Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Германия Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорларидан бири сифатида қарийб ўттиз йил мобайнида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаёти ривожланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда. Сўнгги йилларда кузатилаётган икки томонлама муносабатларнинг барқарор динамикаси 2019 йилда Берлинда олий даражада бўлиб ўтган учрашувларда эришилган келишувларни амалга оширишга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларнинг натижасидир.
2021 йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия канцлери Ангела Меркель билан видеоконференция тарзида бўлиб ўтган музокаралари асносида Германия раҳбарияти томонидан давлатимиз фаолиятига юксак баҳо берилди, бу эса янгиланаётган Ўзбекистоннинг очиқ ташқи сиёсати эътирофидан далолат беради. Айниқса, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашдаги муҳим ўрни алоҳида қайд этилди. ГФР Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди, фуқаролик жамияти шаклланишига, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини яратишга, мамлакатимизда барқарор ривожланишга эришиш учун барча соҳаларнинг тараққий этишига фаол кўмаклашади.
Ўз навбатида Ўзбекистон парламенти минтақавий ривожланиш, Орол денгизи экологик фожеаси салбий оқибатларини бартараф этиш, Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш, шунингдек, ушбу мақсадларда инфратузилмавий ривожланиш соҳасида аниқ ташаббус ва лойиҳаларни илгари суриш борасидаги Германиянинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини юқори баҳолайди.
Ўзбекистон-Германия парламентлараро алоқалари тарихи жуда бой ва унинг янада ривожланиши икки мамлакат учун катта аҳамият касб этади. Дипломатик алоқалар ўрнатилган кундан бошлаб Олий Мажлисда Бундестагнинг 25 дан зиёд расмий делегациялари қабул қилинди. Икки мамлакат парламент аъзолари иштирокида кўплаб тадбирлар ўтказилди ва бугунги кунда ҳам сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар ривожланиш соҳасида глобал, минтақавий ва миллий муаммоларни муҳокама қилишга бағишланган мунтазам учрашувларни ташкил этиш давом этмоқда. Учрашувлар давомида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги конструктив алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Муҳокамалар асосида бугунги даврнинг кўплаб долзарб йўналишлари бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, булар минтақавий хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий ва хўжалик фаолиятини самарали ва оқилона юритиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий, ер ва сув ресурсларини асрашга қаратилган қонунчилик фаолиятини такомиллаштиришдан иборат. Муҳокамаларнинг муҳим жиҳатларидан бири бу иқтисодиёт тармоқларининг иқлим ўзгаришларига мослашуви бўйича чораларни ҳуқуқий таъминлаш масаласидир.
Германия парламент аъзолари ва бошқа немис экспертлари Ўзбекистонда ўтказиладиган турли халқаро конференциялар, семинарлар ва давра суҳбатларида фаол иштирок этмоқда. Мамлакатларимиз амалий ўзаро ҳамкорлиги учун катта салоҳиятга эга бўлган энергетика, транспорт, саноат, қурилиш, фан, техника, таълим, инновацион ривожланиш, ахборот технологиялари, туризм, уй-жой ва коммунал хўжалиги каби йўналишлар бўйича ташкил этилаётган тадбирлар икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятларни очишга хизмат қилаяпти. Ўзбекистон парламентарийлари Конрад Аденауэр ва Фридрих Эберт номидаги жамғармалар ўтказган кўплаб халқаро тадбирларда иштирок этди. Бундай учрашувларда Ўзбекистон парламент аъзолари немис ҳамкасбларининг қонунчилик соҳасидаги тажрибаси билан танишиш, Бундестаг депутатларининг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятини амалга ошириш, парламент ишини таҳлилий жиҳатдан таъминлаш борасидаги самарали ёндашув ва усулларини ўрганиш имконига эга бўлди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Германиянинг давлат ва нодавлат органлари, мамлакатларимиз сиёсий ва ижтимоий доиралари ўртасида муваффақиятли ўзаро ҳамкорлик давом этмоқда, унда Олий Мажлис ва Бундестаг ўртасидаги алоқалар алоҳида ўрин эгаллайди. Олий Мажлисда Германия Федератив Республикаси Парламенти билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ фаолият юритмоқда, унга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев раҳбарлик қилади, гуруҳ таркибида ўндан зиёд сенаторлар ва қуйи палата депутатлари фаол иш олиб бормоқда. ГФР Бундестагида М.Грунд депутати раҳбарлигида «ГФР-МО» парламент гуруҳи ташкил этилган, у Ўзбекистон парламенти билан ҳамкорлик учун масъул. Ушбу ҳамкорлик тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш, барқарор ривожланишга эришиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, гендер тенглигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашишга қаратилган парламент фаолиятининг барча соҳаларини қамраб олади.
Ўзбекистон ГФР билан Ўзбекистон Республикасининг келгусида Бутунжаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш, Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича истиқболли режаларни амалга оширишда ишончли шерик сифатида дадил ўзаро ҳамкорлик қилмоқда. Парламентлараро иттифоқ (ПАИ) ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеяси (ЕХҲТ ПА) каби халқаро парламентлараро тузилмалар доирасида парламентарийларимизнинг янада самарали ўзаро ҳамкорлиги кутилмоқда. Ўзбекистонлик парламент аъзоларининг ЕХҲТ ПАдаги доимий делегацияси Бундестаг парламент делегацияси билан дунё миқёсидаги ушбу нуфузли парламентлараро тузилмаси доирасида қўшма резолюцияларни ишлаб чиқиш ва илгари суриш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириш ниятида. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон парламенти ўз салоҳиятини коронавирус пандемиясига қарши кураш, бутун дунёда COVID-19 тарқалиши оқибатида зарар кўрган миллий иқтисодиётларни тиклаш ва қўллаб-қувватлаш каби бугунги долзарб масалаларни ҳал этишга қаратиб, бошқа мамлакатлар парламентлари билан конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мақсад қилган. Ушбу нуқтаи назардан Бундестаг Ўзбекистон миллий парламентининг Марказий Осиё минтақаси ва умуман, жаҳонда тинчлик, барқарорликни мустаҳкамлаш сари устувор мақсадларга эришишда асосий шерикларидан бири ҳисобланади.
Ҳозирги кунда дунёда жиддий эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан инқирозли ҳодисалар кучайиши шароитида Ўзбекистон ва Германиянинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари коронавирус инфекцияси тарқалишига йўл қўймаслик, ушбу касалликнинг олдини олиш ва даволашни самарали ташкил этишга қаратилган. Барча мамлакатларнинг депутатлик корпуси томонидан ушбу йўналишда зарур қонунчилик чоралари кўрилмоқда. Хусусан, Олий Мажлис ва Бундестаг ўртасида бу борада ҳам фаол мулоқот ва тажриба алмашувини йўлга қўйишда катта зарурат мавжуд.
Иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш Ўзбекистон ва Германия миллий парламентларининг доимий диққат марказида туради. Парламент аъзоларининг мунтазам учрашув ва мулоқотлари дўстона ва конструктив руҳда ўтмоқда, мамлакатларимиз ишбилармонлик доиралари ўртасида ўзаро шерикликни фаоллаштириш учун қулай асос яратмоқда. Ўз навбатида, бу қайта тикланувчи энергетика, янги кооперация йўналишларини яратиш, индустриал кластерлар, рақамли технологиялар ва «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш соҳасида қўшма лойиҳаларни илгари суришга ижобий таъсир кўрсатмоқда. 2021 йил март ойида бўлиб ўтган икки давлат раҳбарларининг музокаралари давомида илгари сурилган Ўзбекистонда етакчи немис компаниялари ва молиявий институтлар фаолиятини кенгайтириш шубҳасиз, парламент кўмагини талаб этади. Парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг тегишли қўмиталари кун тартибига мазкур масалаларни киритиш нафақат икки мамлакат бизнес вакилларининг, балки мазкур жараённинг бошқа иштирокчиларининг қўшма лойиҳалари ва ташаббусларини муваффақиятли амалга ошириш учун ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш борасидаги фаолиятга қаратилган.
Парламентлар мамлакатларимиз ўртасида академик алмашувларни янада ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратиб, илмий кадрлар ва мутахассисларнинг таълим соҳасидаги муваффақиятли ҳамкорлигини қўллаб-қувватлайди ва турли молиявий тузилмалар ва фондлар кўмагида дастурлар ҳамда лойиҳаларни ишлаб чиқиш тарафдори. Ўз навбатида, бу жамият ҳаётининг барча соҳаларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш ҳамда инвестицион муҳитни яхшилаш учун галдаги кучли туртки бўлиб хизмат қилади.
Бугунги кунда Германия ва Ўзбекистоннинг давлат ҳамда жамоат тузилмалари минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, дунёда барқарор ривожланишга эришиш сари мунтазам ўзаро ҳамкорлик қилаётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Бундай ҳамкорликнинг конструктивлиги ва муваффақиятлилиги авваламбор, мамлакатларимиз халқларининг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ва ГФР кўп миллионли фуқаролари номидан фаолият юритувчи парламент аъзоларининг дўстона ва ўзаро ишончга асосланган муносабатларига боғлиқ.
Дилором ФАЙЗИЕВА,
Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси