Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Электр энергияси ишлаб чиқаришнинг анъанавий манбалари асосан гидро ва иссиқлик электр стансиялари ҳисобланади. Ядро энергетикаси ушбу рўйхатда учинчи ўринни эгаллайди, кейинги ўринда эса қайта тикланадиган энергия манбалари туради. Бироқ, Бутунжаҳон ядро уюшмасининг оптимистик прогнозларига кўра жаҳон атом энергетикасини жадал ривожлантиришга қаратилган лойиҳа «Гармония» лойиҳаси доирасида ядро энергетикаси улушини электр ишлаб чиқариш умумжаҳон ҳажмининг 25 фоизигача ошириш назарда тутилмоқда (бугунги кунда у тахминан 11 фоизни ташкил қилади). Паст углеродли келажакни таъминлаш хавфсизликнинг энг юқори даражасига эга бўлган янги авлод реакторлари туфайли юз беради.
«Ўзатом» агентлиги Бош директори Жўрабек Турсунпўлатович МИРЗАМАҲМУДОВ «ЎзИА» мухбирига берган интервьюсида Ўзбекистон ядро энергетикасини ривожлантириш масалалари ҳақида сўзлаб берди.
– Жўрабек Турсунпўлатович, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 19 июлдаги «Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзатом» атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Идорангизга қандай вазифалар юклатилганлиги ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз.
– «Ўзатом» агентлиги республикада атом энергетикасини ривожлантириш соҳасидаги давлат бошқаруви органи ҳисобланади. 2019 йил бошида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ташкил этилганидан кейин «Ўзатом» агентлиги ўз фаолиятини мазкур вазирлик таркибида давом эттирмоқда. Агентлигимизнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари қуйидагилардан иборат:
● атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш;
Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, атом энергетикаси соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестицияларни, шу жумладан, хорижий инвестицияларни жалб этиш;
● атом энергетикаси объектларини лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича битимлар ва шартномалар тузиш;
● атом фани ва ядро технологияларини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни, фундаментал тадқиқотлар, илмий-қидирув, тажриба-конструкторлик ва инновацион ишлар лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш, илғор технологияларни жорий этиш;
● тадқиқот ва энергетика атом реакторлари, ядро-физика қурилмалари, ядро материаллари ва радиация манбаларини сақлаш, радиоактив чиқиндиларни кўмиш пунктларининг ривожланиши ва уларнинг хавфсиз ишлашини таъминлаш;
● республикадаги объектларнинг радиациявий ва ядровий хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш;
● ядро материаллари ва технологиялари, радиоактив материаллар тарқалмаслигини таъминлаш, жисмоний ҳимоя қилиш ҳамда ядровий ва радиациявий хавфсизликни таъминлаш тадбирларини амалга ошириш;
● кадрларни, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шу жумладан, етакчи хорижий институтларда тайерлаш тизимини ташкил этиш;
Халқаро атом энергияси агентлиги, Атом энергияси бўйича Европа ҳамжамияти ва бошқа халқаро ташкилотлар билан халқаро ҳамкорлик ва ўзаро алоқаларни амалга ошириш.
– Дунёда атом энергиясидан фойдаланадиган давлатлар жуда кўп бўлиб, Ўзбекистон билан ушбу соҳада ҳамкорлик қилишга бир неча мамлакат қизиқиш билдирди. Россиянинг «Росатом» компанияси билан атом электр станцияси қурилиши учун битимнинг имзоланишига нима сабаб бўлди?
– Лойиҳани режалаштиришда халқаро тажриба пухта ўрганиб чиқилди, пудратчини эса учта омил – лойиҳанинг технологиклиги, ишларнинг қиймати ва хавфсизлиги асосида танлаб олдик.
Бундай юқори технологияли тармоқни ривожлантириш учун ҳамкорни танлашда Ўзбекистон «Росатом» Давлат корпорациясининг узоқ йиллик тажрибаси ва жаҳон атом энергетикаси соҳасидаги етакчилигини ҳисобга олган ҳолда уни танлади.
Бугунги кунда Россия технологиялари бўйича жаҳоннинг 12 та мамлакатида 36 та энергия блоги қурилмоқда – бу жаҳон атом тармоғида хорижда барпо этилаётган энергия блоклар сони бўйича рекорд кўрсаткичдир.
«Росатом» давлат корпорацияси замонавий халқаро талабларга ва Халқаро атом энергетикаси агентлиги (МАГАТЭ)нинг тавсияларига жавоб берадиган «3+» авлод ВВЭР технологиясининг замонавий эволюцион лойиҳасини таклиф этувчи дунёдаги ягона компания ҳисобланади.
Ўзбекистон МАГАТЭнинг ядро хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча талаб ва тавсияларига риоя қилиш хакидаги халқаро мажбуриятларга қатъий содиқлигини тасдиқлади.
– Бу қандай талаблар ва мамлакатдаги биринчи атом электр станциясини қуриш учун устувор майдон сифатида Тузкон кўли – Айдар-Арнасой кўллар тизими яқинидаги ҳудудни танлашга қайси омиллар таъсир кўрсатди?
– Ўзбекистон 1994 йилдан бошлаб МАГАТЭ аъзоси бўлгани ҳолда атом энергиясидан фақат тинчлик мақсадларида фойдаланиш мажбуриятларини ўз зиммасига олди ва МАГАТЭнинг барча нормалари ва тавсияларига амал қилган ҳолда ўзининг миллий ядро-энергетика дастурини амалга оширишга киришди. Хусусан, АЭСнинг устувор майдонини танлашда биз жалб этган қидирув ва тадқиқот ташкилотлари МАГАТЭнинг SF-1 «Асосий хавфсизлик тамойиллари», NS-R3 «Ядровий қурилмалар учун майдонни баҳолаш», SSG-35 «Ядровий қурилмалар учун майдонни баҳолаш ва танлаш» ва ҳ.к. нормаларига амал қилишди.
Шуни таъкидлаш керакки, Тузкон кўли яқинидаги майдон шунчаки танланмаган. Олдиндан танланган 7 та турли майдонда ўтказилган муҳандислик қидирувлари ва тадқиқотлари натижаларининг қиёсий таҳлили Тузконда атом электр станцияси учун потенциал майдон МАГАТЭ томонидан санаб ўтилган, қурилишни савол остига қўйиши мумкин бўлган 15 та «салбий омиллар» (картсларнинг мавжудлиги, ҳудуднинг сейсмологик бардошлилиги, фаол тектоник ёриқлар, сизот сувларининг юқори сатҳи ва ҳ.к.)нинг 14 тасидан холи эканлигини кўрсатди. Шу билан бирга 15-омил – ер юзасидан 6-12 метр масофада жойлашган ер ости сувлари муҳандислик йўли билан осон ҳал қилинади.
Шу муносабат билан АЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича Республика ишчи комиссияси ва «Ўзатом» агентлиги Илмий-техник ва эксперт кенгашининг қўшма йиғилишида Тузкон кўли яқинидаги майдонни атом электр станциясини жойлаштириш учун устувор майдон сифатида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
– Атом электр стансияси қанча энергия ишлаб чиқаради, у қайси тармоқлар ва ҳудудларни электр энергияси билан таъминлайди?
– Ҳозирги кунда атом электр станцияси қурилиши бўйича барча лойиҳалар референт ечимлар асосида амалга оширилмоқда. Бу МАГАТЭнинг талаби. Ўзбекистон Республикаси референт лойиҳа сифатида техник хусусиятлари иссиқ иқлимли ва юқори сейсмик ҳолатдаги мамлакатларга мос келадиган, шу муносабат билан иқлими ва сейсмик шароитларига кўра мамлакатимиз билан ўхшаш бўлган Туркия ва Бангладешда амалга оширилаётган Нововоронеж АЭС-2 аналог лойиҳасини танлади.
Референт ечимлар асосида Ўзбекистоннинг бўлажак атом электр станцияси 2 400 МВт ҳажмидаги умумий қувватга эга бўлади, яъни йилига тахминан 17 млрд кВт/с электр энергияси ишлаб чиқаради. Шу билан бирга янги тикланадиган энергия манбалари, иссиқлик ва гидро энергетика лойиҳаларининг амалга оширилишини ҳисобга олган ҳолда 2030 йилга келиб республикада атом ишлаб чиқаришининг улуши тахминан 8,3 фоизни ташкил этади.
Яна шуни таъкидлаш лозимки, АЭСдан ишлаб чиқарилган электр энергияси республиканинг умумий энерия тармоғига узатилади, шунинг учун мамлакатнинг фақат айрим ҳудудларини электр энергияси билан таъминлаш ҳақидаги фикр-мулоҳазалар нотўғри.
– Ўзбекистонда ва қўшни давлатларда, хусусан, Қозоқистонда атом электр станцияси қурилишининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш бўйича оммавий эшитувлар ўтказиш қарори қандай мақсадда қабул қилинган эди? «Тинчлик атоми»ни ишлаб чиқариш режаларида нималар ўзгариши мумкин?
Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.