Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
«Ўзсаноатқурилишбанк» давлат кафолати остида хорижий кредитларни жалб қилган ҳолда инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастурини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Бу эса кимё, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат каби муҳим саноат тармоқларидаги янги лойиҳаларнинг молиялаштирилишини таъминламоқда.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида хомашё ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, юқори технологияли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ишлаб чиқаришларни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ва шу асосда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш мақсадида қатор вазифалар белгилаб берилган.
Унга кўра ҳар йили Ўзбекистон Республикаси давлат кафолати орқали хорижий кредитларни жалб қилган ҳолда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури ишлаб чиқилиб, ижроси ва натижадорлигини таъминлаш тегишли вазирлик ва муассасалар зиммасига юклатилди.
«Ўзсаноатқурилишбанк» ҳам 2018 йилда тасдиқланган ана шу дастурга мувофиқ кимё ва аграр саноатидаги йирик лойиҳалар – «Навоийазот» акциядорлик жамиятида қуввати 500 минг тонна азот ишлаб чиқарувчи мажмуани барпо этиш ҳамда умумий қиймати 390,25 млн. АҚШ долларига тенг мева-сабзавотчилик ва чорвачилик йўналишларига доир 429 та лойиҳани молиялаштиришда масъул этиб белгиланди.
«Навоийазот» АЖда азот кислотаси ишлаб чиқариш объекти қурилишида банк томонидан «Credit Suisse» (Швейцария) ҳамда «Commerzbank» (Германия)ларнинг жами 115,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит линиялари жалб этилиб, улар тўлиқ ўзлаштирилди. Кредит маблағлари ҳисобига мажмуа иқлим ва экологик барқарорликни таъминловчи ҳамда энергия тежовчи илғор технологиялар билан жиҳозланди. Қайд этилишича, янги линия орқали 1 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш учун электр энергия сарфи 18 баробарга камаядиган, ҳавони ифлослантирадиган 150 минг тонна нитроз газлари тутиб қолинадиган бўлди. Бундан ташқари Швейцариянинг «CASALE SA» компанияси томонидан корхонанинг бошқарув тизими халқаро стандартларга мувофиқлаштирилди. Натижада умумий қиймати қарийб 217 млн. АҚШ долларига тенг лойиҳа асосида 55 йилдан буён ишлаб, жисмонан эскирган эски цех ўрнида янги йирик завод бунёд қилинди. Йилига 390 минг тонна азот кислотаси ишлаб чиқарувчи корхона қуввати 500 минг тоннага етказилди, маҳаллий аҳолининг 120 дан ортиғи доимий иш ўрнига эга бўлди.
Таъкидлаш жоизки, одатда давлат кафолати остидаги мақсадли кредитлар айни пайтда мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга дастурларга йўналтирилади.
Сўнгги йилларда эса давлатимиз раҳбари бошчилигида ислоҳ этилаётган шундай устувор масалалар қаторидан озиқ-овқат хавфсизлигини кафолатлаш, хусусан, аҳолининг асосий озиқ-овқат турларига бўлган эҳтиёжини қондириш, захирасини яратиш ҳамда бу борада нарх ва сифат уйғунлигини таъминлашга қаратилган лойиҳалар алоҳида ўрин олган.
Бу борада Президентимиз томонидан 2020 йил 1 майда қабул қилинган «Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор дастуриламал бўлиб, унда соҳада замонавий ёндашувларни жорий этишга қаратилган қатор вазифалар ўрин олган.
«Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан айни йўналишда умумий қиймати 390,25 млн. АҚШ долларига тенг лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мазкур мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоғига доир 429 та лойиҳани молиялаштириш мақсадида Осиё тараққиёт банки, Халқаро тараққиёт уюшмаси, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги кредит линиялари жалб қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарорига асосан соҳа субъектлари учун банк ва солиқ тизимида алоҳида преференциялар кўзда тутилган. Жумладан, тижорат банклари томонидан хорижий кредит линиялар 3 йилдан 5 йилгача бўлган имтиёзли давр билан 10 йилгача муддатга ажратилмоқда. Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни реализация қилишдан олинган фойдаси бўйича фойда солиғидан озод қилинган, сув ресурсларидан, томчилатиб суғориш тизимидан фойдаланганлик учун қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзлар берилмоқда. Давлат божхона қўмитаси томонидан пандемия шароитида маҳсулотларни юклаш, чегарадан ўтказишга кўмаклашувчи доимий штаб ташкил этилган. У ерда асосан, боғ ва токзорлар қатор ораларига ҳамда такрорий майдонларга талаб қилинган уруғликларни олиб келиш ҳамда жойларга етказиш чоралари тезкор ҳал этилмоқда.
Бундай енгилликлар ўз навбатида, аҳолига узлуксиз равишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш ҳамда озиқ-овқат саноатида нархлар барқарорлигида муҳим омил бўлмоқда.
Бугунги кунда «Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан биргина мева-сабзавотчилик тармоғидаги 196 та лойиҳага Осиё тараққиёт банки, Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг 138,96 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит линиялари йўналтирилиб, натижада 2425 та иш ўрни яратилди.
Чорвачилик тармоғида эса 54 та лойиҳа учун Осиё тараққиёт банки ва Халқаро тараққиёт уюшмасининг 26,0 млн. АҚШ доллари миқдорида жалб қилинган кредит линиялари ҳисобига чекка ҳудудларда 570дан зиёд иш ўрни очилди.
Шунингдек, лойиҳалар орасида қишлоқ хўжалигининг ана шу йўналишида фаолият юритувчи йирик саноат корхоналари ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш қувватларини энергия тежамкор ва экологик барқарор технологиялар ҳисобига модернизация қилишга қаратилган бизнес режалар ҳам ўрин олган.
Бундай лойиҳалар учун «Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмасининг 219,24 млн. АҚШ доллари миқдоридаги, қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлашга эса Халқаро тараққиёт уюшмасининг 6,05 млн. АҚШ доллари ҳажмидаги кредит линиялари яна ўнлаб лойиҳаларни татбиқ этишга йўналтирилди.
Пировардида ушбу лойиҳаларнинг ишга тушиши ҳисобига республикамизда 4 мингдан зиёд қўшимча иш ўринлари яратилди, 4,6 триллион сўм миқдорида маҳсулот ишлаб чиқарилди. Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, ички истеъмол бозорига маҳсулот етказиб берилишини тизимли ташкил этиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш йўлида янги қадамлар ташланди.
Мухтасар қилиб айтганда, бугунги глобаллашув даврида молиявий ресурслардан самарали фойдаланиш, хусусан, арзон ва узоқ муддатли кредит линияларни фаол жалб этиш мамлакатимиз учун кўп томонлама манфаатли ҳисобланади. Шунга кўра «Ўзсаноатқурилишбанк» тизимида мамлакатимизнинг эртанги тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратишга асос бўлувчи йирик лойиҳаларни молиялаштириш, бунинг учун халқаро ва хорижий молия институтлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш бундан кейин ҳам юқори суръатда давом этади.