Пойтахтимизда шахмат бўйича 8 ва 10 ёшли ўғил-қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бошланди. Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 100 нафардан зиёд ёш шахматчи баҳслашмоқда.
Юртимизда сўнгги йилларда шахмат жадал ривожланиб, ёшлар ўртасида тобора оммалашиб бормоқда. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида навқирон авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб вояга етказишнинг муҳим воситаси бўлган болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор самарасида ёшлар орасидан чемпионлар етишиб чиқмоқда.
Мазкур мусобақа ҳам иқтидорли ўғил-қизлар орасидан янги номларни кашф этиш, уларнинг келажакда халқаро миқёсдаги мусобақаларда ўз салоҳиятини намоён этиши йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Чемпионатнинг 8 ёшгача ўғил болалар ўртасидаги баҳсларида қатнашаётган рапид ва блиц шахмат бўйича жаҳон чемпиони, пойтахтлик Исломбек Синдоров биринчи турда қашқадарёлик Асомиддин Муҳиддиновни мағлубиятга учратди. Шахмат бўйича Осиё чемпиони Оқжўл Раҳматуллаев ҳам дастлабки партияда сурхондарёлик Миржалол Ашуров устидан ғалаба қозонди.
Биринчи турда ўн икки нафар шахматчи рақибларини енгган бўлса, икки нафари ўзаро дуранг ўйнади.
24 нафар шахматчи иштирокида ўтаётган қизлар баҳсида биронта дуранг натижа қайд этилмади. Самарқандлик Рухшона Раҳимбердиева, фарғоналик Васила Абдужабборова, Тошкент вилоятидан Сарвиноз Абубакирова, пойтахтлик Рофия Султонқулова, навоийлик Шаҳризода Башриддинова, сурхондарёлик Севинч Турдимуродова, сирдарёлик Гуласал Ҳайитбоева ва қашқадарёлик Меҳрибон Эгамбердиева каби шахматчилар биринчи турни ўз фойдасига ҳал қилди.
10 ёшгача ўғил болалар ўртасида Жавоҳир Синдоров қорақалпоғистонлик Лочинбек Мамажоновни енгиб, бир очкога эга бўлди. Ушбу баҳсда яна ўн икки нафар шахматчи ғалаба қозонди, олти нафар шахматчи дуранг натижа қайд этди. Қизлар баҳсида эса 15 нафар шахматчи дастлабки очкони қўлга киритди.
Б.АЙТМУРОДОВ,
ЎзА мухбири