Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида очиқ дастурий маҳсулотларни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон – Жанубий Корея форуми бошланди. Анжуманда ахборот технологиялари ва очиқ кодли дастурий таъминот яратувчи компаниялар раҳбарлари, ишбилармон доиралар ва олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этди. Мамлакатимизда ўтган йиллар давомида иқтисодиётнинг юқори технологик тармоқларини шакллантириш ва фаол ривожлантириш учун қулай шароит яратилиб, айниқса,Президентимизнинг 2017 йил 30 июндаги “Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони дастурий таъминот соҳасида янги даврни бошлаб берди.Форумда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш йўналишида ҳамкорликни янада ривожлантириш учун икки мамлакат ҳам улкан салоҳиятга эга экани алоҳида қайд этилиб, Ўзбекистон ва Жанубий Кореяда дастурий маҳсулотлар бозорининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, илғор ахборот- коммуникация технологияларини ҳаётнинг турли жабҳаларига янада кенгроқ татбиқ этиш ва бошқа мавзуларда маърузалар тингланди.