Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
«Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти мамлакатимизда ушбу йўналишдаги энг йирик ва истиқболли корхоналардан бири бўлиб, унинг ишлаб чиқариш қувватлари Тошкент, Жиззах, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари ҳудудларида жойлашган мис-порфир, қўрғошин-рух ва олтин-кумуш конлари гуруҳи захираларига асосланган. «Қалмоққир», «Ковулди» конлари, «Сари чўққи» карьери, Ангрен ва Чодак руда бошқармалари, «Хондиза» конининг бой захиралари, шунингдек, бешта бойитиш фабрикаси, иккита металлургия (мис ва рух) ва иккита цемент, таъмирлаш-механик ва қувур заводлари, Қизилқум фосфорит мажмуаси, шунингдек, икки қўшма корхона (юқори кучланишли электр кабелларини ишлаб чиқарувчи «НРС Systems» ва сантехника маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи «АWP» масъулияти чекланган жамиятлари)нинг мавжудлиги ушбу комбинатнинг иқтисодий қувватини жадал ошириш, маҳсулот турларини кенгайтириш имконини беради. Зотан, бугунги кунда Олмалиқ КМК томонидан юздан ортиқ номдаги маҳсулотларнинг 54 фоизи ташқи бозорга етказиб берилмоқда.
Экспорт кўрсаткичлари корхона иқтисодий салоҳиятининг йилдан-йилга ўсиб бораётганидан далолат беради. Агар 2017 йилда корхона ташқи бозорга қарийб 643,1 млн. долларлик маҳсулот етказиб берган бўлса, 2020 йилда СОVID-19 пандемияси билан боғлиқ инқирозларга қарамай, ОКМК маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми 127,7 фоизга ўсиб, 821,5 млн. долларни ташкил қилди. 2021 йилда экспорт 1124,2 млн. долларгача кўтарилди ва ўсиш суръати 136,8 фоизни ташкил этди. Жорий йилда ҳам экспорт прогноз кўрсаткичларининг ошиғи билан бажарилиши кутилмоқда. Шуниси аёнки, комбинат эришилган ютуқлар билан тўхтаб қолмай, ишлаб чиқариш ва хорижга маҳсулот етказиб бериш ҳажмини оширишда, янги бозорларни ўзлаштиришда давом этмоқда.
Олмалиқ КМК салоҳиятининг кўламини баҳолаш учун қимматбаҳо металларнинг асосий турларини қазиб олиш ва ишлаб чиқаришнинг рақамли доминантига назар ташлаш кифоя: Ўзбекистон Республикасида кумуш ишлаб чиқаришнинг тахминан 90 фоизи ва олтин ишлаб чиқаришнинг 20 фоизи мазкур комбинат улушига тўғри келади. Шунингдек, у нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида энг йирик мис ишлаб чиқарувчиси ва, ўз навбатида, мис ҳамда ушбу металлдан тайёрланган маҳсулотларни ички-ташқи бозорларга етказиб берувчиси ҳисобланади. Комбинат маҳсулотлари миллий ва халқаро бозорларда юқори баҳоланади.
Ҳозирги вақтда комбинат 18 турдаги экспортбоп, юқори ликвидли маҳсулотларни сотмоқда. Улар ичида мис асосийсидир. Бугунги кунда ОКМК мис ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Россия ва Қозоғистондан кейин учинчи ўринда туради: корхона йилига 148 минг тоннага яқин мис ишлаб чиқаради, шундан 85-90 минг тоннаси экспортга чиқарилади, бу ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг тахминан 70 фоизини ташкил этади.
Рух ва қўрғошин маҳсулотлари, нодир ва қимматбаҳо металларга талаб кам, хусусан, ушбу рўйхатдан Менделеев жадвали бўйича 13 та металл жой олган. Хорижий истеъмолчиларга молибден, рений, купорос, рух, кадмий, вольфрам, палладий ва бошқа нодир металлар етказиб берилади. Сурхондарё вилоятида жойлашган Шеробод цемент заводи маҳсулотларининг катта қисми ҳам экспорт қилинади.
Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришдаги ўрни ва аҳамияти ҳақида кенгроқ тасаввур ҳосил қилиш учун комбинатнинг металл маҳсулотларини қўллаш тармоқларига назар ташлаймиз.
Маълумки, олтин ва кумуш (тозаланган кўринишда) заргарлик буюмларини тайёрлаш учун кенг қўлланилади. Рух қурилиш ва лак-бўёқ тармоғида, металлургия ва машинасозлик, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда, кадмий – электротехника, машинасозлик ва атом саноатида, портлендцемент – қурилиш, темир йўл ва жамоат ишларида фойдаланилади. Мис маҳсулотлари электротехника, қурилиш ва автомобилсозликни (мис катодлари ва симлари), хусусан, мис купорос – тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш учун зарур. ОКМК қувур комбинати томонидан ишлаб чиқарилаётган мис қувурларига сув, иссиқлик ва газ таъминоти тармоқларида, шунингдек, автомобилсозликда талаб юқори. Сульфат кислотанинг асосий истеъмолчилари – бу кимё, нефть, металлни қайта ишлаш, озиқ-овқат, тўқимачилик саноати корхоналаридир, аммоний перренати эса электроника, нефть тармоғи, авиация ва космик техникада қўлланилади. Ярим ўтказгич, шиша, кимё ва фармацевтика саноатида техник селенга, резинотехника ва шиша саноатида теллурга, металлургия саноатида вольфрам ва молибденга эҳтиёж катта. Палладий катализаторлар, водород технологиялари, электроника, заргарлик иши ва танга зарб қилишда, қолаверса, тиббиётда қўлланилади. Албатта, ОКМК маҳсулотларининг ассортименти ва улар истеъмолчиларининг доираси жуда катта. Юқорида санаб ўтилганлар – бу ички ва ташқи бозорларда энг харидоргир маҳсулотларнинг бир қисми, холос.
Камол ИСМАЙИЛОВ,
«Олмалиқ КМК» АЖ раисининг тижорат масалалари бўйича ўринбосари