Katta intervyu

Ўзаро ўсиш ва шерикликнинг ўттиз йиллиги ҳақида фикр юритиб

4-5/2021

 
     – Жаноб элчи, Сиз билан суҳбатлашиш имкония­тини тақдим этганингиз учун миннатдорлик билдирамиз. Бу йил БАА билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 29 йил тўлади ва икки давлат ўртасидаги муносабатлар йил сайин янада яқин ва дўстона тус олмоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкор­ликнинг бугунги даражаси ҳақидаги ўз фикрингиз билан ўртоқлашсангиз.
     – БАА билан Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик сўнгги йилларда изчил ривожланиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жаноби Олийлари 2019 йил март ойида БААга қилган ташрифи БАА билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янги марраларга олиб чиқди. Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Халифа бин Зайд Ал Наҳаён Ҳазрати Олийлари, вице-Президент, Бош вазир ва Дубай ҳукмдори Шайх Муҳаммад бин Рашид Ал Мактум Ҳазрати Олийлари ҳамда Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари ўртасидаги дўстона муносабатлар икки давлат ўртасидаги ало­қаларнинг та­раққиётига ҳисса қўшди. Олий даражадаги мунтазам мулоқот натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстона ва яқин муносабатлар тубдан янги даврга кирди.
     COVID-19 пандемияси туфайли дунё дуч келаётган тўсиқларга қарамай БАА ва Ўзбекистон бир қатор асосий соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда давом этмоқда. Ҳозирги вақтда Masdar, Mubadala, DPWorld, Абу-Даби тараққиёт жамғармаси ва БААнинг бошқа компаниялари томонидан қўшма инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Инвестициявий ҳамкорлик анъанавий ва муқобил энергетика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логис­тикани қамраб олган. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши мамлакатларимиз раҳбарларининг шахсий назорати остида турибди, бу эса икки томонлама муносабатларимизнинг стратегик хусусиятга эгалигини тас­диқлайди.
     Статистик маълумотларга кўра сўнгги уч йил ичида БАА билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажми ошди. БАА ва Ўзбекистон ўртасидаги нефтдан бошқа савдоларнинг умумий ҳажми 2018-2019 йилларда 113 фоизга ошиб, 2019 йилда 689 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Мазкур ўсиш БААнинг Ўзбекистондан импорти ҳажми­нинг ўсиши билан боғлиқ бўлиб, ушбу кўрсаткич 2018 йилдаги 15,17 млн. АҚШ долларидан 2019 йилда 363 млн. АҚШ долларигача 229,5 фоизга ошди. Худди шунингдек, БААнинг қайта экспорт қилиш ҳажми 2018 йилда 179 млн. АҚШ долларидан 2019 йилда 262 млн. АҚШ долларигача 47 фоизга ошди. Мамлакатларимиз яқин келажакда 1 миллиард долларлик мақсадли кўрсаткичга эришиш учун икки томонлама савдо ҳажмини ошириш бўйича биргаликдаги қўшимча саъй-ҳаракат­ларни амалга ошириш ниятида. 2021 йил 1 январь ҳо­латига кўра Ўзбекистонда БАА томонидан молиялаштирилаётган 150 тадан ортиқ компания, жумладан 75 тадан ортиқ қўшма корхона ва 100 фоиз БАА капиталига эга бўлган қарийб 76 та хорижий корхона фаолият кўрсатиб турибди.
     Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон жозибадор савдо-инвестициявий шерикка айланди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун улкан салоҳиятни ҳисобга олган БАА Ўзбекистон билан савдо, инвестициявий, молиявий ва техник ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор.
     – Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро Қўшма комиссиянинг иши томонлар ўртасидаги ўзаро ҳам­корликни ривожлантиришнинг муҳим механизми ҳисобланади. У қанчалик фаол фаолият кўрсат­моқда ва охирги йиғилиш қачон бўлиб ўтди?
     – 2008 йилда ташкил этилган БАА билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро Қўшма комиссия мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшди. Бу савдо-сотиқни кенгайтириш, қўшма ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, молиялаштиришнинг янги схемаларини ишлаб чиқиш ва устувор секторларда ўзаро келишилган мақ­садларга эришиш бўйича фаолиятни фаоллаштириш йўлларини ўрганиш учун самарали платформа ҳисоб­ланади.
     Комиссия ташкил этилган вақтдан буён унинг тўртта йиғилиши бўлиб ўтди. Ҳукуматлараро комиссиянинг сўнгги (тўртинчи) йиғилиши пандемия муносабати билан жорий этилган чекловлар туфайли 2021 йилнинг 7 апрелида видеоконференция режимида ўтказилди. Йиғилишга Бирлашган Араб Амирликлари иқтисодиёт вазири жаноб Абдуллоҳ бин Тук Ал Марри, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов раислик қилишди.
     Иштирокчилар COVID-19 пандемиясига қарши курашда яқин ҳамкорликнинг, пандемиядан кейин унинг технологик ва иқтисодий шериклик асосида қайта тик­ланишини рағбатлантиришнинг муҳимлигини таъкидлаб, шунингдек, иқтисодиётни диверсификациялашни ошириш, барқарор ўсишга ёрдам бериш, барқарор таъминот занжирларини ташкил этиш ва ишончли нор­матив-ҳуқуқий муҳитни яратиш масалаларини муҳокама қилдилар. Умуман олганда Қўшма комиссиянинг ушбу йиғилишидаги муҳокамалар икки томонлама ҳамкор­ликнинг бир қатор устувор йўналишларини, жумладан, савдо ва инвестиция, туризм, анъанавий ва қайта тик­ланадиган энергетика, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги, логистика, транспорт ва халқаро тарақ­қиётни қамраб олди.
     – Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги муносабатлар кун тартибидаги асосий ва энг жадал ривожланиб бораётган йўналиш – бу иқтисодий ҳамкорлик. Энергетика, логистика ва қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишига, шунингдек, Ўзбекистон-Амирлик қўшма ин­вестиция компаниясининг фаолиятига баҳо бер­сангиз.
     – Мен БАА билан Ўзбекистон ўртасидаги, айниқса, анъанавий ва қайта тикланадиган энергетика соҳаларида инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришдаги сўнгги тараққиётдан мамнунлигимни билдирмоқчи­ман. 2020 йилда Mubadala инвестиция компанияси Ўзбекис­тон Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда «Ис­сиқлик электр станциялари» АЖ билан Талимаржон энергетика мажмуасини хусусийлаштириш ва ривожлантириш тўғрисидаги битимни имзолади. Битим ушбу мажмуани сотиб олиш, ривожлантириш, молиялаштириш ва ундан фойдаланишни ўз ичига олади. Шунингдек, ҳозирги вақтда газ билан ишлайдиган 1,7 ГВт электр энергияси ишлаб чиқарадиган мажмуани кенгайтириш режалаштирилган.
     Mubadala компаниясига тегишли бўлган, қайта тик­ланадиган энергия манбалари ва шаҳарни барқарор ривожлантириш соҳасида жаҳондаги етакчи ҳисобланган Abu-Dhabi Future Energy Company (Masdar) компа­нияси Ўзбекистон энергетика бозорида, айниқса, қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида ўз иштирокини кенгайтириш борасида улкан натижаларга эришди.
     Masdarнинг инвестиция портфели Ўзбекистонда ҳам бир қанча лойиҳаларни ўз ичига олади, Навоий вилоя­тида 100 МВт қувватга эга бўлган фотоэлектрик стан­цияни, Тошкент вилоятида 40 кВт қувватга эга бўлган кичик қуёш электр станцияси, Зарафшонда (Навоий вилояти) қувватни 1,5 ГВт.гача ошириш имкониятига эга бўлган 500 МВт қувватли шамол электр станциясини барпо этиш шулар жумласидандир. 2021 йил 20 май куни Masdar Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳар бири 180-220 МВт қувватга эга бўлган қуёш станцияларини қуриш бўйича яна бир тендерда ғолиб бўлди.
     Ушбу лойиҳалар Ўзбекистоннинг умумий қуввати 1 ГВт бўлган фотоэлектрик электр станцияларини қуриш ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш режалари учун муҳим ҳисоб­ланади. Ўз навбатида, Masdar ҳукуматнинг мамлакатда электр энергиясига бўлган ортиб бораётган талабни қондириш учун экологик тоза қуёш энергияси ишлаб чиқаришни 5 ГВт.гача ошириш режаларига 2030 йилга келиб қайта тикланадиган энергия манбаларининг 25 фоизи ҳажмидаги мақсадли кўрсаткичи доирасида ўз ҳиссасини қўшмоқда.
     Логистика ҳақида гапирадиган бўлсак, дунёдаги энг йирик логистика операторларидан бири ҳисобланган БААнинг DP World компанияси Ўзбекистонга логистика ва ташқи савдони ривожлантиришга ёрдам беради. Хусусан, компания Навоий қуруқлик порти, Тошкентда логистика маркази ва эркин иқтисодий зона, шунингдек, пойтахтда ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида логис­тика марказлари қурилишида иштирок этиш ниятида. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистон орқали ўтадиган юк ташиш ҳажмини ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорларга чиқишига кўмаклашиш ва Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги асосий логистика маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
     Шунингдек, DP World ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистонга электрон савдо ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш учун ўзининг илғор технологик ечимларини тақдим этади.
БААнинг Industrial Innovation Group ва Sura Holding компаниялари Ўзбекистонда маҳсулотни хорижга экспорт қилиш сало­ҳиятига эга агросаноат кластерларини барпо этишда қатнашмоқда.
     «Абу-Даби-Ўзбекистон» қўшма инвестиция компанияси 100 млн. АҚШ долларига яқин маблағни киритиб улгурди ва соғ­лиқни сақлаш, фармацевтика, логистика, сайёҳлик, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида 400 млн. АҚШ доллари қийматидаги 17 та ис­тиқболли инвестиция лойиҳасини кўриб чиқмоқда.
     – Жорий йилнинг март ойи бошида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл Ал Мазруи бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Унда қанақа келишувларга эришилди?
     – БАА энергетика ва инфратузилма вазири жаноб Суҳайл Ал Мазруи бошчилигидаги БАА расмий делегацияси шу йилнинг март ойида Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат ­Мирзиёев Жаноби Олийлари 2021 йил 3 мартда БАА делегациясини қабул қилди. Таш­рифдан кўзланган мақсад БАА билан Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама алоқаларни мус­таҳкамлаш, шунингдек, савдо, инвестициялар, туризм, энергетика, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ҳамкор­ликни кенгайтириш йўлларини кўриб чиқишдан иборат эди. Суҳайл Ал Мазруи жа­ноблари Ўзбе­кистоннинг дипломатик, махсус ва оддий паспортларга эга бўлган БАА фуқа­роларини мамлакатга ташриф буюриш учун дастлабки визаларни олиш заруратидан озод этиш ҳақидаги қарорига юқори баҳо берди. Ушбу қадам БААнинг халқаро нуфузини акс эттиради ва икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг кенгайганлигини тасдиқлайди. Учрашув чоғида БАА энергетика ва инфратузилма вазири COVID-19 пандемияси билан боғлиқ муаммоларга қарамай БААнинг барча йўналишлар бўйича икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришни давом эттиришга қарор қилганини тасдиқлади.
     – Туризм икки томонлама шерикликнинг ғоят истиқболли соҳаси ҳисобланади. Визасиз режимнинг жорий этилиши билан БААдан ташриф бурадиган мусулмон сайёҳлар оқими 1,5 баробарга ошди. Ўзбекистон Globa lMuslim Travel lndex рейтингида 10 по­ғонага (32-ўриндан 22-ўринга) кўтарилди ва мусулмон сайёҳларни ўзига жалб этувчи Ислом ҳам­корлик ташкилотига аъзо мамлакатларнинг «Энг жозибадор» ва «юқори даражадаги хавфсизлик ва бағ­рикенглик даражасига эга» ўнлигига кирди. Сиз бу ҳақида нима деб ўйлайсиз?
     – Ўзбекистон ҳукумати туризмга стратегик сектор сифатида устувор эътибор қаратаётганини юқори ба­ҳолайман. 2019 йилда Ўзбекистонга киришда БАА фуқа­ролари ва резидентлари учун виза талабларининг бекор қилиниши мамлакатларимиз ўртасида ҳам бизнес, ҳам сайёҳлик сафарларининг сонини оширди.
     Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини хорижда тар­ғиб қилиш алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, мамлакатнинг халқаро сайёҳлик тадбирларидаги иштироки шу нуқтаи назардан муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистоннинг 2021 йилнинг 16-19 май кунлари Дубайда бўлиб ўтган Arabian Travel Market халқаро сайёҳлик кўргазмасидаги иштироки бутун дунёдан бўлажак сайёҳлар эътиборини ўзига тортди.
     flydubai, Air Arabia ОАЖ ва Air Arabia Abu-Dhabi’нинг Ўзбекистонга қатновлари сонини ошириш ва Wizz Air Abu-Dhabi’нинг Бухоро ва Урганчга қатновларини амалга ошириш тўғрисидаги қарор ҳам Ўзбекистонга сайёҳлик оқимларини оширди.
     – Сизнингча, қанақа ва қайси йўналишдаги қа­дамлар узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ҳар томонлама самарали ва ўзаро манфаатли ало­қаларни кенгайтиришга янги тус беради?
     – Албатта, сўнгги йилларда икки томонлама муносабатларнинг жадал ривожланаётганлиги ғоят қувонарли ҳол. Келажакка назар ташлар эканман, сайёҳларни тарихий исломий жойларга жалб этишда улкан салоҳиятни кўрмоқдаман. Бухоро, Самарқанд ва Хива ислом цивилизацияси марказлари ҳисобланади. Юқорида айтиб ўтганимдек, БАА ва Ўзбекистон туризмни ривожлантириш борасида биргаликда иш олиб борди ва Ўзбе­кистоннинг сайёҳлар учун Марказий Осиёдаги асосий жозибадор йўналишлардан бирига айланишига ишончим комил.
     Бундан ташқари мен аграр секторда ҳамкорлик қи­лиш учун улкан салоҳиятни кўраяпман. БАА баҳам кўриши мумкин бўлган янги технологияларнинг жорий этилиши туфайли тупроқ, суғориш ва ҳосил сифатининг сезиларли даражада яхшиланишига эришиш мумкин.
     Ахборот технологиялари соҳасидаги ҳамкорлик ҳам истиқболли ҳисобланади. Биз АТ-ишлаб чиқувчилар ва стартапларга ўз лойиҳаларини тақдим этиш имкониятини берган ҳолда биргаликда 1 млн. дастурчини ўз ичига олган қўшма лойиҳани ишга туширдик. Ўзбек ёшлари истеъдодли ва билимли, уларнинг кўникмаларини кўп соҳаларда қўллаш мумкин.
     Олдинга ўтиб айтишим мумкинки, БАА ва Ўзбекистон қуйидаги чора-тадбирлар ёрдамида икки томонлама савдо ҳамкорлигини сезиларли даражада ошириши мумкинлигига ҳеч қанақа шубҳа йўқ:
     ● Икки мамлакат савдо-саноат палаталари ва экспорт агентликлари ўртасида товарлар, хизматлар, ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар тўғрисида ахборот алмашиш учун ўзаро ҳамкорликка кўмаклашиш.
     ● Ишлаб чиқарувчилар билан харидорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш учун икки мамлакатда ўтказилаётган кўргазма ва ярмаркалардаги икки томонлама иштирокни кенгайтириш.
     ● Савдо имкониятларини ўрганиш учун икки томонлама учрашувлар, давра суҳбатлари ва бизнес-форумлар сонини ошириш.
     ● Икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳ­сулотларини импорт ва экспорт қилиш ҳажмини ошириш мақсадида ҳамкорлик.
     ● Икки томонлама савдо йўлидаги тўсиқларни аниқлаш ва савдони тартибга солишни такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳини фаоллаштириш.
     Менинг назаримча, энергетика (муқобил энергетика), қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, тўқимачилик, инфратузилма, меҳмонхона ва дам олиш объектлари қурилиши, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, логистика ва туризм инвестициявий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ҳисобланади.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.