Иқтисодиёт тармоқларини мунтазам техник ва технологик жиҳатдан янгиланишини таъминлаш илм-фанга бўлган эътибор кучайтирилишини талаб қилади. Айнан иқтисодиётни сифат жиҳатдан янги таркибий тузилмасини шакллантириш, ҳудудларда комплекс тарздаги ўзгаришларни муваффақиятли амалга ошириш учун йўл-транспорт ҳамда коммуникация тармоқларини ривожлантириш зарур. Шу боис, республикамиз минтақаларида замонавий транспорт хизматлари кўрсатиш, иқтисодиётнинг барча тармоқларини модернизациялашга катта эътибор берилмоқда. Мазкур таркибий ўзгаришлар янги тижорат тузилмаларининг шаклланиши ва тадбиркорлик соҳаси ривожланиши, қўшни ва узоқ хорижий мамлакатлар билан хўжалик алоқалари интенсивлашуви, транспорт хизматлари бозорида терминаллар тизими ривожланиши, шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда юклар ташувини ташкил этиш, мазкур юк ташувчиларнинг маҳаллий субъектлар билан мувофиқлиги ва ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш талаблари ўсишида муҳим омил бўлмоқда. Бу эса, терминал технологияларига оид комплекс транспорт-экспедицион хизмат кўрсатиш тизимини ташкил этишни талаб этди.
Мамлакатимиз Биринчи Президентининг «2015–2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва ривожлантириш дастурининг асосий қоида ва йўналишларини сўзсиз бажариш бўйича бошланган ишларни 2016 йилда ҳам давом эттириш энг муҳим вазифамиздир» маърузаси ва 2013 йил 18 мартдаги «Жиззах» махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида»ги фармонига асосан ҳудудда юқори қўшилган қийматли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган замонавий, юксак технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш бўйича қулайликлар яратиш, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс тарзда самарали фойдаланиш асосида янги иш жойлари яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистонда ўзбек-хитой саноат паркини барпо этиш лойиҳасини ишга тушириш кўзда тутилган. Бунга мисол, умумий майдони 37 гектарни эгаллаган Сирдарё туманидаги «Пунг Шенг» корхонаси Ўзбекистонда хитойлик ишбилармонлар амалга оширган кўп тармоқли йирик лойиҳа бўлиб, у керамик қатламлар-кафель тайёрлашга маҳаллийлаштирилганлиги сабабли, ички бозорда мазкур маҳсулотнинг арзонлиги таъминланди. Шунингдек, ҳар бир ҳудудда комплекс тарзда фаолият кўрсатувчи транспорт – экспедицион тизимни яратиш долзарб вазифага айланган.
Ҳозирги кунга келиб, мамлакатнинг транспорт комплекси ривожланиши ташкилий, таркибий, технологик, илмий-техник, тижорат-ҳуқуқий жиҳатдан такомиллашишни, юқори сифатли транспорт хизмати кўрсатишни талаб қилмоқда. Юк ташишни такомиллаштиришда транспорт боғламалари, саралаш пунктлари, юк станциялари ишини яхшилаш, омборхоналар ва ускуналарни реконструкция қилиш, янги типдаги ҳаракатланувчи қисмларни жорий этиш, транспорт-экспедиция хизмати билан мижозларни янада кенгроқ қамраб олиш, замонавий, юқори даражада механизациялашган терминал комплексларини яратиш, интермодаль юк ташувини ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш, бошқарувнинг иқтисодий услубларини жорий этиш зарур.
Мамлакатимизда транспорт терминалларига бўлган муносабатлардаги энг муҳим аломат автомобиль транспорти билан ташиладиган кичик ҳажмдаги жўнатувлар салмоғи ортиши билан боғлиқ бўлди. Агар бу кўрсаткич 1981 йилда 1,5 фоизни ташкил этган бўлса, 1988 йилда 10,1 фоизни, 1992 йилда 15 фоизни, 2015 йилда эса 30 фоиздан ортди. Шу билан бир пайтнинг ўзида контейнерларда юк ташиш ҳажми уч баробардан зиёд ўсди. Бундай шароитда юкларни қайта ишловчи терминалларга бўлган талаблар ҳам кескин тарзда ўсди. Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда шаҳарлараро йўналишларда майда партияли юклар ва контейнерларни ташиш учун мавжуд базаларда мазкур талаблар 45 фоиз атрофида қондирилмоқда, холос.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 21 декабрдаги «2011–2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан давлат дастури қабул қилинган. Дастурда терминал ва омборхона комплекслари, контейнер элементлари, транспорт-тақсимлаш инфратузилмаси иншоотларини яратиш, кенгайтириш ва реконструкция қилиш назарда тутилади.
Дастурда бир қатор масалаларни ҳал этиш кўзда тутилган:
● барча турдаги транспорт йўналишлари бўйича юк оқимларидаги магистрал ташувни терминаллаштириш;
● иқтисодий ҳудудларнинг асосий транспорт боғламаларини техник жиҳатдан қайта ускуналаш;
● ҳудуд ичида терминал тизимларини вужудга келтириш;
● терминал ва омборхоналарда юкларни қайта ишловчи ва ахборот билан таъминловчи юқори самарали тизим яратиш.
Ушбу дастурнинг амалга оширилиши натижасида турли мақсадларга хизмат қилувчи 20 дан ортиқ терминал объектлари, шу жумладан, учта янги йирик автомобиль терминали, мультимодал терминаллар қурилиши ва реконструкцияси кўзда тутилган. Албатта, транспорт-логистика масала ечимини топувчи муҳим тизимдир. Уни ривожлантириш мақсадида мамлакатимизда бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, «Навоий шаҳар аэропорти базасида халқаро интермодаль логистика марказини ташкил этиш чоралари тўғрисида»ги ва «Ангрен логистика маркази ЁАЖни ташкил этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари асос бўлди.
Бугун мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилаш, иқтисодиётимизнинг сифат жиҳатдан янги, замонавий таркибий тузилмасини шакллантириш, ҳудудларимизни комплекс ривожлантиришда йўл-транспорт ва коммуникация тармоқларини самарали ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади. Транспорт-юк терминал комплексини ривожланаётган тизимлар қаторига киритишда нафақат тасарруф этилаётган транспорт-юк терминал комплекслари фаолиятининг ривожи, балки ривожланиш жараёнининг оптималлашуви ҳам кўзда тутилади. Ушбу муаммонинг ҳал этилиши кўпдан-кўп шарт-шароитлар ва чеклашлар билан боғлиқ бўлган кўп вариантли характерга эга. Транспорт-юк терминал комплекслари фаолиятларини лойиҳалаштириш, режалаштириш ва бошқаришда бир-бири билан ўзаро боғлиқ бўлган оптималлаштирувчи масалалар комплексини кўриб чиқиш керак бўлади.
Юзага келадиган вазият ташиш жараёнида муайян мукаммаллашувларни эмас, балки юклар ҳаракатланишидаги технологик жараёнларни, транспорт инфратузилмаси фаолиятини кескин ўзгартирувчи янги тизим шакллантирилишини талаб қилмоқда. Бу борада жаҳон тажрибасида кенг қўлланиладиган тамойиллардан бири – бу, терминал мажмуаларини йирик шаҳарлар агломерацияси атрофида ва шаҳарга туташ зоналарда қуриш ўзини ҳар тарафлама оқлайди.
Йирик шаҳарлар атрофига терминаллар қурилиши шаҳарга катта юк автомобиллари киришининг қисқариши ёки тақиқланиши ҳисобига йўл-транспорт ҳаракати тезлашишига; терминаллардаги майда жўнатмаларни йўналишлар бўйича гуруҳларга ажратиш, уларни юқори қувватли автомобилларда ташилиши ҳаракат самарадорлиги ва автомобилларнинг иш унумдорлиги оширилишига; двигателларнинг зарарли чиқиндилари камайиши экологик вазият яхшиланишига ва шаҳар ҳудудида юклар ташилишининг рационализациялашуви асосида ҳаракат хавфсизлиги оширилишига хизмат қилади.
Омборхона функциялари тўлиқ ёки қисман ён атрофдаги терминалларга ўтказилиши корхоналарнинг омборхона майдонидан фойдаланиши рационаллаштирилишига; терминалларнинг меҳмонхона, овқатланиш пункти, автотранспорт майдонлари, ҳаракатланувчи қисм ва контейнерларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаларининг яқин ерда жойлашиши ҳайдовчи ва хизмат кўрсатувчилар учун қулайлик яратишига; терминаллардан турли ташувларни амалга оширилиши темир йўл станциясидаги юклар тиғизлигини камайтиришга; бу эса, ўз навбатида, транспорт-экспедиция хизматлари бозори кенгайишини, халқаро йўналишларда юк ташиш ҳажми ортишини таъминлайди.
Терминал мажмуалари фаолияти тўғри ташкил қилиниши нафақат қайта ишланаётган юклар ҳажми ва ассортиментига, балки функционал имкониятлари кенгайишига, айниқса, таъминот-сотиш ва экспедиция хизматлари кўрсатилишини янада ортишига хизмат қилади.