Intervyu

Ўзбекистон-Франция муносабатлари – ҳақиқий юксалиш

3-4/2019

     Журналнинг ушбу сони Франциянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчисининг дипломатик мис­сияси якунланишига тўғ­ри келди. Ўзбекистон-Франция муносабатларини ривожлантиришга бағиш­ланган кўплаб муҳим лойи­ҳаларни амалга оширишда, шунингдек, мазкур нашрни тайёрлашда фаол иштирок этган Виолен де Вильмор хоним «Ўзбекистон иқтисодий ахборотномаси» журналининг бош муҳаррири билан суҳ­батда мамлакатларимиз ўртасидаги шериклик муносабатлари ҳақида сўзлаб берди.
 
     – Ҳурматли Элчи хоним, хабарингиз борки, жорий йилнинг 1 мартида Ўзбекистон Франция билан дипломатик муносабатлар ўрнатганига 27 йил тўлди. Октябр ойида эса ўзаро дўстлик ва ҳам­корлик тўғрисидаги шартнома им­зо­ланган сананинг 26 йиллиги нишонланади. Модомики шундай экан, Сиз икки томонлама ҳам­кор­лигимиз равнақини қандай ба­ҳо­лайсиз?
     – Мен бу борадаги муносабатларимиз ривожини бемалол ҳақиқий юксалишга қиёслашим мумкин. Чунки Франция Ўзбекистон Республикаси Президенти жаноб Шавкат Мирзиёев 2018 йил октябрь ойида расман ташриф буюрган биринчи Европа давлати бўлди. Бу ўз навбатида, олий даражадаги бошқа ташрифлар янада кўпайишига туртки берди. Чунончи, охирги пайтларда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосарлари ва вазирлари турли масалалар юзасидан тез-тез Парижда хизмат сафарларида бўл­моқдалар. Франция Давлат котиби жаноб Жан-Батист Лемуан эса жорий йил апрелида Ўзбе­кистонга келиб, Самарқанд ва Тошкентда, шунингдек, Чорвоқда бўл­ди. Бундан ташқари ҳар иккала мам­лакатнинг илғор корхоналари ва­киллари гоҳ Тошкентда, гоҳ Па­рижда учрашиб, ўзаро тажриба алмаш­моқдалар.
     Бизнинг маданий ҳамкорлигимиз ҳам кенг қамровли. Масалан, ҳозир 2021 йили Парижда Ўзбекистонга бағишлаб ўтказиладиган кўргазмага қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Шу муносабат билан дунёдаги энг қа­димги ва энг бой Лувр музейи делегацияси серқуёш ўлкангизга таш­риф буюрди.
     – Маълумки, Франция Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган эди. Ўтган давр мобайнида томонлар ҳамкор­ликнинг талай йўналишлари бўйича катта салоҳиятга эга бўлиб, бой тажриба орттирди. Сўнгги вақтларда эса сиёсий алоқалар ҳам фаоллашаётгани сезилмоқда. Сизнинг назарингизда, Ўзбекистон бугун қай даражада ривожланмоқ­да ва мамлакатларимиз ҳамкор­лигини янада кенгайтириш учун қайси соҳаларни энг истиқ­болли, деб ҳисоблайсиз?
     – Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида тинчлик-осойишталикни сақлашда беқиёс роль ўйнайди. Унинг дўстона қўшничилик сиёсати савдо ва ҳамкорлик алоқа­лари ривожланиши учун мустаҳкам замин яратади. Ўзбекистон дипломатиясининг саъй-ҳаракатлари эса Афғонис­тондаги вазиятни барқарорлашти­ришда муваффақиятга эришиш имконини беради. Бу бутун халқаро ҳамжамиятни қизиқтираёт­ган долзарб масалалардан биридир.
     Икки томонлама ҳамкорликка тўхталадиган бўлсак, мен у жадал ривожланаётганига аниқ мисол келтира ола­ман. Бу Франция учун ҳам, сало­ҳиятлари бисёр Ўзбекистон учун ҳам устувор йўналишга айланган туризм соҳасига тааллуқлидир. Зеро, туристик йўналишларга ва соҳанинг энг яхши корхоналарига эгалиги жи­ҳатидан жаҳонда биринчи ўринда турадиган Франция ўтган йили 90 миллиондан ортиқ туристни қабул қилди. Давомини суриштирсангиз, кейинги вақт­ларда унинг Orex Loisirs, Compagnie des Alpes, Geode, Egis, Epode, MND Group, POMA каби етак­чи компаниялари консорциуми иш­тирокида Ўзбе­кистондаги «Чор­воқ» эркин туристик зонасида Чимён ва Белдирсой халқаро тоғ-чанғи ва рек­реацион мажмуаларини ҳамда Нанай экотуристик мажмуасини қуриш чоралари кўрилаяпти. Консорциум Тош­кент ви­лоятида замонавий турис­тик зона бунёд этиш лойиҳасини яратиш устида иш олиб бораяпти. Бултур уни ишлаб чиқиш, жумладан, техник-иқтисо­дий асосномасини тайёрлаш учун Франция ҳукумати томонидан грант асосида 750 минг евро миқдорида молиявий маблағ ажратилди. Лойиҳа­га Франция ривожланиш агентлиги ҳам инвестициялар киритиши, шунингдек, Европа Иттифоқининг молиявий маблағлари жалб этилиши мумкин.
     Яқинда консорциум Ўзбекистондаги мутасадди идоралар билан биргаликда жаноб Президент Шавкат Мирзиёев учун тақдимот ўтказди. Унда «Чорвоқ» эркин туристик зонасида туристик блок барпо этиш лойиҳалари намойиш қилинди. Консорциум вакиллари Ўзбекистонда дам олиш имкониятлари ва спортнинг қишки турларини янада ривожлантириш учун мавжуд салоҳият комплекс равишда амалга оширилишини таъминлаш учун бу ердаги қўшма лойиҳаларга ҳам жиддий қи­зиқиш билдирмоқда. Франция ҳуку­мати эса FIVES компаниясига катта саноат салоҳиятига эга Жиззах вилоятида ойна заводи қуриш бўйича техник-иқтисодий асоснома тузиш учун грант ажратди.
     – Шубҳасиз, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаси ўзаро ҳам­корлигимизнинг устувор йўналиш­ларидан бири. Сиз ўтган йил октябрь ойида бўлиб ўтган юқори даражадаги Ўзбекистон – Франция саммитида имзоланган битимлар бўйича бошланган ишларни қандай баҳолайсиз? Мамлакатларимиз ўртасида қайсидир соҳаларда ўзаро ҳамкорликнинг ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳияти мавжуд, деб айтишга асос борми?
     – 2019 йил Ўзбекистонда қизғин давом эттирилаётган ислоҳотлар нуқтаи назаридан ҳам, Франция билан икки томонлама муносабатлар мустаҳкамланиши жиҳатидан ҳам муваффақиятли бўлади. Негаки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Парижга ташрифи француз компанияларининг Ўзбекистондан манфаатдорлигини оширди. Эришилган келишувлар амалда бажарилиши таъминланиши учун Франция Давлат котиби Жан-Батист Лемуан баҳор ойида Тошкент­га келган бўлса, MEDEF International миссияси ўттизга яқин компания таркибида бултур қабул қилинган мажбуриятларни бирлаштиришга муваф­фақ бўлди.
     Ишончим комилки, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғри­сидаги қонун ҳужжатлари моддий инвестицияларни барқарорлашти­риш учун бадастир қулайликлар яратиб, интеллектуал мулкни ҳурмат қи­лиш масаласи ойдинлашиши била­ноқ Ўзбекистонга киритилган Франция инвестицияларига янада кенг йўл очади. Коррупцияга қарши курашишга тааллуқли кўплаб чора-тадбирлар ҳам инвестициявий муҳит яхшиланишига хизмат қилади.
     Телекоммуникация технологиялари, инфратузилма, энергетика, аэронавтика ва коммунал хизматлар соҳаларидаги ҳамкорлигимиз Ўзбекистонга технологиялар, билимлар ва катта ҳажмдаги молиявий тушумларни таъминлаган ҳолда янада ривожланиши тайин. Бинобарин, Bpifrance ёки ФАР каби молиявий институтларимизнинг роли Франция компаниялари Ўзбекистон эҳтиёжла­рига мослаштирилган рақобатбардош техник ва молиявий таклифлар бериши учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
     – Шу ўринда муваффақиятли ривожланиб бораётган маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкор­ликларимиз ҳақида ҳам бирров тўхталиб ўтсак менимча, айни муддао бўлади. Чунки Ўзбекистон ва Франция музейларининг қўшма кўргазмалари ташкил этилиши, иккала мамлакат тарихчилари ва археологлари ўртасида илмий алоқа­ларнинг кенгайиши, туризм соҳаси­даги қўшма лойиҳалар, таълим, фан ва соғлиқни сақлаш тизимларидаги ҳамжиҳатлик, ҳар йили ўтказиладиган Goût de / Good France гастрономия фестивали кўпчиликда ёрқин таассуротлар қолдиради. Айтинг-чи, келгусида яна қайси муҳим йўналишлар бўйича ҳамкор­лик қилишимиз мумкин?
     – Франция ва Ўзбекистоннинг сиз тилга олган соҳалардаги ҳамкорлиги истиқболлари ҳақиқатан ҳам кишида катта умид уйғотади. 2021 йил кузида Лувр музейида «Ипак йўлида цивилизация ва маданият» кўргазмаси очилиши Франция ва Ўзбекис­тоннинг археологик ҳамда маданий меросларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш борасида 30 йилдан ортиқ давом этаётган ҳамкорлигига бағиш­ланган унутилмас воқеа бўлади. Қо­лаверса, Лувр музейига ҳар йили 10 миллионга яқин киши ташриф буюради. Демак, бу кўргазма Франция аҳолиси ва халқаро жамоатчиликка ўзи учун Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини кашф қили­шига имкон туғдиради.
     Биз шаҳарсозлик ҳамда қадимий шаҳарлар ва тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш соҳасидаги тажрибамиз билан ўртоқлашишга ҳам тайёрмиз. Шунингдек, Ўзбекистоннинг барча вилоятларидаги ўқувчи­лар ва ўқитувчилар орасида франкофония тарғиб қилинишидан беҳад мамнунмиз. Биз бу йил мактаб ва университетда француз тилида ўтказила бошлаган театр ва ашула фестивали ҳамда диктантлар, ўқи­тувчилар учун Францияда қисқа муддатли педагогик стажировкалар, Lions Clubs халқаро француззабон марказлар ассоциацияси билан биргаликдаги «Францияда бир ой» ҳамда «Фестиваль учун афиша» танловлари кенг жамоатчиликка манзур бўлмоқда. Шунингдек, ўқитувчилар малакасини ошириш соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Наманган вилоятининг Тўра­қўрғон туманидаги Исҳоқ­хон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернатда Фар­ғона водийсининг учта вилоятида ишлаётган француз тили ўқитувчи­лари учун тренинг уюштирди. 17–20 июнь кунлари эса Бухоро Давлат университетида Ўзбекистон мактаб­лари, лицейлари ва университетларининг барча француз тили ўқитув­чилари учун ёзги мактаб ташкил этилди. Элчихона Тошкентнинг француз альянсида тил имтиҳонлари ўтказишни ҳам давом эттирмоқда. Яна бир қувончли хабар шундан иборатки, француз альянси ўқишнинг ке­йинги сессияси учун танловларга ёзилиш мумкинлигини эълон қилди.
     Университет ҳамкорлиги соҳасида биз ўқув муассасалари ўртасида Ўзбекистонда энг кўп талаб қили­надиган истиқболли фанлар бўйича бирталай лойиҳаларни қўллаб-қув­ват­лашга тайёрмиз. Булар француз тилини, шунингдек, менежмент ва шаҳарни режалаштиришни ўрганишни ҳам ўз ичига оладиган туризм, маданият ва археология, технология ва молия, математика, менежмент, тадбиркорлик ҳуқуқи каби йўналиш­лардир. Бизда айни соҳалар бўйича 2019–2020 йилларга мўлжалланган кўплаб лойиҳалар мавжуд.
     – Мамлакатимиз Президенти Францияга 2018 йил октябрь ойидаги расмий ташрифи арафасида Ўзбекистонга келувчи барча фран­цуз фуқа­ролари учун у хоҳ турист, хоҳ тадбиркор бўлсин 30 кунгача амал қиладиган визасиз режимни жорий этди. Унинг қўлла­нилиши қандай самара беради?
     – Бу Франциядан келадиган сайёҳлар сафи кенгайишига, гуманитар ва иқтисодий алоқалар ривожланишига олиб келади ҳамда ишбилармонлик доираларини руҳланти­ради. Менинг юртдошларимдан аксарияти Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарларни кўришни орзу қилади. Буни ўтган йили Ўзбекистонда бўлган франциялик сайёҳлар сони 13 минг нафардан ошганидан ҳам билиш мумкин. Жорий йилда ушбу кўрсаткич янада ўсиши кутилмоқда. Айнан шу боис Франция Самарқандда ўзининг Марказий Осиёдаги дастлабки фахрий консуллигини ташкиллаштиришга аҳд қилди. Амалда шундай бўлди ҳам. Франция Давлат котиби Жан-Батист Лемуан Ўзбекистонга ташрифи чоғи уни тантанали равишда очиб, фахрий консул Исрофил Усановга 5 йилга мўлжалланган консуллик сертификатини топширди. Агар ўтган қишда мамлакатларимиз ўртасидаги тўғридан-тўғри рейслар икки мартага кўпайганини ҳисобга олсак, қисқа муддатли визаларнинг бекор қилиниши янада кўпроқ самара келтириши аниқ.
     – Хорижга чиққан ҳар бир инсон қадрдон юртидагидан турли даражада фарқланувчи ҳолатларга дуч келади ёки ўзи учун янгилик саналган қандайдир нарсалар ва воқеа-ҳодисалар сир-асрорини билиш илинжида бўлади. Шу маънода бизнинг юртимиз кўпроқ нимаси билан французлар учун қи­зиқарли?
     – Ўзбекистон уларни, аввало, цивилизацияси, бой тарихи ва маданияти, ҳар томонлама бетакрорлиги, архитектура ёдгорликлари билан ўзига жалб этади. Кўпчилик ватандошларим француз ёзувчиси – Са­мар­қанднинг фахрий фуқароси Амин Маалуфнинг мазкур шаҳар ҳақидаги романини ўқиб, бу ерга келишга, Буюк Ипак йўли теграсидаги кўҳна гўшаларни ўз кўзлари билан кўришга ошиқмоқдалар. Мамлакатларимизни бизнинг тарихга муносабатимиз бир­лаштирмоқда. Ҳунармандчилик, умр­боқий анъаналар, айтайлик, кўпкари ўйинлари, хуштаъм-хушхўр ўзбек миллий таомлари ҳам уларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Қолаверса, охир­ги пайтларда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон ҳақида кўплаб мақолалар, кўрсатув ва эшиттиришлар берилиб, Францияда унинг туристик жозибадорлиги оширилмоқда.
     – Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.