Xalqaro munosabatlar

Ўзбекистондаги ўзгаришлар туркияликларни бефарқ қолдирмайди

6/2020

     Жамоатчилигимизга маълумки, яқинда Туркия маданият ва туризм агентлигининг «Пандемия шароитида туризм» лойиҳаси доирасида юртимизнинг бир гуруҳ журналист ва блогерлари Осиё ва Европа чорраҳасида жойлашган ушбу мафтункор давлатда бўлиб қайтдилар. Хусусан, 16 миллион аҳоли яшайдиган кўҳна Истанбулнинг диққатга савозор масканлари, қадимий осори атиқалари, бир сўз билан айтганда, турк дунёсининг бетакрор маданияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.
Журналимиз Бош муҳаррири ушбу ташриф асносида Ўзбекистон Республикасининг Истанбулдаги Бош консули Амирсаид АГЗАМХОДЖАЕВ билан суҳбатлашди. Қуйида ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.
 
     – Амирсаид Саидазизович, авваломбор, мана шундай очиқ чеҳ­ралик билан қабул қилганингиз ва интервьюга розилик билдирганингиз учун ташаккур. Суҳбатимиз аввалида турк халқининг Ўзбекис­тон ва ўзбекистонликларга муносабати ҳақида фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?
     – Сўзим бошида Сиз ва барча журналистларимизга хуш келибсиз, дейман. Саволингизга келадиган бўлсак, Туркияда диёримиз «Ота юрт» дея таърифланишидан хабарингиз бор. Турк халқ таълими дастурларида ҳам мамлакатимиз тарихи, айниқ­са, мафтункор Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари ҳақида маълумотларга ўрин берилган. Демоқчиманки, ҳар бир турк фуқароси ёшлигиданоқ тарихда Туркистон, Мовароуннаҳр ном­лари билан аталган диёримизни таниб, билиб вояга етади. Туркия хал­қи учун Ўзбекистон – буюк маданиятлар бешиги, беназир алломалар ўлкаси, улуғ давлатчилик тарихига эга юрт ўлароқ маълум. Ана шундай тасаввурга эга бўлгандан сўнг, табиийки, Ўзбекистонда бўлаётган ўзгариш­лар туркияликларни бефарқ қол­дирмайди.
     – Мамлакатимизнинг дунёдаги энг йирик шаҳарлардан ҳисоблан­ган Истанбулдаги Бош консуллиги фаолиятини бугунги кун талабларидан келиб чиқиб шахсан ўзингиз қандай баҳолаган бўлардингиз?
     – Албатта, Бош Консуллик фаолиятининг устувор йўналиши фуқа­роларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, уларга ҳуқу­қий ёрдам кўрсатишдан иборат. Шу билан бирга биз мамлакатимиз иқ­тисодига кўмак юзасидан инвесторлар билан музокаралар ўтказиш, туристларни жалб қилиш бўйича ҳам муайян ишларни амалга оширмоқ­дамиз.
     – Истанбул ва юртимиз ша­ҳарлари ўртасида савдо-иқти­содий, туризм, маданий-гуманитар йўналишлардаги алоқалар айни пайтда қандай?
     – Фаолиятимизда савдо-иқтисо­дий, инвестициявий ҳамкорлик масалалари ҳам устувор аҳамият касб этади. Ҳозирга қадар бизга мурожаат қилган ҳеч бир турк тадбиркорини эътиборсиз қолдирмасликка интилдик. Барчаларини тингладик. Мақ­садимиз – турк ишбилармон доираларига Ўзбекистондаги туб ўзгариш­лар ҳақида маълумот бериш бўлди. Бу борада турк тилида тайёрланган журнал ва тақдимот материалларимиз қўл келди. Янги Ўзбекистондаги либерал ислоҳотлар билан яқиндан таништирдик. Шунингдек, Туркиядаги мавжуд туризм агентликлари билан давомий мулоқотни ташкил қил­дик. Яъни Ўзбекистонга сайёҳлик турларини амалга оширувчи фирмаларни излаб-топиб, уларнинг талаб ва таклифларини ўргандик, муаммоларини тингладик, қўлдан келганча ёрдам бердик. Уларнинг Ўзбекистондаги ҳамкасблари билан осон ҳам­корликни ўрнатишлари учун мамлакатимизда мавжуд туризм агентлик­лари ҳақида маълумотлар базасини тайёрлаб, турк ҳамкорлар билан баҳам кўрдик. «Тамаддунлар бешиги – Ўзбекистон» номли журнал, «Ер юзининг сайқали Самарқанд», «Исломнинг қуббаси Бухоро», «Хоразм инжуси Хива» мавзуларида турк тилида брошюраларда қадимий ша­ҳарларимиздаги осори атиқалар, кўҳ­на ёдгорликлар, жумладан, «Етти пир» мажмуалари ҳақида туристларни қизиқтирган лўнда маълумотларни потенциал сайёҳлар орасида тарғиб этдик.
     – Маълумотларга кўра, ҳозир­да Туркияда вақтинча бўлиб турган ва ишлаётган ватандошларимизнинг асосий қисми – 60 фоизи Истанбулда экан. Бу жуда катта рақам. Демак, муҳожирларнинг му­аммо ва ташвишлари кўлами ҳам катта, тўғрими? Меҳнат муҳо­жир­лари ва уларнинг оилаларини ҳар томонлама ҳимоя қи­лиш ­борасида Консуллик томонидан амал­га оширилаётган ишлар ҳақи­да кенгроқ гапириб берсангиз. Юрт­дошларимиз бу ерда асосан қан­дай ишлар билан банд?
     – Ҳақиқатан ҳам янги даврдаги давлатимиз сиёсатида хориждаги ватандошларимиз билан ҳамкорлик қилиш ишига алоҳида эътибор қа­ратилмоқда. Бу вазифалардан келиб чиқиб, Туркияга меҳнат қилиш учун келган ёки бир неча йиллар аввал турли сабаблар туфайли келиб жойлашган ватандошларимиз билан му­лоқот ўрнатишда ва уларни ҳам­корликка чорлашда тизимли ишлар қилинмоқда.
 
 
Сиз интервьюнинг тўлиқ матнини журналнинг босма нашрида ўқишингиз мумкин.

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.