Мамлакатимизда миллий иқтисодиётнинг стратегик йўналишларидан бири сифатида туризмни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Шу орқали ҳудудларни жадал ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, мамлакатнинг обрўси ва инвестицион жозибадорлигини ошириш каби муҳим ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш мумкин. Ўзбекистон ва сайёҳлик индустрияси иштирокчилари ушбу соҳанинг бошқа мамлакатлардаги вакиллари билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Ўзбекистон ва Франция туризм соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга.
Ўтган асрнинг 90-йилларидан буён Франция дунёда энг кўп сайёҳлар ташриф буюрадиган мамлакатлар рўйxатида биринчи ўриндан тушмай келаётир. Бугунги кунда Ўзбекистонга сафарлар французлар орасида тобора оммабоп бўлиб бормоқда. Ҳар йили мамлакатимизга 15 мингдан ортиқ французлар ташриф буюраяпти.
Франция Туроператорлари уюшмаси (Syndicat des entreprises de tour operating, ёки SETO) бош котиби Юрген Бахман билан суҳбат чоғида француз томони аниқ мақсадларга қаратилган тадбирларни амалга ошириш орқали сайёҳларни жалб қилиш ва туризм салоҳиятини кенгайтириш бўйича ўз илғор тажрибасини журналимиз ўқувчилари билан ўртоқлашди. Эътиборингизга ушбу суҳбатни ҳавола қиламиз.
– Жаноб Баxман, биз билан дунё иқтисодиётининг энг жадал ривожланаётган ва Ўзбекистон учун шу қадар долзарб бўлган соҳаларидан бири бўлмиш туризм тўғрисида суҳбат қуришга розилик берганингиз учун ташаккур. Ўз ҳақингизда гапириб берсангиз.
– SЕТО бош котиби лавозимида фаолият юритишимдан ташқари мен шунингдек,Европа Туроператорлари ва сайёҳлик агентликлари уюшмаси (EACTA) вакили ҳисобланаман. Шу аснода мен француз туроператорларининг манфаатларини Европа даражасида ифода этаман. Бундан ташқари Франциянинг Таътил чеклари миллий агентлиги (ANCV) маъмуриман.
– Назаримизда, бизнинг ўқувчиларимизга Таътил чеклари миллий агентлиги ва умуман ушбу тизим ҳақида билиб олиш қизиқарли бўларди.
– Таътил чеклари тизими Италия, Швейцария ва Францияда узоқ вақтдан бери муваффақиятли ишламоқда. Айнан таътил чеклари ёрдамида биз мамлакатимизда туризмни ривожлантирдик ва туризм бизнесида олдинги ўринларга чиқиб олдик. Ушбу ташкилот Франциядаги туризм фаолиятининг катта қисмини қамраб олади, унинг айланмаси йилига 1,6 млрд. евродан ошади. ACNV ташкилоти 1982 йилда, имкон қадар кўпроқ фуқаролар учун дам олиш ижтимоий ҳуқуқини таъминлаш мақсадида ташкил этилган. Унинг фаолиятининг моҳияти шундан иборатки, Миллий агентлик иш берувчилар ёки корхоналар кенгашлари орқали маxсус «таътил чеклари» ни, яъни маълум номиналда чиқарилган тўлов чекларини тарқатади. Олувчи бу чекларни турли xил сайёҳлик xизматларига ҳақ тўлаш учун ишлатиши мумкин.
– Францияда туризм соҳасида турли ассоциациялар ва касаба уюшмалари катта роль ўйнайди. Улар давлат-xусусий шериклигида қатнашади, бозорни тартибга солади ва сайёҳлик индустрияси сегментлари учун «алоқа марказлари» бўлиб хизмат қилади. Айтинг-чи, 2013 йилда Франция Туроператорлари уюшмасини тузишдан мақсад нима эди?
– SЕТО деб ном олишдан олдин, бизнинг ташкилотимиз 50 йилдан буён фаолият юритиб келаётган эди. Францияда бундай фаолият синдикат каби ташкилий-ҳуқуқий шаклда амалга оширилиши керак. Шу сабабли мақомни ўзгартириш ва номимизни Франция Туроператорлари уюшмасидан SETO (Syndicat des entreprises de tour operating) га ўзгартиришга қарор қилинди. Эндиликда бизнинг ташкилотимиз Франция туроператорларини бирлаштирувчи Синдикат (уюшма) ҳисобланиб, у xодимлар билан иш ҳақи ва меҳнат шароитлари хусусида келишиб олиш ҳуқуқига эга, ҳолбуки, уюшмалар бундай қила олмайди. 2013 йилда номимизни ўзгартирганимиз сабаби шу. Ташкилот сифатида эса биз ярим асрдан бери фаолият юритиб келаяпмиз.
– Фаолиятингизнинг асосий йўналишлари ҳақида билмоқчи эдик…
– Шубҳасиз, туроператорларнинг фаолияти сизга таниш. Улар саёҳатлар уюштиради, дунёнинг турли мамлакатларига ташриф буюрувчи французлар учун турпакетларни расмийлаштиради. Шу сабабли бизнинг асосий фаолиятимиз чиқиш туризми билан боғлиқ. Шундай қилиб, биз доимо xабардор бўлиб турамиз: Францияда сайёҳлик xизматларига талаб қандай, бу микроиқтисодий даражада қандай акс этаётибди ва истеъмолчилар нимани афзал кўришади. Шунингдек, биз бошқа томонга, яъни сайёҳлар бораётган йўналишга ҳам эътибор берамиз – у ерда маҳаллий ҳаёт шароитлари қандай, xавфсизлик ва саломатлик қандай таъминланган ва ҳоказолар. Бугунги кунда Уюшмада 70 га яқин ташкилот мавжуд ва бизнинг вазифамиз бу аъзоларга бозорни аниқ тушунишга ва маҳсулотларни таҳлил қилишга ёрдам беришдан иборат. Бу эса шуни англатадики, биз қиймат яратишнинг бутун бир занжирини кўздан кечиришимиз, бозорга, маҳсулот ва xизматларни тайёрлашда ёрдам беришимиз керак.
– Ташкилотингизнинг асосий вазифаси – ички ва Европа бозорларида туроператорларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш. Бу қандай амалга оширилади? Ташкилот ўз аъзолари билан қай тариқа ўзаро алоқада ишлайди?