ФАО Ўзбекистонда географик кўрсаткичларни жорий этмоқда

     2021 йил 12 октябрь, Тошкент –  Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг «Барқарор озиқ-овқат тизимларини географик кўрсаткичлар орқали мустаҳкамлаш» лойиҳаси бўйича кириш семинари бўлиб ўтди. Тадбирда иштирок этган миллий ва халқаро экспертлар лойиҳанинг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот беришди.
     Географик кўрсаткич – бу муайян географик келиб чиқишга ва ўша жойга хос хусусиятларга ёки обрўга эга бўлган товарлар бўйича ишлатиладиган белги. Бу, масалан, Италиянинг Парма ва Эмилия-Романья вилоятларида ишлаб чиқарилган Пармезанни бошқа пишлоқлардан ва Шампанни француз Шампанидан ташқарида ишлаб чиқарилган кўпикли винолардан фарқлашга имкон беради. Ўзбекистонда Олтиариқ туманида етиштириладиган машҳур узум, Бахмал олмалари, гурвак қовун, шаҳарнинг “ташриф қоғози”га айланган Самарқанд нонлари, Жиззах сомсаси ва бошқа гастрономик дурдоналарни мисол қилиб келтириш мумкин.
     Ўзбекистон иқлим шароити, географик жойлашуви ва тарихий анъаналари туфайли Марказий Осиё минтақасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи йирик мамлакат ҳисобланади. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати ўзининг анъанавий экспорт бозорларида яхши тан олинган алоҳида таъм ва ароматик хусусиятларга эга юқори сифатли мева, полиз маҳсулотлари ва виноларни кенг таклиф этмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон қадимдан Фарғона вилоятининг Риштон тумани ва Наманган вилоятининг Чуст туманида жойлашган ноёб миллий кулолчилик ва анъанавий пичоқчилик марказлари билан машҳур.
     «Ўзбекистон аграр соҳага маркетингнинг илғор усулларини ҳамда ахборот технологияларини жорий этиш орқали ҳозирги имкониятларни янада кенгайтириш бўйича катта салоҳиятга эга. Шу нуқтаи назардан, географик кўрсаткичлар тизимининг жорий этилиши қиймат занжирларининг барқарорлигини ошириш ва қишлоқларни ривожлантиришда асосий ҳаракатлантирувчи куч бўлиб хизмат қилиши мумкин», – дейди ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Шерзод Умаров.
     ФАОнинг «Барқарор озиқ-овқат тизимларини географик кўрсаткичлар орқали мустаҳкамлаш» лойиҳасининг қиймати 250 минг долларни ташкил қилади. Лойиҳа Ўзбекистонда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда ва у алоҳида маҳсулотлар учун  географик кўрсаткичлар амалиётини жорий қилиш, самарали маркетинг стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек, экспорт салоҳиятини ошириш ва қиймат занжирини яхшилаш учун географик кўрсаткичлар контекстида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозорини ахборот жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган. Географик кўрсаткичлардан фойдаланиш ишлаб чиқарувчиларга фойдани кўпайтиришга ёрдам беради, истеъмолчилар эса, ўз навбатида, муайян маҳсулотнинг мукаммал сифат ва ноёб хусусиятларга эга эканлиги бўйича  кафолат оладилар.
     Қайд этиш керакки, ФАО Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интелектуал мулк агентлигига Туркия ва Франция тажрибасини ҳисобга олган ҳолда «Географик кўрсаткичлар тўғрисида» ги янги қонунни ишлаб чиқишда ҳам ёрдам берди.
 

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.