Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардан кўзланган мақсад-муддао – энг аввало, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга қаратилгандир. Аммо, бу борада жуда кўп ишлар қилинишига қарамай, айрим масалалар ҳали назарий жиҳатдан ўз ечимини кутмоқда. Масалан, улардан бири – инсонларнинг ҳаёт даражаси ва сифати тушунчаларининг назарий жиҳатдан асосланган таърифи, уларни ифодаловчи кўрсаткичлар тизимини ишлаб чиқиш ҳисобланади. Ушбу масала иқтисодий адабиётларда жуда кам ёритилган.
Бир гуруҳ олимлар томонидан нашр қилинган «Большая экономическая энциклопедия»да аҳолининг ҳаёт даражаси сифати қуйидаги тушунчалардан иборат, дейилади: яъни, «одам сифати», «меҳнат сифати», «ишлаб чиқариш сифати», «технология сифати», «таълим сифати», «маданият сифати», «илм-фан сифати», «бошқариш сифати», «ижтимоий ва иқтисодий тизим сифати», «яшаш сифати». Ушбу тушунчаларга кўра, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифати жуда кўп тушунчалар мажмуасидан иборат эканлиги қайд этилади. Уларнинг назарий ва амалий жиҳатдан таҳлил қилиниши жуда кенг қамровли бўлгани учун аҳоли ҳаёт даражаси, сифатини ифодаловчи кўрсаткичларнинг фақат ижтимоий-иқтисодий жиҳатлари кўриб чиқилади, холос
Ҳақиқатан ҳам, ҳаёт даражаси ва сифатини ифодаловчи кўрсаткичлар тизимига жуда кўп омиллар киради. Уларни тизимлаштириш учун ушбу кўрсаткичларни бир қанча белгилари бўйича таснифлаш таклиф этилган бўлиб, уларга қуйидагилар киритилган:
● яшаш учун атроф-муҳит ва экологик вазият қулайлиги;
● эҳтиёжларнинг иқтисодий жиҳатдан қондирилиши;
● эҳтиёжнинг сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатдан қондирилиши;
● ҳар бир шахснинг фуқаролик позицияси, сўз эркинлиги;
● маънавий эҳтиёжлар қондирилиши ва камолотга етишиш учун шарт-шароитлар яратилганлиги.
Кўриниб турибдики, ушбу кўрсаткичлар жуда кўп белгилари бўйича таснифланар экан. Шу туфайли, олимларимиз ушбу тизимдан фақат битта йўналиш бўйича, яъни аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан баҳолаш масалаларига эътибор қаратганлар холос. Чунки, ушбу категорияни амалий жиҳатдан тўлиқ ифодалаш ўта мураккаб жараён. Эҳтимол, ушбу категорияни ифодаловчи кўрсаткичларнинг назарий ва амалий масалалари иқтисодий адабиётларда деярли берилмаганлиги сабаби ҳам, балки шундадир.
М. Пардаев ва М. Мамаюнусовалар аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ифодалаш учун юқорида таъкидланганидек, қуйидаги кўрсаткичлар тизимидан фойдаланиш лозимлигини қайд этади:
● товар ва хизматлар бўйича аҳоли эҳтиёжлари қондирилиши;
● меҳнат фаолиятидаги хавфсизлик даражаси;
● аҳолининг реал даромадлари ўсиш даражаси;
● аҳолининг экологик тоза маҳсулотларни истеъмол қилиши;
● маданий-маиший дам олиши;
● касбни эркин танлаш ва маълумот олиш имконияти;
● соғлиқни сақлаш шароити яратилганлиги;
● коммунал хизматларнинг сифат даражаси.
Қайд этиш жоиз, иқтисодиётда ҳар бир кўрсаткич рақамларда ифодаланса мақсадга мувофиқ бўлади. Аммо, юқоридаги муаллифлар таъкидлашича, ушбу кўрсаткичларни рақамларда ифодалаш мураккаб жараён. Ушбу кўрсаткичларнинг айримлари бўйича иқтисодиётнинг бирорта даражасида ҳисоб-китоб олиб борилмайди ва тегишли тарзда ҳисобот юритилмайди. Шу туфайли, уларни махсус ижтимоий тадқиқотлар натижасида аниқлаш мумкинлиги кўрсатилган.
Биз, юқоридаги муаллифлар фикрига қўшилган ҳолда ушбу кўрсаткичлар тизимига яна қуйидагиларни қўшишни ўринли, деб ҳисоблаймиз. Яъни, аҳолининг иқтисодий хавфсизлигининг таъминланганлик даражасини ифодаловчи кўрсаткични қўшиш муҳим кўрсаткичлар сирасига киради, унинг таркибий қисми бўлган иқтисодий хавфсизлик масаласи ҳам ўта муҳимдир. Юқорида келтирилган меҳнат фаолиятида (ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, иш бажариш) хавфсизликнинг таъминланганлик даражаси иқтисодий хавфсизликнинг бир йўналиши ҳисобланади.
Шунингдек, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ифодалаш учун яна аҳоли фаол қисмининг бандлик даражасини ифодаловчи кўрсаткични қўшиш лозим. Чунки, аҳолининг фаровонлиги, яшаш даражаси ва сифати бевосита унинг бандлиги билан белгиланади. Ушбу кўрсаткичнинг кўрсаткичлар тизимига киритилишини ўринли, деб ҳисоблаймиз. Энди, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ифодаловчи ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар сони жами 10 тани ташкил этади.
Ушбу рақамлар жамламаси аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини тўлиқ баҳолайди. Аммо, улар билан яхлит хулосага келиш бироз қийинчилик туғдиради. Бу эса, комплекс кўрсаткични ҳам аниқлашни тақозо қилади. Комплекс кўрсаткич кўрсаткичлар тизим қандайлигидан қатъий назар битта кўрсаткич даражасига келтирилади. Бу амалиёт учун ўта муҳимдир.
Комплекс кўрсаткични аниқлаш учун барча кўрсаткичлар бир хил ўлчамга ва йўналишга келтирилиб олинади. Аммо ҳозирги тавсия қилинаётган кўрсаткичлар турли ўлчам ва йўналишларга эга. Улар асосида комплекс кўрсаткични аниқлаш учун уларни бир хил ўлчамга ва йўналишга келтириб оламиз. Сўнгра, комплекс кўрсаткични аниқлаш мумкин бўлади. Бунда, юқорида номлари қайд этилган олимларимиз ишлаб чиққан қуйидаги формуладан фойдаланишни тавсия қиламиз:
n
Ҳс = ∑ Ҳдсi
i=1
Бунда:
Ҳс – ҳаёт даражаси ва сифатини ифодаловчи комплекс кўрсаткич;
Ҳдсi – ҳаёт даражаси ва сифатини ифодаловчи алоҳида кўрсаткичларнинг таққосланадиган (бир хил ўлчамга ва йўналишга келтирилган) миқдори;
I – ҳаёт даражаси ва сифатини ифодаловчи алоҳида таққосланадиган кўрсаткичларнинг тартиб рақами;
п – ҳаёт даражаси ва сифатини ифодаловчи кўрсаткичларнинг умумий сони.
Мазкур формуладан фойдаланиб аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ифодаловчи ижтимоий-иқтисодий йўналишга эга бўлган кўрсаткичларни аниқлаш ва уларни ўтган давр ва бошқа ҳудуд маълумотлари билан тақослаш имкони яратилади. Бунга амалий маълумотларни қўллаб ечадиган бўлсак, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифати бўйича тегишли хулосалар чиқариш ва бошқарув қарорларини қабул қилиш мумкин бўлади.
Юқоридаги муаллифлар эътирофича ва бизнинг тадқиқотларимиз натижасида мазкур усулдан кўпинча илмий ходимлар билан бирга ҳокимият мутахассислари фойдаланишлари ҳам мумкинлиги асосланди. Чунки, вилоят аҳолисининг ҳаёт даражасини аниқлаб республикадаги эгаллаган рейтингига баҳо бериш мумкин. Мос равишда ҳар бир туман ҳокимлигига туман аҳолисининг яшаш даражаси ва ҳаёт сифатини аниқлаб, вилоятнинг ўртача ва бошқа туманларнинг ҳақиқий кўрсаткичлари билан таққослаш имконияти туғилади ва ушбу кўрсаткич орқали туманнинг қандай аҳволда эканлигига баҳо бериш мумкин.
Юқорида қайд қилинган ушбу тавсияларимиз амалиётда қўлланилса, ҳар бир ҳудуд раҳбарлари ўзларидаги аҳволга реал баҳо бера олиши ва натижаси бўйича тегишли бошқарув қарорларини қабул қилиши мумкин. Айниқса, ушбу кўрсаткичларнинг ўзгариш динамикасида узоқ муддатга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқишда нималарга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги яққол кўриниб туради. Шу жиҳатдан мазкур иш нафақат назарий, балки муҳим амалий аҳамиятга ҳам эга.
Зокир АРТИКОВ,
мустақил тадқиқотчи