Трансформация – замонавий бизнес бошқарувининг фундаментал мезони
Трансформация мамлакат иқтисодиёти фаолиятининг барқарорлиги ва самарадорлигини оширишда муҳим роль ўйнайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июлдаги «2022-2030 йилларда «Навоийуран» давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-319-сонли қарорида «Навоийуран» давлат корхонасини трансформация қилиш босқичлари ва вазифалари аниқ белгилаб берилган.
Трансформация «Навоийуран» ДКда стратегик устуворликларга асосланган глобал лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишда ёрдам беради. Ушбу лойиҳалар корхона фаолиятини янада яхшилаб, барча таркибий бўлинмаларнинг фаол ишлашини таъминлайди ва том маънода замонавий корпоратив бошқарув тизими яратилади.
Корхонани трансформация қилишнинг асосий вазифаси бу – ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархини пасайтириш, операцион самарадорликни ошириш ва унинг ишончли ишлашини таъминлаш мақсадида рақамли технологиялар ва платформали ечимларни тизимли равишда жорий этиш йўли билан уни рақобатбардош компанияга айлантиришдир.
«Навоийуран» давлат корхонасида ҳам замонавий корпоратив бошқарув тизимини яратиш, жаҳоннинг илғор технологияларини жалб этиш ва рақобатбардош кадрлар билан таъминлаш масаласида иш олиб борилмоқда. Юқоридаги Президент қарори эса бу йўлда корхона мутахассислари ва ҳамкорларига дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳар қандай корхонага хорижий инвестицияларни жалб этиш ва халқаро ҳамкорларнинг ишончини оширишда кредит рейтингининг аҳамияти катта. Бу рейтинг корхонага бўлган ишончнинг қанчалик хавфсиз эканлигини тушунишга ёрдам берадиган кўрсаткичдир. Уни белгилашда нафақат ташкилотнинг жорий молиявий ҳолати, капитал миқдори ва қарз миқдори, балки бутун олдинги тарихи ҳам ҳисобга олинади. Асосий вазифа – потенциал инвесторларни объектив маълумот билан таъминлаш. Бошқача қилиб айтганда, кредит рейтинги компания обрўсининг бир тури ҳисобланади.
Шу маънода «Навоийуран» ДКнинг халқаро кредит рейтингларини қўлга киритиши муҳим аҳамият касб этади.
Корхона трансформацияси натижасида икки нуфузли халқаро кредит рейтинг агентликлари «Навоийуран» ДКнинг биринчи халқаро кредит рейтингини Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтинги, яъни BB-/Stable (барқарор) даражасида эканлигини тасдиқлади. Жумладан, Standard & Poor’s Global Ratings агентлиги «Навоийуран» ДКнинг узоқ муддатли дефолт рейтинги (LTIDR) BB-/барқарор (Stable) ва автоном кредит профили (SCP) bb- эканлигини белгилаб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги йирик саноат давлат корхоналари ичида иккинчи ўринни эгаллаганлиги тасдиқланди.
Шу мақсадда «Навоийуран» ДК 2022-2023 йиллар учун Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (IFRS) талаблари асосида биринчи бор тайёрланган молиявий ҳисоботларига Deloitte халқаро аудиторлик ташкилотидан ижобий аудиторлик хулосасини қўлга киритди.
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини (IFRS) жорий этиш натижасида «Навоийуран» ДКнинг активлари қиймати 9,8 трлн. сўм ва соф активларининг қиймати 7,9 трлн. сўм миқдорида баҳоланишига эришилди.
Шунингдек, Standard & Poor’s Global Ratings халқаро рейтинг агентлиги ва Deloitte халқаро аудиторлик ташкилоти «Навоийуран» ДКнинг EBITDA кўрсаткичилари 2023 йил учун 370 млн. АҚШ доллари (маржаси 65,3%) бўлганлиги ва 2024 йилги прогноз кутилмалари 660 млн. АҚШ доллари (маржаси 80%) эканлиги тасдиқланди.
Хусусан, Standard & Poor’s Global Ratings ва бошқа халқаро рейтинг агентликлари томонидан «Навоийуран» ДК жаҳонда уран ишлаб чиқариш бўйича 5-ўриндалиги ҳамда ишлаб чиқариш харажатлари бўйича бошқа уран ишлаб чиқарувчи нуфузли хорижий компанияларга нисбатан паст эканлигини тасдиқладилар.
Корхонанинг халқаро кредит рейтингларини олиш мақсадида амалдаги захираларни SRK Consulting компанияси билан корхона балансидаги 17 та муҳим конлар JORC стандартларига мувофиқ баҳолаш ишлари якунига етди ва конлардаги уран захиралари 71 минг тонна этиб баҳоланганлиги тўғрисида ҳисобот тақдим этилди.
Хасан ҲАЙДАРОВ, «Навоийуран» ДК Бош директорининг трансформация
ва рақамлаштириш бўйича ўринбосари
Fikr bildirish