Ҳеч биримизга сир эмаски, ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида озиқ-овқат таъминоти ўта долзарб масалалардан бирига айланган. Мана шундай бир вақтда ҳукуматимиз томонидан босқичма-босқич амалга оширилаётган аниқ чора-тадбирлар боис, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, уни саноат асосида қайта ишлаш, юқори сифатли замонавий истеъмол маҳсулотлари ҳажми ва турларини кенгайтириш борасида салмоқли натижаларга эришилмоқда.
Масалан, айтиш лозимки, аҳолини етарли миқдорда сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасида бир қатор қонунлар, фармон ва қарорлар, давлат дастурлари қабул қилиниб, уларнинг изчил ижроси таъминланмоқда. Бу борадаги ишлар Оролбўйи минтақаларида ҳам ўзининг кутилган самарали натижаларини бермоқда. Айни пайтда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Қорақалпоғистон Республикасида ҳам аҳоли эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун зарур истеъмол моллари ишлаб чиқариш масалаларига устувор аҳамият берилмоқда.
Озиқ-овқат саноатини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли, у сифат жиҳатидан бутунлай юқори босқичга кўтарилди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган «Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда «2012–2015 йилларда Республика озиқ-овқат саноатини бошқаришни ташкил этишни янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлар асосида Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган фоиз ставкаси бўйича маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарга озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда зарур бўлган технологик ускуналар, хомашё ва материаллар сотиб олиш учун махсус кредит линиялари очилди.
Шунингдек, 2019 йил 1 январга қадар республика ҳудудида ишлаб чиқарилмайдиган ёғ-мой, гўшт-сут, мева-сабзавот, узум ва кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш мақсадида олиб келинаётган технологик ускуналар ва эҳтиёт қисмлар, ёрдамчи материаллар ҳамда ингредиентлар божхона тўловидан (божхона йиғимидан ташқари) озод қилинди. Бу, ўз навбатида, соҳанинг янги босқичда тараққий этишига, хусусан, қишлоқ жойларда замонавий, юқори самарали техника ва технология асосида жиҳозланган, маҳаллий хомашёни қайта ишловчи ихчам корхоналарни барпо этишга замин яратмоқда. Мазкур жараёнда айтиш мумкинки, тизимда ички инвестициялардан ташқари, катта миқдорда хориж сармоялари ҳам жалб этилиб, йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Сўнгги йилларда чет эл сармоялари иштирокида замонавий ускуналар билан жиҳозланган кўплаб озиқ-овқат корхоналари ишга туширилди. Қўшма корхоналар самарали фаолият кўрсатаётганлиги сабабли, ички бозор зарурий маҳсулотлар билан таъминланиб, жаҳон бозорига ҳам маҳсулотлар чиқаришга эришилмоқда.
Масалан, 2015 йил якуни билан Қорақалпоғистон Республикаси бўйича аҳоли истеъмол моллари ишлаб чиқариш 781,3 млрд сўмни, шундан озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми 513,4 млрд сўмни ташкил этди. Кейинги уч йилнинг (2012–2015 йй.) ўзида аҳоли истеъмол моллари ишлаб чиқариш 50,4 фоизга, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми эса 66,2 фоизга ўсган. Жорий йилнинг олти ойида озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмига нисбатан жадал ривожланган.
Қувонарли жиҳати шундаки, 2010–2012 йилларда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми республика истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмида 51–53 фоизни ташкил этган бўлса, 2015–2016 йилларга келиб унинг ҳажми 63–66 фоизга етди.
Республикада озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, харидоргирлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида сўнгги беш йил ичида (2015 йилдан ташқари) жами истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш суръатларидан юқори бўлди. Ушбу даврда аҳоли истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг статистик ўртача йиллик ўсиш суръати 114,6 фоизни, озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича 118,5 фоизни ташкил этди.
Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси, Халқаро мева-сабзавот ярмаркаларининг ташкил этилиши, тармоқ ва ҳудудий инновацион кўргазмаларнинг йўлга қўйилаётгани ҳам соҳа ривожига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Сабаби, ушбу тадбирларда нафақат озиқ-овқат саноати корхоналари, балки, ташаббускор тадбиркор ва фермер хўжаликлари вакиллари ҳам қатнашиб, ички ва ташқи бозор конъюнктурасига тўлиқ мос келувчи юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи субъектларга айланмоқда. Қолаверса, ишлаб чиқариш кўлами кенгайиши ҳамда экспорт кўрсаткичлари йил сайин ортишида янги қувватларнинг ҳам ҳиссаси катта бўлмоқда.
Бундай ўзгаришларни иқтисодиётимизнинг муҳим таркибий қисми бўлган аграр соҳада ҳам кузатиш мумкин. Бунинг самараси ўлароқ, пахта, ғалла, пилла, мева-сабзавот, полиз, чорвачилик маҳсулотлари етиштириш салмоғи ва сифати йил сайин ортиб бормоқда. Зеро, озиқ-овқат саноати юқори сифатли маҳсулотларга бўлган талабни қондириш, ички бозор мувозанатини сақлаш, иқтисодиёт тармоқлари ривожланишига замин яратиш, ички захиралардан фойдаланиш ҳисобига ташқи бозордаги экспорт позицияларини кенгайтирмоқда. Шунингдек, ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, хомашё ва ресурслардан оқилона фойдаланиш асосида юқори қўшимча қийматга эга бўлган, юксак технологик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни таъминлайдиган истиқболли иқтисодиёт тармоқлари фаолияти ривожланмоқда.
Муҳими, ишлаб чиқарувчилар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, уларга яратилаётган кенг имтиёз ва преференциялар Қорақалпоғистон Республикасида ҳам озиқ-овқат саноатининг жадал суръатларда ривожланишига замин яратмоқда. Тармоқнинг техник ва технологик базасини янги даражага кўтариш, ишлаб чиқарувчиларни жаҳон бозори талаблари ва сифатига мос маҳсулот тайёрловчи ишлаб чиқариш воситалари билан таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ишлаб чиқариш корхоналарини замонавий тармоқ ва ускуналар билан такомиллаштириб бориш маҳсулотлар рақобатбардошлигини таъминлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам, ҳудудда кейинги йилларда бир қатор ёғ-мой ва донни қайта ишлаш корхоналарида модернизация ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Хусусан, «Турон-Хўжайли», «Ёғгар-Беруний» корхоналарида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, ёғ маҳсулотлари сифатини янада яхшилашга катта эътибор берилди. «Тахиатошдонмаҳсулотлари» корхонасида бир кеча-кундузда 250 тонна ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш ва кенгайтириш ишлари амалга оширилди. Нукус шаҳридаги «Жайхун браво инвест» МЧЖда йиллик қуввати 33 минг дал. салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчи саноат корхонаси фойдаланишга топширилди.
«Қорақалпоғистон Республикасини 2013–2016 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури»га мувофиқ, 2013–2015 йилларда 29,6 млрд сўм ва 15,1 млн долларга тенг бўлган инвестиция ўзлаштирилиб, 305 та янги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи лойиҳа ишга туширилди. Натижада, 2230 та янги иш ўрни яратилди. Жумладан, йирик корхоналар билан бир қаторда бозор конъюнктурасига тез мослашувчан, маҳаллий хомашёни қайта ишлашга мўлжалланган ихчам замонавий қувватларни ишга туширишга катта эътибор берилмоқда. Ҳудудий дастурлар асосида 2010–2015 йиллар давомида гўшт, сут ва мева-сабзавотни қайта ишлайдиган 50 дан зиёд лойиҳа амалга оширилди. Шунингдек, гўштни қайта ишлайдиган 18 та ва сутни қайта ишлашга мўлжалланган 23 та лойиҳа янгидан ташкил этилди. Мева-сабзавотни қайта ишлашга ихтисослашган саккизта лойиҳа фойдаланишга топширилди.
Дастур ижроси доирасида 2014–2016 йиллар давомида Амударё туманидаги «Манғит нодир моллари» жамияти, Хўжайли туманидаги «Хожели Бравери» корхонаси, Нукус шаҳридаги «Tabigy ishimlikler» МЧЖда миллий таомлар тайёрлаш учун ярим фабрикатлар, Хўжайли туманидаги «Хўжайли гўшт» жамиятида джем ва повидло, «Каракалпак деликатеси» МЧЖда гўшт-нон, дудланган товуқ, қази, колбаса каби озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилди. 2016 йилнинг 9 ойи давомида озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқарувчи корхоналарни ишга тушириш бўйича 80 та лойиҳа амалга оширилиб, 13,8 млрд сўм миқдоридаги инвестициялар ўзлаштирилди. Ҳудудда амалга оширилаётган ушбу тадбирлар натижасида ишлаб чиқариш диверсификациясига, маҳсулот ҳажмлари ортишига, ишлаб чиқариш номенклатураси кенгайишига имкон яратилди.
Жорий йил биринчи ярми якунларига кўра, аҳоли жон бошига истеъмол моллари ишлаб чиқариш Нукус шаҳри, Амударё, Беруний, Қўнғирот, Тўрткўл, Хўжайли ва Чимбой туманларида ўртача 400–500 минг сўмдан зиёдни ташкил этди.
Таъкидлаш керакки, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар самараси маҳсулот тури, сифати ва ҳажмининг ортишида яққол намоён бўлмоқда. Масалан, 2010–2012 йилларда озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳудудий чакана савдо ҳажмларидаги улуши 12–14 фоиз атрофида бўлган, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби асосан четдан келтириладиган маҳсулотлар ҳисобидан қондирилган бўлса, жорий даврга келиб бу кўрсаткич 20–22 фоизга етди.
Хориждан келтирилган замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган корхоналарда тайёрланаётган, сифат ва дизайнда уларникидан асло қолишмайдиган маҳсулотлар ички бозорлардан муносиб жой олиб, чет эллик харидорларнинг ҳам эътиборини тортмоқда. Экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, юқори технологияли муҳим қувватларни ишга тушириш каби истиқболли лойиҳаларга қаратилаётган алоҳида эътибор боис, Қорақалпоғистон Республикаси озиқ-овқат саноати маҳсулотлари экспорт ҳажми 2012 йилда 70,7 минг долларни ташкил этган бўлса, 2015 йил якунларига кўра 499,2 минг долларни ташкил этди. «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» ёрлиғи остида ташқи бозорга чиқарилаётган ҳар бир маҳсулот юртимиз обрў-эътиборини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Бу каби чора-тадбирлар иқтисодиётимизни юксалтириш, аҳоли бандлигини ошириш, саноат тармоқларини ривожлантиришни таъминлайди. Бу борада аниқ мақсадли ишлар бажарилаётгани озиқ-овқат саноати фаолиятида илм-фан ютуқларига асосланган илғор ва замонавий технологияларни жорий этиш имконини беради.
Баҳром ГУЛИМОВ,
иқтисод фанлари номзоди