Мамлакатимизда, айниқса, сўнгги йилларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, шу орқали аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлигини юксалтириш чора-тадбирларини янги босқичга олиб чиқишга устувор эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ишлар ижтимоий-иқтисодий салоҳияти юқори ҳудудлардан бири бўлган Фарғона вилоятида ҳам изчиллик касб этаётир.
Айтиш керакки, вилоятда иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқлари ривожланган. Фарғона вилоятининг мамлакатимиз ЯИМдаги улуши 2019 йилда 32943,3 млрд. сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич Фарғона водийси вилоятлари ичида энг юқори бўлиб, аҳоли жон бошига 8861,5 минг сўмдан тўғри келади.
Вилоятда доимий яшовчилар мамлакатимиз аҳолисининг 11,1 фоизини, иқтисодиётда бандлар сони бўйича эса 11,0 фоизни ташкил этади. Бу рақамлар ушбу ҳудуд салоҳиятига уни республика ялпи ички маҳсулотига қўшаётган ҳиссаси мутаносиб эмаслигини кўрсатмоқда. Аниқроғи, вилоятнинг жуда катта иқтисодий имкониятлари мавжуд бўлиб, улардан янада самаралироқ фойдаланиш бугун долзарб аҳамиятга эга.
2019 йили Фарғона вилоятида 29599 та кичик бизнес субъекти рўйхатдан ўтказилди ва ўз фаолиятини бошлади. Бу мамлакатимиз ҳудудлари ичида Тошкент вилоятидан кейинги энг юқори кўрсаткичдир. Шунинг ўзи ҳам Фарғонада кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолиятига катта эътибор қаратилаётганини далиллайди. Мамлакатимизда 2019 йили 235340,7 млрд. сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилган бўлса, унинг 13613,8 млрд. сўми Фарғона вилояти улушига тўғри келади. Лекин юқорида қайд этилганидек, бу рақамларни янада ошириш учун Фарғона вилоятининг салоҳияти етарли, фақат бундан тўғри фойдаланиш зарур.
Ўз навбатида айтиш керакки, республика ялпи ички маҳсулотида ҳудудий маҳсулот улушини орттириш мақсадида вилоятда кўплаб янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилмоқда. Улар аҳолининг вақтинча иш билан банд бўлмаган қисмини иш билан таъминлаши, кўпроқ талабгор маҳсулотларни ишлаб чиқариши ва экспорт салоҳиятига ҳисса қўшиши лозим. 2020 йилда Фарғона вилоятида ҳаммаси бўлиб 37199 та кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари рўйхатдан ўтган ва уларнинг 36117 таси ҳозирда ишини давом эттирмоқда. Улар орасида оилавий тадбиркорлик шаклидаги субъектлар сафи кенгайиб бораётгани қувонарли, албатта.
Оилавий тадбиркорлик оила аъзолари томонидан маҳсулотлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) ва сотишни амалга ошириш учун ихтиёрий асосда, оилавий корхона иштирокчиларининг улушли ёки биргаликдаги мулкида бўлган умумий мол-мулк, шунингдек, оилавий корхона иштирокчиларидан ҳар бирининг мол-мулки негизида ташкил этиладиган кичик тадбиркорлик фаолиятидир. Бунда оилавий корхона ташкил этилади. Оилавий корхона фаолияти унинг иштирокчиларининг шахсий меҳнатига асосланади. Оилавий корхона тадбиркорлик субъектларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан биридир.
Оилавий тадбиркорлик соҳасида ўтказилган таҳлиллар мамлакатимиз ва унинг ҳудудларида аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, янги иш ўринларини яратиш, бандликни таъминлаш, ўзини-ўзи банд қилишга ҳаракат қилаётган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш, меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш каби йўналишларда ҳали кўплаб имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва унинг иқтисодиётга таъсирини орттириш учун, авваламбор, бу йўналишда хориж мамлакатларида амалга оширилган ишларни таҳлил қилиш ва ижобий томонларини ўрганишнинг аҳамияти катта.
Фарғона вилоятида бу каби масалаларни самарали равишда ҳал этиш учун олиб борилган тадбирлар туфайли 2019 йили 79 та оилавий корхона ташкил топди. 2020 йил бошигача эса Фарғона вилояти бўйича 5337 та оилавий корхона ташкил этилди ва ўз фаолиятини бошлади.
Ўтган йил бошига қадар вилоятда ташкил этилган оилавий корхоналарнинг 5134 таси ёки 96 фоизи бугунги кунда ўз фаолиятини давом эттирмоқда. 203 та оилавий корхона ёки жами оилавий корхоналарнинг 4 фоизи ўз ишини тўхтатди. Бу ҳолат ўрганилганида, уларда ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатишда ресурслар тақчиллиги ҳамда маҳсулот сотишдаги қийинчиликлар асосий сабаб эканлиги маълум бўлди. Оилавий корхоналарда иқтисодиёт ва бизнес соҳасидаги маълумотлар етарли эмаслиги натижасида зарурий миқдордаги фойда олишга эришилмаган ва маркетинг фаолияти керакли даражада йўлга қўйилмаган. Агар бу масалалар оилавий тадбиркорлик субъектларининг ташкилотчилари томонидан тўғри ва талаб даражасида ҳал этилганида эди, фаолият юритаётган оилавий корхоналар сони янада кўпроқ бўлиши мумкин эди. Таҳлилларга кўра, Риштон, Олтиариқ, Учкўприк, Бувайда ва Бағдод туманларида кўпроқ оилавий корхоналар ташкил этилган бўлса, Ёзёвон, Сўх, Қўштепа ва Фарғона туманларида оилавий корхоналар нисбатан кам.
Оилавий корхоналар ташкил этиш билан биргаликда уларнинг салоҳиятидан кенг фойдаланиш, имкониятларини янада ошириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Жумладан, хизматларнинг замонавий соҳаларида оилавий тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга эътибор қаратилиши лозим. Чунки бу соҳа жуда катта имкониятларга эга бўлиб, улардаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолияти катта самара келтириши билан бир қаторда аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга юқори даражада ҳисса қўшади. Шу сабабли аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида бу йўналишда кенг кўламда тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш лозим. Кўпчилик бир соҳа бўйича тадбиркорлик фаолиятига жалб қилинса, улар орасида рақобат кураши жуда кескинлашиб кетади ва уларнинг бир нечтаси таназзулга юз тутади. Бунинг оқибатида аҳоли ўртасида тадбиркорлик фаолиятига нисбатан нотўғри тушунча юзага келади, қўрқув ҳисси уйғониши мумкин. Янги, замонавий соҳалар бўйича тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тадбиркорларнинг қизиқиш даражасини оширади. Маҳаллабай ишларни амалга оширишда аҳолига тадбиркорликнинг нисбатан кам қўлланилаётган ва шу билан бир қаторда замонавий турлари тўғрисида маълумотлар тайёрлаш ва тушунтириш ишларини олиб бориш ушбу соҳада тадбиркорлик фаолиятининг ривожига замин яратади.
Илёс ҲАСАНОВ,
Фарғона давлат университети «Минтақавий иқтисодиёт ва бухгалтерия хисоби» кафедраси катта ўқитувчиси