(O´zbek) Иқтисодий тараққиёт ва оилавий тадбиркорлик

Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Мамлакатимизда, ай­ниқса, сўнгги йилларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, шу орқали аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлигини юксалтириш чора-тадбирларини янги босқичга олиб чиқишга устувор эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ишлар ижтимоий-иқти­содий салоҳияти юқори ҳудудлардан бири бўлган Фарғона вилоятида ҳам изчиллик касб этаётир.
     Айтиш керакки, вилоятда иқти­содиётнинг барча соҳа ва тармоқлари ривожланган. Фарғона вилоятининг мамлакатимиз ЯИМдаги улуши 2019 йилда 32943,3 млрд. сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич Фарғона водийси вилоятлари ичида энг юқори бўлиб, аҳоли жон бошига 8861,5 минг сўм­дан тўғри келади.
     Вилоятда доимий яшовчилар мамлакатимиз аҳолисининг 11,1 фои­зини, иқтисодиётда бандлар сони бў­йича эса 11,0 фоизни ташкил этади. Бу рақамлар ушбу ҳудуд салоҳиятига уни республика ялпи ички маҳсуло­тига қўшаётган ҳиссаси мутаносиб эмаслигини кўрсатмоқда. Аниқроғи, вилоятнинг жуда катта иқтисодий имкониятлари мавжуд бўлиб, улардан янада самаралироқ фойдаланиш бугун долзарб аҳамиятга эга.
     2019 йили Фарғона вилоятида 29599 та кичик бизнес субъекти рўйхатдан ўтказилди ва ўз фаолиятини бошлади. Бу мамлакатимиз ҳудудлари ичида Тошкент вилоятидан кейинги энг юқори кўрсаткичдир. Шунинг ўзи ҳам Фарғонада кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолиятига катта эътибор қаратилаётганини далиллайди. Мамлакатимизда 2019 йили 235340,7 ­млрд. сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилган бўлса, унинг 13613,8 млрд. сўми Фарғона вилояти улушига тўғри келади. Лекин юқорида қайд этилганидек, бу рақамларни янада ошириш учун Фарғона вилоятининг салоҳияти етарли, фақат бундан тўғри фойдаланиш зарур.
     Ўз навбатида айтиш керакки, рес­публика ялпи ички маҳсулотида ҳу­дудий маҳсулот улушини орттириш мақсадида вилоятда кўплаб янги тад­биркорлик субъектлари ташкил этил­моқда. Улар аҳолининг вақтинча иш билан банд бўлмаган қисмини иш билан таъминлаши, кўпроқ талабгор маҳсулотларни ишлаб чиқариши ва экспорт салоҳиятига ҳисса қўшиши лозим. 2020 йилда Фарғона вилоятида ҳаммаси бўлиб 37199 та кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари рўйхатдан ўтган ва уларнинг 36117 таси ҳозирда ишини давом эттирмоқда. Улар орасида оилавий тадбиркорлик шаклидаги субъектлар сафи кенгайиб бораётгани қувонарли, албатта.
     Оилавий тадбиркорлик оила ­аъзолари томонидан маҳсулотлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) ва сотишни амалга ошириш учун ихтиёрий асосда, оилавий корхона иштирокчиларининг улушли ёки биргаликдаги мулкида бўлган умумий мол-мулк, шунингдек, оилавий корхона иштирокчиларидан ҳар бирининг мол-мулки негизида ташкил этиладиган кичик тадбиркорлик фаолиятидир. Бунда оилавий корхона ташкил этилади. Оилавий корхона фаолияти унинг иштирокчиларининг шахсий меҳнатига асос­ланади. Оилавий корхона тадбиркорлик субъектларининг ташкилий-ҳу­қуқий шаклларидан биридир.
     Оилавий тадбиркорлик соҳасида ўтказилган таҳлиллар мамлакатимиз ва унинг ҳудудларида аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, янги иш ўринларини яратиш, бандликни таъминлаш, ўзини-ўзи банд қилишга ҳа­ракат қилаётган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш, меҳнат ресурс­ларидан самарали фойдаланиш каби йўналишларда ҳали кўплаб имкониятлар мавжудлигини кўрсат­моқда. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва унинг иқтисоди­ётга таъсирини орттириш учун, авваламбор, бу йўналишда хориж мамлакатларида амалга оширилган ишларни таҳлил қилиш ва ижобий томонларини ўрганишнинг аҳамияти катта.
     Фарғона вилоятида бу каби масалаларни самарали равишда ҳал этиш учун олиб борилган тадбирлар туфайли 2019 йили 79 та оилавий корхона ташкил топди. 2020 йил бошигача эса Фарғона вилояти бўйича 5337 та оилавий корхона ташкил этилди ва ўз фаолиятини бошлади.
     Ўтган йил бошига қадар вилоятда ташкил этилган оилавий корхоналарнинг 5134 таси ёки 96 фоизи бугунги кунда ўз фаолиятини давом эттирмоқда. 203 та оилавий корхона ёки жами оилавий корхоналарнинг 4 фоизи ўз ишини тўхтатди. Бу ҳолат ўрганилганида, уларда ишлаб чиқа­риш ёки хизмат кўрсатишда ресурс­лар тақчиллиги ҳамда маҳсулот сотишдаги қийинчиликлар асосий сабаб эканлиги маълум бўлди. Оилавий корхоналарда иқтисодиёт ва бизнес соҳасидаги маълумотлар етарли эмас­лиги натижасида зарурий миқ­дор­даги фойда олишга эришилмаган ва маркетинг фаолияти керакли даражада йўлга қўйилмаган. Агар бу масалалар оилавий тадбиркорлик субъектларининг ташкилотчилари томонидан тўғри ва талаб даража­сида ҳал этилганида эди, фаолият юритаётган оилавий корхоналар ­сони янада кўпроқ бўлиши мумкин эди. Таҳлил­ларга кўра, Риштон, Олти­ариқ, Учкўп­рик, Бувайда ва Бағдод туманларида кўпроқ оилавий корхоналар ташкил этилган бўлса, Ёзёвон, Сўх, Қўш­тепа ва Фарғона туманларида оилавий корхоналар нисбатан кам.
     Оилавий корхоналар ташкил этиш билан биргаликда уларнинг сало­ҳиятидан кенг фойдаланиш, имкониятларини янада ошириш мақ­садга мувофиқ ҳисобланади. Жумладан, хизматларнинг замонавий соҳаларида оилавий тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга эътибор қаратилиши лозим. Чунки бу соҳа жуда катта имкониятларга эга бўлиб, улардаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолияти катта самара келтириши билан бир қаторда аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга юқори даражада ҳисса қўшади. Шу сабабли аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида бу йўналишда кенг кўламда тушунти­риш-тар­ғибот ишларини олиб бориш лозим. Кўпчилик бир соҳа бўйича тадбиркорлик фаолиятига жалб қи­линса, улар орасида рақобат кураши жуда кескинлашиб кетади ва уларнинг бир нечтаси таназзулга юз тутади. Бунинг оқибатида аҳоли ўртасида тадбиркорлик фаолиятига нисбатан нотўғри тушунча юзага келади, қўрқув ҳисси уйғониши мумкин. Янги, замонавий соҳалар бўйича тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тадбиркорларнинг қизи­қиш да­ражасини оширади. Ма­ҳал­лабай ишларни амалга оширишда аҳолига тадбиркорликнинг нисбатан кам қўл­ланилаётган ва шу билан бир қаторда замонавий турлари тўғрисида маълумотлар тайёрлаш ва тушунтириш ишларини олиб бориш ушбу соҳада тадбиркорлик фаолиятининг ривожига замин яратади.
 
 
Илёс ҲАСАНОВ,
Фарғона давлат университети «Минтақавий иқтисодиёт ва бухгалтерия хисоби» кафедраси катта ўқитувчиси

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Матбуотчилар, 32

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.