган хоналарда билим олишди.
     Бугунги кунда малака ошириш жараёнига корхонада фаолият юритаётган малакали, кўп йиллик тажриба ҳамда педагогик салоҳиятга эга мутахассислар жалб этилган.
     Синф хоналари лаборатория жиҳозларидан ташқари замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан таъминланган. 4 ой давомида тингловчилар назарий билимларга эга бўлишади. Шунингдек, корхонада амалиёт ўташ даврида кўникмаларни мустаҳкамлаш имконияти яратилган. Ўқув курси якунида ишчи-ходимларга сертификат берилади.
     Мутахассислар бўйича эса 3 та олий таълим муассасаси – Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, Тошкент Кимё халқаро университети, Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технологиялари университетининг Тошкент шаҳридаги филиали билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, корхонамиз учун кадрлар тайёрлаб беради. Ушбу олийгоҳ талабалари 4 йил давомида заводда амалиёт ўташади ва тайёр мутахассис сифатида ишга қабул қилинади.
     Бундан ташқари заводда 5 йилдан ортиқ ишлаётган ишчи ходимларни танлаб олган ҳолда сиртқи таълим йўналишида ўқишига кўмаклашилади. Бу эса кўплаб ёшларимизнинг соҳада олий маълумотли кадр сифатида шаклланишига хизмат қилмоқда.
     Шу билан бирга илмий малака ошириш бўлимимиз бор. Турли мутахассисларимизнинг разрядини ошириб беради.
     – Барчамизга аёнки, бугун замон ўзгаряпти, саноат соҳасига янги технологиялар ўзлаштирилмоқда, ишлаб чиқариш ва бошқарувда автоматик тизимлар – рақамлаштириш жорий қилинмоқда. Бу йўналишда «Navoiyazot» АЖда қандай натижаларга эришиляпти, ишлаб чиқариш жараёнларига қандай замонавий технологиялар татбиқ этилмоқда?
     – Юқорида таъкидлаганимдек, 2016 йилдан кейинги туб ўзгариш ва янгиланишлар натижасида ишлаб чиқариш жараёнларига энг замонавий автоматлаштириш тизимлари жорий қилинди. Айниқса, янги ишлаб чиқариш мажмуаларимизни компьютер технологияси билан бошқариш имконияти мавжуд бўлиб, инсон омили камайтирилган. Бутун жараённи ишга тушириш ҳам, тўхтатиш ҳам рақамли тизим орқали амалга оширилади. Бунда Германиянинг энг сўнгги технологиялари асосида бошқариладиган тизимлар татбиқ этилган.
Бундан ташқари ишлаб чиқаришдан тортиб маҳсулотларни реализация қилиш жараёнларини автоматлаштириш учун Германиянинг SAP компанияси билан келишувга эришганмиз. 1,5 йил давомида ушбу SAP тизимини бошқарувга жорий этиш бўйича жараёнлар амалга оширилмоқда. Республикамизда биринчилардан бўлиб кимё соҳасида ушбу тизим жорий этилади.
     – Корхона маҳсулотларининг мамлакатимиз ва жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида қандай инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда?
     – Инвестицион лойиҳаларимиз жуда кўп. Нитрат калий, сульфат калий маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Био-катализаторларни ишлаб чиқариб, кимёвий воситалар ишлаб чиқариш бўйича ҳам ишлар бошланган.
     – Халқаро ҳамкорлик ҳамда хорижий давлатлар ва компаниялар билан тажриба алмашиш доирасидаги фаолият ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
     – Бу борада асосан Япония, Германия, Россия давлатлари билан тажриба алмашиш йўлга қўйилган. Аввало, ходим ва мутахассисларимизни ушбу мамлакатларда малака оширишга юборамиз. Чунки технологик дастгоҳларимизнинг асосий қисми уларнинг лицензияси асосида қурилган, ушбу қурилмаларни фақатгина уларнинг ўқув курсини ўқиган ходимларгина бошқара олиши мумкин. Шу боис мазкур давлатларга мунтазам равишда ходимларимизни юборган ҳолда уларнинг тажрибасини оширишга эътибор қаратамиз.
     Биламизки, республикамизда сув жуда танқис, ундан оқилона фойдаланиш лозим. Чўл зоналарига сув етказиб беришда кимёвий воситалардан ҳам фойдаланилади. Сувга қўшиладиган биокимёвий воситалар асосан Хитой, Россия ва Европа давлатларидан импорт қилиб олиб келинади. Масалан: полиакриламид ишлаб чиқариш учун биокатализаторлардан фойдаланиш анъанавий кимёвий усулларга нисбатан жуда кўп афзалликларга эга бўлган истиқболли тадқиқот йўналиши ҳисобланади. Полиакриламид ишлаб чиқариш учун асосий хомашёси ўзимизда ишлаб чиқадидиган нитрил акрил кислотасини россиялик мутахассислар (ГК НОРКЕМ) билан ҳамкорликда муваффақиятли синовдан ўтказдик ва хомашёлар билан ишлатилганда юқори натижага эришилди. Полиакриламидни биокаталитик ишлаб чиқариш янада экологик тоза ва самаралироқ ишлаб чиқариш усулларига олиб келиши мумкин бўлган истиқболли ёндашувдир. Баъзи қийинчиликларга қарамай, ушбу соҳадаги тадқиқотлар давом этмоқда ва келажакда биокатализаторлар полиакриламид ишлаб чиқаришда тобора муҳим рол ўйнаши кутилмоқда. Бу борада Россиянинг Норкем компаниялар гуруҳи – сирт фаол моддалар, полиакриламидлар (ПАА), полиэтиленгликоллар ва уларнинг ҳосилалари, шунингдек, турли хил саноат тармоқлари учун мураккаб ва оддий полиэстер ва махсус кимёвий маҳсулотларнинг етакчи Россия ишлаб чиқарувчиси билан ҳозирда қўшма лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу эса импорт қилинадиган маҳсулотлар ҳажми қисқаришига олиб келади.
     – Бугун экология масаласи бутун дунёда долзарб муаммо бўлиб турибди. Жумладан, бизнинг мамлакатимиз учун ҳам. Шунинг учун ҳам экологик муаммоларни юмшатиш борасида жуда катта ислоҳотлар амалга оширилаяпти. Ана шундай бир вазиятда Ўзбекистон кимё саноати пешқадами ҳисобланган «Navoiyazot» АЖ томонидан экологияга, атроф-муҳитга, атмосфера ҳавосига заҳарли моддалар чиқишининг олдини олиш, бунинг учун зарур чора-тадбирларни кўриш устувор вазифа бўлиши керак, шундай эмасми? Бу борада фильтрловчи ускуналар қўйиш, цехларни реконструкция қилиш, эскирган ускуналарни алмаштириш, экологияга салбий таъсир кўрсатмаслик учун қандай ишлар амалга ошириляпти?
     – Дарҳақиқат, тўғри таъкидладингиз, бугун экология масаласи ўта долзарб ҳисобланади. Ушбу масалага биз ҳам жиддий эътибор қаратиб келамиз.
     Юқорида айтиб ўтганимдек, заводдаги эскирган ускуна ва жиҳозларимизнинг фаолиятини тўхтатиш эвазига атмосферага чиқарилаётган чиқиндилар миқдори 2 баробардан зиёдга қисқаришига эришилди. Шунга қарамай охирги йилларда атмосферанинг ифлосланиши ортиб бораётганини инобатга олиб, атроф-муҳитга чиқиндиларни янада камайтириш бўйича лойиҳаларимиз бор. Биринчи навбатда, азотли ўғитлар цехларидан чиқаётган буғ-тутунларидаги нитрат кислотаси ва аммиакни ушлаб қолиш бўйича лойиҳалар амалга ошириляпти. Бу борада юртимиздаги бошқа кимё заводлари ҳамда Россия заводлари тажрибаси ўрганилди.
     Нам ҳавода чиқинди газларни ушлаб қолиш имконияти бор. Бизнинг иқлим эса қуруқ, бу эса газларни ушлаб қолиш имкониятини чеклайди. Шу боис лойиҳа институти билан ҳамкорликда ҳавони намлантириш эвазига газларни ушлаб қолиш технологияси асосида ишлаб чиқилган ушбу лойиҳамиз газли чиқиндиларни яна қайта ишлаш имконини беради. Лойиҳа йил якунигача охирига етказилади ва ягона лойиҳа сифатида ишга туширилади.
     Сув масаласига тўхталадиган бўлсам, бугунги кунда заводда бир суткада 50 минг куб сув ишлатилади. Ўтган йилнинг мос даври билан таққосланганда, 80 минг куб сув ишлатилар эди. Бунда асосан ишлатилган сувни қайта фойдаланишга киритиш эвазига сув истеъмоли 40 фоизга қисқарди.
     Бу борада яна бир нечта лойиҳалар амалга оширилмоқда. Амалиётимизда дарёдан сув олинади ва завод технологик жараёнида ишлатиладиган сув ҳам, Навоий шаҳрини таъминлайдиган сув ҳам «Navoiyazot»да 3 босқичда фильтрланиб, истеъмолга чиқарилади.
     – Юқоридагиларнинг мантиқий давоми сифатида чиқиндилар масаласига эътиборингизни қаратмоқчи эдим. «Чиқиндилар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунида юридик шахсларнинг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги мажбуриятлари белгиланган. Корхона бу борадаги мажбуриятларни қай даражада бажармоқда? Атроф-муҳитни, тупроқни ифлослантирувчи моддалар қаерга ташланади?
     – Албатта, ҳар бир саноат корхонасида муайян чиқиндилар ҳосил бўлади. «Navoiyazot»га тегишли бўлган чиқиндини утилизация қилиш бўйича махсус ҳудудларимиз бор. Қаттиқ чиқиндилар ўша ерга олиб борилиб, белгиланган нормалар бўйича барпо этилган мажмуаларда сақланади. Республикадаги барча демеркуризация қилинадиган чиқиндилар «Navoiyazot»да утилизация қилинади.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Oloy , 1

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.