Parlamentlararo aloqalar

Тинчлик ва барқарорлик йўлидаги ҳамкорлик

2/2021

     Германия Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорларидан бири сифатида қарийб ўттиз йил мобайнида мамлакати­мизнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаёти ривожланишини ҳар томонлама қўллаб-қув­ватлаб келмоқда. Сўнгги йилларда кузатилаётган икки томонлама муносабатларнинг барқарор динамикаси 2019 йилда Берлинда олий даражада бўлиб ўтган учрашувларда эришилган келишувларни амалга оширишга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳара­катларнинг натижасидир.
     2021 йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия канцлери Ангела Меркель билан видеоконференция тарзида бўлиб ўтган музокаралари асносида Германия раҳба­рияти томонидан давлатимиз фаолиятига юксак баҳо берилди, бу эса янгиланаётган Ўзбекистоннинг очиқ ташқи сиёсати эътирофидан далолат беради. Айниқса, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда дўстлик, яхши қўш­ничилик, ишонч ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашдаги муҳим ўрни алоҳида қайд этилди. ГФР Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди, фуқаролик жамияти шаклланишига, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини яратишга, мамлакатимизда барқарор ривожланишга эришиш учун барча соҳа­ларнинг тараққий этишига фаол кўмаклашади.
     Ўз навбатида Ўзбекистон парламенти минтақавий ривожланиш, Орол денгизи экологик фожеаси салбий оқибатларини бартараф этиш, Афғонистонда тинчлик ва барқа­рорлик ўрнатиш, шунингдек, ушбу мақсадларда инфратузилмавий ривожланиш соҳасида аниқ ташаббус ва лойиҳаларни илгари суриш борасидаги Германиянинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини юқори баҳо­лайди.
     Ўзбекистон-Германия парламент­лараро алоқалари тарихи жуда бой ва унинг янада ривожланиши икки мамлакат учун катта аҳамият касб этади. Дипломатик алоқалар ўрнатилган кундан бошлаб Олий Мажлисда Бундестагнинг 25 дан зиёд расмий делегациялари қабул қи­линди. Икки мамлакат парламент аъзолари иштирокида кўплаб тадбирлар ўтказилди ва бугунги кунда ҳам сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар ривожланиш соҳасида глобал, минтақавий ва миллий муаммоларни муҳокама қилишга ба­ғишланган мунтазам учрашувларни ташкил этиш давом этмоқда. Учрашувлар давомида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги конструктив алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор берил­моқда. Муҳокамалар асосида бугунги даврнинг кўплаб долзарб йўналишлари бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, булар минтақавий хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий ва хўжалик фаолиятини самарали ва оқилона юритиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий, ер ва сув ресурсларини асрашга қаратилган қонунчилик фаолиятини такомиллаш­тиришдан иборат. Муҳокамалар­нинг муҳим жиҳатларидан бири бу иқти­содиёт тармоқларининг иқлим ўзгаришларига мослашуви бўйича чораларни ҳуқуқий таъминлаш масаласидир.
     Германия парламент аъзолари ва бошқа немис экспертлари Ўзбекистонда ўтказиладиган турли халқаро конференциялар, семинарлар ва давра суҳбатларида фаол иштирок этмоқда. Мамлакатларимиз амалий ўзаро ҳамкорлиги учун катта сало­ҳиятга эга бўлган энергетика, транспорт, саноат, қурилиш, фан, техника, таълим, инновацион ривожланиш, ахборот технологиялари, туризм, уй-жой ва коммунал хўжалиги каби йўналишлар бўйича ташкил этилаётган тадбирлар икки томонлама ҳамкор­ликни кенгайтириш учун янги имкониятларни очишга хизмат қилаяпти. Ўзбекистон парламентарийлари Конрад Аденауэр ва Фридрих Эберт номидаги жамғармалар ўтказган кўплаб халқаро тадбирларда иштирок этди. Бундай учрашувларда Ўзбекистон парламент аъзолари немис ҳамкасб­ларининг қонунчилик соҳасидаги тажрибаси билан танишиш, Бундес­таг депутатларининг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятини амалга ошириш, парламент ишини таҳлилий жиҳатдан таъминлаш борасидаги самарали ёндашув ва усулларини ўрганиш имконига эга бўлди.
     Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Германиянинг давлат ва нодавлат органлари, мамлакатларимиз сиёсий ва ижтимоий доиралари ўртасида му­ваффақиятли ўзаро ҳамкорлик давом этмоқда, унда Олий Мажлис ва Бундестаг ўртасидаги алоқалар алоҳида ўрин эгаллайди. Олий Мажлисда Германия Федератив Республикаси Парламенти билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ фаолият юритмоқда, унга Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев раҳбарлик қилади, гуруҳ таркибида ўндан зиёд сенаторлар ва қуйи палата депутатлари фаол иш олиб бормоқда. ГФР Бундестагида М.Грунд депутати раҳбарлигида «ГФР-МО» парламент гуруҳи ташкил этилган, у Ўзбекистон парламенти билан ҳамкорлик учун масъул. Ушбу ҳам­корлик тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш, барқарор ривожланишга эришиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, гендер тенглигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашишга қара­тилган парламент фаолиятининг барча соҳаларини қамраб олади.
     Ўзбекистон ГФР билан Ўзбекистон Республикасининг келгусида Бутун­жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш, Европа Иттифоқи билан ҳам­корликни кенгайтириш бўйича ис­тиқболли режаларни амалга оширишда ишончли шерик сифатида дадил ўзаро ҳамкорлик қилмоқда. Парламентлараро иттифоқ (ПАИ) ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳам­корлик ташкилоти Парламент ассамблеяси (ЕХҲТ ПА) каби халқаро парламентлараро тузилмалар доирасида парламентарийларимизнинг янада самарали ўзаро ҳамкорлиги ку­тилмоқда. Ўзбекистонлик парламент аъзоларининг ЕХҲТ ПАдаги доимий делегацияси Бундестаг парламент делегацияси билан дунё миқёсидаги ушбу нуфузли парламентлараро тузилмаси доирасида қўшма резолюцияларни ишлаб чиқиш ва илгари суриш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириш ниятида. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон парламенти ўз салоҳиятини коронавирус пандемиясига қарши кураш, бутун дунёда COVID-19 тарқалиши оқибатида зарар кўрган миллий иқ­тисодиётларни тиклаш ва қўллаб-қув­ватлаш каби бугунги долзарб масалаларни ҳал этишга қаратиб, бошқа мамлакатлар парламентлари билан конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мақсад қилган. Ушбу нуқтаи назардан Бундестаг Ўзбекистон миллий парламентининг Марказий Осиё минтақаси ва умуман, жаҳонда тинчлик, барқарор­ликни мустаҳкамлаш сари устувор мақсад­ларга эришишда асосий шерикларидан бири ҳисобланади.
     Ҳозирги кунда дунёда жиддий эпидемиологик вазиятдан келиб чиқ­қан инқирозли ҳодисалар куча­йиши шароитида Ўзбекистон ва Германия­нинг биргаликдаги саъй-ҳаракат­лари коронавирус инфекцияси тарқали­шига йўл қўймаслик, ушбу касалликнинг олдини олиш ва даволашни самарали ташкил этишга қара­тилган. Барча мамлакатларнинг депутатлик корпуси томонидан ушбу йўналишда зарур қонунчилик чоралари кўрил­моқда. Хусусан, Олий Мажлис ва Бундестаг ўртасида бу борада ҳам фаол мулоқот ва тажриба алмашувини йўлга қўйишда катта зарурат мавжуд.
Иқтисодий ва инвестицион ҳам­корликни ривожлантиришга кўмак­лашиш Ўзбекистон ва Германия миллий парламентларининг доимий диқ­қат марказида туради. Парламент аъзоларининг мунтазам учрашув ва мулоқотлари дўстона ва конструктив руҳда ўтмоқда, мамлакатларимиз ишбилармонлик доиралари ўртасида ўзаро шерикликни фаоллаштириш учун қулай асос яратмоқда. Ўз нав­батида, бу қайта тикланувчи энергетика, янги кооперация йўналишларини яратиш, индустриал кластерлар, рақамли технологиялар ва «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш со­ҳасида қўшма лойиҳаларни илгари суришга ижобий таъсир кўрсатмоқда. 2021 йил март ойида бўлиб ўтган икки давлат раҳбарларининг музокаралари давомида илгари сурилган Ўзбекистонда етакчи немис компаниялари ва молиявий институтлар фаолиятини кенгайтириш шубҳасиз, парламент кўмагини талаб этади. Парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг тегишли қў­миталари кун тартибига мазкур масалаларни киритиш нафақат икки мамлакат бизнес вакилларининг, балки мазкур жараённинг бошқа иштирокчиларининг қўшма лойиҳа­лари ва ташаббусларини муваффа­қиятли амалга ошириш учун ҳу­қуқий асосларни мустаҳкамлаш борасидаги фаолиятга қаратилган.
     Парламентлар мамлакатларимиз ўртасида академик алмашувларни янада ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратиб, илмий кадрлар ва мутахассисларнинг таълим соҳаси­даги муваффақиятли ҳамкорлигини қўллаб-қувватлайди ва турли молиявий тузилмалар ва фондлар кўмагида дастурлар ҳамда лойиҳаларни ишлаб чиқиш тарафдори. Ўз навбатида, бу жамият ҳаётининг барча соҳаларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш ҳамда инвестицион муҳитни яхшилаш учун галдаги кучли туртки бўлиб хизмат қилади.
     Бугунги кунда Германия ва Ўзбекистоннинг давлат ҳамда жамоат тузилмалари минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, дунёда барқарор ривожланишга эришиш сари мунтазам ўзаро ҳамкорлик қи­лаётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқ­да. Бундай ҳамкорликнинг конструктивлиги ва муваффақиятлилиги авваламбор, мамлакатларимиз халқла­рининг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ва ГФР кўп миллионли фуқаролари номидан фаолият юритувчи парламент аъзоларининг дўс­тона ва ўзаро ишончга асосланган муносабатларига боғлиқ.
 
 
Дилором ФАЙЗИЕВА,
Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.