Жорий йилнинг 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига Сурхондарё вилоятида ҳам қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Сайловнинг юқори савияда, демократик тамойиллар асосида ўтишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё сайлов округи тузилиб, округ сайлов комиссияси ва унинг шахсий таркиби тасдиқланди. Ажратилган махсус бино ва хоналар комиссиянинг самарали фаолият юритиши учун зарур жиҳоз ва техникалар билан таъминланди. Сайловнинг барча босқичларини кенг ёритиш бўйича матбуот маркази ташкил этилди.
Сайловларнинг халқаро демократик тамойиллар асосида очиқ ва ошкора ўтишида сайлов участкаларининг аҳамияти катта. «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддасида сайлов участкалари округ сайлов комиссиялари томонидан тузилиши белгилаб қўйилган. Вилоятда 708 сайлов участкаси шакллантирилиб, сайлов участкаларининг ҳудудий чегаралари, жойлашган манзили тўғрисидаги маълумотлар матбуотда эълон қилинди.
Участка сайлов комиссияси аъзоларини шакллантиришда обрў-эътиборга эга, эл ҳурматини қозонган, маҳаллада муқим яшаётган ва сайлов қонунчилигидан хабардор партиясиз фуқаролар танлаб олинмоқда. Сайлов участкаларини жиҳозлаб, сайловчилар учун етарли қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Округ сайлов комиссияси аъзолари сайлов участкаларига бириктирилди. Сайловчилар, айниқса, ушбу жараёнда биринчи марта иштирок этадиган ёшларни миллий қонунчилигимиз мазмун-моҳияти билан яқиндан таништириш ҳам долзарб вазифалардан биридир.
Сайловда қатнашиш ҳуқуқи берилган тўртта сиёсий партия мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараёнда фаол иштирок этиши учун имзо варақаларини тўплашни белгиланган муддатларда якунлади. Вилоят, туман ва шаҳар партия ташкилотларида сайлов штаблари тузилди.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунда округ сайлов комиссияларига мазкур қонуннинг ҳудудда ижросини назорат килиб, унинг бир хил қўлланишини таъминлаш, сайлов участкаларини тузиб, уларнинг округ бўйича тартиб рақамини белгилаш, манзилини кўрсатган ҳолда рўйхатини эълон қилиш, участка сайлов комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш каби вазифалар қаторида сиёсий партиялар вакилларининг, сайлов округи ҳудудида жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларини эшитиш ҳам юкланган. Сайловни миллий қонунчилигимиз асосида ўтказиш юзасидан белгилаб олган чора-тадбирлар режамизда бу масала ҳам ўз ифодасини топган.
Мухтасар айтганда, бўлажак сайловда ҳар бир фуқаронинг конституциявий ҳуқуқини эркин ифода этиши учун барча шароит яратилаётгани тинч, обод ва фаровон ҳаётимизни таъминлаб, юртимизда амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилади.
Абдукарим АҲМЕДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё
округ сайлов комиссияси раиси.