«Навоийуран» давлат корхонасида транспорт масаласи муҳим ўрин тутади. Юк ташиш, ишчи-ходимларни манзилларга олиб бориш ва олиб келиш, кимёвий элементларни ташиш ҳамда геотехнологик конлардан қазиб олинадиган маҳсулдор эритмаларни цех ва заводларга етказишда автомобиль ва темир йўл транспортининг ҳиссаси беқиёс. Шу боис, транспорт тизимининг иқтисодий самарадорлигини ошириш ва уни тараққий эттириш корхона раҳбарияти олдидаги муҳим вазифалардан биридир. 2024 йил давомида корхонада транспорт йўналишида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди, белгиланган кўрсаткич ва вазифалар юқори даражада бажарилди.
Бугунги кунда «Навоийуран» давлат корхонаси бўлинмалари таркибида 1 та автобаза, 12 та транспорт ва 3 та темир йўл участкаси мавжуд бўлиб, уларнинг балансида 933 та автотранспорт воситалари, 535 та йўл-қурилиш техника ва механизмлари, 239 та тиркама ва ярим тиркамалар, 5 та тепловоз ва 407 та кимёвий реагент ташишга мўлжалланган вагон-цистерналар бор.
2024 йил учун мўлжалланган инвестицион лойиҳалар доирасида йил давомида корхона бўлинмалари балансига жами 142 та транспорт воситаси ва механизмлар, 100 та сульфат кислотаси ташишга мўлжалланган вагон-цистерналар харид қилиниб, фойдаланишга топширилди.
Корхона бўлинмаларида 2024 йил 9 ой давомида 720 949,4 тонна сульфат кислотаси автомобиль транспортида уран қазиб олиш ҳудудларига етказиб берилиб, белгиланган режа 101,1 фоизга бажарилди.
Ортиқча сарф-харажатларнинг олдини олиш ва тежамкорлик бугунги куннинг муҳим талаби ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда корхонада транспорт воситаларидан оқилона фойдаланиш тақозо этилади. Шу мақсадда транспорт соҳасида ишлаб чиқариш таннархини камайтириш ва ёқилғи-мойлаш материалларидан унумли фойдаланишга йўналтирилган 2024 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, шу асосда ишлар ташкиллаштирилди. Корхона транспорт бўлими мутахассислари томонидан таркибий бўлинмаларнинг эҳтиёжи учун ёқилғи маҳсулотларининг сарфи бўйича тасдиқланган кунлик лимитга амал қилиниши доимий таҳлил қилиб борилмоқда. Таҳлил натижаларига кўра 2024 йил 9 ой давомида таркибий бўлинмалар томонидан ажратилган лимитга нисбатан жами 313,7 тонна дизель ёқилғиси, 10,8 тонна автобензин иқтисод қилишга эришилди.
Бугунги кунда табиатни муҳофаза қилиш ва атроф-муҳитга зарарли чиқиндиларнинг чиқишини олдини олиш мақсадида барча соҳаларда «яшил иқтисодиёт»га ўтишни жадаллаштириш, электр транспорт воситаларидан фойдаланишни оммалаштириш ва қувватлаш станциялари тармоғини яратиш йўлга қўйилмоқда. Бу борада корхонада 15 та янги, замонавий электромобиль ҳамда гибрид автомобиллар харид қилинди ва 2 та қувватлаш станцияси ўрнатилди.
Шунингдек, транспорт воситаларининг ёқилғи сарф меъёрларини кузатиш ва назорат қилиш мақсадида ушбу тизимни ўрнатишга ваколатли бўлган махсус лицензияга эга ташкилот билан шартнома тузилиб, 33 турдаги янги харид қилинган транспорт воситаларига ёқилғи сарф меъёрларини кузатиш тизими ўрнатилди.
Белгиланган режа-топшириқларнинг ўз вақтида сифатли бажарилишини таъминлаш ва транспорт воситаларини техник соз ҳолатда сақлаш мақсадида бўлинмаларнинг транспорт участкаларида доимий равишда белгиланган жадвал асосида жорий таъмирлаш ҳамда техник хизмат кўрсатиш ишлари ташкил этиб келинмоқда. 11 та махсус техник хизмат кўрсатиш марказлари расмий дилерлари билан тузилган шартномалар асосида корхонага қарашли жами 194 та технологик юк ташишга мўлжалланган, махсус юк кўтарувчи ва енгил автотранспорт воситалари ва йўл-қурилиш механизмларига таъмирлаш хизматлари кўрсатилган. Натижада корхонадаги технологик транспорт воситаларининг ўртача техник тайёргарлик коэффициенти 0,9 гача, ишга чиқиш коэффициенти эса 0,82 гача кўтарилишига эришилди.
Темир йўл транспорти мамлакат иқтисодиётида етакчи ўринни эгаллайди. «Навоийуран» давлат корхонаси ҳам ўз фаолияти давомида зарур бўладиган маҳсулотлар, хусусан, кимёвий моддалар ва бошқа халқ хўжалиги товарларининг катта қисмини ташишни темир йўл участкаси орқали амалга оширади. Корхонада жами 19 км темир йўл мавжуд бўлиб, мунтазам равишда жорий таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, 2024 йил 9 ой давомида 5 дона стрелкали ўтказгичлар бруслари билан янгисига алмаштирилди.
Корхонанинг вагон паркидаги 152 та кимёвий реагентлар ташиш учун мўлжалланган вагон-цистерналар жорий ва капитал таъмирдан ўтказилди. Шунингдек, тепловозлар ҳам муҳандисларнинг доимий назорати остида. Корхона бўлинмаларига қарашли технологик ички идоравий, кон ички автойўллар ҳолати мунтазам равишда ўрганилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилмоқда.
Жумладан, 2024 йил январь-сентябр ойи давомида «Зафаробод» кон бошқармасига қарашли геотехнологик конларида йўл қурилиш ишлари ва шағаллаштириш ишлари бажарилди. Шунингдек, 1-сонли Геотехнологик конида «Аулбек» участкасининг ҳудудида 5 км ички йўлларда таъмирлаш, «Кўҳнур» участкасида 4 км йўлда қурилиш ва 18 км йўлда таъмирлаш, текислаш ишлари олиб борилди. 2-сонли Геотехнологик кони маҳаллий сорбцион участкаларининг ички йўлларида 21 км масофага таъмирлаш ва текислаш ишлари бажарилди. 3-сонли Геотехнологик кони «Жингелди» участкасида 5-МСУда 6 км, 3-МСУда 1 км , 1-МСУда 300 м, кислота тўкиш майдонида 700 м, 1-ЛСУда 9 км, «Териқудуқ» участкасида 1 км – жами 18 км йўл-қурилиш ишлари ва 47 км ички йўлларда таъмирлаш, текислаш ишлари бажарилиб, фойдаланишга топширилди. 4-сонли Геотехнологик кони «Актау» участкаси 4 ва 5-МСУнинг ички йўлларида 1800 м йўл қурилиши ишлари бажарилди.
Корхона транспортчилари ишлаб чиқаришдаги асосий вазифасидан ташқари ёзги мавсумда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари билан биргаликда болаларни ёзги оромгоҳларга 4 мавсум давомида олиб бориш ва олиб келиш ишларида ҳам фаол иштирок этишади. Хусусан, 2024 йил ёзги соғломлаштириш мавсумида 3000 нафардан ортиқ болаларни «Сармиш» (Навбаҳор), «Сўғдиёна» (Каттақўрғон), «Зарафшон» (Зарафшон), «Болажон» (Пахтачи), «Паҳлавон» (Бўстонлиқ), «Геолог» (Бўстонлиқ) ва «Келажак» (Ургут) соғломлаштириш оромгоҳларига ҳаракат ва техника хавфсизлиги ҳамда меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя қилган ҳолда транспорт воситалари ва темир йўл транспортида ташиш таъминланди.
Хуршиджон ПИРНАЗАРОВ, «Навоийуран» ДКнинг Транспорт бўйича директори
Fikr bildirish