Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда «Ўзсаноатқурилишбанк» ҳамкорлигида Инвестиция фаолиятини мувофиқлаштириш ва лойиҳаларни бошқариш маркази ишга туширилди.
Мамлакатимизда барча ҳудудларнинг инвестиция салоҳиятини ошириш, иқтисодиётнинг устувор соҳа ва тармоқларига инвестицияларни жалб қилиш, инвестиция киритиш жараёнининг рақобатбардош экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан ўзаро боғлиқлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Инвестиция иқлимини яхшилаш, экспорт салоҳиятини ошириш, умуман бизнес жараёнларини жадал ривожлантириш мақсадида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар пойтахтимизда ишга туширилган Инвестиция фаолиятини мувофиқлаштириш ва лойиҳаларни бошқариш маркази фаолиятида ҳам акс этди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда «Ўзсаноатқурилишбанк» ҳамкорлигида ташкил қилинган мазкур марказ Президентимизнинг ўтган йил декабрь ойида Тошкент шаҳри туманларига ташрифи давомида мутасадди ташкилотлар олдига қўйилган вазифаларнинг амалдаги ифодаси бўлди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг ушбу топшириғига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Марказий банк томонидан Тижорат банкларининг 2019 йилда инвестиция фаолиятини жадаллаштиришга қаратилган «йўл харитаси» тасдиқланган бўлиб, унга кўра тижорат банкларида мана шундай марказлар фаолияти йўлга қўйилиши белгиланган.
Таъкидлаш жоиз, «Ўзсаноатқурилишбанк» таркибида муассасанинг Яшнобод филиалида иш бошлаган Инвестиция маркази Ўзбекистонда биринчилар қатори ташкил этилганлиги билан аҳамиятлидир.
– Марказда инвесторлар учун яратилган қулайликларнинг энг асосийси – бу ерда хизмат кўрсатишнинг «ягона дарча» тамойили асосида ташкил қилинганлигидир, – дейди «Ўзсаноатқурилишбанк» департаменти директори Азим Райимбоев. – Бизнес режалар тузиш, лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда манбаларини аниқлаш, ҳужжатларни расмийлаштириш, бир сўз билан айтганда, инвесторнинг ўз фаолиятини тўла йўлга қўйиб олгунича бўлган барча босқичлар бир жойда амалга оширилади. Бундан ташқари марказ ходимлари инвесторларга лойиҳа самарадорлигини оширишда юзага келадиган муаммоларни ҳал этишда ҳам маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли идоралар билан биргаликда ёрдам беришади.
Бугунги кунда «Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан жами қиймати 960 млн. АҚШ доллари бўлган 19 турдаги чет эл кредит линиялари таклиф қилинмоқда. Ушбу маблағлар йирик корхоналар ҳамда тадбиркорлик субъектларига Европа Иттифоқи давлатлари, Корея Республикаси, Туркия, Хитой, Россия ва бошқа давлатлардан технологик ускуна ва махсус техникалар харид қилиш, айланма маблағларни тўлдириш ҳамда чет элдан товар ва хизматлар импортини молиялаштириш йўналишида савдони молиялаштириш мақсадида жалб қилинмоқда.
Инвестиция марказида инвесторлар билан ишлаш зали, музокаралар хонаси ташкил этилган. Таклиф этилган инвесторлар билан банк ходимлари ва мутасадди идоралар вакиллари бўлғуси лойиҳалар хусусида ўзаро мулоқот қилишади.
– Ўзбекистонда хорижий инвесторларга яратилаётган шароитлардан мамнунмиз, – дейди хитойлик сармоядор Хэ Финг. Инвестиция марказининг очилиши эса юртингизга инвесторлар кириб келиши кўпайишига хизмат қилади. Биз аккумляторлар билан ишлайдиган ҳамда экология ва атроф-муҳит учун безарар ихчам мопед мотоциклларини ишлаб чиқариш ҳаракатидамиз. Бу борадаги ташкилий ишлар ҳеч қандай қийинчиликларсиз бормоқда. Молиявий масалалар борасида эса «Ўзсаноатқурилишбанк» билан ҳамкорлик қилмоқдамиз.
Дарҳақиқат, Инвестиция маркази фаолиятидаги яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, тузилма тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар учун «кредит супермаркети» сифатида хизмат қилади. Яъни у ерда чет эллик инвесторларга ўзлари учун ҳар томонлама мақбул бўлган лойиҳаларни танлашга ва уларга тўғридан-тўғри инвестициялар киритишга кўмаклашилади. Маҳаллий лойиҳа ташаббускорларига эса ўз бизнес режаларини амалга оширишда қўшимча сармояга зарурат туғилса, уни «Ўзсаноатқурилишбанк» хорижий кредит линиялари ҳисобидан молиялаштиришга ёрдам берилади.
Бунинг учун марказ ходимларининг юқори билим ва тажрибага эга бўлишига алоҳида эътибор қаратилган. Уларнинг малакаси хорижлик экспертлар кўмагида доимий ошириб борилиши кўзда тутилган.
– Ўзбекистонда тадбиркорлик қилиш орзуим эди, – дейди хорижлик инвестор Бек Ниязов (АҚШ). Шу кунларда ушбу орзуим рўёбга чиқиш арафасида турибди. Бунинг учун инвесторларга қулай шароитлар яратаётган давлат раҳбарига чексиз миннатдорлик билдираман. Марказ ҳақида тўхталиб, тузилма олдига қўйилган вазифалар давр талаби эканлигини, уларни амалга ошириш натижасида мамлакат иқтисодиётига жуда кўп миқдорда инвестициялар киритилиб, бир неча юзлаб истиқболли лойиҳалар татбиқ этилишини қайд этиш мумкин.
«Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан мамлакатимизга хорижий инвесторларни янада кенг жалб этиш мақсадида олиб борилаётган чора-тадбирлар кўлами кенг. Хусусан, банк расмий сайтида (uzpsb.uz) «Invitation page» саҳифаси ташкил қилинмоқда. Мазкур саҳифа республикамизга қизиқиш билдирган хорижий сармоядорларга тайёр инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқишлари ва танлаб олишлари учун қулайлик яратади.
Мухтасар қилиб айтганда, иқтисодиётни барқарор ривожлантиришда мамлакатда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш устувор вазифалардан бири ҳисобланар экан, юртимизда шу мақсадни кўзлаб олиб борилаётган ислоҳотлар долзарб ва эътиборга молик.
Ўз навбатида, «Ўзсаноатқурилишбанк» таркибида иш бошлаган Инвестиция маркази ҳам миллий иқтисодиётга жалб қилинаётган инвестициялар, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кўламининг ошишига, пировардида республикамизда инвестиция жозибадорлигини юксалтиришга хизмат қилиши билан муҳим аҳамият касб этади.