(O´zbek) Миллий бойликнинг шаклланиши-назария ва концепциялар

5/2019

Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Такрорий ишлаб чиқариш, яъни ишлаб чиқариш, айирбошлаш, тақсимлаш ва истеъмол жараёнларини ифодаловчи макроиқти­содий кўрсаткичларда мамлакат миллий бойлигининг барча таркибий қисмларини ягона қий­мат бўйича баҳолаш имконияти мавжуд бўлган тақдирда улар мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳо­лати ва ресурс салоҳиятини тўлиқ тавсиф­лаши мумкин эди. Олимлар узоқ йиллар давомида миллий бойлик тавсифларини аниқлаш ва миқ­дорий жиҳатдан таърифлашга ҳара­кат қи­лишди. Бироқ бу ҳаракатлар ўз самарасини бермади. Ҳатто, ҳозир ҳам турли мамлакатлар миллий бойлигини баҳолашнинг универсал усуллари яратилмаган. Тадқиқотларимиз хорижий адабиётларда миллий бойликнинг кенгайтирилган талқини берилганини кўрсатди. Миллий бойликка мамлакатда муайян даврда мавжуд бўлган моддий объектлар, табиий ресурслар йиғиндиси сифатида қаралади, бугунги кунда инсон капитали ҳам ҳисобга олинади.
     Бу ўринда олимлар масалага миллий бойлик сирасига киритилаётган объектларнинг иқтисодий табиатидан, аниқроғи, уларнинг фойдани такроран ҳосил қилиш қобилиятидан келиб чиқиб ёндаш­моқдалар.
     Меркантилизм намояндалари (Т. Ман, Ж. Стюарт ва бошқалар)нинг фикрича, фақатгина пул, қимматбаҳо металлар ва улардан ясалган буюмлар мамлакат миллий бойлигини ташкил этади. Шунинг учун ҳам улар мамлакатга кўпроқ олтин киритиш сиёсатини қўллаб-қувватлашган.
     Физиократлар ушбу назарияни қайта кўриб чиқдилар. Ф.Кенэ «фойдали ташқи савдо баланси» доктринасини кескин танқид қилди. Унинг «Иқтисодий жадвал» (1758 йил) деб номланган илк асарида ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг дастлабки модели тақдим этилди. Бойликнинг мазмун-моҳияти бу ерда авваламбор, қишлоқ хўжалиги тармоқларида ис­теъмол қилинган ва инсон меҳнати эвазига такроран яратилган, ҳар йили етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари оқимидан иборат. Ф.Кенэ «Ишлаб чиқариш сарф-харажатлари деҳқончилик, ўтлоқлар, яйловлар, ўрмонлар, конлар, балиқчи­лик ва ҳоказоларда амалга оширилади, унинг асосий мақсади ғалла, ёғоч, мол, қўл меҳнати учун зарур хомашёдан иборат бойликни узлуксиз равишда такроран ишлаб чиқа­риш ва ҳоказолардан иборат» деб таъкидлаган. Илмий ғояларида бойлик иқтисодиётнинг барча жабҳала­рида яратилишини ҳисобга олмаган. Бу ҳолат аввало, Франция иж­тимоий-иқтисодий тараққиётининг XVIII асрдаги тарихий шарт-шароитларига боғ­лиқ. У миллий бойлик таркибига йиллик маҳсулот, ер қиймати, саноат корхоналарининг асосий капитали, уй жиҳозлари, металл пуллар ва бошқаларни киритган (барча аҳоли мулкини ташкил этувчи моддий буюмлар, кўчар ва кўчмас мулк­лар). Баъзи ғоялари асоссиз эканлигига қа­рамай Ф.Кенэнинг «Иқти­содий жад­вал» асари ушбу соҳага тааллуқли тадқиқотларнинг энг дастлабкиларидан бири бўлди.
     Классик мактаб «қийматнинг меҳ­нат назарияси» билан “миллий бойлик» тушунчасига янгича ёндашувни киритди. Пайдо бўлган ўзига хос иқтисодий назария («сиёсий иқтисод»)га бойлик, унинг манбалари ва тақ­симланиши ҳақидаги фан сифатида қарала бошланди.
     Классик мактаб намояндаларидан бири саналган А.Смит бойлик, деганда жамият меҳнати билан так­роран ҳосил қилинадиган маҳсулот­лар оқимини тушунган. Унинг уқти­ришича, миллий бойлик – бу жамият тасарруфидаги, муайян ис­теъмол қийматига эга бўлган меҳнат маҳсу­лидир. Меҳнат тақсимоти бойлик ёки истеъмол қийматининг ягона ман­баидир.
     Ф.Кенэ ишланмаларидан кейин юз йил ўтиб, иқтисодиёт фанида вужудга келган такрорий ишлаб чиқа­ришнинг макроиқтисодий модели К.Марксга тегишлидир. У халқ хўжалигининг икки секторли моделида оддий ва кенгайтирилган такроран ишлаб чиқариш жараёнини таҳлил қилди. Миллий бойлик категориясини тадқиқ этишга катта эътибор қа­ратди. Фақатгина «капиталистик бойлик» тушунчасининг мазмуни, манбалари ва шаклларини аниқлаш би­лан кифояланиб қолмай, миллий бой­ликка ижтимоий маҳсулот, миллий даромад ва бошқа макроиқти­содий категориялар сингари ижтимоий такрор ишлаб чиқариш жараёнини аниқлашнинг алоҳида категорияси сифатида қараб, унинг назарий ва услубий асосларини ишлаб чиқди. Миллий бойликнинг асосий манбалари меҳнат ва табиат эканлигини ҳисобга олган ҳолда қуйидаги таркибий қисмларини ажратиб кўр­сатди:
     1. Табиий бойлик. У ўз ичига турмуш воситалари (ер унумдорлиги, сувларда балиқларнинг кўплиги ва ҳоказолар) ва меҳнат воситаларини (шаршаралар, кемалар сузишига яроқли дарёлар, тахта-ёғоч, фойдали қазилмалар ва бошқаларни) олади. Табиий бойликнинг биринчи тоифаси маданиятнинг пайдо бўлишида ҳал қилувчи аҳамият касб этади, иккинчи тоифаси эса жамият ривожланишининг юқори босқичла­рида катта роль ўйнайди.
     2. Миллий бойликнинг моддий буюмлашган қисми.
     Ж.Миль бу категорияни қуйида­гича талқин қилган: «Бойлик бу – айир­бошлаш қийматига эга бўлган барча фойдали буюмлардир, бошқа­ча айтганда, ҳар қандай ҳажмда меҳ­натсиз ва ҳадя тариқасида олинганидан ташқари барча фойдали буюмлар бойлик ҳисобланади.
     Кези келганда эслатиш жоизки, миллий бойликни иқтисодий категория сифатида тадқиқ этиш XVII–XX асрларда хорижий илмий мактабларда даврий узилишлар билан амалга оширилган. Салкам 200 йил мобайнида «бойлик» ва «даромад» категориялари аралаштириб юборилиб, иккаласи ҳам фаровонлик синоними тушунчаси ўрнида қўлланилган. Ўша даврдаги муаллифлар бойлик турларининг фарқига боришмаган, так­рор ишлаб чиқаришнинг фазалари ҳақида тасаввурга эга бўлишмаган, бойликни ажратиб ҳисоблаш мумкинлигини хаёлларига келтиришмаган. Статистик ҳисоб-китобларда бу босқичларни аралаштирилиб юборишган.
     Миллий бойлик индивидуал бойликлар йиғиндиси ёки мамлакатнинг соф мулки сифатида намоён бўлиб, соф миллий маҳсулотнинг алоҳида компонентларидан ташкил топган. Миллий бойликни ҳисоблаш ва айни йўналишда тадқиқотлар олиб бориш фақат хусусий мулк доирасида амалга оширилган. Ҳисобчилар томонидан миллий бойликни баҳолаш чоғи давлат, маҳаллий органлар, жамоат ташкилотлари, нотижорат ташкилотлари тассаруфидаги бойликлар эътибордан четда қолган. Бундан ташқари миллий бойликни ҳисоблашда икки тамойил, яъни ҳудудий ва ҳуқуқий тамойиллар аралаштирилиб юбо­рилган.
     XIX асрнинг охирги йигирма йилида миллий бойликни баҳолаш ва халқаро таққослашда инглиз иқтисод­чиси М.Мелхолл катта ютуқларга эришган. Унинг тузган жадваллари билан танишиб, бу инсон миллий бойликни муайян мамлакат чегараларида жойлашган моддий объект­лар йиғиндиси сифатида (жумладан, ер ҳам) талқин қилган, деган хулосага келиш мумкин.
     «Миллий бойлик» тушунчасини иқтисодий амалиётга киритишни ва бу макроиқтисодий категорияни ҳи­соблашни ижобий қабул қилув­чилар қатори салбий позицияда турган баъзи иқтисодчилар ҳам бўлган. Чунончи, XX аср ўрталарида О. Герман, Г. Шмоллер, А. Амон, Р. Лифман, П. Херм­берг, Д. Готтль - Оттлилиенфельд сингари олимлар миллий бойлик категорияси ва жамият мулки ҳамда уни ҳисоблаш амалиётини қатъиян рад этганлар. Улар сиёсий иқтисод вазифасини миллий бойликнинг шаклланиши ва тўпланиши билан боғ­лиқ ҳолда эмас, балки хўжалик ҳаётининг аниқ бир жараёнларини таърифлашда, деб билганлар. Мазкур категория иқтисодий амалиётда умуман керак эмаслигини унинг сунъий равишда яратилгани билан изоҳ­лаганлар.
     Бизнингча, муаллифларнинг бундай позицияси тадқиқ этилаётган кўрсаткич истиқболларини кескин камайтиради ва кўриб чиқилаётган категория ҳақидаги замонавий тасаввурларга мос келмайди. Миллий бойлик ЯИМ, савдо баланси, ўртача нарх ва фойда кўрсаткичлари каби ўта зарур иқтисодий категориядир.
     Бошқа бир гуруҳ олимлар миллий бойликни хусусий хўжаликлар мол-мулкининг йиғиндиси сифатида тушунишади. Бу бойлик таркибига ало­ҳида шахслар ва хусусий корхоналарнинг бозор қийматига эга бўл­ган моддий объектлари ёки уларга эгалик ҳуқуқи киритилишидан қатъий назар барча мол-мулклар – ер, ўрмон, иншоотлар, турли кўчмас мулклар, ас­боб-ускуналар, истеъмолчилик мол-мулки, пуллар, векселлар, акциялар, облигациялар ва бошқа қимматли қоғозлар (яъни молиявий активлар) киритилади.
     Д.Пюпен барча моддий объект­ларнинг умумий қийматини тўғри­дан-тўғри ҳисоблаш йўли билан аниқлаган. Сўнгра ҳосил бўлган йи­ғиндидан давлат, жамоат ва ҳока­золарнинг мол-мулкини чиқариб таш­лаган ва ўзининг наздида халқ мулки, соддароқ қилиб айтганда, «хусусий мулклар» йиғиндисини келтириб чиқарган. «Хусусий мулклар» ҳи­соб категориясининг ўрганиш мақ­садлари анча чекланган бўлиб, мамлакатда солиққа тортиш мумкин бўл­ган мулклар, яъни фискал манфаатлар доирасига киради. Шунга муво­фиқ мулклар брутто эмас, нетто ҳи­собланади, демак, улардан мавжуд қарздорлик айириб ташланади.
     Фикримизча, бундай вазиятда миллий бойликни тизимли равишда, назарий-услубий жиҳатдан объектив таҳлил қилишнинг мазмун-моҳияти йўқолади.
     Ушбу оқимнинг бошқа концепциясига биноан бойлик даромад келтирувчи ҳар қандай нарсадир. Бундай ёндашув тарафдорларини алоҳида шахслар тасарруфидаги мол-мулклар эмас, аксинча, уларнинг даромад келтирувчи манбаи қизиқти­ради. Миллий бойлик таркибига ало­ҳида объектлар даромад келтириши мумкин бўлган ҳоллардагина киритилади, акс ҳолда, киритилмайди. Негаки, улар фақат истеъмол қийма­тига эга. Лекин ҳозирги кунда истеъмол буюмларига миллий бойликнинг муҳим компоненти сифатида қа­ралади.
     Ҳозирги замон иқтисодчи олимларидан Д.Майле ва А.Скотт мамлакат миллий бойлигини кўпайтиришда учта омилни – капитал, меҳнат ҳамда технологик билим ва самарадорликни энг биринчи ўринга қўйишади.
     ХХ асрнинг 50-йилларида БМТ томонидан жаҳон мамлакатларида миллий бойлик ҳажми ва ўсиш суръ­атларини ҳисоблаш тамойилларини ишлаб чиқишга эътибор кучайди. Натижада ушбу кўрсаткични ҳисоб­лашга оид услубий ва ахборот таъминоти билан боғлиқ муаммоларга барҳам бериш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш зарурати юзага келди. Шунга монанд равишда БМТнинг статистика қўмитаси, унинг махсус бўлимлари ва жаҳон банки каби қатор халқаро ташкилотларда миллий бойликни ҳисоблаш усулини яратиш бўйича илмий тадқиқотлар авж олди. Ҳозир ҳам улар орқали мамлакат миллий бойлигини баҳо­лаш бўйича жаҳон тажрибаси умумлаштирил­моқда, кўрсаткичларни бир хил ус­лубда ҳисоблашга доир хал­қаро стандартлар ва тавсиялар ишлаб чиқил­моқда, тегишли маълумотлар банки йиғилмоқда ва экспериментал ҳисоб-китоблар юритил­моқда.
     Миллий бойлик таркибини таҳлил қилиш, алоҳида унсурларининг ривожланган ҳамда ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётидаги ўрни ва ролини аниқлаш мақсадида 1998 йилда бир қатор хорижлик олимлар томонидан миллий бойлик ҳажмини ҳисоблаш усули ишлаб чиқилди.
     Жаҳон банки мутахассислари А.Кант, Р.Стенли ва бошқалар таклиф этаётган концепцияда миллий бойликнинг таркибий қисмлари табиий капитал, ишлаб чиқарилган капитал (активлар), инсон капитали (инсон ресурслари)дан ташкил топгани, шунингдек, унинг таркибида яна бир унсур – ижтимоий капитал ҳам ҳисобга олиниши зарурлиги кўрсатил­ган. Бироқ ҳозирги кунгача унинг ҳисоб-китоби амалга оширилмаган.
     «Ижтимоий капитал», деганда иқтисодиётнинг самарали фаолиятига таъсир кўрсатувчи ўзаро боғлиқ тармоқлар, институтлар ва улар ўртасидаги муносабатлар йиғиндиси тушунилади.
     Жаҳон банкининг атроф-муҳит департаменти мутахассислар томонидан олиб борилган илмий-тадқи­қотларда бар­қарор ривожланиш омилларини аниқлаш бўйича ишлаб чиқилган усул янгилиги билан ажралиб туради. Унга биноан иқтисодий ўсиш келажак авлодлар манфаатини ҳам ҳисобга олиши зарур. Ресурс захиралари бугунги кунда инсонларнинг улардан фойдаланиши натижасида камаймаслиги даркор. Шунга биноан инсоният зиммасига ҳозир мавжуд бўлган табиий, моддий ва ишчи кучи ресурсларидан самарали фойдаланиш усулларини излаб топиш мажбурияти юкланади.
Жаҳон банкининг илмий-тадқи­қотлари натижасида Курраи заминимиздаги салкам 110 та мамлакатнинг миллий бойлиги ҳажми, шунингдек, ривожланган ва ривожланаётган давлатларда унинг таркибини ҳам баҳолаш имкони туғилди.
     Жаҳон банки усули бўйича ўтказилган ҳисоб-китобларга қараганда жаҳон миллий бойлиги таркибида ишчи кучи капитали – 66 фоизни, табиий бойликлар – 16 фоизни ва такроран ҳосил қилинувчи (моддий бойликлар) капитал – 18 фоизни ташкил қилган.
 
     Тадқиқотларимиз натижасида БМТнинг статистик қўмитаси томонидан 1993 ва 2008 йилда ишлаб чиқилган миллий ҳисоблар тизимида ҳам миллий бойликни ҳисоблаш бўйича бир қатор муаммолар мавжудлиги аниқланди:
     ● Миллий бойлик категориясининг иқтисодий мазмун-моҳияти назарий жиҳатдан тўлиқ очиб берилмаган.
     ● Миллий бойликнинг таркибий қисмлари аниқ белгилаб қўйилмаган.
     ● Жаҳон мамлакатларида миллий бойликни ҳисоблаш тизими ишлаб чиқилмаган.
     ● Баъзи мамлакатлар бўйича макроиқтисодий кўрсаткичларини ҳисоблаш усуллари бир-бирига мос келмайди.
     ● Миллий бойликнинг табиий ресурслар ва ишчи кучи капитали каби унсурларини ҳисоблаш усуллари хал­қаро стандартларга мос эмас ва тақ­дим этилаётган маълумотларнинг аксарияти субъектив характерга эга.
     ● Турли давлатларда ушбу муаммо билан шуғулланувчи халқаро ташкилотларга ҳарбий соҳадаги асосий капитал ҳисоб-китобининг якуний натижалари бўйича статистик маълумотлар тақдим этилмайди.
     ● Миллий бойликнинг экологик унсурларини ҳисоблаш механизми яратилмаган.
     ● «Ижтимоий капитал»ни ҳи­соблаш усуллари мавжуд эмас.
     Ҳозирги вақтда миллий бойликни ҳисоблаш бўйича мамлакатлар тажрибаси умумлаштирилишига, хал­қаро стандарт ва тавсиялар ишлаб чиқилишига қарамасдан уни тадқиқ этиш масалалари долзарблигича қолмоқда. Замонамиз олимлари эса миллий бойлик таркибидаги иккита муҳим компонент, яъни ишчи кучи ва табиий-ресурс капиталини ҳисоб­лашнинг назарий-услубий асосларини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишмоқда.
 
 
Абдусамад МАМАНАЗАРОВ,
мустақил изланувчи

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Матбуотчилар, 32

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.