(O´zbek) Маданий-маърифий ҳамкорлик миллатлараро мулоқотнинг муҳим негизи

2/2021

Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Гёте институти Германия Федератив Республикасининг маданий муассасаси ҳисобланиб, унинг бўлимлари дунёнинг кўплаб мамлакатларида ишлаб турибди. Институт фаолияти немис тилини хорижда оммалаштириш ва маданият соҳа­сидаги халқаро ҳам­корликни кенгайтиришга қара­тилган. Зотан, маданий ва маърифий дастурлар миллатлараро мулоқотни қўл­лаб-қув­ватлайди ва маданий алмашинувга ёрдам беради. Фаолиятининг ўтган олтмиш йили давомида Гёте институти томонидан чет элдаги ваколатхоналари кўмагида Германия ҳаёти билан таништирувчи маданий марказлар, жамиятлар, кутубхоналар, шунингдек, имтиҳон ва тил марказларининг бутун бир тармоғи ташкил қилинди.
     Ўзбекистоннинг ушбу ­институт билан кўп йиллик ҳам­корлиги ва шериклигини инобат­га олган ҳол­да муассасанинг Тошкентдаги филиали директори Ян ­ХЕЛЬФЕР­дан ўзимизни қизиқ­тирган саволларга жавоб олдик.
 
 
     – Маълумки, Гёте институтининг энг муҳим мақсадларидан бири халқаро маданий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашдан иборат. Айни мақсад йўлида режалаштирилган тадбирларни бутун дунё учун ўта мураккаб келган 2020 йилда тўлиқ ўтказишга муваффақ бўлиндими?
     – Гёте институти Германия Федератив Республикасининг бутун дунё бўйлаб фаолият юритувчи тил ва маданият маркази ҳисобланади. Сиз таъкидлаганингиздек, Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий алмашув ва немис тилини ўрганишни оммалаштириш институтимизнинг асосий мақсади ҳисобланади. Аммо ўтган йил бизнинг фаолиятимизда ҳам жуда оғир кечди. Биз 2020 йил учун режалаштирган барча лойиҳа­ларни амалга оширдик, десак мубо­лаға бўлади, аммо биз кўп қизиқарли лойиҳаларни амалга оширолдик. Фа­қат уларни янги тартибда, яъни масофадан ва онлайн тарзда ўтказдик, холос ҳамда пандемия шароитида бу соҳада яхшигина тажриба ҳам тўпладик. «Илҳом» театри билан ҳамкор­ликда немис театр саҳ­на асарларининг онлайн намойиши, классик ва жаз концертларининг масофадан ҳамкорликда ташкил этилиши, немис фильмларининг онлайн тақдим қили­ниши, ўйинлар яратиш бўйича йирик лойиҳамиз ҳамда виртуал театр лойиҳалари шулар жумласидандир. Фаолиятимизнинг асосий бўғинла­ридан ҳисобланган немис тили курсларимиз пандемия шароитида тўлиқ онлайн шаклга мос­лаштирилди. Немис тили ўқитув­чилари ва таълим соҳасидаги ҳам­корлар учун онлайн ўқув конференциялари ўтказилди. Умуман олганда, биз ўтган мураккаб даврда анча фаол бўлдик ва 2019 йилда эга бўлмаган тажрибага эгамиз.
     – Немис тилини ўқитиш Германия ҳаёти билан яқиндан танишишда муҳим роль ўйнайди. Шу нуқтаи назардан олганда немис тилини ўрганишни рағбатлан­тириш йўлида институт қандай тадбирларни қамраб олган?
     – Биз институтимизда немис тили курсларини таклиф қиламиз ва йилига ўртача 4000 киши тил курсларимизни тамомлайди. Тил курсларимизда таълим сифатининг юқори бўлишига алоҳида эътибор берамиз. Бундан ташқари институтимизда хал­қаро тан олинган тил сертификатларига имтиҳон топшириш ҳам мумкин. Бунга қўшимча равишда Ўзбекистондаги 13 та мактаб ва лицейда немис тили дарсларининг чуқурлаштирил­ган ҳолда ўқитилиши учун ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйганмиз. Биз Ўзбекистондаги таълим соҳасидаги вазирлик ва идоралар билан яқин ҳамкорлик асосида немис тилининг ўқитилиши ва немис тили ўқитув­чиларининг малакасини оширишни қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбекистонда 400 мингга яқин немис тилини ўрганувчилар бор ва бу катта кўрсаткич­дир. Яна бир қизиқарли лойиҳалар­дан бири – бу 8 ёшдан 12 ёшгача бўлган немис тили ўрганувчилар учун мўлжалланган рақамли болалар университетидир. Бунда болалар ўйинлар ёрдамида немис тилини ўрганишга тарғиб қилинади. Барча ло­йиҳаларимиз ҳақида янада батафсил институтимиз веб-саҳи­фасида билиб олиш мумкин.
     – «Ҳаракатдаги маданият: ­Гёте институтининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё минта­қасидаги мобиллик фонди» дастури ва марказий осиёлик санъат арбоблари учун Central Asian Culture and Arts Network – CACAN интернет-платформаси ҳақида ҳам кенгроқ сўзлаб бер­сангиз?
     – Ушбу лойиҳа маданият ва санъат соҳаси вакиллари, маданият соҳа­сидаги менежерларни қўллаб-қувватлаш ва уларга стипендиялар тақ­дим этиш орқали ўзга давлатларда тажриба ва билим олишларига кўмаклашади. Бунда стипендия соҳиб­лари маданият соҳасида ўзларига ҳамкорлар топиши ва улар билан ке­лажакда қўшма лойиҳаларни амалга оширишни муҳокама қилиш имкониятига эга бўладилар. Ушбу грант доирасида стипендиатларнинг МДҲ давлатлари ва Германияга бориб билим ва тажриба тўплашлари учун маблағлар ажратилиши кўзда тутилган. CАCAN платформаси маданият соҳасидаги менеджерларнинг малакасини ошириш бўйича лойиҳа сифатида ташкил топган ва бу ҳозирги кунга келиб Марказий Осиё давлатларида фаолият юритувчи маданият ва санъат вакиллари учун ўзаро маълумот ва тажриба алмашиш майдонига айланмоқда.
     – Рақамли технологиялар ва инновациялар кенг маънода COVID-19 пандемияси шароитида ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Рақамлашти­риш институт фао­лиятига қандай таъсир кўрсат­моқда, IT соҳасидаги замонавий тенденцияларга асос­ланган қан­дай янги лойиҳалар амал­га оширилмоқда?
     – Мен юқорида баъзи масофавий ва онлайн лойиҳаларни тилга олгандим, келажакда биз орттирган тажрибамиз асосида ишларимизни турли вазиятларга мослашган ҳолда ташкил қилишга ўрганишимиз керак. Биз немис тили курсларини онлайн шаклда бундан кейин ҳам сақлаб қоламиз ва бунда вилоятлардаги ёшларни ҳам онлайн дарсларга жалб қилиш ниятидамиз. Маданий лойиҳаларимизни ҳам келажакда гибрид шаклда, яъни бир қисмини онлайн ва бир қисмини анъанавий шаклда ўтказишга ҳаракат қиламиз. Виртуал театр лойиҳаси ва рақамли ўйин яратиш лойиҳалари бунга мисол бўла олади. Келажакда камроқ саёҳат қилишимизга тўғри келиши мумкин. Пандемия бизга бир қанча саёҳатлардан воз кечиш ва унинг ўрнига масофадан ишларимизни амал­га ошириш мумкинлигини ўргатди. Шу билан бирга ўзаро ижтимоий алоқалар ва шахсан учрашувлар, суҳбатлар, бир майдон ва атмосферада ҳамкорликда ишлаш нақадар муҳимлигини ҳам кўрсатди ва биз бу анъаналар билан бутунлай хайр­лашмоқчи эмасмиз.
     – Гёте институти мамлакатимизда “Hashar Week” компания­си билан биргаликда барқарор ривожланиш стратегиясини амал­га оширмоқда. Бу қанақа лойиҳа? Шунингдек, она сайёрамизни муҳо­фаза қилиш ва табиий ресурсларни сақлаш йўлида «Яшил мактаб» лойиҳаси доирасида ўз олдингизга қўйган мақсадларингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз?
     – “Hashar Week” лойиҳаси биз учун жуда муҳим ўрин тутади. Биз фаолиятимизда экология ва барқа­рорлик мавзуларига алоҳида эътибор қаратамиз. Айтайлик ҳаммамиз, масалан, институтимиз ходимлари, йилига немис тилни ўрганишга келувчи 4000 киши ва мультифункционал ку­тубхонамизга йилига ташриф буюрувчи 80 000 киши ҳамда тадбирларимизнинг сон-саноқсиз иштирокчилари жуда кўп миқдорда чиқинди ҳосил бўлишига сабабчи бўламиз. Сўнгги пайтларда ресурслардан етарлича оқилона ва тежамкор фойдаланмаслигимиз яққол кўзга ташланиб қолди. Бу нарсани биз ўзгартирмоқ­чимиз ва бошқаларга намуна бўл­моқчимиз. Фаолиятимиз давомида ёшлар билан кўп ишлаймиз ва биз улар эътиборини экология ва бар­қарорлик мавзусига қаратишимиз мумкин.
     “Hashar Week” – бизнинг бу со­ҳадаги ҳамкоримиздир. Лойиҳа мутахассислари маҳаллий шароитни яхши ўрганган, етарли тажрибага эга ва Ўзбекистон шароитида нималарни амалга ошириш мумкинлигини билади. Бундан ташқари “Hashar Week” иш фаолиятимизни четдан ку­затувга олиш асносида мутахассис сифатида ўзларининг профессионал маслаҳатларини бериши биз учун муҳим. Биз улар билан ҳамкорлик қилишдан жуда мумнунмиз.
     Шу билан бирга “Hashar Week“ билан ҳамкорликда яхши бир лойиҳа ҳам бошлаганмиз. Тошкент шаҳри­даги 112-сонли умумий ўрта мактабда «Яшил мактаб» лойиҳасини амалга оширмоқчимиз. Бундан мақ­сад экология ва барқарорлик мавзуларини нафақат немис тили дарсида, балки бутун мактабдаги ўқув жараёнида татбиқ қилиш ва ёшларда экологик маданиятни шакллантиришда ўзимизнинг ҳиссамизни қўшишдан ­иборат.
     – Коронавирус пандемияси ва ҳаракатланиш эркинлиги чекланган бир вақтда Гёте институти профессионал мусиқачиларнинг виртуал шериклик қароргоҳларини молиялаштирмоқда. Мазкур йўналишда Ўзбекистон мусиқий жамоалари ва мусиқачилари фаолми?
     – Афсуски жуда фаол, деб айтолмайман, аммо лойиҳада қатнашиш истагида бўлганлар 2021 йилнинг июль ойи охирига қадар ҳужжат­ларини топширишлари мумкин. Умид қиламизки, кўплаб ўзбек санъат­корлари ҳам бунда фаол иштирок этишади. Шу ўринда ўзбек мусиқачи­ларига биз билан алоқа ўрнатинг ва фаол иштирок этинг, деган бўлар эдик. Ўтган 2020 йилда ҳам биз ­Омнибус ансамбли ва Юлия Хюльсманн квартети иштирокида ажойиб концерт ташкил қилдик ва бу жуда муваффақиятли бўлди. Ушбу лойи­ҳа ҳа­қида батафсил маълумотни YouTube видеоплатформасидан ҳам топишингиз мумкин.
     – Ўтган йили болалар ва ёшлар учун анъанавий «Шум бола – 2020» кинофестивали бўлиб ўтдими? Ушбу анъана келгусида ҳам давом этадими?
     – «Шум бола» – бу болалар ва ўсмирлар фильмлари фестивали ҳи­собланади ҳамда «Ўзбеккино» ва Германиянинг Хемниц шаҳридаги «Шлингел» (Шум бола) фестивали би­лан ҳамкорликда 7 йилдан бери жуда муваффақиятли ўтказиб ке­линмоқда. Бу фестиваль ҳамкорлик­даги анъанага айланган лойиҳалар­дан биридир ва томошабинлар томонидан доимо катта қизиқиш билан кутиб олинади. Фильм фестивали 2020 йилнинг май ойида онлайн намойиш этилди ва 2020 йилнинг кузида баъзи фильмларни очиқ осмон остида намойиш қилиш имкониятига эга бўлдик. Бу йилги «Шум бола» фильм­лар фестивалини анъанавий шаклда 6-10 май кунлари Тошкентда ўтказиш режалаштирилган. Умид қи­ламизки, бу йилги тадбир пандемия ёки шу каби бошқа кутилмаган вазиятлар сабаб ўз анъанасини ўзгартирмайди.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.