Бугунги кунда турли минтақалар ва давлатларда халқаро туристик оқимлар нотекис кўринишга эга эканлигини кузатиш мумкин. Туристик оқимлар ер шарининг бир неча минтақаларида мужассамлаштирилган бўлиб, улар асосан минтақалараро характер ва кайфиятни намоён этади. Масалан, бу борада қуйидаги нисбатлар кузатилмоқда: яъни, оммавий ёки гуруҳли туристлар чет элга саёҳат қилувчилар умумий сонининг 70–80 фоизини ташкил этаётган бўлса, қолган 20–30 фоизи эса яқин давлатларга саёҳат қилувчи индивидуал туристлардан иборат бўлмоқда.
Рекреацион фаолият тури ва рекреацион тизимнинг амалга оширувчи функциялари, одатда, санаторий-курорт ва даволаш муассасалари, турли туристик ташкилотлар ҳамда фитнес-клублар, шунингдек, корхоналарда хордиқ олиш учун махсус жиҳозланган хоналар (руҳий зўриқишни камайтириш кабилар) тушунилади. Кўрсатиб ўтилган муассасалар мажмуаси рекреацион муҳитни ташкил этиб, нафақат институт ва муассасалар мажмуаси, балки унинг ижтимоий функциясини намоён этувчи қадриятлар ва воситаларнинг бутун бир тўплами назарда тутилади. Етарли даражада режалаштириш ва бошқаришнинг мавжуд эмаслиги туфайли рекреацион фаолиятни ривожлантириш табиий муҳитнинг бузилишига ва даромадларнинг кескин камайишига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, ҳудудий ташкил этишнинг экологик жиҳатдан асосланган режаларини ишлаб чиқишни тақозо этмоқда.
Маълумки, санаторий-рекреацион ҳудудларни бошқариш масалаларига мажмуали тарзда ёндашилгандагина мақом бериш масаласида муҳим ҳисобланган экологик вазиятни мувозанатга келтириш ва яхшилаш имкони туғилади. Бу эса, санаторий-курорт ҳудудлари, агросаноат ва рекреацион мажмуалар ўртасидаги ўзаро муносабатларни назорат қилиш, динамик тарзда ривожланаётган мувозанатлашган тизимни яратиш, катта ландшафт-иқлимий ва рекреацион салоҳиятга эга бўлган, ҳали қўшилмаган ҳудудларни жалб қилиш ҳисобига рекреация фаолиятини сезиларли даражада кенгайтиришни юзага келтиради.
Ҳудудларда яратиладиган рекреацион мажмуалар йирик хўжалик тармоқларининг бўғинлари сифатида намоён бўлиб, улар ҳокимият органларининг эътиборини рекреацион индустрияни ривожлантиришга, объектларни ҳудуднинг ихтисослашувига мос равишда жойлаштириш ва ечим топишга қаратади. Табиий рекреацион ресурсларни ўзлаштириш, инфратизимни ривожлантириш, рекреацион маҳсулотни қайта ишлаш каби ҳудудлар учун долзарб вазифалар ечими давлат даражасидаги масала ҳисобланади. Маълум ҳудуднинг рекреацион мажмуасини яратишнинг муҳим асосларига табиий-иқлим шароитларининг ўрганилганлиги ва рекреацион амалиётнинг мавжуд анъаналари киради.
Рекреацион хизматларга аҳолининг меҳнат қобилияти ва соғлиғини тиклаш, дам олиш жараёнига бевосита алоқадорлик, истеъмолчи-рекреантларга ишлаб чиқарувчилар кўрсатадиган хизматларни тақдим этишнинг мажмуали тизими сифатида таъриф бериш мумкин. Бунда рекреацион хизматларнинг ишлаб чиқувчилари сифатида санаторий-курорт соҳасининг ихтисослашган корхоналари хизмат қилади: санаторийлар, пансионатлар, дам олиш уйлари, туристик базалар ва бошқалар. Шу нуқтаи назардан рекреацион хизматлар туристик хизматларнинг бир кўриниши сифатида намоён бўлади.
Туристик-рекреацион хизматлар мураккаб таркибли элемент ва сифатий тавсифларга эга рекреацион хўжалик, ҳудуднинг ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш объектлари мажмуасини ташкил этади. Ушбу хизматлар асосини санаторий-курортлар, муассаса-санаторийлар, пансионатлар, дам олиш уйлари, болаларни соғломлаштириш муассасалари, дам олиш базалари, шунингдек, тадбиркорлик мақсадларидаги туристик-спорт, туристик-экскурсион, ихтисослашган ва бошқа шахсий меҳмонхоналар ташкил этади.
Ўзбекистон табиати бой ва ранг-баранг бўлиб, мамлакатнинг турли ҳудудларида 200 дан ортиқ шифобахш ерости минерал сувлари ҳамда балчиқ манбалари аниқланган. Ушбу ерости сувлари кимёвий таркиби, тиббий-биологик ва бошқа хусусиятларига кўра турли-туман бўлиб, улар асосида физиотерапевтик шифохоналар, санаторий-курортлар ва бошқа соғломлаштириш муассасалари ташкил этилган. Масалан, Зомин, Чимён, Оқтош, Чортоқ, Ситораи Моҳи Хоса, Турон, Чинобод кабиларни қайд этиш мумкин. Ҳозирги пайтда республикамизда 56348 тадан зиёд ўринга мўлжалланган жойлар бўйича номер фондига эга бўлган махсус санаторий, профилакторий ва дам олиш уйлари фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистонда нафақат йилнинг иссиқ вақтларида, шунингдек, қиш ва куз мавсумида ҳам фаол дам олишни ташкил этиш мумкин. Чимёндаги қишки спорт-дам олиш мажмуаси бунинг ёрқин далилидир. Яъни, Белдирсой оромгоҳида 1800–2000 м баландликда куздан кеч баҳоргача қор спорти билан шуғулланса бўлади. Худди шундай спорт оромгоҳларини Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида ҳам ташкил қилиш учун барча табиий шарт-шароитлар мавжуд.
Ўзбекистонда туристик-рекреацион хизматлар бозори ривожланишида санаторий-курорт ва дам олиш масканларида сезиларли даражада ҳудудий бирликлар концентрацияси ва таклифининг дифференциацияси мавжудлигини кўрсатмоқда. Рекреацион туризмнинг таркибий қисми бўлган санаторий-курорт ва дам олиш масканлари ривожланишининг ҳозирги ҳолати бўйича ҳар бир вилоятнинг ўзига хос хусусиятлари фарқланади.
Ўзбекистон ҳудудларидаги санаторий-курорт муассасалари фаолиятининг аҳолига кўрсатаётган хизматларини қуйидаги гуруҳларга бирлаштириш натижасида ҳудудий бирликлар концентрацияси ва таклифининг дифференциацияси қай даражада эканлигини аниқлаш мумкин.Бунда ўта ривожланган вилоятлар қаторига Тошкент, Фарғона, Наманган, Тошкент шаҳри киради. Ривожланган вилоятлар қаторига Жиззах, Самарқанд вилоятлари, ўртача ривожланган вилоятларга Қашқадарё, Навоий, Сурхондарё вилоятлари ва кам ривожланган вилоятлар қаторига эса, Бухоро, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Хоразм, Сирдарё вилоятлари киради.
Ўзбекистон ҳудудларидаги санаторий-курортларда даволаниш хизматларининг яхши йўлга қўйилиши асосан ҳудудий бирликлар концентрациясида туризм соҳаси ривожланган шаҳарларга тўғри келмоқда. Таклифнинг дифференциацияси нисбатан кам ривожланган вилоятлар қатори Бухоро, Хоразм каби тарихий шаҳарларга ҳам тўғри келаётгани, Навоий ва Сирдарё вилоятларида эса талаб тўла қондирилмай қолаётгани кузатилмоқда. Демак, ҳудудларда жойлашган санаторий-курортларда даволаниш хизматларини кўрсатиш бўйича ҳудудий бирликлар концентрацияси нотекис ривожланмоқда. Шу билан бирга, санаторий-курорт муассасалари фондидаги ўринлар сони бўйича Тошкент, Наманган, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳри, муассасалар сони бўйича ҳам улар устунлик қилмоқда. Бунда Самарқанд вилояти эса бешинчи ўринни эгаллаб турибди.
Ўзбекистонда кам ривожланган вилоятлардан Навоийда бешта санаторий-курорт ташкилоти, Жиззахда – тўртта, Хоразмда – тўртта ва Бухорода – учта, Сирдарёда аттиги иккита санаторий-курорт ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда.
Санаторий-курортларда даволаниш ва дам олиш ташкилотлари хизматларига бўлган талаб ва таклифнинг дифференциацияси бўйича ҳудудий бирликларнинг концентрацияси юқори даражада эканлиги маълум бўлмоқда. Айниқса, бу Тошкент, Фарғона, Наманган, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси мисолида яққол кўринади, чунки, ушбу вилоятларда Ўзбекистондаги жами санаторий-курорт ташкилотларининг 57 фоизи жойлашган бўлиб, қолган тўққизта вилоятга 43 фоиз улуш тўғри келади. Дам олиш ташкилотлари ҳудудий бирликлар концентрациясининг юқори даражаси Тошкент шаҳри, Тошкент, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари ҳудудларида республикамиздаги жами дам олиш ташкилотларининг 70 фоизи жойлашган бўлиб, қолган 30 фоиз улуш 10 та вилоятга тўғри келмоқда.
Ўзбекистонда рекреация-соғломлаштириш объектлари етарли даражада бўлсада, аҳоли сони ортиб боришини ва келажакда хорижий давлат фуқароларининг дам олиш ва даволаниш мақсадларида келишларини ҳисобга олганда мавжуд объектлар барча рекреантлар талабини қондира олмаслиги маълум бўлмоқда. Жумладан, Сурхондарё, Навоий, Андижон, Бухоро, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида кўплаб санаторий, курорт, пансионат, болалар шифохоналарини бунёд этиш учун имкониятлар мавжудлиги аниқланди. Агар бу минтақаларда тегишли рекреация инфратузилмалари ташкил этилса, мамлакатимиз аҳолиси соғлигини тиклаш имкониятлари кенгайишига ва хорижий туристлар оқими ошишига хизмат қилади.
Мамлакатимиздаги санаторий ва соғломлаштириш ҳамда дам олиш масканларининг хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришда, турфирмаларнинг самарадорлигини ошириш учун зарур бўлган чора-тадбирларни қўллаш талаб этилади. Турфирмаларнинг йўлланмалари асосида чет элдан келадиган туристларга даволаш санаторияларида ва дам олиш жойларида қулайлик яратиш, уларни халқаро талабларга етказиш иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан ўз ечимини кутиб турган долзарб масалалар ҳисобланади. Ушбу масала ўзбекистонлик фуқаролар учун ҳам долзарб бўлиб, фуқароларимизнинг аксарият қисми мавжуд пансионат, санаторий ва соғломлаштириш масканлари хизматларидан деярли фойдаланмайди.
Бизнингча, ушбу масалаларни ҳал қилишда рекреацион туризм фаолиятида янги имтиёзлар тизими ишлаб чиқилса, халқимиз ва чет элликларнинг қизиқиши кучаяди, бу, ўз навбатида, мавжуд санаторий ва соғломлаштириш масканларидан самарали фойдаланишга ва натижада, туристик-рекреацион хизматлар соҳаси жадал ривожланишига олиб келади.
Зумрад УСМОНОВА,
мустақил тадқиқотчи