Инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури амалда

2/2021

     «Ўзсаноатқурилишбанк» давлат кафолати остида хорижий кредитларни жалб қилган ҳолда инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастурини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Бу эса кимё, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат каби муҳим саноат тармоқларидаги янги лойиҳаларнинг молиялаштирилишини таъминламоқда.
 
     2017-2021 йилларда Ўзбекис­тон Республикасини ривожлантиришнинг беш­та устувор йўналиши бўйича Ҳа­ракатлар стратегиясида хомашё ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, юқори технологияли рақобатбардош маҳ­сулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ишлаб чиқаришларни маҳал­лийлаштириш­ни чуқурлаштириш ва шу асосда ҳу­дудларнинг ижтимоий-иқти­содий ривожланишини таъминлаш мақсадида қатор вазифалар белгилаб берилган.
     Унга кўра ҳар йили Ўзбекистон Республикаси давлат кафолати ор­қали хорижий кредитларни жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури ишлаб чиқилиб, ижроси ва натижадорлигини таъминлаш тегишли вазирлик ва муассасалар зиммасига юклатилди.
     «Ўзсаноатқурилишбанк» ҳам 2018 йилда тасдиқланган ана шу дастурга мувофиқ кимё ва аграр саноатидаги йирик лойиҳалар – «Навоийазот» акциядорлик жамиятида қуввати 500 минг тонна азот ишлаб чиқарувчи мажмуани барпо этиш ҳамда умумий қиймати 390,25 млн. АҚШ долларига тенг мева-сабзавотчилик ва чорвачилик йўналишларига доир 429 та лойиҳани молиялаштиришда масъул этиб белгиланди.
     «Навоийазот» АЖда азот кислотаси ишлаб чиқариш объекти қу­рилишида банк томонидан «Credit Suisse» (Швейцария) ҳамда «Commerzbank» (Германия)ларнинг жами 115,2 млн. АҚШ доллари миқ­доридаги кредит линиялари жалб этилиб, улар тўлиқ ўзлаштирилди. Кредит маблағлари ҳисобига мажмуа иқлим ва экологик барқарорликни таъминловчи ҳамда энергия тежовчи илғор технологиялар билан жи­ҳозланди. Қайд этилишича, янги линия орқали 1 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш учун электр энергия сарфи 18 баробарга камаядиган, ҳа­вони ифлослантирадиган 150 минг тонна нитроз газлари тутиб қолина­диган бўлди. Бундан ташқари Швейцариянинг «CASALE SA» компанияси томонидан корхонанинг бошқарув тизими халқаро стандартларга муво­фиқлаштирилди. Натижада умумий қиймати қарийб 217 млн. АҚШ долларига тенг лойиҳа асосида 55 йилдан буён ишлаб, жисмонан эскирган эски цех ўрнида янги йирик завод бунёд қилинди. Йилига 390 минг тонна азот кислотаси ишлаб чиқарувчи корхона қуввати 500 минг тоннага етказилди, маҳаллий аҳолининг 120 дан ортиғи доимий иш ўрнига эга бўлди.
Таъкидлаш жоизки, одатда давлат кафолати остидаги мақсадли кредитлар айни пайтда мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга дастурларга йўналтирилади.
     Сўнгги йилларда эса давлатимиз раҳбари бошчилигида ислоҳ этилаётган шундай устувор масалалар қато­ридан озиқ-овқат хавфсизлигини ка­фолатлаш, хусусан, аҳолининг асосий озиқ-овқат турларига бўлган эҳ­тиёжини қондириш, захирасини яратиш ҳамда бу борада нарх ва сифат уйғунлигини таъминлашга қаратил­ган лойиҳалар алоҳида ўрин олган.
     Бу борада Президентимиз томонидан 2020 йил 1 майда қабул қи­линган «Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор дастуриламал бўлиб, унда соҳада замонавий ёндашувларни жорий этишга қаратилган қатор вазифалар ўрин олган.
     «Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан айни йўналишда умумий қиймати 390,25 млн. АҚШ долларига тенг лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мазкур мева-сабзавотчилик ва чор­вачилик тармоғига доир 429 та лойи­ҳани молиялаштириш мақсадида Осиё тараққиёт банки, Халқаро та­рақ­қиёт уюшмаси, Халқаро тикланиш ва та­раққиёт банки, Япония халқаро ҳам­корлик агентлиги кредит линиялари жалб қилинди.
     Давлатимиз раҳбарининг юқо­ридаги қарорига асосан соҳа субъектлари учун банк ва солиқ тизимида алоҳида преференциялар кўзда тутилган. Жумладан, тижорат банк­лари томонидан хорижий кредит линиялар 3 йилдан 5 йилгача бўлган имтиёзли давр билан 10 йилгача муддатга ажратилмоқда. Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни реализация қилишдан олинган фойдаси бўйича фойда солиғидан озод қи­линган, сув ресурсларидан, томчилатиб суғориш тизимидан фойдаланганлик учун қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзлар берилмоқда. Давлат божхона қўмитаси томонидан пандемия шароитида маҳсулотларни юклаш, чегарадан ўтказишга кўмак­лашувчи доимий штаб ташкил этил­ган. У ерда асосан, боғ ва токзорлар қатор ораларига ҳамда такрорий майдонларга талаб қилинган уруғ­ликларни олиб келиш ҳамда жойларга етказиш чоралари тезкор ҳал этилмоқда.
     Бундай енгилликлар ўз навбатида, аҳолига узлуксиз равишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш ҳамда озиқ-овқат саноатида нархлар барқарорлигида муҳим омил бўлмоқда.
     Бугунги кунда «Ўзсаноатқурилиш­банк» томонидан биргина мева-сабзавотчилик тармоғидаги 196 та ло­йиҳага Осиё тараққиёт банки, Хал­қаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг 138,96 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит линиялари йўналтирилиб, натижада 2425 та иш ўрни яратилди.
     Чорвачилик тармоғида эса 54 та лойиҳа учун Осиё тараққиёт банки ва Халқаро тараққиёт уюшмасининг 26,0 млн. АҚШ доллари миқдорида жалб қилинган кредит линиялари ҳисобига чекка ҳудудларда 570дан зиёд иш ўрни очилди.
Шунингдек, лойиҳалар орасида қишлоқ хўжалигининг ана шу йўналишида фаолият юритувчи йирик саноат корхоналари ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чи­қариш қувватларини энергия тежамкор ва экологик барқарор технологиялар ҳисобига модернизация қи­лишга қаратилган бизнес режалар ҳам ўрин олган.
     Бундай лойиҳалар учун «Ўзсаноат­қурилишбанк» томонидан Хал­қаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмасининг 219,24 млн. АҚШ доллари миқдори­даги, қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлашга эса Хал­қаро тараққиёт уюшмасининг 6,05 млн. АҚШ доллари ҳажмидаги кредит линиялари яна ўнлаб лойи­ҳаларни татбиқ этишга йўналтирилди.
     Пировардида ушбу лойиҳалар­нинг ишга тушиши ҳисобига респуб­ликамизда 4 мингдан зиёд қўшимча иш ўринлари яратилди, 4,6 триллион сўм миқдорида маҳсулот ишлаб чи­қарилди. Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, ички истеъмол бозорига маҳсулот етказиб берилишини тизимли ташкил этиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш йўлида янги қадамлар ташланди.
     Мухтасар қилиб айтганда, бугунги глобаллашув даврида молиявий ресурслардан самарали фойдаланиш, хусусан, арзон ва узоқ муддатли кредит линияларни фаол жалб этиш мамлакатимиз учун кўп томонлама манфаатли ҳисобланади. Шунга кўра «Ўзсаноатқурилишбанк» тизимида мамлакатимизнинг эртанги тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратишга асос бўлувчи йирик лойи­ҳаларни молиялаштириш, бунинг учун халқаро ва хорижий молия инс­титутлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш бундан кейин ҳам юқо­ри суръатда давом этади.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.