2. Ноинфратузилмавий шарт-шароитлар:
● ҳудудларда миллий ва жаҳон бозорларининг жадал ривожланаётган сегментларида амал қилаётган ҳудудий рақобат устунликларидан фойдаланувчи горизонтал ва вертикал бирлаштирилган тадбиркорлик тузилмаларининг мавжудлиги;
● замонавий технологиялардан фойдаланувчи, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи, бир ёки бир неча турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари сонининг ортиши;
● бизнес-тузилмалари вакилларининг кластерда иштирок этиш заруратини англаб етишлари.
Бундан ташқари, ҳудудий кластерлар доирасида тадбиркорлик фаолиятини инфратузилмавий таъминлашнинг устувор жиҳатларидан келиб чиқиб, уларнинг қуйидаги турларини таклиф этиш мумкин, булар:
● инновацион жиҳатдан йўналтирилган – фан ва таълим муассасасалари иштирокида ҳудудий иқтисодиётнинг ўхшаш секторлари ичида шаклланади;
● вертикал бирлашган (интеграцияланган) – ишлаб чиқариш жараёнининг ёндош босқичлари кластер ўқини шакллантирувчи, итқтисодиётнинг муайян секторида (тармоғида)вертикал ишлаб чиқариш занжири шаклланади;
● конгломерат (тасодифий) – минтақанинг иқтисодиёт секторлари ва иқтисодий фаолият турларининг юқори асосланган йиғиндиси шаклланади.
Бошқарувга кластерли ёндашувни татбиқ этишга оид хориж ва маҳаллий тажриба, назария ва услубиятни ўрганиш асносида кластерни татбиқ этиш тадбиркорлик фаолиятининг хусусиятларига мос келувчи инфратузилмавий таъминот мавжуд бўлгандагина самарали ҳисобланади, деган хулосага келиш имконини беради.
Аниқланган ва олиб борилган изланишларга кўра, жаҳонда инновацион йўналтирилган кластернинг тараққий этиши жараёнида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш инфратузилмасининг қуйидаги босқичлари ва институтлари фаолият юритмоқда:
1-босқич. Кластернинг доимий иштирокчиларини аниқлаш ва иқтисодий кластерлаштиришнинг ҳудудий стратегияларини ишлаб чиқиш – кластерли ривожлантириш марказлари.
2-босқич. Кластерларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш – бизнес-инкубаторлар, кафолат фондлари, жамоавий фойдаланиш марказлари, технологиялар трансфери марказлари.
3-босқич. Кластерларни ривожлантиришнинг стратегик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш – технопарклар ёки технополислар.
4-босқич. Кластерларни мустақил тартибга солган ҳолда ривожлантириш – алоҳида иқтисодий ҳудудлар.
Инновацион йўналтирилган кластерларни шакллантириш ва ривожлантиришда тадбиркорлик тузилмалари, фан ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни фаоллаштириш муҳим аҳамиятга эга бўлади, бу эса биринчи босқичда ташкилотлар – кластерларнинг доимий иштирокчиларини бошқариш тизимини такомиллаштиришни талаб этади. Шунинг учун стратегик ва инновацион менежмент, кластер корхоналарда янги бошқарув усуллари ва механизмлари бўйича энг яхши амалиёт намуналарини аниқлаш ва уларни самарали тарғиб этишга кўмаклашиш бўйича мунтазам ишларни олиб боришга ихтисослашган консалтинг инфратузилмавий хизматларига эҳтиёж сезилади. Бунда мустақил йўналиш сифатида ҳудудда иқтисодий кластерлаштириш салоҳияти ва эҳтимолий йўналишларни баҳолаш имконини берувчи жамоавий маркетинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Маълумки, ушбу соҳанинг тўлақонли ривожланишида маҳаллий ҳокимиятлар, маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари кластерларни ривожлантириш ташкилотларини шакллантиришнинг ташаббускорлари сифатида қатнашишлари, шунингдек кластерларни ташкилий ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишлари ва уларни қўллаб-қувватлашлари мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Ҳудудда вертикал бирлашган кластерни шакллантириш якуний маҳсулотни яратишга кўмаклашувчи ишлаб чиқариш, молиявий-иқтисодий, логистик ва бошқа алоқаларнинг мукаммал занжири мавжуд бўлишини кўзда тутади. Олимларнинг фикрларига кўра, ушбу кластернинг инфратузилмавий таъминоти ишлаб чиқариш занжири доирасида минтақада турли-туман ишлаб чиқаришларнинг ўзаро таъсирлашуви самарадорлигини оширишга кўмаклашувчи бозор инфратузилмаси институтларига боғлиқдир.
Фикримизча, ҳудудда вертикал бирлаштирилган кластернинг таркибида, унинг ривожланиш босқичига боғлиқ ҳолда, бозор инфратузилмасининг қуйидаги институтларини яратиш тизимини фаоллаштириш лозим:
1-босқич. Кластернинг доимий иштирокчиларини аниқлаш ва иқтисодий кластерлаштиришнинг минтақавий стратегияларини ишлаб чиқиш – савдо-саноат палатаси.
2-босқич. Кластерларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича тажриба лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш – давлат харидларини автоматлаштириш тизимлари.
3-босқич. Кластерларни ривожлантиришнинг стратегик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш – логистик марказлар, онлайн майдонлари.
4-босқич. Кластерларни ўз-ўзини тартибга солиб ривожлантириш – ахборот-маркетинг марказлари.
Ўрта муддатли истиқболда вертикал бирлаштирилган кластерларни ривожлантиришнинг мақсадли йўналишини мувофиқлаштириш ва рақобат тамойилларида такрор ишлаб чиқариш жараёнида тадбиркорлик тузилмаларининг ўзаро таъсир кўрсатиш механизмини қайта ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Бунга «пастдан» кластерли ташаббусни амалга оширишга қаратилган кластер сиёсати кўмаклашади. Бошланғич босқичда кластерлар ва уларнинг иштирокчилари ўз-ўзини ривожлантириш стратегиясини шакллантиришда бир-бирларига муҳтож ҳисобланади. Савдо-саноат палатаси ушбу йўналишда ёрдам кўрсатувчи институт ҳисобланади. Вертикал бирлаштирилган кластер потенциал разряддан амал қилувчи тоифага ўтиши учун ҳудудда маълум инфратузилмавий шароитлар, жумладан, тегишли бозорларга кластер корхоналарининг кириши, хомашё, ходимлар ва логистик таъминотдан фойдаланиш имкониятлари яратилиши лозим.
Минтақанинг етакчи корхоналари устувор ўринга эга бўлганда кластернинг конгломерат тури шаклланади. Конгломерат кластер инфратузилмасининг марказий кичик тизими институционал инфратузилма ҳисобланади, унинг таркибида кластернинг ривожланиш босқичларида турли институтларнинг аҳамияти янада юқори бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, кластерлар иқтисодий тизимни мустақил ташкил этишнинг янги турларини намоён этади, кластер сиёсати эса ҳудудий сиёсатнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади, уни амалга оширишнинг замирида лойиҳавий бошқарув ёндашуви ётади.
Шерзод МУСТАФАҚУЛОВ,
иқтисод фанлари номзоди