Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни хорижий мамлакатлар билан эришилган келишувлар ижроси, янги инвестициявий ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Маълумки, жорий йил охирида президентнинг Японияга ташрифи режалаштирилган бўлиб, унга тайёргарлик доирасида Токио билан энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларига доир келишувларга эришилган.
“Кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш, япон технологиялари асосида электростанция қуриш, сув тозалаш ва сув таъминоти тизимини модернизация қилиш, шаҳар қатновига мўлжалланган электробуслар ишлаб чиқаришга оид лойиҳалар бўйича музокаралар олиб борилмоқда”, – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Йиғилишда ушбу олий даражадаги ташрифга тайёргарлик ҳамда Япония билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик ҳолати бўйича маълумот берилди.
Бундан олдинроқ, Шавкат Мирзиёев Японияга ташриф буюриши хабар қилинганди.
Манба: Kun.uz