Ҳурматли муштарий!
Биз, ҳар обуна йили бошидан ўз фаолиятимизни оммавий ахборот воситаларига бўлган эътибор ва ундан кутилаётган талабдан келиб чиққан ҳолда, зиммамизга юкланаётган масъулият қай даражада муҳим эканлигини унутмаган ҳолда режалаштириб оламиз. Бу, асосан нималарда ва қандай кўринишларда намоён бўлади?
Биринчидан, оммавий ахборот воситаларининг энг муҳим вазифаларидан бири – давр ва замон билан ҳамнафас бўлиш масаласидир.
Иккинчидан, ҳар бир ОАВси ўзининг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда, маълум бир йўналиш ва масалаларни ёритишни ўз олдига мақсад қилиб олади.
Учинчидан, нашрнинг ахборот бозоридаги ўрнини йўқотмаслиги ва аксинча, ушбу майдонни янада кенгайтириш учун ҳаракат қилиши табиий жараён ҳисобланади.
Тўртинчидан, унинг давр талаблари даражасида бўлиши, дунё ҳамжамияти эътиборини қозонган ОАВларининг илғор тажрибаларини ўзлаштириши, ўз фаолиятига татбиқ қилиши.
Бешинчидан, яратиб берилган шарт-шароит ва вазиятдан тўғри фойдаланиб, давлат ва жамият манфаатларини унутмаган ҳолда, журнал қиёфасини йўқотмаслик, мослашувчан ва принципиал бўлиш талаб қилинади.
Худди шу нуқтаи назарларни ҳисобга олган ҳолда журнал муассиси Иқтисодиёт вазирлиги кўмагига таянилиб, 2016 йил иш режасига қуйидаги масалалар киритилди:
- иқтисодиётимиз юқори суръатлар билан барқарор ўсиши учун мавжуд захиралар ҳамда имкониятлар сафарбар этилишини таъминловчи стратегияни давом эттириш;
- саноатнинг юқори технологияга асосланган муҳим замонавий объектлари ҳамда қувватларини ишга тушириш, инвестиция жараёнини такомиллаштириш;
- мамлакатда ишлаб чиқаришни техник ва технологик янгилаш ҳамда модернизация қилиш, жаҳон бозорига чиқишнинг муҳим омили ҳисобланган тўлақонли бозор муҳитини шакллантириш;
- ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада рағбатлантириш;
- ижтимоий соҳани ривожлантириш, иш ўринлари яратиш ва аҳолининг меҳнат билан банд бўлишини таъминлаш, уй-жой қурилиши ва аҳоли тураржойларини ободонлаштириш, таълим жараёни ва соғлиқни сақлаш соҳасини янада ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш;
- йил номи билан боғлиқ давлат дастурини амалга ошириш.
Таҳририят ижодий жамоаси танланган мавзулар ва белгилаб олинган стратегия бўйича ҳамкорлик ишларини йўлга қўяди, кўзда тутилаётган журнал сонларини умумий мақсаддан келиб чиқиб нашр қилади. Мазкур сонларни талаблар даражасида нашр этиш учун таҳририят жамоасида мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинади. Шу билан бирга, ҳар бир рубрика остида берилаётган материаллар савияси юқори даражада бўлиши учун, энг аввало, шу соҳада фаолият олиб бораётган таниқли олимлардан эсперт хулосалари олиниши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Бундан ташқари, иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларида фаолият юритаётган, илмий иш билан шуғулланаётган иқтидорли ёшлар ижодий фаолиятига хайрихоҳ бўлиш ва уларни қўллаб-қувватлаш ишлари мунтазам равишда амалга оширилишига эътибор қаратилади.Чунки, ёшларда тажриба кўникмалари нисбатан камроқ бўлишига қарамай, улардаги тезкорлик ҳамда журъат билан интилиш–янги ғоялар ва янги фикрлар туғилишининг асосий омиллари ҳисобланади. Демак, ўзаро яқиндан ҳамкорлик қилиш ижодий жамоага муҳим маълумотларга эга бўлиш имконини берса, ўз навбатида, ёшлар ҳам таҳририятдан амалий ёрдам олади.
Мавзулар бўйича ёритилган мақолаларнинг рубрикаларга мос тарзда ёзилганлиги, ҳар бир материалнинг мазмуни ва савияси қай даражада эканлигини таҳрир раёсати аъзолари баҳолайди. Бу ишга уларни фаол жалб этиш, лозим топилса, қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш борасида улар фикри эътиборга олинади. Айниқса, тажрибали ижодий ходимлар фикрига алоҳида эътибор берилади, яъни улар мақола муаллифини мулоқот жараёнига таклиф этишлари мумкин.
Бу каби чора тадбирларни қўллашдан асосий муддао шуки, бозор иқтисодиёти муносабатлари шароитида оммавий ахборот воситалари олдига қўйилаётган талабларни кенг кўламда ва тўлиқ шаклда амалга ошириш назарда тутилмоқда. Албатта, бозор муносабатлари ОАВга ҳам кўпроқ ва етарли даражада таъсир ўтказмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, журналнинг эртанги ва келажагини ўйлаш, унинг мазмунан мунтазам ва барқарор нашр этилишини таъминлаш, замон талабларига тобора мослашиб бориши учун бор ижодий куч-қувватлар ишга солинади.
«O‘zbekiston iqtisodiy axborotnomasi» – «Экономический вестник Узбекистана»