Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан буён юртимизда инсон эрки, унинг бахт-саодати бош ғоялардан бирига айлантирилиши сабабли, ҳар бир йилга ном қўйиш ҳам анъана тусига киритилди. Шу жумладан, 2016 йил ҳам Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан «Соғлом она ва бола йили» деб номланиб, давлат дастури қабул қилинди. Ўз навбатида, мазкур дастур доирасида шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва «Нуроний» жамғармасининг ҳудудий бўлимлари, жамоатчилик марказлари фаоллари ва тарғибот гуруҳи аъзолари саъй-ҳаракатлари билан турли даражадаги тадбирлар амалга оширилди. Яъни, дастурга мувофиқ жойларда 30 йилдан зиёд биргаликда аҳил-иноқ яшаб, муносиб фарзандларни тарбиялаган ота-оналарни шарафлашга бағишланган «Меҳр-муҳаббат ва тотувликда кечаётган узоқ умр», «Эъзоз», «Эҳтиром» мавзуида ташкил этилган ўн мингдан зиёд тадбирлар ёшларимизга ибрат мактаби бўлди.
Муҳими, кекса авлод вакилларининг йўл-йўриқлари, панд-насиҳатлари тинчлигимизни кўз қорачиғидек асрашга, анъана ва урф-одатларнинг қадрига етишга, ҳушёрликка чорлайди. Уларнинг ҳаётий тажрибаси, ибратли ўгитлари соғлом оилавий муҳитни шакллантириш ва соғлом авлодни камол топтиришда муҳим роль ўйнайди. Президентимизнинг тегишли фармон ва қарорларига мувофиқ ўтказилаётган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларида 5–7 нафар нуронийдан иборат жами олти мингга яқин тарғибот гуруҳлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида самарали фаолият олиб бормоқда. Улар иштирокида юрт ободлиги, маҳалла тинчлиги ва оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ўсиб-улғаяётган ёш авлодни истиқлол ғоясига содиқ, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда очиқ мулоқот ва давра суҳбатларининг ўрни катта бўлмоқда. Бундай тадбирларда нуронийларимиз ўз ҳаёт тажрибасидан ҳамда Улуғ йўлбошчимизнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч», «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида», «Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир» китоблари ҳақидаги пурмаъно сўзлари ёшларимиз дунёқарашига ижобий таъсир қилмоқда. Бинобарин, Ўзбекистоннинг 25 йиллик шонли йўли асрларга татигулик. Ўз қадр-қимматини биладиган миллат учун мустақилликдан азизроқ ва улуғроқ неъмат бўлмаса керак. Чунки, унинг туб моҳиятида юрт тақдири, келажак манфаатлари ётади. Юртимиздаги хотиржамлик ва барқарорлик туфайли, хонадонлардаги тўй-томоша, байраму шодиёналар ҳаммага татимоқда. Булар мустақилликнинг бизга тортиқ қилаётган улуғ неъматидир.
Дориламон кунлар қадрланаётганини халқимиз шукроналик ҳисси билан яшаётгани, оиласи тинч, фарзандлари баркамол инсонлар бўлиб вояга етаётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Буларнинг барчаси ҳаётимиз турли жабҳаларида бири-бирини тўлдираётган, босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар стратегик мақсадларимизга хизмат қилиб, маънавий асослари мустаҳкам бўлган қудратли давлат барпо этиш имконини бермоқда. Янги ижтимоий инфратузилма объектлари фойдаланишга топширилиб, одамларнинг турмуш даражасини юксалтиришга қаратилган лойиҳалар изчил рўёбга чиқарилмоқда. Пировардида ҳаёт даражаси янада яхшиланиб, юртдошларимиз дунёқараши, атроф-муҳитга муносабати тубдан ўзгармоқда. Эътиборлиси, улар бугунги кунидан рози бўлиб яшаяпти.
Қолаверса, ўзбек халқига азалдан хос бўлган фазилатлар истиқлолимизнинг дастлабки йилларидан мамлакатимизда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва янгилаш бўйича беш тамойилга асосланган тараққиётнинг «ўзбек модели» мамлакатимиз истиқболини тубдан ўзгартириш йўналишларини белгилаб берди. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий базага асосланган ишончли тизимни шакллантириш эса ушбу моделнинг асосий йўналишларидан биридир. Зеро, инсон, унинг ҳаёти ва орзу-умидлари давлатимизнинг доимий диққат эътиборида бўлиб келмоқда.
Кексаларнинг ҳаётини янада мазмунли ва фаровон бўлиши учун кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида аҳолининг ўртача ёши 1990 йилдаги 67 ёшдан 73,5 ёшга, аёллар ўртасида 76 ёшга етди. Шуларга мос ҳолда, нуронийлар сафи янада кенгаймоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда 225 минг нафар 80 ёшдан, 44 минг нафар 90 ёшдан, 8,7 минг нафар 100 ёшдан ошган табаррук қариялар кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан кўнгиллари обод бўлиб, шукуҳли кунларга шукрона айтиб умргузаронлик қилмоқда. Уларнинг икки минг нафарини иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, 54 минг нафарини меҳнат фронти фахрийлари ташкил этади. Қабул қилинган қарорлар, тегишли давлат дастурлари, фармон ва фармойишларга мувофиқ иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларини, ёлғиз кексаларни манзилли ижтимоий муҳофаза қилиш, хизмат турларини янада яхшилаш бўйича кенг кўламдаги тадбирлар амалга оширилмоқда.
Биргина 2015 йил «Кексаларни эъзозлаш йили»да давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонларига мувофиқ 100 ёшга етган ва ундан ошган кексаларимизнинг пенсиясига энг кам иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида устама тўлаб бориш тизими татбиқ этилди. 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва фронт ортида хизмат қилган 61 мингдан ортиқ фахрийларимизга коммунал хизматлар бўйича 3,9 млрд сўм миқдоридаги компенсация пуллари бюджет маблағлари ҳисобидан тўлаб берилди. Икки миллион 750 минг нафар нуроний отахон ва онахонларимизнинг пенсия миқдори 20 фоиздан зиёд кўпайтирилиб, уларга бюджет маблағлари ҳисобидан 12,9 трлн сўм пенсия тўлаб борилади. 1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари учун йилда бир марта ўзлари учун мақбул бўлган муддатларда санаторий-соғломлаштириш муассасаларида давлат бюджети ҳисобидан бепул соғломлаштириш курсини олиш ҳуқуқи белгилаб қўйилди. Шунга мувофиқ 2015 йилда 70 мингга яқин уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, пенсионер ва ногиронлар стационар ҳамда санаторий-курорт муассасаларида ўз соғлиғини тикладилар. Юртимизнинг барча ҳудуд ва минтақаларида «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!» деган шиор остида бўлиб ўтган ижтимоий тадбирлар натижасида 215 мингдан зиёд фахрийлар чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди. Эҳтиёжманд ногиронларга 11 мингдан ортиқ юқори сифатли протез-ортопедик буюмлари ва реабилитация воситалари бепул топширилди. Ҳар йили 9 май Хотира ва Қадрлаш куни арафасида «Дори-дармон» акциядорлик компанияси томонидан ўрта ҳисобда 7000 дона махсус дори-дармон йиғмалари (аптечкалари) байрам табрикномалари билан бирга уруш ва меҳнат фахрийларига жамғарманинг жойлардаги бўлимлари орқали бепул етказиб берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партиясининг VIII съездидаги маърузасида «Хонадонларимизнинг файзу фариштаси бўлган нуроний отахон ва онахонларимизни эъзозлаш, уларни ҳаётдан рози қилиш, қўлимиздан келганича умрларини узайтириш асрлар давомида энг улуғ қадриятларимиздан бири бўлиб келмоқда», деган сўзлари замирида кекса авлод вакилларига бўлган чексиз ҳурмат ва эҳтиром мужассам. «Ёши улуғ инсонлар, ёлғиз кексалар ва имконияти чекланган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш дастури тайёрланаётгани, «Нуроний» жамғармасининг мақоми ва мавқеини кўтариш, унинг туман, вилоят ва республика тузилмаларининг штат бирликларини кўпайтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият берилиши, бу жамғарма келгусида кекса авлод вакилларига том маънода кўмак берадиган фаол ташкилотга айланиши учун барча тегишли чоралар кўрилиши» ҳақидаги юксак эътибор ва ғамхўрлик ифодаси бўлган эзгу режалари барча фахрийларнинг эртанги кунга бўлган ишончларини янада мустаҳкамлади.
Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бу каби эътибор ва ғамхўрликлардан, берилаётган қўшимча имтиёзлардан, тинч ва осуда ҳаётларидан фахрийларимизнинг бениҳоя мамнун эканликлари уларнинг жамғармага қилаётган мурожаатлари ва оммавий-ахборот воситалари орқали билдираётган кўплаб дил сўзларида ўз ифодасини топмоқда. Ўзбекистон эришаётган ютуқ ва марралар дунё ҳамжамиятининг ҳаваси ҳамда қизиқишига сабаб бўлаётгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди. Ўтган қисқа давр мобайнида юртимизда эришилган натижалар, барча соҳаларда амалга оширилган ҳаётбахш ислоҳотлар мамлакатимиз аҳолисининг ҳаётига фаровонлик олиб кирмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонунига мувофиқ «Нуроний» жамғармасининг Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси, «Ватанпарвар» ташкилоти, Халқаро «Соғлом авлод учун» хайрия фонди, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ижтимоий шериклик асосида тузилган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги тегишли ҳужжатларга кўра фахрийларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш ишлари ғоят самарали ташкил этилмоқда. Кўриниб турибдики, ижтимоий соҳанинг мана шу зайлда изчил такомиллаштириб борилаётгани Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганидан далолат беради. Умумхалқ байрамлари арафасида фахрийларни, «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйларида яшовчиларни нафақат давлатимиз, балки жамғармамиз ҳамкорлари бўлган жамоат ташкилотлари томонидан ҳам моддий-маънавий рағбатлантириш ишлари янада кенгайтирилди.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг жамоат ташкилотлари ва бирлашмалари фаолиятига молиявий кўмаклашиш борасидаги амалий ишларини алоҳида таъкидлаш зарур, деб ҳисоблаймиз.
2015 йил жамоат фонди томонидан биринчи бор давлат ижтимоий буюртмаси асосида ўтказилган танловда ютиб олинган, миқдори 200 млн сўм бўлган ғолиблик сертификатига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Фарғона ва Жиззах вилоятларидаги иккита «Саховат» интернат уйларида яшовчилар ҳамда «Тахиатош» ва «Маржон суви» санаторияларида даволанувчи кексалар учун умумий баҳоси 103,5 млн сўмлик ётоқхона мебеллари, тиббий асбоб-анжомлар ва дори-дармон воситалари сотиб олиб берилди, шу жумладан, Тошкентдаги уруш ва меҳнат фахрийларининг «Нуроний» шифохонасига умумий баҳоси 3,5 млн сўмлик иккита ногиронлик аравачаси топширилди. Байрам арафасида капитал таъмирланиб фойдаланишга топширилган жамғарманинг Наманган вилояти бўлимига тегишли Косонсой туманидаги фахрийлар «Қадрлаш» дам олиш масканини зарур жиҳозлар билан таъминлаш мақсадида саккиз млн сўм маблағ давлат ижтимоий буюртмаси асосида сарфланди.
Ҳа, кексаларга ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга бўлган эътибор кучайтирилаётгани меҳр-оқибат туйғулари одамлар қалби ва шууридан янада чуқур жой олганидан далолат бермоқда. Зотан, инсонни қадрлаш бебаҳо маънавий бойлик, ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган қадриятларимиздан биридир. Шунинг учун ҳам ҳаётимизга, хонадонларимизга файзу барака берадиган фахрийларимизнинг кўнглини кўтариш, уларнинг умрини мазмунли қилишга қўлимиздан келганича ҳисса қўшишга ҳаракат қилишимиз лозим. Шу боис ҳам, бугунги кунга келиб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида ҳамиша инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари туради.
Кексаларимизнинг истиқлол шарофати туфайли ҳар йили ҳокимликлар ва ҳомийлар кўмагида Самарқанд, Хива, Бухоро, Термиз, Қарши, Шаҳрисабз, Тошкент сингари тарихий шаҳарларимиз ҳамда муқаддас қадамжоларимизга саёҳат ва зиёрат қилишлари одатий анъанага айланиб қолди.
Авваллари муборак Ҳаж зиёратига рухсат берилган ватандошларимиз сони бармоқ билан санарли бўлган бўлса, бугун мустақиллик туфайли ҳар йили беш минг нафардан зиёд отахон ва онахонларимиз муборак Ҳаж амалини эмин-эркин амалга ошириш бахтига мушарраф бўлмоқдалар. Йилнинг баҳор ва куз фаслларида эса жами олти минг нафардан зиёд фуқаро Макка ва Мадина шаҳарларида бўлиб, умра амалларини бажариб қайтишмоқда.
Истиқлол берган имкониятлар халқимизни тинч, осойишта яшашга, ҳеч кимдан кам бўлмай фаровон турмуш кечиришга, обод ва озод ватанда, бахтиёр оила бағрида умргузаронлик қилишга шароит яратди. Жойларда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари сабаб шаҳару қишлоқлар энг гўзал, энг обод масканларга айланмоқда. Бу борадаги интилиш, изланиш ва ҳаракатлар кутилган самарани бераяпти. Бундай иззат-икром фахрийларимизнинг шижоатига шижоат қўшмоқда.
Хуллас, айтаверсак юқоридаги каби мисоллар жуда кўп. Ислоҳотларнинг ҳаётбахш самаралари ҳар қадамда яққол сезилиб турибди. Халқимиз бундан руҳий куч-қувват олиб, ўз келажагини ўз қўллари билан бунёд этмоқда. Зеро, ижтимоий-маънавий илдизлари мустаҳкам юрт ва миллатнинг йўли ойдин, келажаги эса порлоқдир.
Хулоса қилиб айтганда, кексалари қадрланган юртнинг эртаси порлоқ, ҳаёти нурафшон ва албатта, файзли бўлади.
Шуҳрат УСМОНОВ,
«Нуроний» жамғармаси
Марказий Кенгаши раиси