Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Жамоатчилигимизга маълумки, яқинда Туркия маданият ва туризм агентлигининг «Пандемия шароитида туризм» лойиҳаси доирасида юртимизнинг бир гуруҳ журналист ва блогерлари Осиё ва Европа чорраҳасида жойлашган ушбу мафтункор давлатда бўлиб қайтдилар. Хусусан, 16 миллион аҳоли яшайдиган кўҳна Истанбулнинг диққатга савозор масканлари, қадимий осори атиқалари, бир сўз билан айтганда, турк дунёсининг бетакрор маданияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.
Журналимиз Бош муҳаррири ушбу ташриф асносида Ўзбекистон Республикасининг Истанбулдаги Бош консули Амирсаид АГЗАМХОДЖАЕВ билан суҳбатлашди. Қуйида ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.
– Амирсаид Саидазизович, авваломбор, мана шундай очиқ чеҳралик билан қабул қилганингиз ва интервьюга розилик билдирганингиз учун ташаккур. Суҳбатимиз аввалида турк халқининг Ўзбекистон ва ўзбекистонликларга муносабати ҳақида фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?
– Сўзим бошида Сиз ва барча журналистларимизга хуш келибсиз, дейман. Саволингизга келадиган бўлсак, Туркияда диёримиз «Ота юрт» дея таърифланишидан хабарингиз бор. Турк халқ таълими дастурларида ҳам мамлакатимиз тарихи, айниқса, мафтункор Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари ҳақида маълумотларга ўрин берилган. Демоқчиманки, ҳар бир турк фуқароси ёшлигиданоқ тарихда Туркистон, Мовароуннаҳр номлари билан аталган диёримизни таниб, билиб вояга етади. Туркия халқи учун Ўзбекистон – буюк маданиятлар бешиги, беназир алломалар ўлкаси, улуғ давлатчилик тарихига эга юрт ўлароқ маълум. Ана шундай тасаввурга эга бўлгандан сўнг, табиийки, Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришлар туркияликларни бефарқ қолдирмайди.
– Мамлакатимизнинг дунёдаги энг йирик шаҳарлардан ҳисобланган Истанбулдаги Бош консуллиги фаолиятини бугунги кун талабларидан келиб чиқиб шахсан ўзингиз қандай баҳолаган бўлардингиз?
– Албатта, Бош Консуллик фаолиятининг устувор йўналиши фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатишдан иборат. Шу билан бирга биз мамлакатимиз иқтисодига кўмак юзасидан инвесторлар билан музокаралар ўтказиш, туристларни жалб қилиш бўйича ҳам муайян ишларни амалга оширмоқдамиз.
– Истанбул ва юртимиз шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий, туризм, маданий-гуманитар йўналишлардаги алоқалар айни пайтда қандай?
– Фаолиятимизда савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик масалалари ҳам устувор аҳамият касб этади. Ҳозирга қадар бизга мурожаат қилган ҳеч бир турк тадбиркорини эътиборсиз қолдирмасликка интилдик. Барчаларини тингладик. Мақсадимиз – турк ишбилармон доираларига Ўзбекистондаги туб ўзгаришлар ҳақида маълумот бериш бўлди. Бу борада турк тилида тайёрланган журнал ва тақдимот материалларимиз қўл келди. Янги Ўзбекистондаги либерал ислоҳотлар билан яқиндан таништирдик. Шунингдек, Туркиядаги мавжуд туризм агентликлари билан давомий мулоқотни ташкил қилдик. Яъни Ўзбекистонга сайёҳлик турларини амалга оширувчи фирмаларни излаб-топиб, уларнинг талаб ва таклифларини ўргандик, муаммоларини тингладик, қўлдан келганча ёрдам бердик. Уларнинг Ўзбекистондаги ҳамкасблари билан осон ҳамкорликни ўрнатишлари учун мамлакатимизда мавжуд туризм агентликлари ҳақида маълумотлар базасини тайёрлаб, турк ҳамкорлар билан баҳам кўрдик. «Тамаддунлар бешиги – Ўзбекистон» номли журнал, «Ер юзининг сайқали Самарқанд», «Исломнинг қуббаси Бухоро», «Хоразм инжуси Хива» мавзуларида турк тилида брошюраларда қадимий шаҳарларимиздаги осори атиқалар, кўҳна ёдгорликлар, жумладан, «Етти пир» мажмуалари ҳақида туристларни қизиқтирган лўнда маълумотларни потенциал сайёҳлар орасида тарғиб этдик.
– Маълумотларга кўра, ҳозирда Туркияда вақтинча бўлиб турган ва ишлаётган ватандошларимизнинг асосий қисми – 60 фоизи Истанбулда экан. Бу жуда катта рақам. Демак, муҳожирларнинг муаммо ва ташвишлари кўлами ҳам катта, тўғрими? Меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оилаларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш борасида Консуллик томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида кенгроқ гапириб берсангиз. Юртдошларимиз бу ерда асосан қандай ишлар билан банд?
– Ҳақиқатан ҳам янги даврдаги давлатимиз сиёсатида хориждаги ватандошларимиз билан ҳамкорлик қилиш ишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу вазифалардан келиб чиқиб, Туркияга меҳнат қилиш учун келган ёки бир неча йиллар аввал турли сабаблар туфайли келиб жойлашган ватандошларимиз билан мулоқот ўрнатишда ва уларни ҳамкорликка чорлашда тизимли ишлар қилинмоқда.