Юртимизда ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда олиб борилаётган туб ислоҳотлар жараёнида одамларнинг оғирини енгил қилиш, айниқса, хотин-қизларга доимий равишда амалий ёрдам кўрсатиш масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Худди шу мақсадда жорий йилнинг август ойида «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги ва «Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди, уларнинг иккаласи ҳам 3 сентябрдан эътиборан кучга кирди.
Қолаверса, бундан 18 ойча олдин – 2018 йил 2 июлда Президентимиз «Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида«ги қарорни имзолаган эди. Унда турли сабаблар туфайли мураккаб аҳволга тушиб қолган опа-сингилларга маънавий, психологик, ҳуқуқий жиҳатдан кўмаклашиб, мушкулини осонлаштириш, бу борадаги ишларни батамом янгича асосда йўлга қўйиш вазифалари белгилаб берилганди. Шунга мувофиқ Мустақиллигимизнинг 28 йиллик байрами арафасида пойтахтимизда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази ва унинг Тошкент шаҳар бўлими очилди. Улар мамлакатимиз аёллари ҳуқуқларини халқаро андозаларга мос равишда таъминлаш, ночор вазиятдан озор чекаётганларни оғир руҳий ҳолатлардан олиб чиқиб, ҳаётга янгича назар билан қарашга ўргатишдек эзгу мақсадларга хизмат қилади.
Келинг, шу ўринда шаҳар Реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази фаолиятига батафсилроқ тўхталиб ўтайлик. Унинг асосий мақсад-вазифалари зўрлик ишлатишдан жабр кўрган ва суицидга мойиллиги бор шахсларга ўз вақтида ва манзилли ёрдам кўрсатишдан, зўравонлик ва ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни келтириб чиқарувчи ижтимоий-психологик муаммоларни эрта аниқлаш ва бартараф этишдан иборат. Шунга кўра унда кеча-ю кундуз узлуксиз ишлайдиган 1169 рақамли ишонч телефони орқали малакали психологлар томонидан ёрдам кўрсатадиган, психолог ва юристлар онлайн маслаҳатлар берадиган ҳамда турли мутахассислар амбулатор қабуллар ўтказадиган бўлимлар, шунингдек, аёллар ва болалар учун хизмат кўрсатадиган стационар (шелтер) фаолияти йўлга қўйилган.
Ўтган ойлар давомида марказга 1298 киши мурожаат қилди. Шундан 1279 нафарини хотин-қизлар, 11 нафарини болалар, 8 нафарини эркаклар ташкил этди. Жамоа ходимлари уларнинг 1115 нафарига психологик, 100 нафарига ҳуқуқий, 54 нафарига тиббий, 9 нафарига бандлик масаласида ёрдам кўрсатишди. Бундан ташқари 20 та оиладаги ўзаро келишмовчиликлар ижобий ҳал этилиб, эр-хотинларнинг ярашуви билан якунланди.
Ўрганишлар жараёнида аниқланишича, пойтахтлик аёллар дуч келган зўравонликларнинг 40 фоизи эркаклар томонидан, қолганлари келинларнинг қайноналари ва уларнинг қариндошлари томонидан содир этилган. Зўравонликка дахлдор бу ҳолатларнинг деярли барчаси ички муаммоларга боғлиқ бўлган. Жанжалларнинг аксарияти турар жой талашиш туфайли келиб чиққан.
– Эр-хотин ўртасидаги жиддий келишмовчилик оқибатида баъзан аёл болалари билан расман турмуш ўртоғига ёки қайнота-қайнонасига қарашли уйдан чиқиб кетишга мажбур бўлади, – дейди шаҳар Реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази директори Гулчеҳра Маткаримова. – Бояқиш ноиложликдан ўз ота-онасиникига ёки яқин қариндошлариникига қайтиб боради. Лекин у ерда ҳар доим ҳам осонликча қўним топавермайди. Билъакс, баъзан минг бир балоларга дучор бўлиб, боши берк кўчага кириб қолади, азият устига азият чекиб, кўнгли ўксийди. Баъзан одамларга нисбатан ишончи йўқолиб ёки ўзини ортиқча кимсадек ҳис этиб, руҳан эзилади. Мана, ўзимиз гувоҳ бўлган бир воқеа. Келин бўлиб тушган хонадонига сиғмай қолган Ф.Р. исм-шарифли аёл қизлигида ота-онаси билан бирга яшаган, эндиликда туғишган акаси номида бўлган уйнинг бир қисмида истиқомат қила бошлайди. Бу бирин-сирин вояга етиб келаётган ўғиллари бор янгасига ёқмайди. У қайинсинглисидан уйдан чиқиб кетишини талаб қилади. Бора-бора бақир-чақирга зўр беради. Барибир мақсадига эриша олмагач, унга нисбатан жисмоний куч ишлатиб, тан жароҳати етказади. Афсуски, бунақа нохушликлар охирги пайтларда тез-тез рўй бермоқда.