Такрорий ишлаб чиқариш, яъни ишлаб чиқариш, айирбошлаш, тақсимлаш ва истеъмол жараёнларини ифодаловчи макроиқтисодий кўрсаткичларда мамлакат миллий бойлигининг барча таркибий қисмларини ягона қиймат бўйича баҳолаш имконияти мавжуд бўлган тақдирда улар мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва ресурс салоҳиятини тўлиқ тавсифлаши мумкин эди. Олимлар узоқ йиллар давомида миллий бойлик тавсифларини аниқлаш ва миқдорий жиҳатдан таърифлашга ҳаракат қилишди. Бироқ бу ҳаракатлар ўз самарасини бермади. Ҳатто, ҳозир ҳам турли мамлакатлар миллий бойлигини баҳолашнинг универсал усуллари яратилмаган. Тадқиқотларимиз хорижий адабиётларда миллий бойликнинг кенгайтирилган талқини берилганини кўрсатди. Миллий бойликка мамлакатда муайян даврда мавжуд бўлган моддий объектлар, табиий ресурслар йиғиндиси сифатида қаралади, бугунги кунда инсон капитали ҳам ҳисобга олинади.
Бу ўринда олимлар масалага миллий бойлик сирасига киритилаётган объектларнинг иқтисодий табиатидан, аниқроғи, уларнинг фойдани такроран ҳосил қилиш қобилиятидан келиб чиқиб ёндашмоқдалар.
Меркантилизм намояндалари (Т. Ман, Ж. Стюарт ва бошқалар)нинг фикрича, фақатгина пул, қимматбаҳо металлар ва улардан ясалган буюмлар мамлакат миллий бойлигини ташкил этади. Шунинг учун ҳам улар мамлакатга кўпроқ олтин киритиш сиёсатини қўллаб-қувватлашган.
Физиократлар ушбу назарияни қайта кўриб чиқдилар. Ф.Кенэ «фойдали ташқи савдо баланси» доктринасини кескин танқид қилди. Унинг «Иқтисодий жадвал» (1758 йил) деб номланган илк асарида ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг дастлабки модели тақдим этилди. Бойликнинг мазмун-моҳияти бу ерда авваламбор, қишлоқ хўжалиги тармоқларида истеъмол қилинган ва инсон меҳнати эвазига такроран яратилган, ҳар йили етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари оқимидан иборат. Ф.Кенэ «Ишлаб чиқариш сарф-харажатлари деҳқончилик, ўтлоқлар, яйловлар, ўрмонлар, конлар, балиқчилик ва ҳоказоларда амалга оширилади, унинг асосий мақсади ғалла, ёғоч, мол, қўл меҳнати учун зарур хомашёдан иборат бойликни узлуксиз равишда такроран ишлаб чиқариш ва ҳоказолардан иборат» деб таъкидлаган. Илмий ғояларида бойлик иқтисодиётнинг барча жабҳаларида яратилишини ҳисобга олмаган. Бу ҳолат аввало, Франция ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг XVIII асрдаги тарихий шарт-шароитларига боғлиқ. У миллий бойлик таркибига йиллик маҳсулот, ер қиймати, саноат корхоналарининг асосий капитали, уй жиҳозлари, металл пуллар ва бошқаларни киритган (барча аҳоли мулкини ташкил этувчи моддий буюмлар, кўчар ва кўчмас мулклар). Баъзи ғоялари асоссиз эканлигига қарамай Ф.Кенэнинг «Иқтисодий жадвал» асари ушбу соҳага тааллуқли тадқиқотларнинг энг дастлабкиларидан бири бўлди.
Классик мактаб «қийматнинг меҳнат назарияси» билан “миллий бойлик» тушунчасига янгича ёндашувни киритди. Пайдо бўлган ўзига хос иқтисодий назария («сиёсий иқтисод»)га бойлик, унинг манбалари ва тақсимланиши ҳақидаги фан сифатида қарала бошланди.
Классик мактаб намояндаларидан бири саналган А.Смит бойлик, деганда жамият меҳнати билан такроран ҳосил қилинадиган маҳсулотлар оқимини тушунган. Унинг уқтиришича, миллий бойлик – бу жамият тасарруфидаги, муайян истеъмол қийматига эга бўлган меҳнат маҳсулидир. Меҳнат тақсимоти бойлик ёки истеъмол қийматининг ягона манбаидир.
Ф.Кенэ ишланмаларидан кейин юз йил ўтиб, иқтисодиёт фанида вужудга келган такрорий ишлаб чиқаришнинг макроиқтисодий модели К.Марксга тегишлидир. У халқ хўжалигининг икки секторли моделида оддий ва кенгайтирилган такроран ишлаб чиқариш жараёнини таҳлил қилди. Миллий бойлик категориясини тадқиқ этишга катта эътибор қаратди. Фақатгина «капиталистик бойлик» тушунчасининг мазмуни, манбалари ва шаклларини аниқлаш билан кифояланиб қолмай, миллий бойликка ижтимоий маҳсулот, миллий даромад ва бошқа макроиқтисодий категориялар сингари ижтимоий такрор ишлаб чиқариш жараёнини аниқлашнинг алоҳида категорияси сифатида қараб, унинг назарий ва услубий асосларини ишлаб чиқди. Миллий бойликнинг асосий манбалари меҳнат ва табиат эканлигини ҳисобга олган ҳолда қуйидаги таркибий қисмларини ажратиб кўрсатди:
1. Табиий бойлик. У ўз ичига турмуш воситалари (ер унумдорлиги, сувларда балиқларнинг кўплиги ва ҳоказолар) ва меҳнат воситаларини (шаршаралар, кемалар сузишига яроқли дарёлар, тахта-ёғоч, фойдали қазилмалар ва бошқаларни) олади. Табиий бойликнинг биринчи тоифаси маданиятнинг пайдо бўлишида ҳал қилувчи аҳамият касб этади, иккинчи тоифаси эса жамият ривожланишининг юқори босқичларида катта роль ўйнайди.
2. Миллий бойликнинг моддий буюмлашган қисми.
Ж.Миль бу категорияни қуйидагича талқин қилган: «Бойлик бу – айирбошлаш қийматига эга бўлган барча фойдали буюмлардир, бошқача айтганда, ҳар қандай ҳажмда меҳнатсиз ва ҳадя тариқасида олинганидан ташқари барча фойдали буюмлар бойлик ҳисобланади.
Кези келганда эслатиш жоизки, миллий бойликни иқтисодий категория сифатида тадқиқ этиш XVII–XX асрларда хорижий илмий мактабларда даврий узилишлар билан амалга оширилган. Салкам 200 йил мобайнида «бойлик» ва «даромад» категориялари аралаштириб юборилиб, иккаласи ҳам фаровонлик синоними тушунчаси ўрнида қўлланилган. Ўша даврдаги муаллифлар бойлик турларининг фарқига боришмаган, такрор ишлаб чиқаришнинг фазалари ҳақида тасаввурга эга бўлишмаган, бойликни ажратиб ҳисоблаш мумкинлигини хаёлларига келтиришмаган. Статистик ҳисоб-китобларда бу босқичларни аралаштирилиб юборишган.
Миллий бойлик индивидуал бойликлар йиғиндиси ёки мамлакатнинг соф мулки сифатида намоён бўлиб, соф миллий маҳсулотнинг алоҳида компонентларидан ташкил топган. Миллий бойликни ҳисоблаш ва айни йўналишда тадқиқотлар олиб бориш фақат хусусий мулк доирасида амалга оширилган. Ҳисобчилар томонидан миллий бойликни баҳолаш чоғи давлат, маҳаллий органлар, жамоат ташкилотлари, нотижорат ташкилотлари тассаруфидаги бойликлар эътибордан четда қолган. Бундан ташқари миллий бойликни ҳисоблашда икки тамойил, яъни ҳудудий ва ҳуқуқий тамойиллар аралаштирилиб юборилган.
XIX асрнинг охирги йигирма йилида миллий бойликни баҳолаш ва халқаро таққослашда инглиз иқтисодчиси М.Мелхолл катта ютуқларга эришган. Унинг тузган жадваллари билан танишиб, бу инсон миллий бойликни муайян мамлакат чегараларида жойлашган моддий объектлар йиғиндиси сифатида (жумладан, ер ҳам) талқин қилган, деган хулосага келиш мумкин.
«Миллий бойлик» тушунчасини иқтисодий амалиётга киритишни ва бу макроиқтисодий категорияни ҳисоблашни ижобий қабул қилувчилар қатори салбий позицияда турган баъзи иқтисодчилар ҳам бўлган. Чунончи, XX аср ўрталарида О. Герман, Г. Шмоллер, А. Амон, Р. Лифман, П. Хермберг, Д. Готтль - Оттлилиенфельд сингари олимлар миллий бойлик категорияси ва жамият мулки ҳамда уни ҳисоблаш амалиётини қатъиян рад этганлар. Улар сиёсий иқтисод вазифасини миллий бойликнинг шаклланиши ва тўпланиши билан боғлиқ ҳолда эмас, балки хўжалик ҳаётининг аниқ бир жараёнларини таърифлашда, деб билганлар. Мазкур категория иқтисодий амалиётда умуман керак эмаслигини унинг сунъий равишда яратилгани билан изоҳлаганлар.
Бизнингча, муаллифларнинг бундай позицияси тадқиқ этилаётган кўрсаткич истиқболларини кескин камайтиради ва кўриб чиқилаётган категория ҳақидаги замонавий тасаввурларга мос келмайди. Миллий бойлик ЯИМ, савдо баланси, ўртача нарх ва фойда кўрсаткичлари каби ўта зарур иқтисодий категориядир.
Бошқа бир гуруҳ олимлар миллий бойликни хусусий хўжаликлар мол-мулкининг йиғиндиси сифатида тушунишади. Бу бойлик таркибига алоҳида шахслар ва хусусий корхоналарнинг бозор қийматига эга бўлган моддий объектлари ёки уларга эгалик ҳуқуқи киритилишидан қатъий назар барча мол-мулклар – ер, ўрмон, иншоотлар, турли кўчмас мулклар, асбоб-ускуналар, истеъмолчилик мол-мулки, пуллар, векселлар, акциялар, облигациялар ва бошқа қимматли қоғозлар (яъни молиявий активлар) киритилади.
Д.Пюпен барча моддий объектларнинг умумий қийматини тўғридан-тўғри ҳисоблаш йўли билан аниқлаган. Сўнгра ҳосил бўлган йиғиндидан давлат, жамоат ва ҳоказоларнинг мол-мулкини чиқариб ташлаган ва ўзининг наздида халқ мулки, соддароқ қилиб айтганда, «хусусий мулклар» йиғиндисини келтириб чиқарган. «Хусусий мулклар» ҳисоб категориясининг ўрганиш мақсадлари анча чекланган бўлиб, мамлакатда солиққа тортиш мумкин бўлган мулклар, яъни фискал манфаатлар доирасига киради. Шунга мувофиқ мулклар брутто эмас, нетто ҳисобланади, демак, улардан мавжуд қарздорлик айириб ташланади.
Фикримизча, бундай вазиятда миллий бойликни тизимли равишда, назарий-услубий жиҳатдан объектив таҳлил қилишнинг мазмун-моҳияти йўқолади.
Ушбу оқимнинг бошқа концепциясига биноан бойлик даромад келтирувчи ҳар қандай нарсадир. Бундай ёндашув тарафдорларини алоҳида шахслар тасарруфидаги мол-мулклар эмас, аксинча, уларнинг даромад келтирувчи манбаи қизиқтиради. Миллий бойлик таркибига алоҳида объектлар даромад келтириши мумкин бўлган ҳоллардагина киритилади, акс ҳолда, киритилмайди. Негаки, улар фақат истеъмол қийматига эга. Лекин ҳозирги кунда истеъмол буюмларига миллий бойликнинг муҳим компоненти сифатида қаралади.
Ҳозирги замон иқтисодчи олимларидан Д.Майле ва А.Скотт мамлакат миллий бойлигини кўпайтиришда учта омилни – капитал, меҳнат ҳамда технологик билим ва самарадорликни энг биринчи ўринга қўйишади.
ХХ асрнинг 50-йилларида БМТ томонидан жаҳон мамлакатларида миллий бойлик ҳажми ва ўсиш суръатларини ҳисоблаш тамойилларини ишлаб чиқишга эътибор кучайди. Натижада ушбу кўрсаткични ҳисоблашга оид услубий ва ахборот таъминоти билан боғлиқ муаммоларга барҳам бериш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш зарурати юзага келди. Шунга монанд равишда БМТнинг статистика қўмитаси, унинг махсус бўлимлари ва жаҳон банки каби қатор халқаро ташкилотларда миллий бойликни ҳисоблаш усулини яратиш бўйича илмий тадқиқотлар авж олди. Ҳозир ҳам улар орқали мамлакат миллий бойлигини баҳолаш бўйича жаҳон тажрибаси умумлаштирилмоқда, кўрсаткичларни бир хил услубда ҳисоблашга доир халқаро стандартлар ва тавсиялар ишлаб чиқилмоқда, тегишли маълумотлар банки йиғилмоқда ва экспериментал ҳисоб-китоблар юритилмоқда.
Миллий бойлик таркибини таҳлил қилиш, алоҳида унсурларининг ривожланган ҳамда ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётидаги ўрни ва ролини аниқлаш мақсадида 1998 йилда бир қатор хорижлик олимлар томонидан миллий бойлик ҳажмини ҳисоблаш усули ишлаб чиқилди.
Жаҳон банки мутахассислари А.Кант, Р.Стенли ва бошқалар таклиф этаётган концепцияда миллий бойликнинг таркибий қисмлари табиий капитал, ишлаб чиқарилган капитал (активлар), инсон капитали (инсон ресурслари)дан ташкил топгани, шунингдек, унинг таркибида яна бир унсур – ижтимоий капитал ҳам ҳисобга олиниши зарурлиги кўрсатилган. Бироқ ҳозирги кунгача унинг ҳисоб-китоби амалга оширилмаган.
«Ижтимоий капитал», деганда иқтисодиётнинг самарали фаолиятига таъсир кўрсатувчи ўзаро боғлиқ тармоқлар, институтлар ва улар ўртасидаги муносабатлар йиғиндиси тушунилади.
Жаҳон банкининг атроф-муҳит департаменти мутахассислар томонидан олиб борилган илмий-тадқиқотларда барқарор ривожланиш омилларини аниқлаш бўйича ишлаб чиқилган усул янгилиги билан ажралиб туради. Унга биноан иқтисодий ўсиш келажак авлодлар манфаатини ҳам ҳисобга олиши зарур. Ресурс захиралари бугунги кунда инсонларнинг улардан фойдаланиши натижасида камаймаслиги даркор. Шунга биноан инсоният зиммасига ҳозир мавжуд бўлган табиий, моддий ва ишчи кучи ресурсларидан самарали фойдаланиш усулларини излаб топиш мажбурияти юкланади.
Жаҳон банкининг илмий-тадқиқотлари натижасида Курраи заминимиздаги салкам 110 та мамлакатнинг миллий бойлиги ҳажми, шунингдек, ривожланган ва ривожланаётган давлатларда унинг таркибини ҳам баҳолаш имкони туғилди.
Жаҳон банки усули бўйича ўтказилган ҳисоб-китобларга қараганда жаҳон миллий бойлиги таркибида ишчи кучи капитали – 66 фоизни, табиий бойликлар – 16 фоизни ва такроран ҳосил қилинувчи (моддий бойликлар) капитал – 18 фоизни ташкил қилган.
Тадқиқотларимиз натижасида БМТнинг статистик қўмитаси томонидан 1993 ва 2008 йилда ишлаб чиқилган миллий ҳисоблар тизимида ҳам миллий бойликни ҳисоблаш бўйича бир қатор муаммолар мавжудлиги аниқланди:
● Миллий бойлик категориясининг иқтисодий мазмун-моҳияти назарий жиҳатдан тўлиқ очиб берилмаган.
● Миллий бойликнинг таркибий қисмлари аниқ белгилаб қўйилмаган.
● Жаҳон мамлакатларида миллий бойликни ҳисоблаш тизими ишлаб чиқилмаган.
● Баъзи мамлакатлар бўйича макроиқтисодий кўрсаткичларини ҳисоблаш усуллари бир-бирига мос келмайди.
● Миллий бойликнинг табиий ресурслар ва ишчи кучи капитали каби унсурларини ҳисоблаш усуллари халқаро стандартларга мос эмас ва тақдим этилаётган маълумотларнинг аксарияти субъектив характерга эга.
● Турли давлатларда ушбу муаммо билан шуғулланувчи халқаро ташкилотларга ҳарбий соҳадаги асосий капитал ҳисоб-китобининг якуний натижалари бўйича статистик маълумотлар тақдим этилмайди.
● Миллий бойликнинг экологик унсурларини ҳисоблаш механизми яратилмаган.
● «Ижтимоий капитал»ни ҳисоблаш усуллари мавжуд эмас.
Ҳозирги вақтда миллий бойликни ҳисоблаш бўйича мамлакатлар тажрибаси умумлаштирилишига, халқаро стандарт ва тавсиялар ишлаб чиқилишига қарамасдан уни тадқиқ этиш масалалари долзарблигича қолмоқда. Замонамиз олимлари эса миллий бойлик таркибидаги иккита муҳим компонент, яъни ишчи кучи ва табиий-ресурс капиталини ҳисоблашнинг назарий-услубий асосларини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишмоқда.
Абдусамад МАМАНАЗАРОВ,
мустақил изланувчи