Бизнингча, мақоламизни «Инвестициялар мамлакат иқтисодиётига нима учун зарур, улар амалда қандай фойда беради» деган саволга жавоб беришдан бошласак, мақсадга мувофиқ бўлади.
Мамлакатимиз пойтахти ва вилоятлар марказларида туризм, соғлиқни сақлаш, таълим, умумий овқатланиш ва спорт соҳаларида хизмат кўрсатишнинг энг юқори савияда йўлга қўйиш, шунингдек, шаҳарлар атрофида юқори технологияли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш йўли билан муайян ҳудудлар аҳолисининг турмуш фаровонлиги яхшиланишига, ўша ерларга ташриф буюрадиган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар кўпайишига, иқтисодий ўсишни таъминлашга, пировард натижада Ўзбекистон жаҳон айвонида муносиб ўрин эгаллашига эришиш мумкин.
Албатта, бу жараёнлар ўз-ўзидан амалга ошмайди. Эзгу орзу-тилаклар тўлиқ рўёбга чиқишида маҳаллий ёки хорижий инвесторларнинг турли манбалар орқали киритиладиган инвестициялари беқиёс аҳамият касб этади. Ҳозир дунёда амалга оширилаётган ислоҳотлар юртимизнинг инвестицион жозибадорлигини кўтариш, яъни, маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун қулай инвестиция муҳитини яратиш заруриятини келтириб чиқаради.
Миллий иқтисодиётимиз таркибида инвестициялар улушини ошириш, хусусан, уларни тизимнинг етакчи соҳалари ва тармоқларига йўналтириш, айниқса, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кўпайтириш, биринчи навбатда, қулай инвестиция муҳити яратилишини талаб қилади. Бунинг учун хорижий тажрибаларни атрофлича ўрганиб, шаҳарларимизнинг инвестицион жозибадорлигини янада кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга тўғри келади. Шу боис қуйида Туркия, Россия ва Қозоғистон пойтахтларининг инвестицион жозибадорлиги ва қулай инвестиция муҳити ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни лозим топдик.
Туркия Республикаси иқтисодиёти жадал суръатларда ўсиб бориши туфайли бугунга келиб транспорт, телекоммуникация ҳамда энергетика соҳаларига киритилган давлат ва хусусий сектор инвестициялари ҳажми кескин ошди. Бунга асосий сабаблардан бири сифатида мамлакат пойтахти бўлмиш Анқара шаҳрининг қулай географик жойлашувини, таъбир жоиз бўлса, Туркияни Европа, Африка ва Осиё давлатлари билан боғловчи кўприк вазифасини ўташини кўрсатиш мумкин. Қолаверса, бу гўшада 5 миллиондан зиёд киши яшайди, уларнинг 46 фоиздан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилади, 3,7 миллион нафари турли соҳаларда фаолият юритади, демакки, ишчи кучи имкониятлари катта. Мамлакат иқтисодиётининг 9 фоизи шу шаҳар ҳиссасига тўғри келиши, у барқарор иқтисодий ўсиш суръатларига эгалиги, ўртача йиллик экспорт ҳажми 7 миллиард АҚШ долларидан кўплиги ҳам пойтахтнинг ўзига хос муҳим стратегик жиҳатлари саналади. Шунингдек, Анқарада асосан юқори сифатли технологиялар ишлаб чиқарилиши бу ҳудудга хорижий инвесторларнинг қизиқиши ортишига туртки бўлмоқда.
Шаҳарга инвесторларни кўпроқ жалб қилиш мақсадида Инвестицияларни қўллаб-қувватлаш маркази очилган. У асосан республика Иқтисодиёт ва Саноат вазирлиги билан ҳамкорликда иш юритади. Бош вазифаларидан бири Анқара ҳамда салоҳиятли инвесторлар ўртасида савдо ва ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳисобланади.
Маълумки, Россия Федерацияси пойтахти Москвада трансмиллий компаниялар, дипломатик ва савдо ваколатхоналари кўп. Шунга кўра у дунёдаги энг йирик бизнес ва молиявий марказлар сирасига киради. Иқтисодиётида замонавий ахборот технологиялари, молия, банк, суғурта, савдо, қурилиш, алоқа, транспорт, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари юқори улушга эга. Бу инвесторлар томонидан асосан ушбу соҳаларга инвестиция киритилишига сабабчи бўлмоқда. Айни чоғда, ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида саноатнинг улуши ҳам юқори эканлиги Москванинг мазкур йўналишдаги имкониятларини янада кенгайтиради.
Шундай эса-да, инвесторларни кўпроқ жалб қилиш учун шаҳарда бир қатор имтиёзлар жорий этилган. Жумладан, уларга фаолиятлари давомида фойда, ер ва мулк солиқларидан солиқ юкини 25 фоизгача камайтириш имкони берилади. Москва иқтисодий зонасида бизнесини бошловчилар учун эса бу кўрсаткич 47 фоизгача пасайтирилиши мумкин.