Intervyu

Кимё саноати жадал ривожланмоқда

5/2019

     Жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2019–2030 йилларда кимё саноатини ривожлантириш дастурини тасдиқлади. Ҳужжат тахминан 12 миллиард доллар қийматидаги кўп сонли инвестиция лойиҳа­ларининг амалга оширилишини назарда тутади. Яна бир йўналиш – тармоқ корхоналарининг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, уларнинг негизида иқти­содиёт тармоқларида талаб этилаётган кимёвий маҳсулотларнинг янги турларини чиқариш бўйича ишлаб чиқариш кластерларини ташкил этиш.
     «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси Одил ­Шукурович ТЕМИРОВ «O‘zIA» журнали бош муҳар­ририга тармоқни ривожлантиришнинг долзарб масалалари ҳақида батафсил интервью берди. Ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.
 
     – Одил Шукурович, ҳозирги вақтда мамлакатимиз иқтисодиётининг деярли барча тармоқ­ларида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида ислоҳотлар фаол амалга оширилмоқда. Марҳамат қилиб, соҳада рўй бераётган ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берсангиз, мамлакатимиз кимё тармоғи нималарни кутаяпти?
     – Кимё саноатидаги лойиҳаларни амалда рўёбга чиқариш ишлаб чиқаришни жадал ривожлантириш ва диверсификация қилишга қаратилган. Бунинг учун энг аввало, корхоналардаги давлат улушини қисқартириш, корпоратив бошқарувнинг замонавий услублари ҳамда молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларини жорий этиш ҳисобига тармоқнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича таъсирчан чоралар кўриш талаб этилади.
     2019–2030 йилларда кимё саноатини ривожлантириш дастури амалдаги ишлаб чиқаришларни кенгайтириш, модернизация қилиш, янги ишлаб чиқаришларни ва республика иқтисодиётининг тармоқлари учун кимёвий маҳсулотларнинг янги турларини барпо этишга қара­тилган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини назарда тутади.
     Тартибга солувчи орган сифатида давлатнинг иштироки улушини қисқартириш ва акциядорларнинг тармоқ корхоналарини бошқаришдаги ролини ошириш, амалдаги ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш ва кенгайтиришга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш мақсадида хўжалик жамиятлари устав капиталидаги давлат ва «Ўзкимёсаноат» АЖ улушларини сотиш назарда тутилган. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида «Қўқон суперфосфат заводи» АЖ акциялари инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан «Индорама» (Сингапур) компаниясига сотилди.
     Шунингдек, «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖ инвестиция лойиҳасига инвестор томонидан бозор қиймати бўйича жамият устав капиталининг 51 фоизигача бўлган миқдорда қўшимча ҳиссанинг қўшилиши йўли орқали тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш назарда тутилган. Ҳозирда «Татнефть» ОАЖ (Россия) билан «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш шартлари келишилмоқда.
     «Farg‘onaazot» АЖ, «Қўнғирот сода заводи» МЧЖ устав капиталидаги акцияларнинг (улушнинг) 51 ва ундан кўп фоизи бозор қийматида инвестор томонидан инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларнинг қабул қилиниши шарти билан танлов савдоларида сотилмоқда. Бундан ташқари, «Самарқандкимё» АЖ ак­цияларининг 100 фоизи, «Электркимёзаводи» АЖ ҚК устав капиталидаги акцияларнинг 26,14 фоизини сотиш назарда тутилган.
     «Жиззах пластмасса» АЖда дастлабки босқичда устав капиталининг 25 фоизигача бўлган миқдорда қўшимча акциялар чиқариш ва уларни кейинчалик фонд биржасига жойлаштиришда инвестицияларни жалб этиш учун акцияларнинг инвесторлар кенг доирасига бирламчи оммавий таклифни (IPO) ўтказиш йўли билан инвестицияларни жалб қилиш назарда тутилган. Ҳозирги вақтда акцияларни чиқариш ва инвестиция маслаҳатчиси – Ernst & Young йирик халқаро компаниясини жалб қилган ҳолда жамиятни IPOга тайёрлаш ишлари бошлаб юборилган. Мазкур компания томонидан «Farg‘onaazot» АЖ, «Қўнғирот сода заводи» АЖ ва «Деҳқонобод калий заводи» АЖ акцияларини (улушни) сотиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу чора-тадбирлар мамлакатимиз кимё саноатига бозор механизмларини жорий этиш жараёнини фаоллаштиради, бу унга янги бозор шароитларига мослашиб ишлаш имконини беради.
     – Ҳозирги вақтда ким билан ҳамкорлик қилиш ҳақида музокаралар олиб борилмоқда? Яқин ис­тиқболда хорижий шериклар билан янги қўшма корхоналарни қуриш ва ишга тушириш режалаш­тирилганми?
     – Ҳозирги вақтда «Ўзкимёсаноат» АЖда инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши доирасида хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Хусусан, «Navoiyazot» АЖда бир йилда 100 минг тонна поливинилхлорид (ПВХ), 75 минг тонна каустик сода ва 300 минг тонна метанол ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш» лойиҳаси якунланиш босқичида. Лойиҳа Хитойнинг China CAMCE Engineering ва HQC Shanghai Company компаниялари консорциуми билан биргаликда амалга оширилмоқда.
     Бир вақтнинг ўзида «Жиззах» ЭИЗда 20 минг тонна БОПП плёнка ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Nova Polymer Jizzakh МЧЖ қўшма корхонаси ташкил этилиб, бизнес-режани тайёрлаш ва контракция учун асбоб-ускуналар етказиб берувчилар билан музокаралар олиб борилмоқда.
     Яқин йилларда қуйидаги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган:
     ● хорижий компаниялари билан ҳамкорликда «Farg‘onaazot» АЖда «Полиэстер толаси ишлаб чиқариш­ни ташкил этиш»;
     ● Словакиянинг Resysle компанияси билан ҳам­корликда «Жиззах пластмасса заводи» АЖда полипропилендан синтетик иплар ишлаб чиқариш»;
     ● «ТЕКСОКОР» (РФ) ва «Текстима Экспорт Импорт ГмбХ» (Германия) компаниялари билан ҳамкорликда «Тўқи­мачилик ва техник корд ишлаб чиқаришни ташкил этиш» ва «Водород пероксидини ишлаб чиқаришни ташкил этиш»;
     ● Европа компаниялари билан ҳамкорликда қўшма корхона кўринишида «Карбамид-формальдегидли сақич ишлаб чиқаришни ташкил этиш»;
     ● булар амалга оширилиши режалаштирилган барча лойиҳаларнинг бир қисми, холос.
     – Бутун жаҳонда бўлгани каби мамлакати­мизда ҳам «ақлли» материаллар, полимерлар, пластмассалар, каучуклар, резиналар, синтетик толалар ишлаб чиқариш тенденцияси авж ол­моқда. Кимёвий маҳсулотларнинг Ўзбекистон учун янги бўлган яна қандай турларини ишлаб чиқариш режалаштирилган?
     – Тармоқни ривожлантириш дастури асосида 2023–2025 йилларда нефтгаз ва кимё саноатлари учун катализаторларнинг янги турлари, қурилиш саноати учун поливинилхлорид ва полистирол, қадоқлаш соҳаси учун биаксил йўналтирилган полипропилен пленкаси (БОПП), резинотехника саноати учун синтетик каучуклар, тў­қимачилик саноати учун кимёвий реагентлар ва водород перекиси, металлургия, нефтгаз ва энергетика саноати учун янги реагентлар, қишлоқ хўжалиги, иссиқхона хўжалиги, интенсив боғдорчилик учун комплекс ўғитлар ва пестицидларнинг янги турлари, шунингдек, ювиш воситалари асослари – ЛАБСА ва SLES каби маҳсулотнинг 30 дан ортиқ замонавий турларини ишлаб чиқариш ҳисобидан маҳсулот линейкасини кенгайтириш режалаштирилган.
     – Бутун жаҳонда нефткимё саноати жадал ривожланмоқда, нефткимё кластерларини шакллантириш ва ривожлантириш жараёни кечмоқда, ушбу соҳага ноу-хау жалб этилган. Мамлакатимизнинг кимё ва нефтгаз тармоқлари бир-бирига яқин, «Ўзкимёсаноат» АЖ ва «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳақида гапириб бер­сангиз.
     – Республика нефтгазкимё тармоғи йил сайин дадил ривожланмоқда. Бу борада соҳанинг мамлакатимиз иқ­тисодиёти учун аҳамиятини сезиларли даражада ошириш йўлида кенг кўламли режалар амалга оширил­моқда.
     Ҳозирги вақтда «Ўзбекнефтгаз» АЖ билан ҳамкор­ликда «ПЭТ, синтетик каучук, кимёвий толалар, поливинилхлорид, полимерлар ва бошқа нефткимё маҳсу­лотларини ишлаб чиқариш мақсадида метанолдан олефин ишлаб чиқариш технологияси бўйича табиий газни қайта ишлаб, олефинлар ишлаб чиқариш» лойиҳаси устида иш олиб бораяпмиз. Мазкур лойиҳа 1,6 млрд куб.м газни қайта ишлаб, 1 миллион тоннагача газкимё маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи технологик кластернинг ташкил этилишини назарда тутади.
     Лондон шаҳрида жорий йилнинг 8–9 май кунлари хорижий маслаҳатчилар, Халқаро молия институти ҳамда «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «Ўзкимёсаноат» АЖ мутахассисларидан иборат қўшма ишчи гуруҳ иштирокида кенгайтирилган мажлис ўтказилиб, унда тўлиқ маркетинг таҳлили ўтказиш учун якуний маҳсулотлар линейкаси билан бирга метанолдан олефин ишлаб чиқариш технологияси лойиҳасининг тақдимоти ўтказилди.
     «Ўзбекистон Нефти ва Гази – OGU-2019» 23-халқаро конференцияси доирасида (2019 йил 15–16 май) ушбу лойиҳа етакчи технологиялар лицензиарлари ва потенциал инвесторлар иштирокида муҳокама қилиниб, уни амалга ошириш юзасидан музокаралар олиб борилди. Яқинда «Ўзкимёсаноат» АЖ, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва хорижий инвесторлар иштирокида лойиҳани амалга ошириш бўйича тўрт томонлама келишув имзоланди. Ҳозирги вақтда Wood (Италия) ва Nexant (Буюк Британия) компаниялари томонидан маркетинг тадқиқоти ўтказилиб, лойиҳа конфигурациясини ишлаб чиқиш ниҳоясига етказилмоқда. Мазкур лойиҳалар амалга оширилгач, нефткимё тармоғи янги даражага чиқади, минтақалар иқтисодиёти эса ривожланиш учун яна бир кучли турт­ки олади.
     Бугунги кунда «Ўзкимёсаноат» АЖ корхоналари нефт­газ тармоғини бурғулаш реагентлари ва бошқа кимёвий реагентлар билан таъминламоқда. Кейинчалик қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан ҳам­корлигимиз доираси сезиларли даражада кенгаяди.
     – Мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланиш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари Ўзбекистон ички бозорини ўзимизда ишлаб чиқарилган кимёвий маҳ­сулотларга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун етарлими?
     – «Ўзкимёсаноат» АЖ ҳозирча ички бозор эҳтиёж­ларини тўлиқ қондира олмаяпти, шунинг учун респуб­ликамизга ҳар йили тахминан 700 миллион АҚШ доллари қийматидаги турли кимёвий маҳсулотлар импорт қилинмоқда. Шу муносабат билан тармоқни ривожлантириш дастурида қўшилган қийматли кимёвий маҳсу­лотлар ишлаб чиқариш, импорт ҳажмини қисқартириш ва иқтисодиёт тармоқларининг ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини ривожлантиришга йўналтирилган янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш назарда тутилган.
Бугунги кунда кимё тармоғи таркибида 16 та йирик ва ўрта кимёвий корхоналар фаолият кўрсатиб турибди. Улар томонидан жами 180 тадан ортиқ номдаги кимёвий маҳсулотлар, шу жумладан, 90 га яқин турдаги янги, маҳаллий ва хорижий истеъмолчилар томонидан талаб этилаётган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
     – «Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан ишлаб чи­қарилаётган қайси маҳсулотларга хорижда талаб катта, улар халқаро стандартларга мос кела­дими?
     – Анъанавий тарзда карбамид, селитра ва хлорли калий каби минерал ўғитларга талаб катта. Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиёда кальцийнацияланган сода ишлаб чиқарувчи ягона мамлакатлиги боис унга бўлган талаб жуда юқори. Кимё саноатининг барча маҳсулотлари халқаро стандартларга мос келади ва ISO ҳамда бошқа сертификатларга эга, бусиз экспортга маҳсулот чиқаришнинг иложи йўқ.
     – Ўзбекистон минерал ўғитларнинг барча учта таркибий қисми – азот, фосфор ва калий ишлаб чиқарувчи давлатлар сафидан жой олди ва Марказий Осиёдаги ягона кальцийнацияланган сода ишлаб чиқарувчи мамлакатга айланди. Ушбу омиллар қандай устунликларни беради?
     – Биринчи галда – импортнинг ўрнини босиш. Деҳқонобод калийли ўғитлар заводининг ишга туширилиши Ўзбекистонга жаҳоннинг калийли ўғитларни ўзида ишлаб чиқарувчи кам сонли мамлакатлар сафидан жой олиш имконини берди. Бу маҳаллий ресурслар негизида мураккаб минерал ўғитлар (NPK) чиқариш бўйича янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун асос яратди.
     «Қўнғирот сода заводи» МЧЖ Марказий Осиёда калцинацияланган сода ишлаб чиқарувчи ягона корхона ҳисобланади. Корхона маҳсулотига ички бозорда ҳам, хорижда ҳам талаб катта ва ушбу маҳсулотга талаб йил сайин ортиб бормоқда.
     Ҳозирги вақтда «Ўзкимёсаноат» АЖ ишлаб чиқа­рилаётган минерал азот ва фосфор ўғитлар ҳажми ва турлари бўйича Марказий Осиёда етакчи ўрин тутади ва у аммиак, карбамид, аммиакли селитра, аммоний сульфати, аммофос ва нитрофос каби маҳсулотларнинг йирик ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.
     – Мамлакатимиз Президенти ва ҳукуматимиз томонидан саноат ва халқ хўжалигининг барча тармоқлари олдига қўйилган ресурс ва энергияни тежаш вазифаларини Сиз қандай ҳал эт­моқдасиз?
     – Ярим асрдан кўпроқ вақтдан буён ишлаётганлиги боис «Ўзкимёсаноат» АЖ корхоналари кўп энергия сарф қилади, шунинг учун уларнинг энергия самарадорлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқариш қув­ватларини модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлаш ло­йиҳалари амалга оширилмоқда.
     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил декабрдаги «Саноат тармоқлари корхоналарининг жисмоний ишдан чиққан ва маънавий эскирган машина-ускуналарини жадал янгилаш, шунингдек, ишлаб чи­қариш харажатларини камайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорини бажариш доирасида тармоқ корхоналари томонидан ҳар йили ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг таннархини пасайтиришга йўналтирилган тадбирлар ишлаб чиқилади, у ерда ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш маҳсулот ишлаб чиқариш харажатларини пасайтиришнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. 2019 йилда маҳсулот ишлаб чиқишда энергия ресурслари истеъмолининг қуйидаги ҳажмда камайтиришга эришиш назарда тутилган: табиий газ – 51,1 млн. м3, электр энергияси – 98,9 млн. кВт/с, нефть маҳсулотлари – 592,5 т, иссиқлик энергияси – 88,3 минг Гкал.
     – Одил Шукурович, кимё тармоғи корхоналарининг атроф-муҳитга салбий таъсирига тааллуқли саволни бермасликнинг иложи йўқ. Аҳоли ва экологияга салбий таъсирни камайтириш юзасидан қандай чоралар кўрилмоқда?
     – Ҳақиқатдан ҳам кимё саноати бугунги кунда атроф-муҳитни ифлослантириш манбаларидан бири ҳисоб­ланади. Бироқ бу нафақат мамлакатимиз, балки жа­ҳоннинг барча саноати ривожланган мамлакатлари учун оғриқли масала. Кимёвий чиқиндиларнинг ўзига хослиги нафақат корхоналар ишлаётганида чиқариладиган моддаларнинг миқдорида, балки уларнинг аварияли вазиятларда жуда хавфли бўлган заҳарлигида ҳамдир. Шунинг учун корхоналар ва давлат органлари томонидан ишлаб чиқариш жараёнлари ва хавфли юкларни ташиш вақтида хавфсизликни таъминлаш, ходимларнинг техник нормалар ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилишига доир замонавий технологияларнинг жорий этилишига катта эътибор қаратилмоқда.
     Хавф-хатарларни камайтириш мақсадида «Ўзкимёсаноат» АЖ Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига амал қилган ҳолда тармоқ корхоналарининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш бўйича мунтазам аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар олиб бормоқда.
     Атмосферага ташланмалар ва оқова сув­лар чиқарилиши доимий назорат қилинади. Бунинг учун корхоналарда Ўзбекистон Рес­публикаси аккредитациялаш миллий тизимида аккредитацияланган экологик таҳлил лабораториялари ташкил этилган.
     «Navoiyazot» АЖда «Халдор Топсое» (Дания) ва «Казале» (Швейцария) технологияси бўйича аммиак ва азотли кислота ишлаб чиқариш янги цехларининг фойдаланишга топширилиши билан 1964–1967 йилларда ишга туширилган аммиак ва азотли кислота ишлаб чиқариш бўйича эскирган цехлар ёпилади, бу ифлос­лантирувчи моддалар, шу жумладан, азот оксидлари ташланмаларини сезиларли даражада қисқартиришга эришиш имконини беради. Шунингдек, «MAXAM-CHIRCHIQ» АЖда аммиак ва азотли кислота ишлаб чи­қариш бўйича эскирган қурилмалар сафдан чиқарилади.
     «Farg‘onaazot» АЖда ҳам «Аммиак ва карбамид ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш» лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унинг амалга оширилиши карбамид ишлаб чиқариш цехи бўйича: аммиак ташланмаларини 20 фоизга, карбамид чангини 30 фоизга (насосларнинг замонавийларига алмаштирилиши ва грануляцион миноранинг модернизация қилиниши ҳи­собидан) қисқартириш имконини беради; Аммиак-3 цехи бўйича энергия истеъмолининг камайиши ҳисо­бидан азот диоксиди ташланмалари 20 фоизга камаяди. Барча ушбу тадбирлар бизга экологияни бошқариш «пульт»ини назоратда ушлаб туриш имконини беради.
     – Қизиқарли суҳбат учун миннатдорлик билдирамиз ва фаолиятингизга улкан муваффа­қиятлар тилаймиз.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.