Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти мустақиллик йиллари давомида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, миллий қадриятларимиз, шунингдек, илғор халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда миллий моделимиз асосида ривожланди.
Мамлакатимиз иқтисодиётининг барча тармоқларида босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли сўнгги йилларда иқтисодиётнинг таркиби тубдан ўзгарди ва барқарор ривожланиш учун ишончли пойдевор яратилди. Сўнгги йилларда кузатилаётган асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ўзгариш тенденцияси ҳам шундан далолат беради.
Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш Мамлакатимиз Президенти Ш. Мирзиёев томонидан 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш стратегиясида белгилаб берилган асосий масалалардан бири ҳисобланади.
Бу эса ўз навбатида, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ўсишини таъминлаш, таркибий ва институционал ўзгаришларни чуқурлаштириш, минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш орқали ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг рақобатбардошлигини ошириш, ҳудудлар, вилоятлар ва шаҳарлар инфраструктурасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш орқали макроиқтисодий барқарор ўсишни таъминлайди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 2019 йил кўрсаткичлари ўтган йилга нисбатан ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг 105,6 фоизга ўсишини (2018 йилда 105,1%) кўсатади. Истеъмол нархлари индексидаги инфляция даражаси 15,5% ни ташкил этиши кутилмоқда. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги саноати ривожланган республикалардан биридир.
Иқтисодий ўсиш асосан саноатнинг юқори суръатлари 107,0 %, қурилиш 119,3% ҳисобига таъминланди. Шу билан бирга танспорт ва алоқа соҳаси (105,7%) тез суръатлар билан ривожланмоқда.
Экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш ва миллий иқтисодиётнинг рақобатдошлигини кучайтириш ҳисобига ташқи савдо айланмаси ўтган йили 24,1% га, экспорт кўрсаткичлари 28,7% га ўсди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари етакчи халқаро рейтинг агентликлари томонидан эътироф этилмоқда.
Хусусан, Fitch Ratings ва Standard & Poor’s каби нуфузли халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимизга биринчилардан бўлиб халқаро суверен кредит рейтингини беришди.
Ушбу рейтинг «Барқарор» прогнозини билдиради, бу эса кейинги 12–18 ой ичида иқтисодий ўсишда эҳтимолий пасайишлар камлигини англатади.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини олиши ва суверен облигациялар чиқариш бўйича маслаҳатчиси JPMorgan Chase активлари бўйича АҚШдаги энг йирик банк ҳисобланади.
Банк тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида хизматлар кўрсатишнинг бозор механизмлари жорий этилмоқда, уларнинг турлари кенгаймоқда, тадбиркорлар ва аҳоли учун молиявий имкониятлар ошмоқда. Аҳоли учун валюта операцияларини ўтказишни енгиллаштириш мақсадида янги банк хизматлари жорий этилди ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан хорижий валютани сотиб олишлари учун шароитлар яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 сентябрдаги «Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3272 сонли қарорида Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати мақсадларига эришиш тамойиллари ва механизмларини қайта кўриб чиқиш ва йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Қарор мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, 2017–2021 йилларда пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар комплекси ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжатда кўплаб ривожланган давлатлар Марказий банклари томонидан нархлар барқарорлигини таъминлашда фойдаланилаётган инфляцион таргетлаш режимига боқичма-босқич ўтиш вазифаси белгилаб олинди.
Банк тизими ривожланишининг бутун даври давомида олиб борилган давлат сиёсати банклар учун, миллий иқтисодиёт учун стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларни кредитлашни рағбатлантирувчи шарт-шароитларни яратди.
Замонавий ишлаб чиқариш, энергия ва ресурс тежайдиган технологияларни жорий этиш, янги юқори технологияли ишлаб чиқаришни яратиш, инфратузулмани ривожлантириш, ишлаб чиқариш секторида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кенгайтириш ва қўллаб-қувватлаш соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш банк кредитларининг устувор йўналиши ҳисобланади.