Бугунги кунда Ўзбекистонда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларини техник ва технологик ютуқлар асосида ривожлантириб, уларнинг рақобатбардошлик даражасини ошириш сиёсати янги босқичга чиқаяпти. Бу жараёнда табиийки, автомобилсозлик саноати ҳам етакчилик қилмоқда. Зотан, автосаноатда фаол ўсиш суръати мамлакат иқтисодий тараққиётининг муҳим мезонларидан ҳисобланади.
«Ўзбекистон иқтисодий ахборотномаси»нинг бу галги меҳмони – миллий автосаноатимизда муваффақиятли ва истиқболли компания сифатида ўз ўрнига эга бўлиб бораётган «ADM Global» компаниялар гуруҳи раҳбари Данияр ДАВЛЕТИЯРОВ бўлди.
– Данияр Бегдуллаевич, биламизки, «ADM Global» компаниялар гуруҳи ўз фаолиятини 2014 йилда бошлаган. Мана, орадан ўн йил ўтибди. Тарихан жуда қисқа бу даврда компания ички автомобиль бозорида монополист ишлаб чиқарувчига муносиб рақобатчи сифатида ўз салоҳиятини намоён этди. Айтингчи, бундай натижага қандай эришилди?
– Ҳозирги замонавий дунёда автомобилни «севмайдиган», бу соҳага қизиқмайдиган инсон бўлмаса керак, деб ўйлайман. Биз ҳам, дўстларимиз билан хоббимиз саналган автомобилсозлик йўналишида тадбиркорлик ҳамда профессионал фаолиятни бирлаштиришга қарор қилдик. Биз дастлаб ишни Lada русумидаги автомобилларини сотиш ва хизмат кўрсатишдан бошладик, шундан сўнг автомобил маркалари қаторидан бир неча машҳур брендлар жой олди: Renault, Kia, Chery, Haval, Hyundai Truck ва бошқалар.
Аввало, биз бозордаги вазиятни таҳлил қилдик ва сотиш ҳажмини ошириш учун салмоқли имкониятлар мавжудлигини кўрдик. Сотишни сезиларли даражада яхшилаш учун эса маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш керак эди. Шу тариқа аввал ғоя пайдо бўлди, кейин бизнес-режа, сўнг инвестицион лойиҳани ишлаб чиқиш ва ҳоказо жараёнлар бир-бирига уланиб кетди.
Ўшанда, 2014 йилда иш бошлаганимизда, биз мамлакатдаги илғор автомобиль ишлаб чиқарувчилардан бирига айланишимизни ҳатто хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз. Айниқса, бунақа қисқа муддатда. Лекин интилишларимиз ва мақсадларимиз қатъий эди. Тадбиркорлик фаолиятимизнинг ривожланиб бориши Жиззахда янги саноат тармоғи – автомобилсозлик бўйича ишлаб чиқаришни ташкил этишга замин яратди.
Автомобиль заводлари сони ортиши миллий автомобиль бозорини диверсификация қилади, бу эса харидорлар учун муқобил имкониятлар тақдим қилади, кўп брендли ишлаб чиқаришга асос бўлади. Биз буни чуқур англаган ҳолда замон билан ҳамнафас бўлиш ва замонавий турдаги автомобилларни бозорга чиқаришни устувор мақсад қилиб белгиладик. Айни мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз ўз натижасини бераётганидан мамнунмиз, албатта.
– «ADM Global» компаниялар гуруҳи таркиби ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз.
– «ADM Global» компаниялар гуруҳи дистрибуция (сотувни ташкил этиш, бутун савдо тармоғида товарларни тақсимлаш), маҳаллий ишлаб чиқариш, йўловчи ва тижорат автомобилларига кафолат ва кафолатдан кейинги хизматлар кўрсатиш, логистика, лизинг хизматлари, шунингдек, асл эҳтиёт қисмлар ва аксессуарларни сотишга ихтисослашган.
Бугунга келиб йирик автомобиль кластерига айланган «ADM Jizzakh» «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида жойлашган. «ADM Component» эса корпус ва шасси қисмларини ишлаб чиқариш ҳамда сотиш билан шуғулланади. Корхона ўтган йили ташкил этилган бўлиб, жорий йилнинг 15 апрелидан тўлиқ қувватда ишлаб чиқаришни бошлади. «ADMC Dasan» масъулияти чекланган жамияти автомобиллар учун пластик бутловчи қисмларни ишлаб чиқаради: олд ва орқа бамперлар, эшик қопламалари, том рельслари, консоллар ва бошқалар. Корхонада йирик ўлчамли термопластик автоматик машиналар ва ультра ва термик пайвандлаш учун робот йиғиш ускуналарининг замонавий технологик линияси мавжуд.
«KCC Paints» автомобиллар учун бўёқ ва лаклар ишлаб чиқариш цехи бўлиб, бу ерда бўёқларни аралаштириш, бўяш, рангларини мослаштириш каби жараёнлар маҳаллийлаштирилган.
«Youngsan» автомобиллар учун олд ва орқа ўриндиқлар ишлаб чиқариш цехидир. Бу ерда кўпикли полиуретанни қуйиш, йиғиш ва синовдан ўтказиш ишлари амалга оширилади. Цех шу йилнинг августидан бошлаб тўлиқ ишлаб чиқаришга ўтиши режалаштирилган. Шунингдек, иккинчи босқичда – 2025 йилда кесиш, тикиш, қоплаш, пардозлаш, букиш, нуқта пайвандлаш, CО2 билан пайвандлаш, силлиқлаш, ярим йиғиш каби жараёнлар маҳаллийлаштирилади.
«DMC Jizzakh» масъулияти чекланган жамиятида автомобилларнинг эшик, ойна, шифт, юкхона ва двигатель бўлинмалари учун резина пломба ишлаб чиқарилади.
«ADM Jizzakh» кластери мана шу санаб ўтилган корхоналардан ташқари контейнерлар, бутловчи қисмларни сақлаш жойларини ҳам ўз ичига олади. 2024-2027 йилларда яна 348 турдаги бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш режалаштирилган. Айни пайтда мамлакатимизда 21 корхона билан кооперация алоқалари ўрнатилган. Умуман, корхонада йилига 100 минг дона енгил автомобиль ишлаб чиқариш қуввати яратилган.
– Умуман олганда, автомобилларингизга бўлган талабни қандай баҳолайсиз? Мижозларнинг автомобиль маркаларига қизиқиши ортиб боряптими? Ҳозирда ишлаб чиқариш ҳажми ва автомобилларнинг афзалликлари ҳақида гапириб беринг?
– Мақсадимиз юқори сифатли янги автомобилларни чиқариш орқали тез ўсаётган ва истиқболли бозор сегментларида маҳсулот портфелимизни кенгайтиришдан иборат. Жанубий Кореянинг узоқ йиллик тарихга эга (1944 йилдан бери) автомобиль ишлаб чиқарувчиси Kia’га тўхталсак, унинг замонавий ва машҳур дизайни, инновацион технологиялари ва бенуқсон сифати, кенг моделдаги ассортименти, оқилона нарх сиёсати ва мижозларга максимал даражада эътибор қаратиши бизнинг фаолиятимиз учун андоза бўлмоқда. Ҳар бир янги модель, таъбир жоиз бўлса, мижозлар талабларидан олдинда ва автомобиль саноатида янги тенденцияларни белгилайди. Биз томонимиздан таклиф этилаётган Kia моделлари қаторига ишончли ва амалий автомобиллар киради: бизнес ва бошқарув синфига мансуб К5, К8, К9, спорткар ЕВ6 ва ихчам Cerato, кроссоверлар Sonet, Sorento, ЕВ9, Seltos, Sportage, Cаrnival, Cаrens.
Шу йилнинг 29 май куни Ўзбекистондаги барча расмий КIA дилерлик марказларида муддатидан аввал, узоқ кутилган Kia Sonet кроссоверининг биринчи оммавий сотуви бошланди. Биз Kia Sonet тажриба (синов) тарзида ишлаб чиқаришни муваффақиятли якунладик ва тўлиқ ишлаб чиқаришга ўтдик. Sonet учта комплектацияси мавжуд ва энг кўп сотиладиган ихчам кроссоверлардан бирига айланди.
2022 йилдан бери «ADM Global» Хитойнинг «Chery Automobile» компанияси билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Chery бренди ҳам бутун дунёда машҳур. 2022 йил октябрь ойидан Ўзбекистонда ушбу маркадаги автомобилларни сотишни бошладик. Кроссовернинг учта модели тақдим этилди: беш ўринли Tiggo 7 Pro, етти ўринли Tiggo 8 Pro ва Tiggo 8 Pro Мах. Ушбу моделларнинг ўзига хос хусусиятлари эргономик бошқарув тизими, хавфсизлик, қулайлик, технология ва услубдир. Тақдим этилган сўнгги модель – бу C-синф Chery Arrizo 6 Pro седанларидир. Модель аввалги муваффақиятли кроссоверларни тўлдириб, ўзбек автомобиль ихлосмандлари орасида машҳурликка эришди.
Haval бренди барча Европа ва жаҳон сифат стандартларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилган премиум SUB ва кроссоверларидан ҳисобланади. Биз Haval кроссоверларининг юқори сифатли ички безаклари ва яхши шовқин изоляциясига эга бўлган кенг салон, безак даражалари, хавфсизлик ва қулайлик технологиялари, тежамкор ва кучли турбо двигатель каби афзалликларини қайд этишимиз мумкин.
«Hyundai Motor Company» (Жанубий Корея) дунёда 4-ўринда турувчи, энг йирик автомобиль ишлаб чиқарувчисидир. Ўзбекистонда ушбу бренд томонидан Hyundai Truck&Bus нинг янги Mighty юк автомобили бозорга чиқарилган. Бу русумдаги автомобиль хавфсизлик нуқтаи назаридан пухта лойиҳага асосланган.
Кўриб турганингиздек, бизнинг кенг ассортиментимиз ҳар қандай дидга мос автомобилларни таклиф этаолади. Ўзбекистонлик истеъмолчилар талабини қондириш мақсадида ишлаб чиқариш ҳажмини ҳар йили ошириб борамиз. Масалан, 2022 йилда ишлаб чиқариш ва сотиш ҳажми 7 мингдан ортиқ автомобилни ташкил этди. 2023 йилда бу рақам 25 574 донага етди. Жорий йилда эса янада ўсиши кутилмоқда. Бу ҳамюртларимизнинг моделларимизга бўлган катта қизиқишидан далолат беради.
– Юқорида компаниянинг асосий мақсадларидан бири миллий автомобиль яратиш эканини айтиб ўтдингиз. Мазкур мақсад сари қандай қадамлар ташланяпти?
Fikr bildirish