Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати ишлаб чиқариш қуввати Тошкент, Жиззах, Сурхондарё ва Наманган вилоятлари ҳудудларида жойлашган олтин-мис-порфир, полиметалл ва олтин-кумуш конлари гуруҳи захираларига асосланади. Бундан ташқари мазкур йирик корхона Тошкент, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида мавжуд оҳактош, гипс ва гил каби норуда фойдали қазилмаларни қайта ишлайди.
Хусусан, «Олий Зиё» («Қалмоққир», «Ёшлик I» участкалари) ва «Саричегу» олтин-мис-порфир конлари комбинатнинг мис тармоғини хомашё билан таъминлайди ва иккита мавжуд мисни бойитиш фабрикаси (МОФ, МОФ-2)да қайта ишланади. Ҳозирги вақтда МОФ-3 қурилмоқда ва яна иккита мисни бойитиш фабрикаси лойиҳалаштирилмоқда. Комбинатнинг мис тармоғини хомашё билан таъминлайдиган техноген чиқиндилар МОФ-2 да қайта ишланади. Полиметалл конлари «Хандиза» кумуш-полиметалл кони ва «Уч қулоч» қўрғошин-рух конини қамраб олган. «Қизил олма», «Кўчбулоқ», «Қайрағоч», «Пирмироб», «Гузаксой» ва «Каулди» конларининг захиралари комбинатнинг олтин ва кумуш тармоғининг хомашё базаси ҳисобланади.
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида айни пайтда минерал-хомашё базасини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегияси янгиланмоқда. Бунда Ўзбекистон иқтисодиёти ривожида муҳим ўрин тутувчи кон-геология секторининг устувор йўналишлари, мақсад ва вазифалари, шу жумладан, экспорт мажбуриятларини белгилаш учун фойдали қазилмаларнинг қидириб топилган ва баҳоланган захиралари ҳажмини, прогноз ресурсларини аниқлаш асосий мақсад қилиб белгиланган.
Ушбу стратегия, шунингдек, тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар – мамлакат Президенти ва ҳукуматининг соҳага дахлдор қарорларига мувофиқ минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш чора-тадбирлари ижросини таъминлашга қаратилган.
Мустақиллик йилларида Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг геология-қидирув корхоналари, шунингдек, Олмалиқ КМКнинг тегишли геология-қидирув бўлинмалари билан биргаликда комбинатга қарашли конларнинг кон ажратмаси доирасида ҳам (қўшимча разведка), келажакда ўзлаштирилиши режалаштирилган, «Олмалиқ КМК» АЖ манфаатлари зонасига кирувчи конларда ҳам геология-қидирув ишлари амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастурларига мувофиқ Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси асосий эътиборни («Олмалиқ КМК» АЖ фаолиятига тааллуқли қисмида – таҳр.) комбинатнинг мавжуд тоғ-кон корхоналари базаси ҳолатига ҳамда қазиб олиш ҳажмининг режага кўра ўсишини ва ер қаъридаги захираларнинг тугашини ҳисобга олган ҳолда уни қайта тиклаш заруриятига, корхоналарнинг қидириб топилган захиралар билан таъминланганига қаратади.
Рангли металлар бўйича геология-қидирув ишлари Наманган, Тошкент, Жиззах, Сурхондарё ва Навоий вилоятлари ҳудудларида жойлашган объектларда олиб борилади. Бу жараёнда Олмалиқ КМКнинг минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш; мис, қўрғошин-рух, таркибида олтин мавжуд бўлган рудалар захираларини тўлдириш; комбинат тоғ-кон корхоналарининг қидириб топилган захиралар билан таъминланганлик даражасини ошириш устуворлик касб этади.
Комбинатнинг барча конларида ўрганиш ишлари олиб борилиб, қўлга киритилган натижалардан белгиланган режаларга аниқлик киритишда фойдаланилади. Қолаверса, бундай ўрганиш фойдали қазилмаларни қазиб олишни йиллик, чораклик ва ойлик қилиб режалаштирган ҳолда конлардаги ишларни назорат қилиш, қазиб олиш чоғида фойдали қазилмаларнинг йўқотилиши ва сифатнинг бузилишини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қиладиган энг ишончли маълумотларни тўплаш имконини беради.
Комбинат рангли металлар минерал-хомашё базасини тўлдириш ишлари асосан Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги Олмалиқ руда майдонининг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Олмалиқ рудали зонасида, шу жумладан, 1954 йилдан буён комбинат томонидан ўзлаштирилаётган «Олий Зиё» конининг «Қалмоққир» участкасида амалга оширилади.
Айтиш жоизки, Олмалиқ рудали зонаси 1926-1995 йилларда амалга оширилган геология-қидирув ишлари натижасида топилган эди. 2019 йилдан бошлаб ҳозирги кунгача комбинат томонидан бу ерда «SRK Consulting» халқаро компанияси билан биргаликда геология-қидирув ишлари давом эттирилмоқда. Бундан кўзланган мақсад захираларни умумий қайта ҳисоблаш (қайта баҳолаш) ва саноат аҳамиятини баҳолаган ҳолда колонкали қудуқларини бурғилаш орқали захираларни кўпайтириш учун Олмалиқ рудали зонаси чегарасидаги «Олий Зиё» олтин-мис-порфир конини («Қалмоққир» ва «Ёшлик I» участкаларини) қўшимча разведка қилишдан иборатдир. Захиралар Ўзбекистон Республикаси Фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат комиссиясининг талаблари ва қидирув натижалари, минерал ресурслар ва руда захиралари ҳақидаги халқаро ҳисобот кодекси (JORC кодекси)нинг стандартларига мувофиқ ҳисоблаб чиқилган. «Олий Зиё» кони учун порфирли интрузивларни беркитувчи, униз тоғ жинсларини ўраб олишдан иборат геологик макет қилинди. Стратиграфик тузилиш, геологик бирликлар ва геологик модель 1- ва 2-расмда келтирилган.
Захираларни JORC кодекси бўйича ўрганиш ҳамда дастлабки техник-иқтисодий асослаш (PFS) ҳисоботини тайёрлаш мақсадида «SRK Consulting» компанияси билан биргаликда Хандиза конининг минерал-хомашё базасини баҳолаш ишлари амалга оширилди ва «Минерал ресурслар тўғрисида»ги ҳисобот (MRE) тайёрланди.
Искандар АВЛАДОВ,
«Олмалиқ КМК» АЖ бош геологи, геология бўлими бошлиғи;
Тимур САЛИЕВ,
геология ишлари хизмати раҳбари