Гёте институти Германия Федератив Республикасининг маданий муассасаси ҳисобланиб, унинг бўлимлари дунёнинг кўплаб мамлакатларида ишлаб турибди. Институт фаолияти немис тилини хорижда оммалаштириш ва маданият соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган. Зотан, маданий ва маърифий дастурлар миллатлараро мулоқотни қўллаб-қувватлайди ва маданий алмашинувга ёрдам беради. Фаолиятининг ўтган олтмиш йили давомида Гёте институти томонидан чет элдаги ваколатхоналари кўмагида Германия ҳаёти билан таништирувчи маданий марказлар, жамиятлар, кутубхоналар, шунингдек, имтиҳон ва тил марказларининг бутун бир тармоғи ташкил қилинди.
Ўзбекистоннинг ушбу институт билан кўп йиллик ҳамкорлиги ва шериклигини инобатга олган ҳолда муассасанинг Тошкентдаги филиали директори Ян ХЕЛЬФЕРдан ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олдик.
– Маълумки, Гёте институтининг энг муҳим мақсадларидан бири халқаро маданий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашдан иборат. Айни мақсад йўлида режалаштирилган тадбирларни бутун дунё учун ўта мураккаб келган 2020 йилда тўлиқ ўтказишга муваффақ бўлиндими?
– Гёте институти Германия Федератив Республикасининг бутун дунё бўйлаб фаолият юритувчи тил ва маданият маркази ҳисобланади. Сиз таъкидлаганингиздек, Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алмашув ва немис тилини ўрганишни оммалаштириш институтимизнинг асосий мақсади ҳисобланади. Аммо ўтган йил бизнинг фаолиятимизда ҳам жуда оғир кечди. Биз 2020 йил учун режалаштирган барча лойиҳаларни амалга оширдик, десак муболаға бўлади, аммо биз кўп қизиқарли лойиҳаларни амалга оширолдик. Фақат уларни янги тартибда, яъни масофадан ва онлайн тарзда ўтказдик, холос ҳамда пандемия шароитида бу соҳада яхшигина тажриба ҳам тўпладик. «Илҳом» театри билан ҳамкорликда немис театр саҳна асарларининг онлайн намойиши, классик ва жаз концертларининг масофадан ҳамкорликда ташкил этилиши, немис фильмларининг онлайн тақдим қилиниши, ўйинлар яратиш бўйича йирик лойиҳамиз ҳамда виртуал театр лойиҳалари шулар жумласидандир. Фаолиятимизнинг асосий бўғинларидан ҳисобланган немис тили курсларимиз пандемия шароитида тўлиқ онлайн шаклга мослаштирилди. Немис тили ўқитувчилари ва таълим соҳасидаги ҳамкорлар учун онлайн ўқув конференциялари ўтказилди. Умуман олганда, биз ўтган мураккаб даврда анча фаол бўлдик ва 2019 йилда эга бўлмаган тажрибага эгамиз.
– Немис тилини ўқитиш Германия ҳаёти билан яқиндан танишишда муҳим роль ўйнайди. Шу нуқтаи назардан олганда немис тилини ўрганишни рағбатлантириш йўлида институт қандай тадбирларни қамраб олган?
– Биз институтимизда немис тили курсларини таклиф қиламиз ва йилига ўртача 4000 киши тил курсларимизни тамомлайди. Тил курсларимизда таълим сифатининг юқори бўлишига алоҳида эътибор берамиз. Бундан ташқари институтимизда халқаро тан олинган тил сертификатларига имтиҳон топшириш ҳам мумкин. Бунга қўшимча равишда Ўзбекистондаги 13 та мактаб ва лицейда немис тили дарсларининг чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилиши учун ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйганмиз. Биз Ўзбекистондаги таълим соҳасидаги вазирлик ва идоралар билан яқин ҳамкорлик асосида немис тилининг ўқитилиши ва немис тили ўқитувчиларининг малакасини оширишни қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбекистонда 400 мингга яқин немис тилини ўрганувчилар бор ва бу катта кўрсаткичдир. Яна бир қизиқарли лойиҳалардан бири – бу 8 ёшдан 12 ёшгача бўлган немис тили ўрганувчилар учун мўлжалланган рақамли болалар университетидир. Бунда болалар ўйинлар ёрдамида немис тилини ўрганишга тарғиб қилинади. Барча лойиҳаларимиз ҳақида янада батафсил институтимиз веб-саҳифасида билиб олиш мумкин.
– «Ҳаракатдаги маданият: Гёте институтининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги мобиллик фонди» дастури ва марказий осиёлик санъат арбоблари учун Central Asian Culture and Arts Network – CACAN интернет-платформаси ҳақида ҳам кенгроқ сўзлаб берсангиз?
– Ушбу лойиҳа маданият ва санъат соҳаси вакиллари, маданият соҳасидаги менежерларни қўллаб-қувватлаш ва уларга стипендиялар тақдим этиш орқали ўзга давлатларда тажриба ва билим олишларига кўмаклашади. Бунда стипендия соҳиблари маданият соҳасида ўзларига ҳамкорлар топиши ва улар билан келажакда қўшма лойиҳаларни амалга оширишни муҳокама қилиш имкониятига эга бўладилар. Ушбу грант доирасида стипендиатларнинг МДҲ давлатлари ва Германияга бориб билим ва тажриба тўплашлари учун маблағлар ажратилиши кўзда тутилган. CАCAN платформаси маданият соҳасидаги менеджерларнинг малакасини ошириш бўйича лойиҳа сифатида ташкил топган ва бу ҳозирги кунга келиб Марказий Осиё давлатларида фаолият юритувчи маданият ва санъат вакиллари учун ўзаро маълумот ва тажриба алмашиш майдонига айланмоқда.
– Рақамли технологиялар ва инновациялар кенг маънода COVID-19 пандемияси шароитида ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Рақамлаштириш институт фаолиятига қандай таъсир кўрсатмоқда, IT соҳасидаги замонавий тенденцияларга асосланган қандай янги лойиҳалар амалга оширилмоқда?
– Мен юқорида баъзи масофавий ва онлайн лойиҳаларни тилга олгандим, келажакда биз орттирган тажрибамиз асосида ишларимизни турли вазиятларга мослашган ҳолда ташкил қилишга ўрганишимиз керак. Биз немис тили курсларини онлайн шаклда бундан кейин ҳам сақлаб қоламиз ва бунда вилоятлардаги ёшларни ҳам онлайн дарсларга жалб қилиш ниятидамиз. Маданий лойиҳаларимизни ҳам келажакда гибрид шаклда, яъни бир қисмини онлайн ва бир қисмини анъанавий шаклда ўтказишга ҳаракат қиламиз. Виртуал театр лойиҳаси ва рақамли ўйин яратиш лойиҳалари бунга мисол бўла олади. Келажакда камроқ саёҳат қилишимизга тўғри келиши мумкин. Пандемия бизга бир қанча саёҳатлардан воз кечиш ва унинг ўрнига масофадан ишларимизни амалга ошириш мумкинлигини ўргатди. Шу билан бирга ўзаро ижтимоий алоқалар ва шахсан учрашувлар, суҳбатлар, бир майдон ва атмосферада ҳамкорликда ишлаш нақадар муҳимлигини ҳам кўрсатди ва биз бу анъаналар билан бутунлай хайрлашмоқчи эмасмиз.
– Гёте институти мамлакатимизда “Hashar Week” компанияси билан биргаликда барқарор ривожланиш стратегиясини амалга оширмоқда. Бу қанақа лойиҳа? Шунингдек, она сайёрамизни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни сақлаш йўлида «Яшил мактаб» лойиҳаси доирасида ўз олдингизга қўйган мақсадларингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз?
– “Hashar Week” лойиҳаси биз учун жуда муҳим ўрин тутади. Биз фаолиятимизда экология ва барқарорлик мавзуларига алоҳида эътибор қаратамиз. Айтайлик ҳаммамиз, масалан, институтимиз ходимлари, йилига немис тилни ўрганишга келувчи 4000 киши ва мультифункционал кутубхонамизга йилига ташриф буюрувчи 80 000 киши ҳамда тадбирларимизнинг сон-саноқсиз иштирокчилари жуда кўп миқдорда чиқинди ҳосил бўлишига сабабчи бўламиз. Сўнгги пайтларда ресурслардан етарлича оқилона ва тежамкор фойдаланмаслигимиз яққол кўзга ташланиб қолди. Бу нарсани биз ўзгартирмоқчимиз ва бошқаларга намуна бўлмоқчимиз. Фаолиятимиз давомида ёшлар билан кўп ишлаймиз ва биз улар эътиборини экология ва барқарорлик мавзусига қаратишимиз мумкин.
“Hashar Week” – бизнинг бу соҳадаги ҳамкоримиздир. Лойиҳа мутахассислари маҳаллий шароитни яхши ўрганган, етарли тажрибага эга ва Ўзбекистон шароитида нималарни амалга ошириш мумкинлигини билади. Бундан ташқари “Hashar Week” иш фаолиятимизни четдан кузатувга олиш асносида мутахассис сифатида ўзларининг профессионал маслаҳатларини бериши биз учун муҳим. Биз улар билан ҳамкорлик қилишдан жуда мумнунмиз.
Шу билан бирга “Hashar Week“ билан ҳамкорликда яхши бир лойиҳа ҳам бошлаганмиз. Тошкент шаҳридаги 112-сонли умумий ўрта мактабда «Яшил мактаб» лойиҳасини амалга оширмоқчимиз. Бундан мақсад экология ва барқарорлик мавзуларини нафақат немис тили дарсида, балки бутун мактабдаги ўқув жараёнида татбиқ қилиш ва ёшларда экологик маданиятни шакллантиришда ўзимизнинг ҳиссамизни қўшишдан иборат.
– Коронавирус пандемияси ва ҳаракатланиш эркинлиги чекланган бир вақтда Гёте институти профессионал мусиқачиларнинг виртуал шериклик қароргоҳларини молиялаштирмоқда. Мазкур йўналишда Ўзбекистон мусиқий жамоалари ва мусиқачилари фаолми?
– Афсуски жуда фаол, деб айтолмайман, аммо лойиҳада қатнашиш истагида бўлганлар 2021 йилнинг июль ойи охирига қадар ҳужжатларини топширишлари мумкин. Умид қиламизки, кўплаб ўзбек санъаткорлари ҳам бунда фаол иштирок этишади. Шу ўринда ўзбек мусиқачиларига биз билан алоқа ўрнатинг ва фаол иштирок этинг, деган бўлар эдик. Ўтган 2020 йилда ҳам биз Омнибус ансамбли ва Юлия Хюльсманн квартети иштирокида ажойиб концерт ташкил қилдик ва бу жуда муваффақиятли бўлди. Ушбу лойиҳа ҳақида батафсил маълумотни YouTube видеоплатформасидан ҳам топишингиз мумкин.
– Ўтган йили болалар ва ёшлар учун анъанавий «Шум бола – 2020» кинофестивали бўлиб ўтдими? Ушбу анъана келгусида ҳам давом этадими?
– «Шум бола» – бу болалар ва ўсмирлар фильмлари фестивали ҳисобланади ҳамда «Ўзбеккино» ва Германиянинг Хемниц шаҳридаги «Шлингел» (Шум бола) фестивали билан ҳамкорликда 7 йилдан бери жуда муваффақиятли ўтказиб келинмоқда. Бу фестиваль ҳамкорликдаги анъанага айланган лойиҳалардан биридир ва томошабинлар томонидан доимо катта қизиқиш билан кутиб олинади. Фильм фестивали 2020 йилнинг май ойида онлайн намойиш этилди ва 2020 йилнинг кузида баъзи фильмларни очиқ осмон остида намойиш қилиш имкониятига эга бўлдик. Бу йилги «Шум бола» фильмлар фестивалини анъанавий шаклда 6-10 май кунлари Тошкентда ўтказиш режалаштирилган. Умид қиламизки, бу йилги тадбир пандемия ёки шу каби бошқа кутилмаган вазиятлар сабаб ўз анъанасини ўзгартирмайди.