Иқтисодиётда муҳим қоида бор: хомашёни эмас, тайёр маҳсулотни экспорт қилиш тадбиркорга кўпроқ фойда келтиради. Ушбу қоидадан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда юртимизда четга экспорт қилинаётган ярим тайёр маҳсулотлар ҳажми қамайиб, тайёр маҳсулотлар тури ва миқдори ортиб бормоқда. Айниқса, юртимизда етиштирилган пахтадан тайёрланган бежирим либослар дунё бозорида юқори баҳоланмоқда. Албатта, бунда ушбу тармоқда меҳнат қилаётган тадбиркорлик субъектларининг меҳнатлари муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги суҳбатдошимиз – иқтисодиётимизнинг етакчи бўғинларидан бири – тўқимачилик соҳасида оз муддат ичида салмоқли натижаларга эришган, аёллар ва болалар учун калготки ва пайпоқ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи, турдош корхоналар ичида нуфузли мақомга эга, жаҳон андозаларига мос сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни ўз олдига мақсад қилиб олган тадбиркор, «PARTNER STRATEGY INVEST» ХК раҳбари Беҳзод ТУРСУНОВ.
«PARTNER STRATEGY INVEST» хусусий корхонаси раҳбари Беҳзод Турсуновнинг тинимсиз изланиши ва ўз устида ишлашлари натижасида корхона ташкил этилганига ҳали бир йил тўлмасдан, бугун ички ва ташқи бозорда ўз мавқеи ва мижозларига эга.
Қуйида “Partner strategy invest” хусусий корхонаси раҳбари Беҳзод Турсунов ҳамда ушбу корхона менеджери Жамшид Қурбонов билан бўлган эксклюзив интервюни ҳукмингизга ҳавола этамиз.
– Беҳзод Салимович корхонани ташкил этилиш тарихига қисқача тўхталиб ўтсангиз…
– Биласиз, республикамиз тўқимачилик соҳасида бир неча асрлик тарихга эга бўлиб, бугунги кунда ҳам ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган қатор имкониятлар доирасида соҳа янада ривожланмоқда. Жумладан, биз ҳам аёллар ва болаларга калготки ва пайпоқ ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритаётган корхоналар сони кўп бўлишига қарамай, айнан улар учун сифати юқори маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида «PARTNER STRATEGY INVEST» ХКни ташкил этдик.
– Жамшид Ҳакимович ишлаб чиқаришда қайси давлат технологиясидан фойдаланасиз ва корхонада нечта киши меҳнат қилади?
Корхона Хитой давлатининг илғор технологияларидан фойдаланади ва бу жараёнларда 20 га яқин ишчи қатнашиб, автоматлаштирилган ҳар 6-8 машинани 1 киши бошқаради.
–“Partner strategy invest” хусусий корхонаси бугунги кунда қандай турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқармоқда?
Ҳозирда корхонамиз эркаклар, аёллар ва болалар учун уч турдаги тирикотаж маҳсулотларини, пайпоқлар ва болалар колготкаларини ишлаб чиқармоқда. Бир ой давомида умумий ҳисобда савдо ҳажми бўйича 400 000 донадан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳиятига эгамиз. Маҳсулотларимиз жуда харидоргир бўлиб, Тошкент шаҳридаги бир қатор машҳур бренд савдо дўконлари билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Бундан ташқари ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизнинг 95 фоизи экспортга кетмоқда.
– Беҳзод Салимович корхонангиз ташкил этилганидан буён қисқа муддат ўтишига қарамай, маҳсулотларингиз ички ва ташқи бозорда ўз харидорларига эга бўлди. Тошкент шаҳрининг ўзидаги йирик савдо мажмуаларидан 60 га яқини билан шартнома имзоланибди. Қолаверса, МДҲ давлатларига ҳам маҳсулот экспорти амалга оширилаётган экан. Муваффақият сири нимада?