Янгиланган Конституциямизнинг 1-моддасида Ўзбекистон ижтимоий давлат эканлиги белгилаб қўйилди. Бугунги кунда ушбу конституциявий нормадан келиб чиқиб қабул қилинаётган қарорлар, қонуности ҳужжатлари юртимизда инсон манфаатлари ва қадрини янада юксалтириш учун хизмат қилади. Президентимиз ташаббуси билан «Инсон қадри учун» деган бош тамойил асосида мамлакатимизда инсон ва унинг қадрини улуғлаш, меҳнатини қадрлаш, турмуш фаровонлигини янада ошириш йўналишларида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
«Навоийуран» давлат корхонаси 2022 йил январь ойида «Навоий КМК» давлат корхонасини ислоҳ қилиш натижасида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда ишлаб чиқарган маҳсулоти тўлиқ экспортга йўналтирилган кам сонли корхоналардан биридир. Ушбу корхонадаги 9 минг 300 дан ортиқ ишчи-ходим аҳил жамоа сифатида корхона олдига қўйилган мақсадларга эришиш учун бир тану бир жон бўлиб хизмат қилмоқда.
Асосий мақсади ишчи-ходимларнинг касбий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий, экологик, интеллектуал ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат бўлган 6-сонли Бирлашган касаба уюшмаси Қўмитаси ўз фаолиятини ижтимоий шериклик тамойиллари асосида ташкил этиб келмоқда. Иш берувчи ҳамда касаба уюшмаси ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асослари корхона ташкил топганидан сўнг қабул қилинган Жамоа шартномасида ўз аксини топган. Қолаверса, мазкур ҳужжатда ишчи-ходимларнинг меҳнат қилишлари ва унга муносиб ҳақ тўланиши, дам олишлари ва саломатлигини тиклашлари билан боғлиқ бир қанча ижтимоий ҳимоя кафолатлари белгилаб олинди.
Корхонамизда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси алоҳида эътибор қаратилаётган йўналишлардан биридир. Чунки ишлаб чиқариш жараёнларининг асосий қисми очиқ майдонларда, мураккаб технологик қурилма ва ускуналарда олиб борилишини инобатга олсак, инсонларнинг хавфсиз меҳнат шароитларида фаолият олиб бориши ва оилалари бағрига эсон-омон қайтишлари биз учун жуда муҳимдир.
Бу борада ишчи-ходимларнинг малакасини ошириш ва уларнинг ўз устида ишлашлари учун кенг имкониятлар яратилган. Жумладан, бўлинмаларда 300 дан ортиқ ишчи-ходимларимиз меҳнат муҳофазаси бўйича жамоатчилик вакиллари сифатида сайланиб, махсус ўқув-курсларини тугатишди.
Ҳар йили муҳандис-техник ходимлар ўртасида «Ишнинг энг яхши ташкилотчиси, қонун ва қоидалар билимдони» танлови, меҳнат муҳофазаси бўйича жамоатчилик вакиллари ўртасида эса «Йилнинг энг яхши меҳнат муҳофазаси вакили» танлови, ёш мутахассислар ўртасида «Йилнинг энг ёш мутахассиси» кўрик-танловлари ташкил этиб келинмоқда. Шунингдек, 2024 йилда бурғилаш бригадалари ўртасида танловлар ташкил этилиб, энг юқори кўрсаткичга эришган бригадаларга эсдалик совғалари топширилди. Бундай танловлар ишчи-ходимларда ўз касбидан қониқиш, фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотишга хизмат қилади.
Технологик жараёнлардаги хавф-хатарлар, ишчи-ходимларга таъсир қилиши мумкин бўлган хавфли ва зарарли омилларни инобатга олган ҳолда ишчиларга махсус кийим, пойафзал ва бошқа турдаги ҳимоя воситалари ажратилмоқда. Ишлаб чиқаришда банд бўлган ишчиларимиз учун сифатли даволаш профилактика овқатлари тақдим этилиши уларнинг смена давомида тетик бўлишлари, берилган режа-топшириқларни бекам-кўст бажаришлари учун имконият яратади.
Бўлинмалардаги санитария ҳолати эса жойлардаги жамоатчилик назорати комиссиялари томонидан доимий равишда ўрганиб борилмоқда. Аниқланган камчиликлар мутасаддилар томонидан бартараф этилмоқда. Жумладан, бўлинмалар ошхоналаридаги идиш-товоқлар тўлиқ янгиланди, совутиш, овқат тайёрлаш ускуналари харид қилинмоқда. Дала майдонларидаги 82 дона маиший вагонлар тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилиши, 18 дона вагон барча қулайликлари билан харид қилиниши бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Ишчи-ходимлар учун меҳнат шароитларини яратишда касаба уюшмаси ҳам фаол иштирок этиб келяпти. Жумладан, 2022-2024 йиллар давомида дала майдонларида жойлашган иш ўринлари учун қарийб 700 млн. сўмлик микротўлқинли печ, термопот, музлаткич, электр печлари, кондиционерлардан иборат маиший техника тўпламлари харид қилинди ва ўрнатилди.
Даврбек ТЕМИРОВ, 6-сон бирлашган касаба уюшмаси Қўмитаси раиси
Fikr bildirish